ЎҚИТУВЧИНИНГ СУКУТИ

Йигитни ор ўлдирар,
Туяни – сарбон.

(Ўзбек халқ мақоли)

Уйга кеч соат ўнга яқин кириб келган Самадов домланинг икки юзи қип-қизариб кетган, оғир-оғир нафас оларди. У ўзига пешвоз чиққан хотинига қарамади ҳам. Ичкариларкан, маст киши каби бир-икки туртиниб ҳам кетди.

— Яхши келдингизми, дадаси? – сўради хотини эрининг орқасидан ҳайрон боқаркан.

— Сенга нима? Ишингни қилавермайсанми?! – жеркиди Самадов домла.

Хотинининг кўнгли оғриди, аммо сездирмади. Эрининг туш пайти қўнғироқ қилиб, “Бугун кечроқ бораман, мажлис бор”, дегани ёдига тушди. Шошиб дастурхон солди, овқат сузиб келди.

Шу пайтгача ухламай ўтирган набира югуриб чиқиб, кўрпачага беҳол чўккан бобосининг бўйнига осилди:

— Менга нима опкелдингиз, бобожон?

Одатда, набирасининг эркаланишларидан яйраб кетадиган Самадов домланинг бу сафар чиройи очилмади, уч яшар қизчани ўзидан нари сураркан:

— Олмайсанми буни? – дея хотинига ўшқирди. Хотини сал нарида турган келинига тезгина кўз қирини ташлади-ю, набирасини оҳиста ўзи томон тортди.

— Қўй опоққизим, бобонгга осилмагин, — деди ялинганнамо. — Ҳозир боши оғриб турибди бобожонисининг. Эртага-чи, қизимга шикалад обкелади бобоси… Ҳозир кириб ухлагин, хўпми?

Қизалоқ ўзини доим эркалатадиган бобосининг силтаб ташлашини кутмаганиданми, йиғлаб юборди. Келин иккиланиб яқинлашди-да:

— Ассалому алайкум, дадажон – деди секингина. Сўнг йиғлаётган қизчасини қучоқлаганча илдам одимлаб ичкарига кириб кетди.

— Тинчликми, дадаси? – ботинмайгина савол берди аёл. — Нима бўлди ўзи?

Самадов домла бу саволни-да эшитмади. У ўзида эмасди, ғазаби зумда сўнадиган ҳам эмас. Хотини эрига хавотир билан тикилиб анча ўтирди, ундан садо чиқавермагач, бироз ўз ҳолига қўяй дея, секин ичкарига кириб кетди.

Домла туз тотмади.

***

Самадов домла битта мактабда ўттиз йил ишлади. Эл орасида ҳурмат топди. Қанча-қанча шогирдлар тарбиялади. Мактаб директори бўлгач, югуриб-елишлари янада кўпайди, жон куйдириб ишлади. Мактаб обрўси учун талашиб-тортишди. Уни халқ таълимидагилар ҳам, туман ҳокимиятидагилар ҳам бирдек ҳурмат қилишарди. Аммо… туман раҳбари ўзгарди-ю, барча катта-кичик раҳбарлар қатори Самадов домланинг ҳам ҳаловати йўқолди. Янги бошлиқ жуда қаттиққўл чиқди. Нуқул пахта плани дейди, ҳеч ким билан ҳисоблашмайди. Каттаю кичикни далага ҳайдайди. Ўқитувчию ўқувчилар ҳам даладан бери келмай қолди. Бир сиқим ҳам пахта қолмаган далада изғиётган ўқувчиларга жони ачиган домла раҳбарга дангал гапирди:

— Икки-уч ойдан бери ўқиш йўқ, ҳамма кўсак териб далада изғийди. Болалар билим олиши керак-ку!..

«Катта» гап уқмайдиган чиқди.

***

— Дадаси, овқатингизни емайсизми? Совиб қолди-я, – деди хотини сўрига қайтаркан. – Олинг, ҳеч бўлмаса, иссиқ-иссиқ чой ичинг…

Тўлиб турган домлага хотинининг меҳрибончилиги ҳам ёқмади.

