АМАЛДОРЛАР БИЛАН АМАЛДОРДЕК СЎЗЛАШ

Эй фарзанд, билгилки, сўз тўрт хил бўлади:

– айтишга ҳожати йўқ сўзлар;

– билиш ва айтиш зарур бўлган сўзлар;

– билишнинг зарурияти йўқ, аммо, айтса бўладиган сўзлар;

– билса бўладиган, аммо, айтишга ҳожати йўқ сўзлар.

* * *

Эй фарзанд, сўзнинг юз ва орқа томонини билгил, уларга риоя қилгил, сўзлаганингда маъноли гапир, бу нотиқликнинг аломатидир. Агар гапирган вақтингда сўзнинг қандай маънога эга эканини билмасанг, қушга ўхшайсан, бундай қушни тўти дейдилар. Тўти ҳам сўзлайди, аммо сўзлаган сўзининг маъносини билмайди.

* * *

Амалдорлар билан амалдорлардек, оддий одамлар билан оддий одамлардек сўзлашгил. Сўзлаётганда донишмандлик чегарасидан чиқма, сенинг сўзинг эшитган кишига оғир туюлмасин, йўқса, сенинг сўзингни ҳужжат ва далил билан ҳам эшитмайдилар. Ҳар кишига гапирмоқчи бўлсанг, қарагилким, у сенинг сўзингга харидорми ёки йўқми. Агар тингловчи сенинг сўзингга харидор бўлса, сўзингни айтгил, агар сўзларинг тингловчига ёқмаса, унга ёқадиган сўзлардан гапир, токи сенинг сўзингга харидор бўлсин.

* * *

Илмни яхши ўргангил. Билган илмингни яхши иборалар билан баён қилгил. Бемаъни даъво билан хижолат бўлмагил. Ўзингга маълум бўлган ва яхши билган сўзларингни кўпроқ айтгил. Бемаъни сўзлар билан шарманда бўлмагил.

* * *

Агар сўзингнинг юксак ва таъсирчан бўлишини истасанг, киноя, истеҳзоли гапларни кўп сўзлама.

Агар мунозара қилишни истасанг, рақибингга қара – агар у билан тортишмоққа қувватинг етса, далиллар ва мисоллар билан мунозара қилгил. Бўлмаса, сўзни кам қилиб, бир мисолга қаноат қилгил, бир исбот билан тургил. Эҳтиёт бўлгилки, аввалги сўзингни кейинги сўзинг бузиб юбормасин.

* * *

Халқ олдида гапирадиган сўзинг гўзал бўлсин, бу сўзни халқ қабул қилсин. Гўзал тил билан сўзлагил, кийимингни пок тутгил. Таъсирли сўз айтиб, мажлисни қиздиргил. Халқ йиғласа, сен ҳам йиғлагил.

* * *

Эй фарзанд, кўп кишилар дебдурларки, мазах – ёмонликнинг муқаддимасидир. Мазах, яъни хонаки сўз билан кишига дахл қилишдан ҳазар қил, чунки кўп ёмонликлар ҳазилдан келиб чиқади.

* * *

Халққа сўз айтмоқчи бўлсанг, халқ қошида туриш одобини сақлагил, такаббурликдан, ёлғон сўзлашдан узоқ бўл. Минбар устида суст, хўмрайиб, совуқ сўз бўлиб ўтирмагил. Ҳамиша ҳаракат қилиб тургил. Сўз айтаётган вақтингда мажлис аҳлига қарагил, агар нутқингни тингласалар, сўзлагил. Халқ сенга харидор бўлиб, ҳамма сени қабул этгандан сўнг, ҳеч нарсадан қўрқмагил.

Кайковуснинг «Қобуснома» асаридан олинди

2018 йил 7 май сони

0