ОВРЎПАНИНГ ГУЛИСТОН ЎЛКАСИ

Учоқда Оврўпа қитъаси узра учиб, Олмония ёхуд Бельгия ҳудудларини ортда қолдиришингиз ҳамоно, даричадан олис пастликларга назар ташлайсизки, қизил ва сариқ, бинафшарангу яна бошқа турфа тусларда товланиб ётган далалар кўз ўнгингизда намоён бўлади. Ушбу манзарани бошқа ҳеч бири билан адаштириб бўлмайди – шунда сиз бутун Оврўпанинг гулистони саналган Ҳолландия, яъни Нидерландияга кириб келаётганингизни англаб етасиз. 

Узоқ йиллик курашлар ва тинимсиз меҳнат натижасида ботқоқликларни ўзлаштириб очилган янги ерларда бугун деҳқончилик шитоб билан ривожланаётганини кўриш мумкин. Қачонлардир Осиёдан олиб келиниб, кенг кўламда етиштирилиб, бу мамлакатнинг тимсолига айланиб улгурган турли нав лолалар энди бутун дунёга экспорт қилинмоқда. Мамлакат ялпи даромадига салмоқли улуш бўлиб қўшилмоқда.

ГУЛИСТОН ИЧРА ГУЛИСТОН

Гулчиликка ошуфта бўлган ҳолландлар бепоён очиқ далаларда гуллар етиштириш билан қаноатланиб қолмасдан, бутун дунёдан сайёҳларни жалб этишнинг ажойиб чорасини ҳам ўйлаб топишган. Гап шундаки, Амстердам билан Гаага оралиғидаги Кёкенҳоф номли масканда улкан кўклам боғи барпо этилган ва тақрибан етти миллионга яқин ранго-ранг чечаклар апрел ва май ойлари давомида ўзининг бор таровати билан сайёҳларни жалб этади. Узоқ ва яқин ўлкалардан ташриф буюрган бир миллионга яқин меҳмон Кёкенҳоф боғларида чаман бўлиб очилган лола-ю сунбулгуллар, наргис ва гулсафсар, чиннигулу орхидеяларнинг ҳамоҳанг малоҳатига айнан шу ойларда шоҳид бўлишади. Бу ерда биргина лоланинг юзга яқин турини учратасиз.

Бежизга “Оврўпа боғи” деб ном олмаган Кёкенҳофнинг тузилиши ҳам ўзига хосдир. Улкан ушбу боғ ҳудуди яна бир қанча кўлу ҳовузлар, шаршара-ю каналлар билан зийнатланган. Қирқдан зиёд катта-кичик кўприклар кўл ва дарё соҳилларини ўзаро пайванду пайваста боғлаган.

БОҒ САЙРИДА ОРЗУЛАГАНЛАРИМ

Каминанинг ўзига келсак, биз ҳам ҳар гал гуллар мавсуми бошланишини орзиқиб кутамиз ва албаттаки, апрел ёхуд май ойларининг ажиб кунларидан бирида Кёкенҳофга отланамиз. Гулузор боғларнинг ажойиб малоҳатидан нигоҳ ва қалбимизни тўйинтирарак, не тонгки, бу ерлардан минглаб чақирим олисларда бўлган ўз юртимиз ҳақида ўйлаймиз. Ўйлаймизки, заминига бир чўп қадасанг, яшнаб кетгулик юртимизда ҳам, ҳолландлар тадбиркорлигидан ўрганиб, шу каби ва бундан ҳам кўркаму аъло масканлар барпо этилсаки, узоқ ва яқин эллардан сайёҳлар энди бу сафар Ўзбекистоннинг гулзор боғларига талпинса, талпинаверса…

Шаҳодат УЛУҒ

Нидерландия

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 10 июн (№8-9) сонидан олинди

1+