ОСОН УҚИЛМАЙДИГАН АСАР

Михаил Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» романи – зийрак китобхонга ажиб ҳайрат берадиган муҳташам асардир.

Бу асар енгил ўқилмайди ва осон уқилмайди. Шунинг учун ҳам, у ҳақида гап кетганида, кўпчилик китобхонлар «Биз бу асарни бир неча маротаба ўқиб ҳам тушунмаганмиз», — дейишади. Романнинг моҳиятини тўлиқ тушуниш учун китобхон аввалдан тайёргарлик кўриши керак, яъни унинг фалсафадан, адабиётдан, тарихдан, психологиядан маълум даражада хабардорлиги бўлиши лозим.

Мен «Уста ва Маргарита» билан ўрта мактабнинг юқори синфида ўқиётган пайтимда танишганман. Ўшанда рус тили ва адабиёти ўқитувчимиз агар муаллифнинг бу асар орқали нима демоқчи эканини англашни истасам, Гётенинг «Фауст»ини, француз файласуфи Ренаннинг «Исонинг ҳаёти» асарини ўқиб чиқишим (ва умуман, Исо алайҳиссалом билан боғлиқ саҳиҳ маълумотларни ўрганишим), ҳамда Кант фалсафаси билан қисман бўлса-да танишишим кераклигини ва ундан сўнг романни такрор-такрор ўқишим лозимлигини айтган эди. Бу тавсиялари учун мен ўша ўқитувчимдан ҳали-ҳануз миннатдорман. Булгаковнинг бу шоҳ асарини йиллар бўйи бир неча маротаба ўқиш ва уқиш давомида ўзим учун жуда катта маълумотлар базасини яратдим.

Мен ҳозир асарнинг сюжети ҳақида гапирмоқчи эмасман. Сабаби, «Уста ва Маргарита» романи сюжетини жўнгина қилиб тушунтираман деган одам унинг оҳорини тўкиб қўяди. Ёзувчи икки минг йиллар олдин Исо алайҳиссалом ва у зотни ўлимга ҳукм қилган Иудея прокуратори Понтий Пилат билан боғлиқ тарихий воқеаларни худосизлар Москвасидаги шайтон билан боғлиқ фантастик воқеаларга шу қадар моҳирона боғлаб сюжет яратганки, уни оддийгина қилиб: «ундай бўлади, бундай бўлади» дея тушунтириш мумкин эмас.

Михаил Булгаков «Уста ва Маргарита» романини 1920 йилда ёзишни бошлаб, уни умрининг охиригача такомиллаштириб борди. Вафотидан бир неча кун олдин ҳам, оғир хаста ётганига қарамай, роман қўлёзмасини қайта-қайта кўздан кечириб, уни сайқаллашга уринди.

Диний эътиқод душмани бўлмиш коммунистик партия ҳукмронлик қилиб турган; Сталиннинг қатағон машинаси бор қудрати билан ишлаётган; советларга тобе барча халқлар ўртасида худосизлик тарғиби авж олдирилаётган; адабиёт ҳам тўлиғича назоратга олинган ва партия ташвиқотининг қуролига айлантирилган; қулоқлаштириш сиёсати роса кучайган бир даврда ёзилган — худосиз бандалар яратган тузумни шарманда қилувчи; унинг узоққа бормаслигини башорат этувчи; бундай тузумда шайтон ҳукмронлик қилишини кўрсатувчи; адолатсизлик ва ҳақсизликка қарши исён акс этиб турган; советча адабиёт қолипига сиғмайдиган асар эди бу. Адиб романда бундай тузумнинг ҳалокати муқаррарлигини очиқ-ойдин кўрсатиш учун, шайтон ва унинг малайлари фаолиятига изн бериб қўяди.

Юрт тўла атеистлар ичида Худо борлигини таъкидлашдан қўрқмаган ёзувчи эди Булгаков. Қўрқоқликдан нафратланиши, ҳазар қилиши унинг деярли ҳамма асарларида акс этиб турарди. Жумладан, «Уста ва Маргарита» романида ҳам прокуратор Понтий Пилат Иешуа (Исо Масиҳ)нинг ваъзларига кўз югуртирар экан, «Энг даҳшатли разиллик – бу, қўрқоқликдир!» — деган сатр устида тўхталиб қолади.

