ҚОПҚОҚ ОСТИГА БЕРКИТИЛГАН ОРЗУЛАР ЁХУД «ҚОПҚОҚ ҚУЛЛАРИ»

Кечки пайт ишдан чарчаб уйга келамиз-у, ҳали овқатланмай ҳам қўлимизга телевизор пультини олиб, каналлардан каналларга сайр қилишни бошлаймиз. Ҳозирги танлов имконияти кенг даврда тўғриси бирорта канални тузукрок кўрмаймиз ҳам. Телевизоримиз гўёки турк сериаллари, мавзуси бир хил шоу кўрсатувлар ва рекламалар ўртасидаги ўзаро жанг майдонига айланиб қолгандек.

Сериаллар ҳақида жуда кўп гапирилди ва маълум вақт бирор пичоққа илинадиган мавзу қолмаса, яна сериаллар мавзусига қайтилаверади (гарчи амалий натижа сезилмаётган бўлса ҳам).

Рекламалар эса – ўзи сингари тугамас мавзу. Унда тавсия қилинаётган маҳсулотлар кўплигидан қайси бирини сотиб олишга ўйланиб қоласан ва охири олмасликка қарор қиласан киши. Агар сал болатабиат, қизиқувчан бўлсанг ва ҳали ҳам ўша машҳур олма пиш, оғзимга туш… шиорига ишонсанг, реклама ичида ҳам реклама қилинишдан тўхтамаётган энергетик ичимликлардан сотиб оласан. Қайси биридан сотиб олишингнинг эса фарқи йўқ: ҳаммасида Спарк бор, Малибу бор.

Юз йилдан ортиқ тарихга эга бўлган дунёга машҳур Coca Cola, Pepsi ичимликлари қаторида теппа тенг сотилаётган ва ҳозирча ўзимизнинг бозорлардан “ортмаётган” бу энергетик ичимликларга қарам бўлиб бориш, тадқиқотларга кўра, дунё бўйлаб 18-35 ёшларни қамраб олаётган бўлса, бизда бу ёш кўрсаткичини 10 ёшдан 60 ёшгача деб бемалол айтса бўлаверади. Сабаби оддий: ичимликлар қопқоғи остидаги совринлар, айниқса осонгина автомобил ютиб олишга иштиёқ энергетик ичимликларга икки баравар кўпроқ ўрганиб қолишга олиб келмоқда.

Четдан қараганда ҳаммаси осон: энергетик ичимликларни сотиб оласан, қопқоқларни йиғасан ва машина калити қўлингда! Бу ўша рекламаларда кўрсатилаётгани каби оддий жараён. Агар ҳаммаси шундай бўлганда бизга автосалон, автомобил бозорларининг умуман кераги қолмасди ва уларнинг ҳам аллақачон эшикларига қулф осиб, бошқа иш қидиришларига тўғри келарди. Лекин ундай бўлмади.

Мавзунинг реал томонига ўтсак, жараёнлар буткул бошқача тус ола бошлайди. Яъни, сиз ҳақиқатдан ўша қопқоқлар орқали машина ютиб олмоқчи бўлсангиз, машиналарнинг 6та қисмини тўлиқ тўплашингиз керак бўлади. Буни ҳозирги кунда оммалашиб бораётган WF, Sitro, Tizer каби энергетик ичимликлар ўтказаётган совринли акциялар орқали кўриш мумкин. Ўша 6та қисмдан 5тасини амаллаб, қанчадир маблағ сарфлаб (эҳтимолки, бир неча миллион сўм харжлаб) йиғасиз.  У қисмларни ҳар бир қопқоқ остидан ҳам топавермайсиз, қопқоқларда бошқа катта-кичик совғалар ҳам бор. Фақат рекламада оммабоп бўлиши учун асосан машиналар айтилади. Хуллас, машинага деб йиққан қопқоқларингиз орасида қайсидир қисмининг чиқиши қийинлашиб бораверади. Масалан Малибунинг 2-қисми, Спаркнинг 4-қисми…

Бу шунчаки лохотрон, бу шунчаки одамларнинг пулини тўёна сингари йиғиб олиш экани кундек равшан бўлса-да биз қопқоқ йиғишда давом этаверяпмиз. Эътирозларга эса жавобимиз шу: «Арслон изидан қайтмайди…»

Бу орада ишлаб чиқарувчиларнинг қанча фойда кўриши ҳақида-ку гапириб ўтириш ҳам шарт эмас. Майли бу тадбиркорлик ҳам бўлақолсин. Аммо одам дегани бунақа энергетик ичимликларга сарфлаётган пулларини бир ҳисоблаб кўрмайдими? Бу ишнинг росмана нодонлик эканини англамайдими? Ўша сувга кетаётган миллионларни кўчадан топиб олмагандир. Қийналиб, меҳнат қилиб топган пулига уйига бир кило гўшт олмай, мен барибир машина ютаман деб, 20-30 талаб энергетик ичимлик кўтариб кирса-ю, қопқоқлардан ҳеч нарса чиқмаса, алам қилмайдими?

