СТАЛИН ТАН БЕРГАН, СТАЛИНЧА ТУЗУМ КУН БЕРМАГАН АДИБ

1930 йилнинг 18 апрели. Соат тунги уч. Иқтидорли, аммо давр жабрини чекиб, ишсизликдан қийналиб, ғоят қашшоқ ҳолда яшаётган Михаил Булгаковнинг мўъжазгина квартирасида қулоқни қоматга келтириб телефон жиринглади. Ёзувчи бетоб эди. Хонадон соҳибаси Елена Сергеевна Булгакова бемаҳалда қилинган қўнғироқдан юраги увишган кўйи гўшакни кўтарди:

— Эшитаман. Ҳа. Булгаковни ким сўраяпти?

Бунга жавобан гўшакдан хирпи овоз эшитилди:

— Сталин!

Бу исмни эшитган Елена Сергеевнанинг юраги орқасига тортиб, тили калимага келмай қолди. У жавоб қилишни ҳам унутиб, диванда кўрпага бурканиб ётган касал эрини тортқилай бошлади:

— Мишенка, телефонда сени ўртоқ Сталин сўраяпти! Тезроқ бўлақол!.. Сталин сўраяпти деяпман!

Михаил Афанасьевич бу хабардан бир муддат ўзига келолмай турди-да, кейин:

— Сталин? Қўйсанг-чи! Артистлардан бирортаси ҳазиллашаётган бўлса керак, — деди. Лекин бирорта артистнинг кимсан Сталин номи билан ҳазил қилишга ҳадди сиғмаслигини ўйлаб, гўшакни кўтарган эди, радио орқали эшитиб юргани — таниш овоз эшитилди:

— Ўртоқ Булгаков, сизни Сталин безовта қиляпти!

Булгаков тамоман ўзини йўқотиб қўйганидан, «қовун туширди»:

— Қ-қайси Сталин?

Гўшакнинг нарёғидан сал зардали жавоб бўлди:

— Билишимча, Совет иттифоқида битта-ю битта Сталин бор. Балки сизнинг Сталинингиз бир нечтадир?

Бундай пўписамонанд гапдан кейин Булгаков ўзига келди:

— Кечирасиз… Узр, Иосиф Виссарионович, сизни жоним билан эшитаман!

— Мен сиз билан учрашиб, суҳбатлашсам деган эдим?

Бу таклифдан Булгаков яна довдиради:

— Нима учун? Қайси мавзуда суҳбатлашамиз?

— Ноз-неъматлар-у, костюмлар тўғрисида эмас, албатта. Адабиётнинг вазифалари, адабиётчининг виждони ва маънавияти ҳақида суҳбатлашамиз. Эшитишимизга қараганда, сиз хорижда яшашни истаяпсиз шекилли?

— Рус ёзувчиси Ватандан ташқарида яшай олмайди, Иосиф Виссарионович.

-Тўғри айтдингиз. Маъқул… Билишимча, ҳозир ишсиз экансиз. Қаерда ишлашни истайсиз?

— Бадиий театрда, Иосиф Виссарионович.

— Эрталаб директорнинг номига ариза ёзиб, унинг қабулига боринг!

— Мен бориб учрашгандим, рад қилишган.

— Улар хато қилишибди. Балки қилмишларидан пушаймондирлар. Яна бир марта бориб кўринг. Агар яна рад қилишса, менга ёзинг!

— Раҳмат, ўртоқ Сталин!..

Бундай суҳбатдан кейин кўзга уйқу келарканми?! Юраги ёрилиб кетмаганига шукр қилган Булгаков касалини ҳам унутаёзди. Эр-хотин эрталабгача ухлашгани йўқ. Саҳарлаб ёзувчи бир тўғрамгина қотган нон ва бир стакан чой билан нонушта  қилиб, соқолини қиртишлаб олгач, театрга боришга отланаётган эди, эшик тақиллади. Михаил Афанасьевич эшикни очаркан, баттар ҳайратда қолди: негаки, остонада ўзи отланаётган театр директорининг ўринбосари Фёдор Михалский ҳаллослаганича турарди. Кечагина Булгаковнинг саломига алик олмай кетган директор ўринбосари уни қучиб, бийрон сўзлай кетди:

— Михаил Афанасьевич! Қадрдонгинам! Мана, ўзим келдим эшигингизга. Қани, ёзинг аризани, азизим!

