
(Китоб ўқимайдиганларга фойдаси йўқ фикрлар)
Китоб – буюк кашфиёт!
Китоб – улуғ неъмат!
Лекин сичқонлар учун мазали эмас…
***
Аллоҳ таоло Расулуллоҳга (с а в) «Ўқи!» деб буюрди… Энди яна шундай хитобни кутиш – жоҳиллик.
***
Албатта, китобдан китобнинг фарқи бор. Шундай китоблар борки, минг йиллар давомида сараланиб, йиғилиб, инсоният маданиятининг хазинасини ташкил этган. Лекин шундай китоблар ҳам борки, улардан энг катта наф – носвой ўраб сотиш, акс ҳолда зарар келтириши мумкин.
***
-Китобнинг даври ўтди…
-Бўлмағур гап! Китоблар телевизор экранига термулганча умрини совураётган одамларни истеҳзо билан кузатиб туришибди.
***
Китоб саодат топиш учун ўқилмайди. Китоб ўқишнинг ўзи – саодат!
***
Ижод қилолмаган цивилизация – кўлмак сувдай анқийди. Китоб ўқимайдиган цивилизация кўлмакдай туриб қолмаслиги, оқиши мумкин. Лекин… оқава ҳам оқади-да.
***
Ўқувчиларга ўқиганини ўргатадиган ўқитувчи – чин мураббий эмас, ўқишни ўргатадиган ўқитувчи чин мураббийдир.
***
Жордано Бруно танаси ўтда ёна бошлаганида «оҳ» демади, лекин китобини оловга ташлаганларида чидай олмади…
***
Эй ўқимайдиганлар, гап-сўзларингиздан китоб ўқимаслигингиз саримсоқнинг ҳидидай анқиб туриши ўзингизга маълумми?
Абдулла АЪЗАМ
2018 йил 2 феврал сонидан олинди