Аҳолининг катта қисми ўз қадрини, қимматли соғлигини қопқоқларга алмашиб турса, хаёллар оғушида осонгина рулга ўтиришдан бошқасини ўйламай, «қопқоқлар қули»га айланиб бораверса, биз буёқда олдиндаги юксак марралар, нурли келажак ҳақида гапираверсак… оқибатда нимага эришамиз?

Энергетик ичимликларнинг инсон саломатлигига зарари ҳақида у оммалашиб бораётган вақтдан то ҳозирга қадар жуда кўп маротаба гапириляпти, ёзиляпти-ю, аммо таъсири сезилмаяпти.

АҚШлик олимлар энергетик ичимликлар – таркибида кофеин моддаси бўлган бошқа ичимликлардан кўп маротаба хавфли эканлигини аниқладилар. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ичимликларни меъёридан кўп истеъмол қилиш кофеин билан заҳарланиш (интоксикатция)га олиб келиши мумкин. Бу катта ёшлилардан кўра болаларда кучлироқ намоён бўлади.

Энергетик ичимликларни доимий равишда ичиш гепатит, кейинчалик эса жигарнинг цирротик ўзгаришларига олиб келади.

Ҳозирда мактаб ўқувчиларининг қўлида ҳам бундай ичимликларни кўп кўряпмиз. Кўряпмиз-у, хавотирга тушиш ўрнига, «Дадасига мошина ютиб бермоқчи-да, азамат!..» – деб, яна кўпроқ олиб ичишга руҳлантиряпмиз.  Ҳам орзу-ҳавас деб, ҳам ўрганиб қолганидан кунига уч-тўртталаб, ҳатто ундан кўп энергетик ичимлик ичаётган дўстимизга  бу ичимликнинг юқорида келтирилган зарарлари ҳақида айтиш ўрнига, қопқоқлардан нима чиққани билан қизиқамиз. Чиқмаса эртага чиқади, дея тасалли ҳам берамиз. Эртасига яна сотиб олинади. Пул, вақт, соғлик йўқолиб бораверади…

Балки кимларгадир бу мавзуни кўтарганимиз эриш туюлар. Шундан ҳам катта муаммо ясаш шартми, дейишар. Ҳа, бу – катта муаммо ва уни кўтариш шарт!

Ёш болалар бу ичимликларнинг зарари ҳақида билмайди ёки тафаккур қилмайди, эшитса ҳам эътибор бермайди, чунки унга совринли қопқоқ муҳим! Токи мактаб ўқувчилари кутубхонага эмас дўконларга югуриб, кунига уч-тўртталаб энергетик ичимлик ичишни одат қилган экан, бу нарса уларга кунлик рефлексга айланиб бораётган экан, албатта бунга қайғуриб, бонг уриш шарт.

Болалардан қолишмай, уйида қопқоқлар коллекциясини ҳосил қилаётган, ўғлига «Мактабдан қайтишингда WF олиб кел», – деб пул бераётган, ёки болаларига қопқоқ йиғиш борасида намуна бўлаётган оталар бор экан, албатта муаммо қилиб чиқиш шарт.

Спарк ютаман деб, чўнтагию соғлигига келтираётган зарарини ўйламай, қопқоқларга ўша битта Спаркнинг пулини сарфлаб қўяётганларни кўриб, қандай бепарво туриш мумкин?

Кап-катта отахонлар иштирокидаги: «Sitro олдим, Спарк ютдим!»… деган рекламаларни кўриб, ёқа ушлайсиз. Аввалдан яхши яшаш, кўп пул топиш, машиналар миниш ҳақида орзу қилиб юрардиг-у, лекин кун келиб, шуларнинг ҳаммасини меҳнат ортидан эмас қопқоқлар остидан излашимиз ҳақида кимдир айтса, уни аниқ жиннига чиқарган бўлардик. Биз шундай майда орзулар, муаммолар атрофида айланиб юраверар эканмиз, Билл Гейтс, Стив Жобс ва Марк Цукербергларни намуна қилиб ҳали жуда кўп гапирамиз. Бу кетишда, орамиздан яна такрор Ал Хоразмий, Ал Бухорий, Беруний, Ибн Сино, Навоийлар чиқиши ҳақида гапиришга ҳали эрта ёки умуман шартмас…

Дониёр ЮСУФ

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 10 июн (№8-9) сонидан олинди

3+