НОБЕЛДАН ВОЗ КЕЧГАН АДИБНИНГ ТАҚИҚЛАНГАН КИТОБИ

Борис Пастернак – иқтидорли рус шоири ва ёзувчиси, моҳир таржимон ва адолатли танқидчи эди. Бизнинг китобхонлар Пастернак ижоди билан кеч танишишган, яъни у ўзбеклар орасида машҳур эмасди. Сабаби, советлар Москвасининг корчалонлари ва тузум тарғиботчилиги ортидан кун кўрадиган ялтоқи адабиёт аҳли бу мамлакатда Борис Пастернак деган иқтидорли ижодкор борлигини кўрсатмасликка ҳаракат қилишарди. Тайинки, уни ҳеч ким адабий давраларга таклиф этмас, китоблари ҳам чоп этилмасди. Борис Леонидовичнинг расмий доиралар билан муносабати ўта кескин бўлган дейишади. У ялтоқиликдан ҳазар қиладиган, тўғрисўз ва мард одам бўлгани учун ҳам, мавжуд тузумнинг жоҳилона ғояларини қўлламаслигини яшириб ўтирмасди ва бу расмийларнинг ғазабини қўзғарди. Ана шундай бир вақтда Пастернак инқилобнинг зўрлик ва қирғинга асосланганини асослайдиган, уни очиқдан-очиқ қоралайдиган, социалистик жамият қурилиши даврида адолатпарвар зиёлиларнинг йўқ қилинганини ва оқ гвардиячиларнинг ҳақли томонларини кўрсатиб берган асар ёзишга жазм этди. «Доктор Живаго» номли, ўн етти қисмдан иборат, катта эпик роман эди бу. Асарда ёзувчи рус шифокори ва шоир Юрий Живагонинг 1917 йил инқилобидан олдинги ва кейинги ҳаётидан баҳс этиш орқали тузумнинг чиркин томонларини очиб берди.

Асар персонажларининг бири 1917 йилги воқеалар тўғрисида хулоса қила туриб:

— Бу инқилоб инсониятнинг ярми устида ўтказилган ўйин бўлди. У бойнинг ҳам, қашшоқнинг ҳам ҳаётини бўрондек супуриб кетди, деярли барчани бахтсизликка маҳкум этди, — дейди. Бутун роман мана шу хулосанинг ҳаққонийлигини исботлашга хизмат қилади.

Асардаги мана бу парчаларга эътибор беринг:

«…Ахборотдан маълум бўлишича, Халқ комиссарлар совети ташкил қилинган, Россияда совет ҳокимияти ўрнатилган ва пролетариат диктатураси таъсис этилганди…»

«…Ҳамма жойдаги бошқарув ташкилотларида қайта сайловлар давом этарди: уй хўжаликларида, ташкилотларда, хизматда, ишхоналарда ва аҳолига хизмат кўрсатувчи муассасаларда сайловлар борарди. Барчасининг таркиби ўзгарарди. Ҳамма жойга имкониятлари чекланган комиссарлар тайинланарди. Комиссарлар темир иродали, қора чарм курткали, қўрқитиш қуроллари-ю, «наган»ларга эга, соқолини унда-мунда оладиган, кам ухлайдиган одамлар бўларди…

Бу одамлар ҳамма ишни дастурда буюрилганидек бажарар ва ҳар бир янги бошланган иш, бирлашма кетидан бирлашма болшевикларники бўлиб қоларди…»

«…Мукаммаллик ғоясининг Октябр инқилобидан кейин вужудга келган талқинлари мени тўлқинлантирмайди. Бу ғояларни ҳаётга тадбиқ этиш қийин. Фақат янги талқинларнинг ўзи учун денгиз-денгиз қон тўкилиши ақлга сиғмайди…»

«…Рус юртига ҳақсизлик келди… Ахлоқ даъватига бўйсуниб яшаш даври ўтди ва энди ҳамма қатори битта қўшиқни куйлаш ҳамда зўрлик билан киритилган, мажбурий қонунлар асосида турмуш кечириш таклиф қилиняпти… Инқилобий сўзбозликнинг ҳукмронлиги ортди… Рус маърифатпарварлиги рус инқилобига ўрин бўшатиб берди…»

