УРЧИБ БОРАЁТГАН СУРБЕТЛИК

Ҳар куни эрталаб ишга кетаётганимда пойтахтимизнинг эски шаҳаридаги энг намунали (!) мактаблардан бирининг ёнидан ўтишимга тўғри келади. Худди шу кўчадан жуда кўплаб катта ёшдаги кишилар, кекса бобо-бувилар юрадилар. Мактабга юзлаб болалар келишади. Агар ўша ҳар ўн нафар боладан биттаси ёки бошланғич синфда ўқийдиган боласини етаклаб келаётган ота ё оналардан ақалли бирортаси салом бериб ўтса, «ўзбекнинг одоби ҳали буткул тупроққа кўмилиб кетмабди», дея кўнглингиз кўтарилади.

Автобусга ёки йўналишли таксига чиқмоқчи бўлганингизда, ёшларнинг тирсаги билан сизни четга суриб, ўзлари чиқиб кетишлари-ку одатий ҳолга айланиб кетганига анча бўлган.

Яқинда кекса журналистлардан бири йўлда каминага ҳамроҳ бўлиб бораётиб, шикоят қилиб қолдилар:

— Охирги пайтларда бозорга тушишга ёки одам гавжум кўчалардан юришга безиллаб қолибман. Рўпарадан келаётган одамларнинг аксарияти  йўл бермай, устингга танкдай бостириб келаверади. Агар четлашга улгурмасанг, албатта туртиб ўтади. Қиз-жувонлар ҳам бемалол эркаклар орасидан туртиниб ўтиб кетаверади, ўзини тортиб, сал четроқдан юрай демайди.  Пойтахтда шарм-ҳаё ҳам қаҳат бўлиб кетяптими, дейман-да…

Отахоннинг сўзларини эшитиб кетяпман-у, қаршимиздан бостириб келаётган бир тўда тарбиясизларга йўл бериш учун қайси томонга чекинсак экан, деб ўйлаяпман.  Чорсудан Хадра орқали Абай кўчасигача пиёда суҳбатлашиб борар эканмиз, отахоннинг ёзғиришлари ҳар қадамда исботини топиб бораверди.

Ўзимиз ҳам ёш бўлганмиз. Кўча-кўйда катталарга салом беришни канда қилмасдик. Кексаларга узоқданоқ йўл бериб четлашардик, қўлларидан юкларини олардик. Хотин-қизларда эркаклардан тортиниш ҳисси бор эди. Эркак кишининг устига бостириб бориш энг камида беҳаёлик саналарди. Қаршисидан эркак одам чиқиб қолган хотин-қизлар сал нарироқда тўхтаб, ўша одамнинг ўтиб кетишини кутиб туришарди. Ота-онамиздан, қўни-қўшнидан, маҳалладан олган тарбиямиз меваси эди бу.

Ҳозир-чи? Одамларимизга нима бўлди? Тарбияни ахлоқу ор-номусга, иззатга, ҳурматга боғлаб турган ришта қачон, қаерда, жамият ҳаётининг қайси жабҳасида узилиб битди? Бу борада матбуот нега бонг урмайди? Юртимизда фаолият юритиб келаётган ўн минглаб журналистлар бу муаммоларни кўча-кўйда ҳар куни кўрмаяптиларми? Ёки ўзлари ҳам ўша «йўл бермайдиганлар» сафида кимнидир туртиб ўтиш билан бандмиканлар? Ёхуд уларга баландпарвоз мақолаларни битта манбадан кўчириб олиб, бошқасида эълон қилиб юбориш осонроқми?..

Булар майли, чидаса бўладиган иллатлар. Бировнинг саломисиз ҳам кунимиз ўтяпти-ку, ҳар ҳолда. Тарбиясизларнинг туртиб ўтишидан безиб қолсак, сал чеккароқ, одам камроқ кўчадан юрармиз. Лекин айрим ёшларнинг бошқа ножўя ишлари эртанги кунимизни емириб борувчи катта оқимга айланиб бораётгани бизни кўпроқ ташвишга солмоқда.

ЁМОН ЎРНАК

Бир-иккита саволга виждонан жавоб беринг-чи, азиз зиёли юртдошим, ҳурматли муаллим, муҳтарам педагог олим, маҳалла фаоли:

— Ҳар куни, ҳар бир кўчада, ҳар бир хиёбонда, ҳар бир жамоат жойида бир-бири билан қўл ушлашиб юрган, бир-бирининг пинжига кириб, қучоқлашиб ўтирган ёки бир-бири билан беҳаёларча сўкиниб, уришаётган, фаҳш сўзларни ҳеч уялмай, баралла айтаётган 14 –18 ёшли қиз-йигитларни кўриб ўтяпсизми ё йўқми?