— Қанақа ариза?

— Бадиий театрга-да! Директор Немирович-Данченконинг номига. У киши сизни кутиб турибди, Мишенка.

— Мен ахир яқиндагина ҳузурингизда бўлганимда, гаплашгингиз ҳам келмаганди-ку…

— Э-э, ўтган ишга салавот! У борганингизда ишга кўмилиб ўтиргандим, чарчаганимдан гаплаша олмагандим, ҳозир  истаганча гаплашишим мумкин…

 

Шу тахлит театр директорининг ўринбосари, Булгаковнинг аризасини олиб кетди. Бу кунгабоқармисол одамларнинг бирданига бунчалик ўзгариб қолиш сабаби ёзувчига аён эди, аммо Сталиннинг Булгаковга қўнғироқ қилганини улар қаердан эшитишди экан? Ана шуниси эр-хотинга жумбоқлигича қолди…

* * *

Бу воқеадан кейин Михаил Булгаковнинг ишлари юришгандек бўлди.  «Турбинларнинг кунлари» драмаси саҳналаштирилди, нашриёт раҳбарларининг ўзлари шартномаларини қўлтиқлаб Булгаков ҳузурига кела бошлашди. Унинг асарлари газета ва журналларда кетма-кет чоп этила бошланди. Минглаб мухлислар Булгаков асарларини ҳузурланиб ўқишар, пьесаларини кўриш учун театрга шошишарди. Аммо бу муваффақиятлар кўпга бормади. Сталиннинг Булгаков билан ортиқ иши бўлмаганини сезган театрдаги «учлик» — Немирович-Данченко, Станиславский, Подгорний каби директор, ўринбосар, труппа мудири лавозимидаги бюрократлар унинг асарларини саҳналаштирмай қўйишди. Булгаков яна иқтисодий қийинчиликлар ичида қолди. Табиийки, у бу тўғрида ҳеч кимга шикоят қилгани йўқ. Аммо… ўша кунларнинг бирида театрда телефон жиринглади. Гўшакни эринибгина Подгорний олди:

— Бадиий театр эшитади. Ким гапиряпти?

— Сталин.

Подгорний бу исмни эшитди-ю, нафаси бўғзига тиқилиб қолди ва аранг ўзини қўлга олиб, югурганича Станиславскийни чақирди. Станиславский гўшакни тутаркан, беихтиёр таъзим қилиб юборди:

— Салом, Иосиф Виссарионович! Соғлиғингиз яхшими? Бахтимизга ҳамиша соғ бўлинг!.. Константин Станиславскийман, ўртоқ Сталин.

— Бизнинг фикримизча, ўртоқ Станиславский, Булгаковнинг «Турбинларнинг кунлари» пьесасини қайта саҳналаштириш керак.

— Фикрингизга қўшиламан, ўртоқ Сталин! Биз бу топшириқни бутун жамоамиз билан бажонидил амалга оширамиз!

— Саҳналаштириш учун қанча вақт керак бўлади?

— Бир ярим йилда тайёр қиламиз, Иосиф Виссарионович!

— Бўлмайди! Биз спектаклни уч ойдан кейин кўрмоғимиз керак!

— Худди шундай! Мутлақо тўғри айтдингиз! Биз бу ишни уч ойга қолмай бажарамиз!

Сталин гўшакни индамай  қўйиб қўйди. Бу суҳбатдан бир зумда бутун театр жамоасидан тортиб, ёзувчи-шоирлар, ноширлар-у, мухбирларгача хабардор бўлди. Станиславский эса «уч ойга қолмай бажарамиз» дея «доҳий»га берган ваъдасини эслаб, юрагини чангаллаб қолди. Унга врач чақиришга мажбур бўлишди…

Хуллас, айтилган пайтда пьеса саҳна юзини кўрди. Унинг биринчи намойишига шахсан Сталиннинг ўзи ташриф буюрди.

Бутун мамлакатда айни мажбурий коллективлаштириш, қулоқлаштириш, очарчилик ва қатағон рўй бериб турган пайтда, Сталин Кремлда ўтирганича адабиёт, театр билан ҳам қизиқиб турарди. Булгаков эса шундай мураккаб ва қийин бир даврда мардоналик билан ижод қилишда давом этарди.

