ЎҚИТУВЧИЛАРИМИЗ «БУТУН ОЛАМ МУАЛЛИМИ» НОМИГА ЛОЙИҚ ЭМАСМИ?

Ўқитувчи ким? Охирги пайтларда ўзимга шу саволни тез-тез берадиган бўлдим. Жавоб – чучмал, шууримдаги тасаввур эса хира, нурсиз. Ўқитувчи – ўргатади, ҳарф танитади, бўм-бўш миячаларни илм билан тўлдиради, шахс шаклланишига кўмак беради, мудроқ истеъдод, иқтидорларни уйғотади. Шундайми? Миллий энциклопедиямизда: «Ўқитувчи, муаллим – турли йўналишдаги ўрта умумий таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқувчилар билан таълим-тарбия ишларини амалга оширадиган мутахассис», деб жўнгина таъриф берилади. Аслида, икки тавсифда ҳам жиддий тафовут йўқ, асосий масала – вазифани қандай уддалашда!

Сўнгги вақтларда ўқитувчининг обрўси тушиб, жамиятдаги ўрни соб бўлиб, муаллимликни ҳавас қилмайдиган авлод шаклланганини сўқир кўз ҳам кўраётган эди. Ўқитувчи педагогликдан кўра бошқа ишларга нафи тегаётган «мурват»га менгзалганида ҳам миқ этмай яшаётгандик. Кўрган-билганларимизни ичимизга ютиб-ютиб, ахийри, уларни фаррошлардан кейинда санайдиган ҳолга ҳам тушдик. Орада турфа янгиланишлар бўлиб, ҳарқалай, бир қадар ўзимизга келдик. Бугун муаммоларимизни тезда тўғрилашга, аҳволни ўнглашга ошиқяпмиз. Оёқларимиз остида тепкиланган ўқитувчи обрўсини қайта ямашга, сўкилган чокларни улашга уриняпмиз. Лекин ўртада бир авлодни бой берганимиз, таълимда анча-мунча ютқизиқларимиз, мустақил фикр чашмасининг кўзини ёпганимиз бадалини ким тўлайди?

ҲАММА СИР ОСТОНАДА ЭДИ

Ўтган ҳафта руҳий қувват олиш, ташвишларни унутиш илинжида оилавий зиёратга бордик. Занги ота зиёратгоҳи доимгидек гавжум. Ташрифчиларнинг кети узилмайди. Ҳар ким Худодан дилидагисини сўрайди, биров билан бошқанинг иши йўқ. Ҳар ким билганича муножот қилади – халал берилмайди. Кўнгилни тинчлантирадиган бу манзарани кузатаётиб, зиёратгоҳга ёндош қатор ҳужралар, уларнинг пастак остонаси, ичкарига бўйнини эгиб, қўлини кўксига қўйиб кириб-чиқаётганлар мени хийла ўйлантириб қўйди. Қадди-басти баланд, барваста, хушқомад ота-буваларимиз не сабабдан ҳужралар остонасини бундай паст қилиб қуришган экан? Самарқанд, Бухоро, Хивадаги кўҳна иморатлар ҳам худди шундай кўринишда – хоналарининг ичи кенг, ёруғ, шифтлари гумбазли-ю, эшиклари кичкина, остонаси пастак. Кейин аниқласам, ота-буваларимиз ёшларга одобни туриш-турмуш, тажриба, анъаналар орқали ҳам ўргатиб, катталарга ҳурматни остонадан бошлаб уқтирган эканлар. Хоналарнинг кираверишини паст қилиб қуриш иншоот қатори одамга ҳам кўрк беришини яхши билганлар. Толиби илм остонадан ҳатлаётганидаёқ андак букчайиб, қўлларини кўксида қовуштириб, хонада ўтирган устози, ҳаммактабларига саломини, ҳам ҳурматини изҳор этган. Яна толиб зиғирдек илмига кеккаймасин, ҳаволанмасин, бошқаларнинг олдидан ғўддайиб ўтмасин, деган ҳикмат ҳам яширин бунда.

Зидликни қарангки, тарбия, одоб сабоқларини турмушдаги зарур воситаларга омухталаштириб, устоз қадрини ота билан баробар қўйган маърифатпарварларнинг болалари бугун муаллимини ҳақоратлашдан, мазах қилиш, гоҳи дўппослашдан(!) ҳайиқмай қўйганди. Уйма-уй юриб, сайлов варақаларини тарқатишдан тортиб, ободонлаштириш ишларига қадар ўқитувчиларсиз ўтмай қолганди. Бу шўришлардан чарчаган муаллимларнинг аксарияти ўз боласининг педагогликдан кўра банкир, иқтисодчи, ҳуқуқшунос, ҳеч қурса, ҳисобчи бўлишини истаб қолган, буни яшириб нима қилдик! Диплом олиб, кўча супургандан кўра шуниси яхшироқ эмасми?..