— «Йигити»га бошвоғини бериб қўйган, ҳамманинг кўз олдида у билан ачомлашиб юрган қизларни-чи?

Бу шармандали ҳолга ҳозирда «севги», «муҳаббат» деб ном қўйиб олишган. Халқимиз эса бундай шармсизликларни яқин-яқингача ҳам «зино» деб атаган ва буни қандай сўз билан хаспўшламанг – моҳият ўша-ўша!

— Кийган кийимидан баданидаги ҳар бир чизиғи билиниб турган қиз-жувонлар орасида танишингиз, яқинингиз йўқмикан? Уйдаги қизингиз, синглингиз, келинингиз, аёлингизнинг кўчага қай аҳволда чиқиб кетаётганига ҳамият кўзи билан назар ташлаяпсизми?

Бир пайтлар бундай иллатлар гуруч ичидаги курмак каби унда-бунда учраб қолса, ҳамма ёққа шов-шув бўлиб кетарди. Ҳозир ҳаёсизлик курмаги орасидан покизалик гуручини қидирадиган бўлиб қолдик.

Яқин ўтган вақтларда ҳам агар маҳаллада «Фалончининг қизи юриб қўйганмиш» ёки «Пистончининг синглиси юрармиш-а?» деган гап тарқаб қолса, иснодга чидай олмаган ота-она уйини сотиб кетишга, ҳатто бошқа шаҳарларга кўчишга мажбур бўларди.

Яқинда телевизорда кўриб қолдим: сочини опала қилиб ёйиб олган, «калла жуни»нинг битта тутами бир кўзини ёпиб турган талаба қиз ўзбек қизларининг ибоси, ҳаёси, хуш одоби, намунали хулқи ҳақида тўлиб-тошиб гапиряпти. Унинг ёнида эса икки тутам сочини икки кўзига шайтоннинг шохи шаклидатушириб олган, тор шими йиртилай деб турган, кийган кофтаси «одам анатомияси» фанидаги сурат вазифасини бажараётган дугонаси эса унинг сўзларини маъқуллаб турибди.Ахир ўзбек қизининг ибоси сочининг саришталигида, кийимининг ахлоқ меъёрига мослигида эмасмиди?

Илгари ўзбекнинг қиз-жувонлари ўрим сочларини рўмол билан танғиб, узун кўйлаклар кийиб юришарди. Мабодо шамол турибми ёхуд бирор бошқа сабаб биланми кўйлагининг этаги кўтарилиб, лозими салгина кўриниб қолса, уятдан ўзларини қўйишга жой топа олмай қолар эдилар. Ҳозир эса марҳамат –қизларимиз, келинларимиз, хотинларимиз кўйлаксиз, калта ва юпқа кофта кийиб, биргина лозимнинг ўзида юришибди – ҳозир шунақаси «мода» эмиш! Шу қиз-аёлларнинг ҳам эри, отаси, акаси, укаси бор шекилли?

У эркакларнинг орияти, ҳамияти, рашки қаерга кетди?

Баъзан эшитиб қоламиз:

— Фалончининг қизи жуда бетгачопар, беандиша қиз бўлибди-а?

— Нимасини айтасиз! Ота-онаси тарбия бермаган-да!

Кечириб қўясиз. Ота-онаси тарбия бермаган эмас, фарзандини айнан шундай тарбиялаган! Боласига тарбия бермайдиган ота-она бўлмайди. Балки ёмон тарбия берадиган, ўзи ёмон ўрнак бўладиган ота-она бўлади. Демак, ўша ота-онанинг ўзи болалигидан ёмон тарбия олган.

Хуллас, гапирсак гап кўп.

Азиз ҳамюртим, ушбу фикр-мулоҳазаларни айнан Сиз учун битилган очиқ хат дея қабул қилинг-да, шу борада ўз жавобингизни йўлланг. Сизни ўйлантираётган, ташвишга солаётган, ғашингизга тегаётган иллатлар ҳақидаги мулоҳазаларингизни биз билан баҳам кўринг. Зеро, ЎЗБЕКЧИЛИК деган фазилатни доғ туширмай асраш, авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиз.

Алишер САЪДУЛЛА

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

 

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 14 март №5-сонидан олинди

1+