МУҲТОЖЛИКДА ЁЗИЛГАН ФЕЛЬЕТОН

Михаил Булгаков асли киевлик бўлиб, «Гудок» газетасида нашр этилган фельетонлари орқали москвалик мухлисларга яхши таниш бўлиб қолган эди. У ўзининг оқила рафиқаси билан Москвада анчайин қийин шароитларда турмуш кечирар, лекин эр-хотин ўз турмуш тарзларидан асло нолишмасди.     Ачинарлиси, Булгаковнинг биринчи  ва машҳур фельетони ҳам ғоят қийин шароитда яратилган. Унинг ўзи бу ҳақида қуйидагича ёзиб қолдирган (бу маълумот тадқиқотчи олим Леонард Генлиннинг 1994 йилда Минск шаҳрида чоп этилган китобида келтирилган):

«…1919 йилда ярим кечада шалағи чиққан вагонда кетиб борардим. Керосиндан бўшаган шишага тиқилган жиндай шам ёруғида биринчи фельетонимни ёзиб тугатдим. Эртасига, совуқдан роса тўнғиган ҳолда, устимда дабдаласи чиққан солдат шинели билан, киссамда бир чақа пулсиз, йўғон, барваста, совуқ нигоҳли муҳаррирнинг қаршисида турардим. Муҳаррир фельетонни қўлига оларкан, совуққина вишиллаб қўйди:

— Бир ҳафтадан кейин келинг.

Бир ҳафтани амаллаб ўтказдим-да, юрагим така-пука, очликдан тиришган ҳолда ўша таниш кабинетга яна кирдим. Муҳаррир бутун гавдаси билан менга ўгирилиб, ҳайқирди:

— Сиз Александр Валентинович Амфитеатровга ўхшаб ёзар экансиз! Сизнинг тасвирларингиз қай бир жиҳати билан менга Чеховни эслатди! Ишончим комилки, сиз ҳадемай кулги қироли Аверченкони ҳам ярим йўлда қолдириб кетасиз. Сиз, азизим, жуда зўр истеъдод соҳиби экансиз!..

Очликдан сўлагимни ютиб сўрадим:

— Демак, фельетон маъқул бўлибди-да?

— Маъқул ҳам гапми! Жуда зўр! Сиз тили ўткир ижодкорларнинг ҳаммасини — ўликларини ҳам, тирикларини ҳам орқада қолдириб кетибсиз!

-Ундай бўлса, босиладими? Жиндай қалам ҳақи берасизми?..»

Хуллас, Булгаков иқтидорига ҳамма тан берарди. Дастлабки ижод намуналари биланоқ у муҳаррирлар ва ўқувчилар эътиборини жалб қила олган эди, аммо, юқорида айтганимиздек, турмуш шароити ниҳоятда оғир бўлган.

ОЧ ҚОЛСА ҲАМ, ВИЖДОНИГА ҚАРШИ БОРМАСДИ…

Булгаков очлик ва муҳтожлик азобларини тортиб яшаса-да, ҳаётини енгиллатиш учун виждонига қарши иш қилмаган. Шунинг учун ҳам у 1925 йилда чекистлар томонидан берилган топшириққа ҳам рўйхушлик бермади.

Ўшанда чекистлар Булгаков ва ёзувчи Бабелга катта-катта ваъдалар билан, 1918 йилнинг 24 декабр туни шундоққина Москва шўроси олдида Яшка ҳамён деган ўғрибошининг Ленинни тунаганига оид ҳужжатни бадиийлаштиришни топширишади. Лубянка томонидан берилган топшириқни бажариш шарт бўлган замонда, Бабел гувоҳ чекистнинг қўлёзмасини қайта ишлашга енг шимариб киришади: қатъият билан қўлёзмадаги воқеаларни бўрттиради, матнни анча ёрқин ва таъсирчан қилади. Булгаков эса чекистнинг қўлёзмасига сал-пал қўл теккизади – фақат услубдаги хатоликларни тузатади, ҳаддан ташқари чўзилиб кетган ёки ўта жимжимадор жумлаларни таҳрир қилади, холос. Шу боис Лубянкадагилар Булгаковнинг бу ишига «Ҳафсала билан қилинмаган. Лоқайд муносабат билан ёндошилган. Берилган топшириқни бажаришни хоҳламаган» деб хулоса беришади. Балки шу боисдан ҳам Булгаков мудом кузатувда бўлгандир, тазйиқларга учрагандир?..