Театршунос Виталий Виленкиннинг хотирлашича, Михаил Булгаков адабий давраларнинг бирида:

— Барча кулфатларнинг боши – қўрқоқликдир! – дейди баралла.

Сценарийнавис Сергей Ермолинский ҳам адибнинг қўрқоқликдан нафратланишини бот-бот таъкидлаганини ёзади.

Булгаков умр бўйи моддий муҳтожлик ичида яшаган бўлса-да, тўкин ҳаёт илинжида виждонини сотмади, ўзини ташвиқот қуролига айлантиришларига йўл бермади. Чекистлар томонидан берилган топшириқларни ҳам бажармади, ҳукуматга ҳам ялтоқилик қилмади. Бошқа ҳамкасблари (чекистлар топшириғи билан) худосизлар ҳукуматини улуғловчи, шарафловчи асарлар битиб, шунинг ортидан шоҳона яшаётган бир даврда Булгаков ўта ғарибона кун кечирди, лекин эътиқодига, виждонига путур етказмади. Шунинг учун ҳам ҳамиша кузатувда бўлди, таъқибу тайзиқларга учради. Унинг китоблари чоп этилмас; саҳналаштирилган асарлари театр репертуарларидан олиб ташланар, ғаразгўй адабий танқидчилар томонидан аёвсиз танқид қилинар; ўзини адабий давралардан четлаштиришар; ишдан ҳайдаб, муҳтожликка маҳкум этишарди.

Булгаков ўшандай ночор ҳаёт, ғариб турмуш тарзи ичида ҳам ўзининг улуғворлигини, салобатини, сиполигини сақлаб қолган эди ва шу жиҳатлари билан кўп ижодкорларнинг ҳасадига учрарди. РСФСР халқ артисти Вера Александровна Давидова адибни хотирлар экан:

— Унинг устида ҳамиша бежирим, ўзига жуда ярашиб тушган костюми бўларди. Кўйлаги ҳам гард юқмаган, оппоқ. Ботинкаси эса ҳафсала билан мойланган, ойнадай ялт-юлт қилиб турарди, — дейди. — Булгаков ниҳоятда нозик таъб, дидли, зодагонлардек виқор ва салобатга эга эркак эди. Хушфеъл ва хушмуомалалиги, ажойиб иқтидори туфайли кўп аёллар унга мафтун эдилар ва бу жиҳатлари билан у анчагина ҳамкасбларининг ҳасадини қўзғарди…

Булгаковнинг ғоявий қарашларини танқид остига олиб, у билан ҳар жиҳатдан рақобатлашиб юрадиган ижодкорлардан бири – Владимир Маяковский бўлган. Мана шундай талотўплар ичида яратилди «Уста ва Маргарита». Унда Булгаков ўзи яшаётган даврни ва ўша давр муҳитини ранг-баранг воқеалар орқали моҳирона тасвирлаб берди. Унинг қаҳрамонлари ҳам ҳаётдан олинган, ҳаммасининг прототипи бор. Масалан, булгаковшунослар асар персонажларидан бири – катта журнал муҳарирри ва атеистик тузум хизматкори Берлиоз образида ўша вақтдаги Россия пролетар ёзувчилар уюшмаси (РАПП) раиси Леонид Авербахга ишоралар бор деб биладилар.

Асар Берлиознинг Москвадаги Патриарх кўли бўйида шоир Иван Бездомний билан Худонинг йўқлиги ҳақида баҳс юритиб турган вақтида шайтонга йўлиқиб қолиши воқеаларидан бошланади. Берлиоз Иван Бездомнийга жамиятда атеистик руҳни кучайтирадиган; Исо пайғамбар ҳақидаги инончларнинг қуруқ уйдирма ёки афсона эканини уқтирадиган; диний эътиқодни жоҳиллик сифатида кўрсатадиган достон ёзишга буюртма берган бўлиб, бу достон яқин орада матбуотда чоп этилиши керак эди. Буларнинг жоҳилона режаларига шайтоннинг ўзи нуқта қўяди. Ҳа, Берлиознинг «бизда ҳеч ким Худога ишонмайди», деган гапидан сўнг, ботаётган қуёшнинг сўнгги нурлари акс этаётган деразаларга, худди уларнинг ҳар биридан биттадан атеист қараб тургандек, хавотир билан кўз югуртирган; «Билиб қўйинг, У бор», – дея пичирлаган шайтон!

