ҲАЙИТ НАМОЗИ

Болалигимдаги хотиралардан энг ёрқини – 1954 йилнинг ҳайит намози. У ёзнинг якшанбаларидан бирига тўғри  келган эди. Ҳикояни сўзлашга киришишдан аввал, бугунги авлодни назарда тутиб, ўқувчини ўша даврдаги шароит хусусида қисқача таништириш мақсадга мувофиқ.

Маълумки, коммунистик партия мафкураси атеистик дунёқарашга асосланади. Атеист – лотинчада «худосиз» дегани. Марксчи-ленинчиларнинг ўзлари худосиз бўлиш билан кифояланмаган, балки улар «жанговар атеизм» тарафдори бўлган, яъни ҳаммани худосиз қилиш, динни алаф сингари жамият томорқасидан таг-туги билан суғуриб ташлаш учун «жанг» олиб борган. Диний китобларни ёқиш, араб алифбосини ўзгартириш, диндорларни қатағон қилиш, масжидларда артель очиш – ана шу курашнинг одатий кўринишлари эди. Ҳатто Ўзбекистоннинг йирик масжидларидан бири атайин ароқ-вино омборига айлантирилган.

Тан олиш керак, етмиш йил ичида улар бу йўлда анча-мунча натижаларга эришиб улгурди, бир эмас, икки-уч авлод болалар боғчасидан бошлаб партия тарбиясида вояга етди, оқибатда ҳатто ҳожатини ёзгач, қўл ювмайдиганлар, ҳалол-ҳаромни фарқламайдиганлар шаклланди.

Аммо, Ислом — халқимизнинг томир-томиридан жой олган эътиқоддир. Сизга айтиб бермоқчи бўлганим — ҳаётий ҳикоя – бунинг яна бир далили.

Қишлоқ анча катта, ҳарна қилса ҳам, туман маркази, лекин шунга қарамай, бирорта расман ишлайдиган масжид йўқ. Устунларига икки кишининг қулочи етмайдиган жомега матлубот жамиятининг омборхонаси жойлаштирилган. Умуман, масжидларда намоз ўқиш тақиқланган. Маҳаллалардан бирида омон қолган эски масжид бор – деворлари нураб, қийшайиб қолган. Дор тагига олиб борса ҳам ибодатини канда қилмайдиган бир гуруҳ мўйсафидларгина ҳайит намозини авваллари ана шу харобада ўқиб юришарди. Бундан «юқори»нинг хабари бўлса керак эди, лекин чора кўрилмаган. Аммо ўша йили ийди қурбон якшанбага тўғри келгани боис, бир нимани олдиндан сезгандай, райком ҳайит намозини масжидда ўқишга йўл қўймасликка қарор қилади. Балки бундай топшириқ яна ҳам «юқори»дан келгандир. Фақат оқибати уларнинг истагига бутунлай тескари бўлиб чиқди.

Масжид томон бораётганларнинг йўлини райкомнинг одамлари ёнида милиционерлар билан тўсади. Руҳи тушиб кетган чоллар бирпас гарангсиб туришади. Сассиз қарғай-қарғай, ортларига қайтишар экан, йўл-йўлакай мулоҳаза қилишади:

— Бизнинг меҳмонхонада ўқий қолсак-чи?

— Йўғ-е, ҳайит намозини-я?

— Шийпонга нима дейсизлар?

— Бўлмайди, у ер ҳам ҳукуматнинг жойи.

— Шу, хўп десангизлар, қабристонга борамиз. Дарвозанинг ортида ажриқ гилам бўлиб ўсиб ётибди.

Бу гап ҳаммага маъқул тушиб, ўша ёққа қараб йўл олишади. Йўлда нима гаплигини билган одамлар буларга қўшилиб бораверишади.

Қабристон қишлоқнинг этагида, уч томони зовур билан ўралган. Тобут сақланадиган ҳужрадан бошқа иморат йўқ, хилват бир жой. Етиб боришгач, режа ўзгаради:

— Ҳайвон-пайвон ўтиб қолиши бор. Ҳеч бўлмаса, қибла томонда меҳроб бўлиши керак.

— Ҳа, парда билан тўсиш керак.

— Девор қуриб қўя қолсак-чи? Бирпаслик иш. Нима дединглар?

— Яхши бўларди.

— Яхшиликка яхшику-я, лекин бу ажриқзор барибир бўлмайди. Мол ўтлайдиган жой.

Қариялар ичида нисбатан ёшроғи Назарқул амаки эди. Қотмадан келган бу одам ўзининг ғайрати, ишлаб чарчамаслиги билан ном чиқарган. Тўрт киши лой билан гувала етказиб бериб турса, бир кунда бир чақирим узунликда девор тортиши бор гап. У шартта таклиф ташлайди:

— Девор-певор эмас, бир хонали қилиб мачит соламиз!

— Йўғ-е, бунга қўйишармиди? Яна қувишади.