Ривожланган ўлкаларда ўқитувчиликка машаққат, қатъий тайёргарлик, синов имтиҳонларидан қайта-қайта ўтиш орқали эришилаётган пайтда, бизда бу касбга энг сўнгги нажот – ишсизликдан қутулиш йўли деб қаралаётгани ҳам ҳақиқат эди.

Мутасадди ташкилотлар охирги икки йил ичида мактабларга 37 минг нафар ўқитувчи қайтганига урғу беришяпти. Гўёки, ўқитувчининг ойлик маоши ошгани учун шундай бўлаётган эмиш… Аммо, бу ўқитувчиларнинг аксари ойлик маоши ошгани учун эмас, ишлаб турган коллеж ва лицейлари ёпилиб кетаётганидан мактабга қайтишаётганини нега тан олмаймиз? Саволлар кўп, аммо тайинли жавоб ҳамон йўқ.

ЧИНАКАМ ҚАҲРАМОН МУАЛЛИМ

Ҳар йили зўр шодиёна, алоҳида тадорик билан ўтказиладиган «Бутун олам муаллими мукофоти» («Global Teacher Prize»)ни олишни орзу қиладиган, саралаш комиссиясига қайта-қайта ҳужжат топширадиган, касби ривожи йўлида ҳеч қандай машаққатлардан чўчимайдиган педагоглар дунёда қанча! Ҳатто, журналистлар ярим ҳазил, ярим чин билан ушбу танловни «Ўқитувчиларнинг Нобель мукофоти» дейишади. Пул мукофоти ҳам йириккина – бир миллион доллар. Бунча пул билан қандай хайрли ишлар қилиш мумкин-а!..

Тақдимоти Дубайда ўтказилган ушбу нуфузли мукофотга бу йил кениялик муаллим Петер Табичи лойиқ деб топилди. Аввалига «Африканинг олис қишлоқларидан бирида физика-математикадан дарс берадиган муаллим нимани ҳам уддаларди, мукофотга муносиб нима ишни дўндирибди», деб кўпчилик ҳайратланди ҳам. Маълум бўлишича, Петер Табичи анча-мунча одам эплолмайдиган, ҳамманинг ҳам журъати, бардоши етавермайдиган вазифани – чекка ҳудудлардан биридаги қашшоқ оилалар аъзоларини, ейишга бурда нони йўқ етим болаларни ўқитишни ўз зиммасига олган экан.

Келинг, Сизга бу фидойи муаллим ҳақида озроқ гапириб берай:

истеъдодсиз бола бўлмаслигига чин дилдан ишонадиган Петер Табичи олий таълимни тамомлагач, ҳеч иккиланмай, Кениянинг чекка ва қашшоқ ҳудудларидан бири – Пуани қишлоғидаги Керико кундузги-кечки мактабида ўқитувчилик қилиш истагида эканини айтади. Унинг анойилиги устидан кулган дўстлари бот-бот «бекорга таваккал қилаётгани»ни писанда этишарди. Вақтлар ўтиб, Петер Табичининг ўқувчилари миллий илмий баҳсларда ғолиб бўлиб, билимлари шаҳарлардаги қулай ва шинам масканларда таълим олаётган билимдон ўқувчиларникидан кам эмаслигини исботлашганида, ҳазил-мазах қилганларнинг дами ичига тушиб кетди.

Петер Табичи ўқувчиларининг тўқсон беш фоизи қашшоқ оилаларнинг фарзандлари эди. Фидойи муаллим ойлик маошининг саксон фоизини муҳтож ўқувчиларига улашиб берарди. Таълим олишга қурби етмайдиганлар, яъни, кийими йўқлиги учун мактабга боролмайдиганларга, ногиронларга алоҳида вақт ажратиб, уларнинг уйларига бориб дарс ўтарди. Эҳ-ҳе, Петер Табичининг ўқувчилари орасида оч-наҳорлар, турмушнинг муштларига тиккама-тикка чидаётган норасидалар, ҳатто нашавандлар, ҳомиладорлар, эрта турмушга чиққанлар, жонига қасд қилгувчилар ҳам етарлича эди. Кенияда бу кўргуликларнинг барини одатий ҳолдек қабул қилишар, болаларнинг болалиги шамолга совурилиб, эрта улғайиб қолишаётганига пинак бузишмасди. Аччиқ ҳаёт эса буларни гўё бадалдек қабул этарди.