Гётенинг Булгаковни шундай асар ёзишга руҳлантирган асари «Фауст»да у «Сен кимсан?» – дея берилган саволга:

— Мен ҳаргиз ёмонлик тилаб, яхшилик қилгувчи кучнинг бир қисми, — дея жавоб берган эди. Булгаков асарида у буни амалда кўрсатади.

Пролетар шоирлардан Демян Бедный, Иван Приблудный, Михаил Голодный, Максим Горкийлар «Уста ва Маргарита»даги персонаж Иван Бездомнийнинг прототиплари деб билинади. Булгаковшунослар Иван Бездомний образининг асосий прототипи — шоирДемян Бедный деган фикрдалар. Бу шоир уюшманинг буюртмаси асосида (худди асарда таърифланганидек), атеистик руҳдаги, диний  эътиқодга зарба берувчи катта достон ёзган экан.

Танқидчи Латунский образида эса ёзувчи ўзининг асарларини ашаддий танқид остига оладиган, «Булгаковчиликка қарши» сарлавҳаси остида мақолалар ёзиб, ўзини бадном қилишга уринадиган танқидчи Осаф Литовскийни гавдалантирган.

Булгаков асарда Грибоедов уйининг арзандалари бўлмиш адабиёт аҳлининг кирдикорларини кўрсатиб берар экан, халқнинг маънавиятини оширишга, жамиятга маърифат тарқатишга масъул бўлган касб ва даргоҳларни бой яшаш учун ҳеч бир олчоқликдан қайтмайдиган, мунофиқ, хушомад ва ялтоқиликка ихтисослашган кимсалар эгаллаб олгани ва бунинг оқибати аянчли бўлиши ҳақида бонг уради. Ҳа, булар яхши одамларни ўзлигидан жудо қилувчи манфурлардир. Буни, ўз севгилиси — ими-жимида йўқотилган (жиннихонага бадарға қилинган) Уста – худосизлар даврида Исо алайҳиссалом ҳақида роман ёзган ёзувчи учун мана шу адабиёт аҳлидан ўч олиш истагида жодугарга айланган Маргарита мисолида очиқ кўриш мумкин. Булгаковшунослар Маргаританинг прототипи – ёзувчининг учинчи рафиқаси Елена Сергеевна эканини; Маргаританинг ёсуманона қиёфаси ва сифатлари ҳам шу аёл билан уйқаш бўлганини айтадилар. Маълум бўлишича, шоира Анна Ахматова эвакуация пайтида яшаган хонада ундан олдин Елена Сергеевна яшаган ва 1943 йилда Ахматова: «бу хонада авваллари бир ёсуман яшаган, тўлин ой кечалари мен унинг шарпасини кўраман», — деган мазмунда шеър ҳам ёзган экан. Қизиқ томони, бошқалар ҳам бу аёлда жодугарона сифатларни кўрганликларини ёзиб қолдиришган. Владимир Лакшиннинг хотираларида баён қилинишича, 1960 йилда Твардовский «Янги дунё» нашри таҳририятидан Елена Сергеевнага қўнғироқ қилади ва адиб асарининг чоп этилиши бўйича келишиб олиш мақсадида уни таҳририятга таклиф қилади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, хонага Елена Сергеевна худди Булгаков Маргаритани тасвирлаган қиёфада кириб келади. Аёлнинг анчагина масофадан бу қадар қисқа вақт ичида етиб келганидан ҳайратланган Твардовский ундан қандай уловда келганини сўраганида, Елена Сергеевна оддийгина қилиб: «Супургида» деган экан…

Маргаританинг Устанинг душманларига бўлган муносабати ҳам худди Елена Сергеевнанинг ўз эрининг душманларига, танқидчиларига бўлган муносабати кабидир. Айтишларича, Елена Сергеевна танқидчи Осаф Литовскийнинг Булгаковни бадном қилишга қаратилган яна бир мақоласидан сўнг, уни заҳарлаб ўлдиришга онт ҳам ичган экан.