— Қувишолмайди. Ўша шапка кийганлар ҳам бир кунмас бир кун ўлиб, шу ерга келишини ўйлар.

— Ҳа, қабристонга хуруж қилгани журъат қилишолмаса керак.

— Дадил бўлайлик. У ёғи бир гап бўлар.

— Тархини чизинг, оқсоқол.

— Қани, ёшлар, лойга урининглар.

— Мен ҳозир гувала йиғиб келаман.

— Биз тошга бориб келамиз.

— Нечта терак керак?..

Хуллас, енг шимариб, иш бошлаб юборадилар. Якшанба бўлгани учун бу хабар бозорга, ундан бутун қишлоққа тарқайди. Одамлар қабристонга оқиб кела бошлайди. Ҳашар борган сари кучаяди. Қўйлар сўйилади. Қозонлар осилади. Ҳақиқий байрам бошланади. Биз болалар қарашгандай бўлиб, гўштга роса тўйганмиз (ўша йилларда бу ҳам айтишга арзигулик гап).

Ҳаш-паш дегунча бўлғуси масжиднинг деворлари кўтарилиб қолади. Бу «хатарли ташаббус»ни тарқатиш учун ҳозир бўлган совет-партия фаолларининг қўлларидан ҳеч нарса келмайди.

Кун пешиндан оғганда, иморатнинг томи ёпилиб, лўмбоз босилади. Хона ичига похол тўшалиб, устига хонадонлардан келтирилган палосу кўрпачалар ёзилади. Одам кўпайиб кетгани учун жой ташқарига – дарвозанинг тагигача ёйилади. Намозга тайёргарлик якунига етиб қолган эди. Шунда яна бир кутилмаган воқеа содир бўлади – кимнингдир ҳайратли овози эшитилади:

— Ҳофиз бува!

Чиндан ҳам, қабристон томон кичик жуссали, соқоли киндигигача тушган мўйсафид ўзининг бўйидан бир қарич узун ҳассасига таяниб яқинлашмоқда эди.

— Қани? Ё Худойим! Чиндан ҳам Ҳофиз бува-я!

— Ким ўзи бу киши?

— Табаррук одам! Авлиё!

— Ёшлари ҳам юзга бориб қолган…

Ҳофиз бува ҳақида эшитганлар кўп эмас, танийдиганлар ундан ҳам оз бўлган бўлиши керак. Лекин унинг қиёфаси-ю, қадам босишидан табаррук зот экани яққол кўриниб турарди. Одамлар четлашиб, орада йўлак ҳосил бўлди. Ёши улуғлар олдинга ўтиб, Ҳофиз бувани иззат-икром билан кутиб олишди. Кўпчилик таажжубда. Гап шундаки, Ҳофиз бува бизнинг қишлоқлик эмасди. Асли қаерданлигини ҳам билмайман, кейин ҳам бизга яқин кентлардан эканини эшитмаганман. Балки марғилонликдир, балки Намангандандир…

— Ё ҳикматингдан!

Гувоҳ бўлганим воқеа менга ҳамон сирли бўлиб туюлади. «Балиқчиликлар масжид қуряпти» деган хабар бир кундаёқ шу қадар узоққа тарқаб улгурганми? Шундай бўлган тақдирда ҳам, барибир Ҳофиз буванинг етиб келишига ақл бовар қилмайди. Демак, ўзи билмаган ҳолда йўлга чиққан, дейишдан бошқа хулоса қилолмаймиз…

Хуллас, азон чақирилди. Энди бир тўпгина тақводор чоллар эмас, бутун қишлоқ аҳли ҳайит намозини адо этишга сафланди.

Намоздан сўнг улкан дастурхон солинди. Ҳофиз бува қўлида ликопча билан куйлади. Ашуласи диний мавзуда бўлганига шубҳа йўқ. Биз, кичкиналар, энг пойгакда ўтирганимиз учун буванинг овозини аранг эшитдик, сўзларини эса тушунмадик.

Шундан буён қанчадан-қанча сувлар оқиб ўтди. Энди ўйласам, атеизм ҳукмрон бўлган даврда Ислом тўғон билан тўсилган дарё сувидай яшашда давом этибди. Ҳеч кимга зиёни тегмайдиган қарияларнинг йўли тўсилган куни ана шу эътиқод «тўғон»ни ўпириб, ўзига йўл очган экан. Натижада, ярим кунда камтарона бўлса-да янги масжид тикланганининг хабари бамисоли Ариши аълога етгану Ҳофиз бува элчи сифатида кириб келгандай…

Ҳозир ўша жойда, қишлоқ қабристони билан ёнма-ён маҳалланинг янги масжиди қурилган. Ҳар сафар ўтганларнинг руҳига дуойи фотиҳа ўқиш ниятида қабристонни зиёрат қилсам, 1954 йилнинг ҳайит намози хотирамда жонланаверади.

Абдулла АЪЗАМ

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 6-сонидан олинди

2+