МУАЛЛИМЛАР ИЗЗАТТАЛАБ БЎЛИШМАЙДИ

Ўқув йили якунланишига оз фурсат қолди. Шуни ўйлаб, ўзим раҳбарлик қилаётган синфга яқинлашар эканман, худди ёш ўқитувчидек ҳаяжонлана бошладим. Ўзимни сокин тутишга уриниб, ўқувчилар билан саломлашдим. Уларнинг самимий ва содда чеҳраларига боқиб, саноқли кунлардан кейин шу полапонларим билан хайрлашаман, деган ўйдан юрагим увишиб кетди.

Ўзим ҳам тушунмаган кайфият билан синф тахтасига сана ёзиб, назорат иши топшириқларини бердим. Ўқувчиларим жимгина ишга киришдилар, синфда дафтар варақларининг шитирлаши эшитиляпти, холос. Мен ўқувчиларимга, уларни худди биринчи марта кўриб тургандек, зимдан тикиламан. Йўқ, тикиламан эмас, термуламан. Беш йил олдин менга болаларча ҳадик, қизиқиш ва салгина шўхлик билан тикилган кўзлар бугун ўсмирликка хос дадиллик, ишонч, сокинлик билан боқади. Вақт шунчалик тез ўтибдики, кечаги жамалаксоч қизларнинг ўзгача тароват билан гўзаллашганини, ўйинқароқ ва шумтака болаларга бир қадар вазминлик, салобат инганини сезмай қолибман. Шу дамда аниқ билдимки, мен уларнинг ҳар бирини ўз боламдек яхши кўраман, уларга нозик ришта билан чамбарчас боғланиб қолганман…

Нокамтарлик бўлса ҳам, айтай, мен мактабни “олтин медал” билан тамомлаганман. Ўқув ва жамоат ишларида фаол эдим, синфимизга сардор эдим. Ўтган йили собиқ синфдошлар билан мактабни битирганимизнинг йигирма беш йиллигини нишонладик. Катта дастурхон ёзиб, бизга сабоқ берган ўқитувчиларимизни ҳам таклиф этдик. Бизга бир неча йил синф раҳбарлик қилган устозимиз кетиш олдидан мени бир четга имлаб чақирдилар.

– Сен ҳалиям менинг сардоримсан, – дедилар ҳов ўша мактаб йилларидагидек эркалаш оҳангида. – Сенга бир гапни айтай, нима учун байрамларда устозларни йўқлашни ташкиллаштирмаяпсизлар? Биз ҳаммаларингизни кўп эслаймиз, соғинамиз…

Устимдан муздай сув қуйилгандек бўлди. Нима дейишимни билмай қолдим. Қандай баҳона қилсам ҳам, ўзимни нима деб оқласам ҳам, уят бўларди, чунки бизлар устозларимизнинг одида чиндан айбдор эдик – уларни йўқламаётгандик…

Бугун қадрдон ўқувчиларимдан айрилаётганим учун маъюслашиб борарканман, бизни соғиниб, “Мени йўқлаб келармикан” дея байрамларда дарвозага кўз тиккан устозларимнинг олдида айбдор эканимни янада яққолроқ ҳис қилдим. Устозимнинг ўша кунги айтган гаплари қулоқларим остида қайта жаранглади:

– Ҳаммангиз мен учун ўз боламдек азиз бўлиб қолган эдингиз. Қай бирингизнинг муваффақиятга эришганингизни орқаваротдан эшитиб қолсам, ўзимда йўқ қувонаман, иши юришмаганини кўрсам, жоним ачийди, ишлари ўнгланиб кетиши учун дуо қиламан… Тез-тез кўз ўнгимдан ўтиб турасизлар. Ҳеч бўлмаса, улуғ айём кунлари эшигимдан кириб келсанглар, қандоқ яхши бўларди! Кўнглим кўтариларди, бағрим тўларди… Ҳэ-э-эҳ, сен ҳали бунинг нима эканини тушунмайсанлар…

Мен энди тушундим. Тушундимки, муаллимлар иззатталаб бўлишмайди, таъмагир бўлишмайди. Ўқувчиларининг бот-бот йўқлаб, ҳол сўраб туриши улар учун катта давлат.

“Таълим берган устозингдан айрилма…” – Махтумқули бу сатрларни сиз ва биз учун битган, бу ўгит ҳаммамизга айтилган. Устозларимиздан айрилмайлик, уларни соғинтирмайлик…

Сиз ҳам муҳтарам муштарий, иложи бўлса, шу бугуноқ ўзингизга таълим берган муаллимларингизни йўқланг, дуоларини олинг. Уларнинг ҳаётлиги – мустажоб дуо ва катта савобга эришишингиз учун яна бир имкониятдир.

Дилдора СУЛТОНМАҲМУД қизи

2018 йил 7 май сонидан олинди

1+