Маргаританинг Уста ёқиб юборган қўлёзмаларнинг бир қисмини оловдан сақлаб қолиши, уларни қайта тиклаши, Устага ҳар жиҳатдан кўмакчи бўлиши, ҳамиша уни руҳлантириб, қўллаб-қувватлаши, Уста учун ҳамма нарсага тайёр экани – буларнинг барча-барчаси Елена Сергеевнага хос сифатлар эди. У Булгаковни ана шундай ардоқлар эди. Адиб вафотидан кейин унинг барча ёзувларини йиғиб, таҳрирлаган, «Уста ва Маргарита»ни нашрга тайёрлаган ҳам шу аёл бўлди.

* * *

Тўлин ой кечасида Маргарита қироличалик қилган Иблис балининг меҳмонлари ҳам тарихий шахслардир. Масалан, «фрак кийган, қора сочли, ёқимтой жаноб Жак» – француз қироли Карл VIIнинг жазманини заҳарлаб ўлдиришда айбланиб қатл этилган саноатчи Жак ле Кёрдир. Маргаритага «мерос туфайли ўз отасини, икки укаси ва икки синглисини заҳарлаб ўлдирган маркиза» дея таништириладиган аёл эса, тарихда чиндан ҳам мерос талашиб, отаси ва тўрт нафар ука-сингилларини заҳарлаб ўлдирган Маркиза де Бренвиледир. Булгаковшуносларнинг фикрича, Маргарита шайтон Воланддан авф этишини сўраган 20 ёшли аёл Фрида образи ҳам ўз прототипига эга. Асарда Фрида тириклик вақтида никоҳсиз туғилган чақалоғини ўз қўли билан ўлдирганини ва мана ўттиз йилдирки, дўзахда ўзига қотиллик қуроли бўлмиш рўмолчани кўрсатиб жазолашаётганини айтиб зорланади. Маълумотларга кўра, Булгаков мазкур персонаж билан боғлиқ сюжет линиясини психиатр Форелнинг қўлёзмаларидан топган. Форел унда ўз чақалоғини бўғиб ўлдирган Фрида Келлер исмли аёлнинг аянчли ҳаёти ва руҳий ҳолати ҳақида ёзган эди. Бундан ташқари, Фрида Гётенинг ўз қизини чўктириб ўлдирадиган Гретхенини ҳам ёдга солади.

* * *

Булгаковни айни шу асари туфайли осонгина қурбон қилиб юборишлари мумкин эди. Адиб бунга йўл қўймаслик учун бор маҳоратини ишга солди ва оригинал бадиий услуб қўллаб, бу асар орқали етказмоқчи бўлган фикрларини жуда усталик билан пардалади. У асарнинг ўзини ҳам яширин сақлади. Натижада, адибнинг ғоявий душманлари, ғаразгўй ҳамкасблари-ю, ичи қора танқидчилари бир муҳташам асар яралганидан ўз вақтида бехабар қолдилар. Бу асарнинг яратилаётганидан барча бирдек бехабар бўлган деб айтиш ҳам тўғри бўлмайди, чунки Булгаковнинг квартирасида чекистлар бир неча марта тинтув ўтказганлари ҳақида маълумотлар бор. Лекин улар айнан нимани қидирганларини очиқламаганлар.

Ўзида сатирани, фантастикани, тарихни, психологик таҳлилни, реалистикани жамлаган ва мукаммаллиги билан жуда кўпчиликни ҳайратда қолдирувчи «Уста ва Маргарита» романининг рус тилидаги биринчи тўлиқ нашри адиб вафотидан 27 йил ўтибгина, яъни 1967 йилда Парижда чоп этилди.

Михаил Булгаков бу асари орқали, агар ёзувчи қандайдир кучлар ва манфаатларга хизмат қилмай, хушомад ва ялтоқилик билан кун кўрмай, адолат учун, ҳақиқат учун хизмат қилса, номи ва хотираси инсоният ардоғида бўлишини исботлаб кетди.

Дилфуза КОМИЛ

«Тафаккур» журнали – 2020

«Жавондаги жавоҳир» рукнидан

2+