АЙТМАТОВНИНГ АЙТИЛМАГАН ДАРДЛАРИ

Чингиз Айтматов

Рус ва қирғиз тилларида ижод қилган, дунёга машҳур қирғиз ёзувчиси, Қирғизистон қаҳрамони, кўплаб халқаро мукофотлар лауреати Чингиз АЙТМАТОВ XXI аср бошларида дунёда китоблари энг кўп нашр этилган ва энг кўп ўқиладиган ёзувчилар қаторида биринчи ўринни олган эди. Айтматов асарларининг деярли ҳаммаси ўзбек тилига таржима қилинган, тўқсон фоизи асосида кинокартиналар тасвирга олинган, уларни Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Россия, Туркиянинг атоқли режиссёрлари экранлаштирганлар.

Адиб турли вақтларда Бельгия, Люксембург, Нидерландияда эчи бўлиб ишлаган, “Иностранная литература” журналининг бош муҳаррири, Олий Кенгаш ноиби бўлган, Осиё ва Африка мамлакатлари билан ҳамкорлик қўмитасида раҳбарлик қилган, “Иссиқкўл форуми” халқаро зиёлилар ҳаракатини ташкил қилган етук арбоб ҳам эди.

Бугун биз Чингиз Айтматовнинг эришган ютуқлари ёки асарлари ҳақида эмас, унинг тилларда достон бўлган оташин муҳаббати ҳақида ҳикоя қиламиз.

1953 йилда Бишкекдаги Қишлоқ хўжалик олийгоҳини тугатган Чингиз Айтматов республика матбуотида босилган ҳикоялари билан эл назарига тушиб улгурган эди. 1957 йилда машҳур қирғиз ёзувчиси, “Абай” эпопеясининг муаллифи Мухтор Авезов Парижга сафари чоғида француз ёзувчиси Луи Арагон билан адабиёт ва ёшлар мавзусида узоқ суҳбат қураркан, гап орасида қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг жаҳон адабиёти аспектида ҳам янгилик бўла оладиган қиссалари, жумладан, “Жамила” қиссаси ҳақида тўлқинланиб гапиради. Арагон Авезовдан шу қиссани беришни сўрайди. Қарабсизки, шу йилнинг ўзида “Жамила” қиссаси Луи Арагоннинг таржимаси ва сўзбошиси билан француз тилида босилиб турибди-да. Арагон ўз сўзбошисида “Жамила”ни “Дунёда муҳаббат тўғрисида яратилган энг гўзал қисса” деб баҳолаган эди. Шундан кейин бу қисса бошқа тилларга ҳам таржима қилина бошланди ва адибга оламшумул шуҳрат келтирди. (“Жамила” қиссаси ҳозирги кунда ҳам дунёнинг ҳамма тилларига ўгирилган, энг оммавий асардир. У биргина немис тилининг ўзида 37 марта қайта нашр этилди).

Чингиз Айтматов дунёга танилиб улгурган ўша йилларда эндигина ўттиздан ошган навқирон йигит эди. Айни ўша даврда у қирғизистонлик опера ва балет театри раққосаси Бибисора Бейшеналиевани кўриб, ҳамсуҳбат бўлди-ю, муҳаббат дардига мубтало бўлди.

Бибисора Бейшеналиева ҳали тириклик чоғидаёқ қирғиз рақс санъатининг афсонаси бўлиб улгурган машҳур балет устаси эди. Халқ уни инсонийлиги, истеъдоди ва гўзаллиги учун яхши кўрарди. Кинорежиссёр Геннадий Базаровнинг хотирлашича, Бибисора иштирокидаги спектакллар театр санъати мухлислари учун нақ байрамнинг ўзи эди, зал лим-лим тўла бўларди. Мухлислар спектаклдан сўнг унга миннатдорчилик билдириш учун парда ортига югуриб киришар, унинг иштирокидаги спектакллар ҳафтанинг қайси кунлари қўйилишини ёд билишар, ишга келаётганда театр қаршисидаги хиёбонда кутиб туришарди. Йўлкаларда юзлаб одамлар тўпланишар, Бибисора билан юзма-юз келиб, саломлаша олганлар ўзларини бахтли санашарди. Ана шу куйдирмажон Бибисора 18 ёшида Аҳмад Омонбоев деган композиторга турмушга чиққан бўлиб, бир ўғилнинг онаси эди. Бироқ уларнинг оилавий турмуши кўпга чўзилмаган. Композитор қандай шуҳрат соҳибасига уйланаётганини олдиндан билган бўлса ҳам, кетидан ўнлаб ошиқлар эргашиб юрадиган аёл билан яшаш машаққатига чидолмаган кўринади.