Бундай асар шўролар мамлакатида чоп этилиши мумкинмиди? Асло. Буни Пастернакнинг ўзи ҳам яхши биларди. У асар қўлёзмасининг бир неча нусхасини хорижликларга беришга қарор қилади ва 1956 йилнинг май ойида Москвада журналист бўлиб ишлайдиган Сержио Д’ Анжело билан ўзининг Москва ташқарисидаги Переделкинода жойлашган дала ҳовлисида учрашиб, унга қўлёзмаларни топширади. Сержио Д’ Анжелонинг хотирлашича, адиб унга: «Мен бу асарнинг дунё бўйлаб чоп этилишини истайман», — деган ва аччиқ киноя ҳам қилган:

— Шундай қилиб, менинг отиб ўлдирилишимда ҳозир бўлишингизни илтимос қиламан…

Д’ Анжело ўша ҳафтадаёқ Москвадан Берлинга учиб кетади ва қўлёзмаларни италиялик нашриётчи Жанжакомо Фелтринеллига топширади. Бундан хабар топган совет ҳукумати ва Италия коммунистик партияси раҳбарлари ноширдан романни чоп этмасликни қатъий талаб қиладилар, аммо Фелтринелли уларга қулоқ солмайди ва 1957 йилнинг ноябр ойида роман италян тилида босмадан чиқади.

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг кейинчалик очиқланган махфий ҳужжатларида баён қилинишича, Буюк Британия жосуслик хизмати ҳам роман қўлёзмасини қўлга киритишга муваффақ бўлган ва уни америкаликларга топширган. Ҳолландия жосуслик хизматининг агенти Жюл ван дер Вилден ҳам Ғарбдаги махфий босмахоналарда чиққан китобнинг нусхаларини бир неча ноширлардан йиғиб, АҚШ Марказий разведка бошқармасига топширади. Марказий разведка бошқармаси романни рус тилида чоп этади ва уни Белгияда ўтказилиши кутилаётган халқаро кўргазманинг совет иттифоқидан келадиган иштирокчиларига тарқатишни режа қилади.

Марказий разведка бошқармасининг кейинчалик ошкор этилган махфий ҳужжатлари асосида ёзилган «Живаго иши: Кремл, Марказий разведка бошқармаси ва тақиқланган китоб устида кураш» номли китобда Пастернакнинг бу асари катта тарғиб кучига эга экани айтилган. Ҳужжатлардан бирида жумладан шундай дейилади:

«Биз совет фуқароларига ҳукуматлари билан боғлиқ муаммолар устида фикр қилишларига имкон бердик. Дунёда буюк ёзувчи дея тан олинган ёзувчининг асарини ўз мамлакатидаги фуқаролар олиб ўқий олмасалар, демак ҳукуматнинг тутаётган сиёсати нотўғри ва буни фуқаролар англашлари керак».

Марказий разведка бошқармаси рус муҳожирларини ишга солади — улар романнинг рус тилидаги нашрини  Брюсселдаги халқаро кўргазмага совет иттифоқидан  келган бир неча минг иштирокчи ўртасида тарқатадилар.

«Совет иттифоқидан келганлар китобни қўлга олишлари билан уни яшириш мақсадида муқовасини йиртиб ташлаб, саҳифаларни бўлиб, ички чўнтакларига жойлаб олдилар», — дейилади «Живаго иши: Кремл, Марказий разведка бошқармаси ва тақиқланган китоб устида кураш» китобида.

Кейинчалик Франциядаги бир ширкатнинг тўқима номи остида Америкада нашр этилган китобнинг рус тилидаги нусхалари Венада ўтказилган ёшлар ва талабалар фестивалига ҳайъат аъзоси сифатида келган совет иттифоқи фуқароларига ҳам тарқатилди. Улар асарни ўзлари билан келган ёшларга тақдим этиб, «Буни ол, ўқи. Аммо уйга олиб кета кўрма», — дея тайинлаган эканлар.