Исаак Бабел эса Лубянканинг, ҳукуматнинг муруввати остида, китоблари қайта-қайта чоп этилиб, шоҳона ҳаёт кечиради. У бир дўстига юборган мактубида: «Генералнамо бўлиб юрибман… Топиш-тутишим ҳавас қилгудек» дея ёзганди.

Аммо адабиётда, тарихда ялтоқилик орқали шоҳона яшаган Бабелдан ва унинг асарларидан кўра, ғариб ҳолда кун кечирган, емиши қаттиқ нон бўлган Булгаков ва унинг асарлари ёрқин жой эгаллади.

Гарчи ғариб аҳволда яшасада, Булгаков табиатан озода, сипо ҳаёт кечирарди. У билан замондош бўлган РСФСР халқ артисти Вера Александровна Давидова адиб тўғрисида шундай хотирлайди:

— Булгаковнинг ўткир киноявий ҳикоялари билан аввалдан таниш эдим. «Ғаройиб тухумлар», «Шайтоннома», «Ит юрак»ни ўқиб, кула-кула кўзларимдан ёш чиққан. Москва театрида бир неча марта «Турбинларнинг кунлари»ни кўрганман… Булгаков баъзида Большой театрга келар, саҳна ортига чиқиб, биз билан суҳбатлашарди. Мени ҳайрон қолдирадиган жойи шундаки, унинг устида доимо бежирим костюм бўларди, кўйлаги ҳамиша кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ, ботинкаси мойланган ва ойнадай ялт-юлт қилиб турарди. Жуда одобли, хушфеъл, қилиқлари зодагонларникига ўхшаш нозик эди. Булгаков аёлларга ҳам, эркакларга ҳам бирдек ёқарди. Эркаклар яширинча ҳамма нарсада унга тақлид қилишга ҳаракат қилишарди…

АТЕИСТИК ТУЗУМДА ХУДОНИ ЭСЛАТГАН АСАР

Булгаковнинг бир қанча роман, қисса ва пьесалари шўро мафкурасининг таъсири билан театр репертуарларидан олиб ташланарди. Чунки унинг асарларида мустабид тузум ва золимлик билан келиша олмаслик, адолатсизликка қарши исён яққол акс этиб турарди. Адибнинг «Ит юрак», «Чичиковнинг саргузаштлари», «Касофат тухумлар», «Уста ва Маргарита», «Оқ гвардия» сингари асарлари шўроларнинг қолипланган адабиётига сиғмади. Улар турли танқидчилар томонидан аёвсиз танқид қилинди, адибга турли ғоявий айблар қўйилди, ишидан, давралардан четлатилди, муҳтожликка маҳкум этилди…

Михаил Булгаков биргина «Уста ва Маргарита» романини яратиб, бошқа асарга қўл урмай ўтгандаям, барча даврларда иқтидорли адиб деган номга сазовор бўлаверарди. Чунки бу унинг шоҳ асари!

«Уста ва Маргарита» — сталинча зўравонлик тузуми шароитида ҳам эркин фикрлаш ва озод роман яратиш мумкинлигини исботлаган; адибнинг юрт тўла атеистлар ичида Худо борлигини таъкидлашдан қўрқмаганлигини исботлаган асардир!

«Уста ва Маргарита» — ўзида сатирани, фантастикани, тарихни, психологик таҳлилни, реалистикани жамлаган ва мукаммаллиги билан жуда кўпчиликни ҳайратда қолдирган асардир!

Булгаков бу асарга ғоят оғир 1928 йилда қўл уриб, уни то вафотига қадар, яъни нақ 12 йил сайқаллаб борди. 1940 йилда – вафотидан бир неча кун олдин ҳам оғир хаста ётганига қарамай, роман қўлёзмасини қайта-қайта кўздан кечириб, унга тузатишлар киритди.

Сиз ҳам, муҳтарам газетхон, (мабодо ўқимаган бўлсангиз), Михаил Булгаков асарларини албатта мутолаа қилинг. Улар ҳақидаги таассуротларингиз ва фикр-мулоҳазаларингизни биз билан ўртоқлашинг. Шояд, заҳматкаш, соф виждонли адибнинг руҳи бундан шод бўлса!

Умидбек БЕКИММЕТОВ

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 28 март №6-сонидан олинди

1+