ОШИҚ АДИБ ВА ЎЗИНИ ЎЙЛАМАГАН МАЪШУҚА

1959 йили Чингиз Айтматов Болтиқ денгизи флотида хизмат қилаётган оилаларнинг болаларига оталиқ ёрдами кўрсатиш учун ташкиллаштирилган делегация таркибида Ленинградга боради. Адиб ўша пайтда “Ленфильм” студиясида суратга олинаётган “Чўлпон – тонг юлдузи” балет-фильмида бош партияни ижро этишга борган Бибисора билан илк бор учрашиб қолади. Бу пайтда гўзал балерина 33 ёшда бўлиб (у Айтматовдан икки ёшга катта эди), иттифоқ миқёсидаги “Халқ артисти” унвонига сазовор бўлиб улгурган эди. (Кейинчалик “Чўлпон – тонг юлдузи” балет-фильми жаҳоннинг 40 мамлакатида намойиш этилади).

“- Икки-учта денгизчи ҳамроҳлигида катерда “Аврора” крейсерига сузиб борган чоғимизда бизнинг делегация палубада турган эди, – дея хотирлайди Чингиз Айтматов . – Улар орасида оқ-сариқдан келган, кўзлари кулиб турган Бибисора ҳам бор эди. Унинг келишган сумбатини, қоп-қора сочларини денгиздан эсаётган майин шамол силаб-сийпаларди. У кулимсираб, бизга қўл силкитиб қўйди. Илгари бир-биримиз ҳақимизда кўп эшитган бўлсак-да, шахсан таниш эмасдик. Жуда оз муддат ичида Бибисора билан яқин бўлиб қолдик, бир-биримизга ажиб меҳр қўйдик… Буни сўз билан ифодалаб бўлмайди… Бизнинг нозик туйғуларимиз бирдан ўт олиб, гулханга айланиб кетди… Биз аввалроқ учрашмаганимизга ҳайрон эдик… Ленинграднинг оппоқ тунлари қўйнида Нева соҳилларида чарчоқ нималигини билмасдан узоқ-узоқ сайр қилардик, бир-биримизга айтадиган гапларимиз сира тугамасди. Шу пайтгача яшаб ўтган умрим иккинчи даражали бўлиб қолди. Оламда фақат мен билан Бибисора бор эди. Мен ва у…” (Чингиз Айтматов, Мухтор Шоҳонов. “Чўққида қолган овчининг оҳ-зори”).

Ўрни келганда айтиб ўтиш керак, Чингиз Айтматов 1950 йилда – ҳали талабалик пайтидаёқ Тиббиёт олийгоҳининг ўзи тенги талабаси Керез Шамсибоевага уйланган ва уларнинг Санжар ва Асқар исмли ўғиллари бор эди.

Келинг, муҳаббат қиссасининг давомини эшитмоқ учун яна Айтматовнинг ўзига сўз берайлик:

“- Бир неча кун кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Делегациямиз Қирғизистонга учиб кетди. Менинг эса юрагимнинг ярмини Нева соҳилларида ташлаб кетишга кучим етмади, бунга хоҳишим ҳам бўлмади. Икки ўт орасида қолдим. Ниҳоят, “Москвада ишим бор эди”, деб баҳона қилдим-у, Ленинграддан кетмадим. Икки-уч кундан сўнг Москвага йўл олдим. Ортимдан Бибисора ҳам етиб келди. Биз “Москва” меҳмонхонасида бир кечаю бир кундузни бирга ўтказдик, холос. Лекин бу руҳий яқинликнинг унутилмас дамлари бўлди. Биз қайта-қайта хайрлашардик, бироқ асло бир-биримиздан ажралгимиз келмасди… Ўша кундан эътиборан то Бибисоранинг сўнгги кунларига қадар – ўн тўрт йил мобайнида юрагимда аланга олган ёлқин бир дам ҳам сўнмади…”.

Бу қиссани эшитган ҳар қандай одам “Нима учун севишганлар оила қуришмади?” деган саволни бериши тайин. Айтматовнинг айтишича, гап шу мавзуга тақалиши биланоқ, Бибисора дарҳол гапни бошқа томонга буриб юбораркан, ҳозирча шошилмасликни маслаҳат бераркан. Чингиз Айтматовнинг биринчи хотини Керез Шамсибоева (Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган врач) адибнинг ўша кунлардаги ҳолати ҳақида шундай дейди:

“- Билсам, Чингиз Бибисорага уйланмаса, бўлмас экан. Уйланақол, дедим. Аммо улар турмуш қуришмади. Бибисора бунга йўл қўймади, шекилли… Бибисора табиатнинг элга берган мўъжизаси, ундай сулув қирғиз халқида тағин қачон туғиларкин?..” .

Чингиз билан Бибисора Москвага қайтиб, Дзержинский бульваридаги уйнинг бир-бирига қўшни икки подъездидан иккита янги квартира сотиб олишади, лекин бирга яшашмайди.