* * *

Турган гапки, совет иттифоқида октябр инқилоби ва социализм қурилиши моҳиятини, коммунистик ғояни бузиб кўрсатган асар сифатида баҳоланган бу асар муаллифига ҳужумлар бошланди. Таниқли ёзувчиларнинг бир гуруҳи Пастернакка очиқ хат ёзиб, уни буржуа мафкурасига ён босишда, ватанга хиёнат қилишда айбладилар. Партиянинг топшириғига кўра, мамлакат таркибидаги барча республикаларнинг Ёзувчилар уюшмасида, жумладан Ўзбекистонда ҳам Борис Пастернак ва унинг асарини қоралаб йиғинлар ўтказилди. Таниқли адабиётшунос олим ва адабий танқидчи устозимиз Озод Шарафиддинов бу ҳақида шундай хотирлаган эдилар:

— Бугунги кунда бундай йиғинлар ўтганининг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ деб қараймиз. Зеро, шўролар замонида қолипга сиғмаган ёзувчи ҳамма вақт ҳар хил йўллар билан қораланиб келган. Мени лол қолдирган нарса  бошқа эди — бизнинг уюшмамиздаги йиғинга бел боғлаб келганлар ичида Пастернакни биладиган одамларгина эмас, умрида унинг номини эшитмаган зотлар ҳам бўлиб, улар «зўр ҳужум»га шай туришарди. Улар «Доктор Живаго» романини умуман ўқимаган эдилар. Шунга қарамай, сўзга чиқиб: «Мен «Доктор Живаго»ни ўқиган эмасман, лекин Пастернакни бутунлай қоралайман, бунақа хоинга совет ёзувчилари сафида ўрин йўқ!» — деб ҳайқирдилар. Мажлис Пастернакни якдиллик билан қоралади. Ёзувчилар, яъни халқ назарида энг пешқадам, энг фикри очиқ, энг халқпарвар зиёлилар йиғинида бир одам топилмадики, «Эй биродарлар, асарни ҳеч қайсимиз ўқимаган бўлсак, гап нима тўғрида бораётганидан бехабар бўлсак ва умуман, Пастернакнинг ўзини тузукроқ билмасак, унинг фикр-мулоҳазаларини эшитмаган бўлсак, қандай қилиб уни қоралашимиз мумкин? Бу виждонга, инсофга хилоф иш-ку!» — деса… Йўқ, биз жоҳиллик билан Пастернакнинг юзига тупурдик. Энди аён бўлмокдаки, ўшанда… Пастернакнинг эмас, ўзимизнинг башарамизга туфлаган эканмиз.

Романни ўзбек тилига таржима қилган филология фанлари доктори, профессор устозимиз Санжар Содиқнинг билдиришларича, ҳатто адабиётга мутлақо алоқаси йўқ мажлисларда ҳам нотиқлар аввал шу асарни имкон борича қоралаб олиб, кейин асосий масалага ўтар эканлар.

Асар атрофида ана шундай кураш ва ғавғолар кетаётган давр ичида у дунё бўйлаб бестселлер бўлишга улгурди, аксилсоветча бу роман Ғарбнинг нуфузли нашрларида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

1958 йилнинг октябр ойида француз адиби Албер Камю Борис Пастернакни Нобел мукофотига номзод сифатида кўрсатди. Швеция академияси буни қўллаб-қувватлади ва адиб нуфузли мукофотга лойиқ кўрилди. АҚШ давлат котиби Жон Даллес эса сиёсий-ғоявий сабабларга кўра адибнинг ўз юртида чоп этилмаган бу асари учун мукофот беришини эълон қилди.

Борис Пастернакнинг келини Наталя Пастернакнинг айтишига кўра, қайнотаси иззат-икром ва шон-шуҳратдан боши айланмайдиган, мулоҳазали одам бўлгани учун ҳам бу хушхабарларни ниҳоятда хотиржам тарзда қабул қилган. Адибнинг рафиқаси эса бундан жуда қувонган бўлса ҳам, турмуш ўртоғининг тақдиридан хавотирга туша бошлаган.