— Егим келса, ейман, ичгим келса, ичаман. Бор, кириб ёт!  – деди жеркиб. Аёл индамай нари кетди.

Домла хотинини хафа қилиб қўйганига афсусланди. «Бу бечорада нима айб? Нега аламимни ундан оляпман», дея ўзини сўроққа тутаркан, юрагида бехос оғриқ туриб, нафаси бўғилди. Секин кўрпачага ёнбошлади. Яхшики оғриқ кўп чўзилмади. Сал енгил нафас олган домла бармоқ изи қизариб турган юзини силаркан, ҳамманинг олдида шарманда бўлиб, тарсаки еганини эслаб, ори келди. Таниш-билишларнинг юзига энди қандай қарайман, деган ўйдан юраги ёнди. Кўз олдида бугунги воқеа қайта жонланди:

— Нимага одамларингни далага чиқармадинг? – «катта» юз-кўзидан ғазаб сачратиб, йигирма-ўттиз чоғли раҳбарни бирма-бир савол-жавоб қилмоқда эди.

— Азиз Акбарович, – деди Самадов домла ўзига гал келганда, – икки ойдан бери ҳамма далада, ўқиш йўқ, программадан ортда қолиб кетяпмиз…

Бу гапдан «катта»нинг баттар жини қўзиди.

— Сенинг программанг билан менинг нима ишим бор?! Пахтани ким теради? Планни ким тўлдиради? – оғзидан тупук сачратиб ўшқирди у.

— Биз қўлимиздан келганича тердик пахтани, — ўғли тенги йигитнинг сенсираётганидан алами келган Самадов домланинг овози титраб чиқди.

— Нимма? Сен ҳали менга гап қайтаряпсанми? – Бўйин томирлари бўртиб кетди ҳокимнинг. — Сенларни деб вилоятда қай аҳволга тушганимни биласанми? Тилинг узунми шунақа?..

Бехос келиб тушган тарсакидан Самадов домланинг кўз олди қоронғилашиб, гандираклаб кетди. Шунча одам олдида-я! Бу қандай шармандалик! Қандай зўравонлик бу!

“Катта” бу қилган ишидан бир зум афсусланди, бироқ сездирмади. Уришишда давом этди.

— Эртагаёқ аризангни ёз! – деди жаҳл билан.

Ҳамма жим эди. Тарсакидан сўнг йиғилганларнинг дами ичига тушиб кетган, каттакон залда пашша учса билинарди. Самадов домла қолган гапларни эшитмади: тарсаки зарбидан қулоқлари битиб қолганди…

Домла шуларни хаёлидан ўтказаркан, эртага қандай бош кўтариб юришини ўйлаб эзилди.

— Тешик қулоқ эшитади, эртага ҳамма шу ҳақида гапиради, — ўзига-ўзи пичирлади у. Аламидан уҳ тортди. Кўзлари тиниб кетди.

— Нима деган одам бўлдим? Ўттиз йил ўқитувчилик қилиб-а?.. Одамлар нима дейди?! – домланинг инграниб айтган гапларини ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмади. Бояги юрак оғриғи қайталаниб, нафаси қисилди. Домла титроқ қўллари билан кўйлагининг ёқа тугмаларини ечмоқчи бўлди, эплолмади. Ёнбошига оғиб кетди…

***

Самадов домланинг жанозасига бутун қишлоқ келди. Туман ҳокими ҳам. У ўзини жуда бепарво тутар, ора-сира атрофидагиларга ўқитувчиликнинг машаққатлари-ю, савоблари ҳақида ваъз ўқир, Самадов домланинг ўзини аямай ишлаганини, соғлиғига етарли эътибор бермаганини айтар, одамлар эса туман каттасининг гапларини тасдиқлаб, итоаткорлик билан бош силкиб туришарди…

Рахшона АҲМЕДОВА

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 10 июн (№8-9) сонидан олинди

1+