Эллик саккиз нафар ўқувчига битта ўқитувчи, биттагина компьютер, ҳаминқадар интернет… Серёмғир кунлари етти километрлаб яёв йўл босиш, мактабга кетаётиб, йўлда очликдан судралиб қолаётган болакайлар… Петер Табичи шуларнинг ҳаммасини ҳеч нолимай, бардош билан енгди. Юзидан табассум аримайдиган муаллим ишни энг аввало мактабнинг илм-фан клубини ташкиллаштиришдан бошлади. Ўқувчиларини миллий мусобақаларга тайёрлаш чоғи уларга илмий изланиш йўлларини кўрсатди. Амаллаб ташкил этилган лабораториядаги тажрибалар, кичик тадқиқотлар, ихтиролар кўмагида митти қалбларга илм завқини «юқтирди». Петер Табичининг ҳаракатлари бесамар кетмади – унинг ўқувчилари кўзи ожиз ва гунг кишилар учун буюмларни аниқлашда кўмаклашадиган қурилма ясаб,  2018 йилги Кения илмий ва муҳандислик кўргазмасида намойиш этганларида, кўпчилик ҳайратда қолди. Битта муаллим Африканинг олис қишлоғидаги саводсиз, ночор болакайларни тадқиқотчига айлантирса-я!..

Петер Табичининг ўзи сингари ҳаракатчан, изланишдан тўхтамайдиган ўқувчилари энди маҳаллий ўсимликларни ток кучи орқали ўстириш, парваришлаш усулларини кашф этишди ва бу тадқиқотлари ортидан Қироллик жамиятининг машҳур кимёгарлари назарига тушиб, тузуккина тақдирландилар.

Катта мақсадларни кўзлаётган муаллим ўқувчиларини математика бўйича халқаро синовларга ҳозирлашни ҳам бошлаб юборган эди. Петер Табичи энг аввало, болаларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлади, уларга ҳамма муносиб билим эгаллаши мумкинлигини, бу ёруғ оламда бани одамнинг бари тенг ҳуқуқли эканини таъкидлашдан чарчамади.

– Ўқувчиларимнинг муваффақиятлари, қобилиятлари, журъатларини кўриб, устозлик чинакам серзавқ касб эканига такрор ишонаман, – дейди Петер Табичи. – Мен уларнинг жамиятда ўз ўринларини топганларини, ижодкор, олим, руҳан кучли инсон бўлиб улғайганларини кўрсам бас, менга бошқа бахтнинг кераги йўқ!..

Петер Табичининг ўзи сингари тиниб-тинчимас, ҳеч қариликни бўйнига олмайдиган, ёши етмишга етаётган бўлса ҳам ҳамон бардам-бақувват отаси бор – Лауренс Табичи. У ҳам собиқ педагог. Лауренс Табичи журналистларга ўғлининг Аргентина, Нью-Йорк, Бразилия, Япония, Австралия, Гуржистон, Ҳиндистон, Нидерландиядан келган – «Бутун олам муаллими» номига лойиқ деб ҳисобланаётган тўққиз нафар рақибидан ўзиб, мукофотни қўлга киритганидан ҳануз ўзига келолмаётганини айтибди. Ахир бу ҳазилакам зафар эмас – бу йилги саралаш комиссиясига дунёнинг 179 давлатидан 10 000 нафар муаллим ариза топширган эди!

Мен буларни нега айтяпман? Назаримда, касбга фидойилик, ишга масъулият билан ёндошиш, мураббийликка муҳаббат ҳақида соатлаб ваъз ўқиб, эзмаланмасдан ёки соҳадаги муаммолар учун айбни бир-бировга тўнкайвермасдан, Петер Табичига ўхшаб йўқдан йўндираётган, ҳаракат, ғайрат ва илм орқали оғир шароитларга чора топаётган муаллимларга эргашиш керак! Улардан ўрнак олиш, ибратаниш лозим!

Ҳар нарсага қизиқадиган журналистлар Петер Табичига мукофот пулини нималарга сарфламоқчилигини сўрашганида, муаллим ўйлаб ўтирмай, «Ҳаммасини Кения таълим тизимини ривожлантиришга йўналтираман», деди. «Бу қарорни эшитган кўпчиликнинг ранги бўзариб кетди», деб ёзди бир журналист. Ахир, мукофот пули ҳазил рақамларда эмас – бир миллион доллар-а! Ҳозир Кениянинг олис қишлоғида болаларнинг қаҳрамони ким?  Албатта, Петер Табичи – африкалик физика-математика ўқитувчиси!

Бизда-чи, қаҳрамон муаллимлар борми? Тўғри, ўндан ортиқ фидойи муаллимнинг кўксига «Олтин юлдуз» медали тақилиб, «Ўзбекистон қаҳрамони» унвони берилган. Лекин бу кам, етарли эмас.

Токи устоз бола тасаввурида ҳақиқий қаҳрамонга айланмас экан;

ўқитувчилик касблар ичида энг обрўлиси, энг шарафлиси бўлмас экан;

энг асосийси, муаллим обрўси тикланмас экан, орамиздан халқаро миқёсдаги «Дунё муаллимлари» топилишига умид қилишдан фойда йўқ.

Чарос НИЗОМИДДИНОВА

«Маърифат саодати» газетасининг

2019 йил 11 апрел №7 сонидан олинди

1+