ҚАРСАК САРҚИТ ЭМАСМИ?

Инсон бир нарсадан қаттиқ таъсирланиб кетса, завқу шавқининг тўлиб тошганидан қўллари ўз-ўзидан ҳаракатга тушиб, қарсак чала бошлайди. Масалан, футбол мусобақасида ёқтирган жамоангиз ўйинчиси гол урса, жойингизда ўтира олмай сапчиб  кетасиз, ички изҳорингизни қарсак орқали баён этасиз. Яхши қўшиқчиларни қарсак чалиб олқишлайсиз. Бу — юракдан чиққан, дилингизни жўшдирган қарсак!

Бугунги кунда қарсакларнинг тури кўпайган. Айниқса тик туриб, узоқ ҳамда давомли қарсак чалишлар урфда! Аслида нотиқнинг сўзини маъқуллаш учун ўтирган жойда олатасир қарсак чалиб қўйса ҳам бўлади. Аммо таассуфки,  ҳар бир жойда, ҳар минтақада «қарсакбозлар гуруҳи ва уларнинг йўлбошчилари» бор. Улар қарсакбозликни бошлаб беради, бошқалар чор-ночор қўшилишади. Шундай «жонбозлик» онларида бу ҳаракатга қўшилмай кўрингчи, ҳамманинг кўзига шумшук кўринасиз. Белингиздаги бод, тирсагингиздаги оғриқ азоб бераётган бўлишига қарамай, қарсак чалаётганларга жўр бўлишга мажбурсиз.

Руснинг улуғ ёзувчиси Николай  Васильевич Гоголнинг таърифича, нотиқлар уч турга бўлинаркан:

  1. «Булбул нотиқлар» — булар матнга қарамай, булбулдай сайраб, сўзларнинг оҳангжамосини келтириб, керак бўлса минбарни муштлаб, нутқ ирод қиладиган нотиқлар.
  2. «Чумчуқ нотиқлар» — булар матнга тез-тез кўз югуртириб, тез-тез сўзлаб, мажлис аҳлини ўзига жалб этиш пайидан бўладиган нотиқлар.
  3. «От нотиқлар» — булар бўйнига ем тўрва осилган отга ўхшашади, яъни матндан бир сония ҳам кўз узмайдилар. Залда ким бор-у, ким йўқ, маъруза йиғилганларга маъқул келяптими-йўқми — бу билан умуман қизиқмайдилар. Мақсад кимдир томонидан ёзиб берилган матнни тезроқ ўқиб тугатиш…

Ҳеч эсимдан чиқмайди, Шўро даврида Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида биринчи котиб бўлиб ишлаган бир раҳбар Гогол таърифлаган учинчи тоифага мансуб эди. Бир куни катта бир мажлисда кимлардир томонидан ёзиб берилган матнни ўқиётиб,бирдан « Виставка орқасига қаралсин», деб юборса бўладими! Шу гапни айтишга айтди-ю, маъносига ўзиям тушуна олмай залга ҳайрон бўлиб қараган эди, ўтирганлар орасида пичир-пичир, енгил кулги овозлари эшитилди. Шунда ёрдамчиси шошиб келиб, котибнинг қулоғига бир нималарни пичирлагандан сўнггина бояқиш енгил тин олиб, «Виставка эмас, ўртоқлар, «вставка» экан. Падари қусур, шуни ўзбекча ёзсанг ўлармидинг?» дея ёрдамчисига ўдағайлаганди. У вақтларда кўпчилик олдига чиқиб нутқ (сўзлайдиган эмас) ўқийдиган кўп раҳбарлар минбарга чиқишдан олдин қўлидаги вараққа бир сидра кўз югуртириб олишни ҳам лозим топишмас эди. Лекин ўша пайдар-пай нутқларга ҳам узоқ ва давомли қарсак чалишга мажбур эдик. Яқин ўтмишда юз берган бу каби ҳолатларни ҳозир ярим кулги, ярим эзгин кайфиятда эслайман ва ҳали-ҳамон қарсакбозликлар йўқолиш ўрнига баттар авжига чиқаётганини кўриб, дилим хира бўлади. Қайси йиғилишда  иштирок этманг қарсакбозлик!..

Яқинда бир туманга сайланган янги ҳоким фаоллар билан танишиш асносида қатъий қилиб:

— Эсингларда бўлсин, менинг мажлисбозлик ва қарсакбозликка тоқатим йўқ! Менга амалий иш, жўшқин фаолият, яхши натижа зарур! — деди. Бу гап шу

ерда ҳозир бўлган  «қарсакбозлар гуруҳи»га шунақа ёқиб тушдики, бир онда зални гулдурос қарсак босиб кетди. Янги раҳбар қарсак чалаётганларга ҳам ҳайрон бўлиб, ҳам хушламай тикиларкан:

— Мен нима деяпман ахир, қарсакни йиғиштиринглар! – деди. Қарсак тинди. Аммо йиғилганларнинг аксариятида:

— Кўрамиз, қачонгача беқарсак юраркансан! — деган киноя йўқ эмасди. Орадан бироз вақт ўтди. Дастлабки йиғилишларда бир-икки олатасир қарсак янгради. Уч-тўрт  йиғилишдан сўнг яна ўша давомли қарсаклар авж ола бошлади ва янги раҳбар ҳам охири бунга кўникди…

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир йиғилишда «Қарсакбозлик даври ўтди. Энди ҳар ким фаол ишга киришсин. Юрт равнақи йўлида фидокорлик кўрсатсин!» дея такрор-такрор айтяптилар. Аммо  минг афсуски, «қарсак гуруҳи» бундан хулоса чиқармаяпти. Қаердаки мақтов, ҳамд-сано, мадҳиябозлик авж олса, ўша ерда ҳамма иш чаппасига айланишига барчамизнинг ақлимиз етади.

Бир ҳофизимизнинг «Қарсак чалинг, қарсак чалинг, жононалар ўйнасин!» деган қўшиғи бор. Аммо, йиғилиш рақс майдони эмаски, у ерда қайта-қайта, мадор кетгунча қарсак чалинса!

«Изм» даҳолари урфга киритган бу иллатдан қачон қутуламиз, билмайман.

Қарсак сарқит эмасми?..

Соҳиб МАНЗУР

«Маърифат саодати» газетасининг 2018 йил 12 ноябр сонидан олинди

1+