Бу хабарлардан сўнг, совет иттифоқида нашр этиладиган бир неча журналларда, «Правда» ва «Известия» газеталарида Пастернак шаънига нисбатан хунук гаплар битилган мақолалар чоп этилди. Таниқли ёзувчи ва шоирлар радио ва телевидение орқали чиқишлар қилиб, адибни ватанга хиёнат қилишда айбладилар. СССР ёзувчилар уюшмаси аъзоси Вера Инбер уюшмани ҳукуматдан Пастернакни совет иттифоқи фуқаролигидан чиқаришларини сўрашга даъват қилди. Маълумотларга кўра, Борис Пастернакнинг Нобел мукофотига лойиқ кўрилиши Никита Хрушёвни қаттиқ ғазаблантирган ва у партия арбоблари йиғилган бир даврада ўта фаросатсизлик ва қўполлик билан, адибни ем еган охурини булғаган чўчқага ўхшатган. Бу ўхшатишдан илҳомланган ялтоқи ёзувчилар турли чиқишларда давлат раҳбарининг бу гапини ҳар кўйга солиб такрорлаб, Пастернакнинг ҳаётини заҳарлай бошладилар.

Борис Пастернак СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан чиқарилди ва унга мамлакатдан чиқиб кетиш талаби қўйилди. «Мазкур асарим учун ҳар қандай қурбонликка розиман», — дея қатъий айтган ва ҳамма кўргуликларга мардонавор чидаб келаётган адиб ниҳоятда юртпарвар одам бўлгани учун ҳам бу талабни кўтаролмади ва аввал «Правда» газетасига, кейин Никита Хрушёвнинг ўзига мактуб ёзди. Унда адиб ўзини мамлакатдан чиқариб юбормасликларини сўради, «Мен тақдиримни ватанимдан айро тасаввур қилишга ҳам қодир эмасман», — деди.

Таҳдид ва босимлар шу қадар кучайдики, оқибатда Пастернак Нобел мукофотини олишдан ҳам воз кечишга мажбур бўлди. Бундай хўрликлар ортидан исёнкор адибнинг соғлиғига ҳам жиддий путур етди ва у касаллик билан боғлиқ икки йиллик азоблардан сўнг вафот этди.

Қоидага кўра, Нобел қўмитаси воз кечилган мукофот пулини Нобел жамғармасига қайтарди (мукофотни эса 1989 йилда адибнинг тўнғич ўғли Евгений Борисович Стокголмга бориб олди).

Адиб вафотидан сўнг унинг чин мухлислари у яшаган дала ҳовлини бориб кўришга, унинг оила аъзолари билан учрашишга ошиқдилар. Пастернакнинг рафиқаси Зинаида Николаевна уларни дала ҳовли бўйлаб айлантириб, адиб ҳақида ҳикоя қилиб беришни одатга айлантирди. Турган гапки, бу ҳукуматга маъқул келмади. Дала ҳовли Ёзувчилар уюшмасига тегишли экани рўкач қилиниб, суд ижрочилари ва ҳуқуқ-тартибот ходимларидан иборат гуруҳ у ердаги ҳамма буюмни кўчага улоқтириб, адибнинг оила аъзоларини ҳайдаб чиқарди. Дала ҳовли узоқ йиллар бўш турди. 1987 йилда эса унга ўт қўйиб юборишди…

1999 йил Юнеско томонидан «Пастернак йили» деб эълон қилингачгина адиб яшаган ўша уй адабиёт музейининг филиалига айлантирилди ва унга тегишли буюмлар жойига қайтарилди.

«Доктор Живаго» романи дунё бўйлаб турли тилларда чоп этилди ва миллионлаб нусхаларда сотилди. Роман асосида ишланган филм 1965 йилда Оскар мукофотини олди. Совет иттифоқида у фақат қайта қуриш ислоҳотлари даврида – 1988 йилдагина нашр этилди.

Ўзбек китобхонлари эса бу романни ўзбек тилида 2018 йилдагина ўқишга мушарраф бўлдилар, унга қадар роман ўзбек тилига таржима этилмаган эди.

«Доктор Живаго» романи – агар ёзувчи ўз виждонига хилоф иш қилмаса, тузумлар ва сиёсатларнинг тарғибот малайига айланмаса, ялтоқилик билан эмас, адолат талаби билан яшаб, ижод қилса, нақадар катта таъсирга эга, оламшумул асарлар ярата олиши мумкинлигининг далилидир.

Дилфуза КОМИЛ

«Тафаккур» журнали – 2020

«Жавондаги жавоҳир» рукнидан

1+