Айтматовнинг Шоҳоновга иқрорларида шундай ёзилади:

“- Мен суйган ёри билан оила қуришни истамайдиган аёл ҳам бўладими, дея ҳайрон бўлардим. Кейинчалик билсам, Бибисора мени партиядош “ўртоқлар”им билан адабиётчи ҳамкасбларимнинг шафқатсиз зарбаларидан асраб қолишни истаган, ўзини ўйламаган экан…”.

Дарҳақиқат, у йилларда бола-чақали кишининг оиласи билан ажрашиб, бошқа аёлга уйланиши кечирилмас катта айб ҳисобланар ва жазоланарди. Агар Айтматов ҳам Бибисорага уйлангудек бўлса, фақат партиядан эмас, Ёзувчилар уюшмасидан ҳам четлатилган, асарларини чоп этиш тақиқланган бўларди ва Бибисора буни жуда яхши билган. Бошқачароқ айтганда, Бибисора Айтматовнинг юлдузи ёрқинроқ порлаши учун ўзининг аёллик бахтини қурбон қилганди, суюкли ёрининг фойдасини кўзлаб, ундан юз ўгирган эди.

АЙРИЛИҚ

Айтматовни “Ўй-хаёллари, руҳияти, феъл-атвори, табиати жиҳатдан ўзингга яқин инсонни топишдан аълороқ бахт йўқ экан”, деган хаёл умр бўйи тарк этмади. Бибисоранинг “Шундай кунлар бўладики, уни бутун бошли бир асрга ҳам алмаштирмайсан. Сиз билан кечирган кунларим мен учун ана шундай кунлардир”, деган сўзлари қулоқлари остида жаранглайверарди. Москванинг айрим уйлари, чорраҳалари, истироҳат боғлари ёнидан ўтаётиб, Бибисоранинг нимадандир хурсанд ёки хафа бўлганларини эсларди. Театрга кирса, саҳнада Бибисора оққушдай учиб юрган бўларди.

– Қайсидир бир гастролдан у бетоб бўлиб қайтди, – дейди Айтматов Мухтор Шоҳоновга ҳасрат қилиб. – Ташхис – кўкракдаги ёмон шиш. Уни Москвадаги Кунцево касалхонасига ётқизишди. Аммо Бибисора кундан-кунга сўлиб бораверди… Кейин уни Қирғизистонга олиб кетишди…

Айтматов Бибисора ётган касалхона атрофида тин олмай айланиб юрар, уни кўргани палатага кирганида эса, Бибисора адибнинг кўнглини кўтариш учун майингина кулиб қўяркан.

1973 йилнинг 11 май куни Бибисора Бейшеналиева 47 ёшида вафот этди.

Опера ва балет театрида видолашув маросими ўтаркан, Чингиз Айтматов атрофдаги катта-кичик одамларнинг ҳеч бири билан иши бўлмай, ўкириб-ўкириб йиғлади. Иттифоқ раҳбарларидан бирининг “Анавини тинчитинглар” дея зардаланганига ҳам парво қилмади. Ўшанда таниқли қирғиз шоири Суюнбой Эралиев:

– Чингиз ёзувчи сифатида буюк бўлгани каби эркак сифатида ҳам буюк, – деган экан. Айтматовнинг ўзи эса:

– Бибисорани йўқотиб, мен тақдиримдан айрилганимни одамлар қаёқдан билишарди! – дея армон қилган…

Орадан кўп ўтмай, Чингиз Айтматовни Италияга таклиф қиладилар. Теплоходда Сицилияга кетаркан, қаёқдандир Бибисора икковлари эшитишни ёқтирадиган мусиқа садоси таралади. Одамлар палубада рақс туша бошлайдилар. Айматов эса бир четдаги тўсиққа суянганча юм-юм йиғлаб кетади…

1994 йилда Қирғизистонда Бибисора Бейшеналиеванинг тасвири туширилган қоғоз пуллар чиқарилди ва муомалага киритилди. Бишкекдаги бир кўчага ва Қирғиз давлат санъат институтига Бибисора Бейшеналиева номи берилди.

Драматург Жаниш Қулмамбетов Чингиз ва Бибисоранинг муҳаббат қиссасини акс эттирган драма яратди ва бу пьеса асосида бадиий фильм ҳам суратга олинди.

Чингиз Айтматов 2008 йилнинг 10 июнида Германиянинг Нюрнберг шаҳридаги клиникада вафот этди ва Бишкекдаги “Ота-Бейит” тарихий-мемориал мажмуасига дафн этилди.

…Бишкек марказида Турсунбой Содиқовнинг “Эл қути” монументал ҳайкали бўлиб, бу ёдгорликнинг бир тарафида чуқур ўйга толган Чингиз Айтматов, бошқа тарафида эса парвоз этаётган оққушдай Бибисора Бейшеналиева тасвирланган.

Миразиз АЪЗАМ

2018 йил 25 июн сонидан олинди

0