«МАЪРИФАТ САОДАТИ» ГАЗЕТАСИНИНГ 2019 ЙИЛДАГИ 7-СОНИДА:

  1. МИЛЛАТНИНГ ОНАСИ –

«…Давлат тили тўғрисидаги Қонун фақат ҳуқуқий аҳамиятга молик эмас, балки аввало сиёсий ҳужжат, декларациядир. Зеро, мустақилликнинг ўзи тил мустақиллигини тақозо этади. Буни шундай тушунтириш мумкин: илгари барча ишлар рус тилида юритиларди, чунки унда биз озод эмас, тобе эдик. Ўзбекистонда бирон идорага ишга кириш учун ариза ҳам рус тилида ёзилар эди. Энди тасаввур қилинг: Италияда итальян тилида эмас, немис тилида иш юритилса… шу юртни ҳар жиҳатдан суверен деб бўлармикин?

Афсуски, бу соҳада бизда дунёнинг ҳеч бир мамлакатида учрамайдиган ғаройиботлар бисёр. Масалан, рус тилини билмайдиган… рус дипломати бўлиши мумкинлигини биров эшитмаган. Япон тилидан бехабар япон дипломати, испанчани уқмайдиган испан элчиси борлигини билмаймиз. Инглиз тилида мақола ёза олмайдиган Англия ёки Америка олими ҳам йўқ, албатта. Ва умуман, бунақа ғайритабиий ҳолатларни бошқа юртларнинг одамлари тасаввур ҳам қила олишмайди.

Бизда эса, ўзбекча гапирсангиз, анқайиб қараб, елкасини қисадиган, давлат тилида бирон-бир халқаро шартнома ё битим тайёрлаш қўлидан келмайдиган, тайёрлаш тугул, она тилида ёзилган шартномани ўқиб тушунмайдиган «паспорти бўйича ўзбек» дипломатлари озмунча эмас.

Ёки бошқа мисол. Айрим санъатшунослар, файласуфлар, ҳуқуқшунослар, шарқшуносу сиёсатшунослар, тарихчилар, археолог ва этнографлар… хуллас, ижтимоий соҳа уламоларининг аксарияти она тилида бирон-бир мақола ёзишни то ҳануз ўрганмай, эски ўзан ичида йўрғалаб, русча «исследование» битади. Уларнинг «ўзбек тилида публикация қилиб жаҳонга танилиш қийин», деган истиғносини айтмайсизми?! Ҳей, сен аввал она тилингда бирон нимани қойиллатиб битиб, халқинг ичида танил, агар илминг, ёзганларинг чиндан ҳам зўр бўлса, жаҳоннинг ўзи сени таниб олаверади, дейдиган бир мард йўқ…»

 

  1. ТАРЖИМОНЛАР МАСЪУЛИЯТСИЗ БЎЛСА…

«…Биласизларми-йўқми, ҳозир давлат нашриётларида муҳаррирлар камайиб кетган. Хусусий нашриётларнинг жуда кўпчилигида эса ташқаридан дуч келган одамни ёллаб, қўлёзмаларни таҳрир қилдиришади Оқибатда, бадиий асарлар сифати пасайгандан пасайиб бормоқда. Охирги 20-25 йил ичида тажрибали, қобилиятли, салоҳиятли, том маънодаги ижодкор муҳаррирларни тайёрлаш фаолияти буткул тўхтаб қолди. Тўғри, Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳрир бўлими очилган. Лекин бу бўлимни битирган талабалар нашриётларга эмас, газета-журнал таҳририятларига, радиога, телевидениега ишга жойлашишмоқда ёки ҳатто матбуотга алоқадор бўлмаган бошқа соҳаларда хизмат қилишмоқда…»

 

  1. ОТАНИНГ УСТОЗИ – ОТАСИ

ОНАНИНГ УСТОЗИ – ОНАСИ

«…Оталарнинг ўғлини эркалаб, қизига талабчанлик қилиб, оналарнинг эса қизига меҳрли бўлиб, ўғлига талабчанлик билан тарбия беришлари –  сувга – сув, қатиққа – қатиқ қўшишдек ёки қўйни суяк, итни сомон билан боқишдек гап. Бундай тарбиядан қўй ҳам, ит ҳам ўз хонадонидан кўра, кўча ва далани афзал кўриб, бегоналар билан «ош-қатиқ» бўлишга интилиши табиий. Чунки, ўз уйида топмаган эътиборни, ҳурмат ва меҳрни ташқаридан топишга умид қилишади. Қолаверса, бундай тарбиядан феъли итникига ўхшаган қўйлар ва тишлари ўтмас итлар вояга етиши ҳам эҳтимолдан холи эмас…»

 

  1. ЭРКАК КИШИ ҚЎЧҚОРДАН ФАРҚ ҚИЛИШИ КЕРАК –

«…Болалигимда мен билан бирга қўй боқадиган Ибод бобо бўлардилар. Бир куни у киши:

– Болам, эсингда бўлсин, эркак дегани сен боқиб юрган анави қўчқорлардан фарқ қилиши керак, – дегандилар. Ибод бобо бу гаплари билан, эркак дегани ҳақиқий маънода оиланинг устуни бўлиши керак, аёл киши бўйсунишга мойил бўлади, ҳақиқий эркакни истайди, демоқчи бўлган бўлсалар ажабмас.

Аёл ўзини итни ҳуркитган мушукдай тасаввур қилса борми!..

Яна Ибод бобо:

– Аёл киши оёқ товушлари билан юрагига хавотир, ғулу соладиган ҳақиқий эркак ёнида бўлишини хоҳлайди, – дегандилар…

Биз эркаклар ўзимизникини рўкач қилишга, зуғум ўтказишга, кеккайиб, хатоларимизни, қусурларимизни тан олмасликка ўрганиб қолганмиз. Минг лаънат бундай катта кетишга! Ўша – Ибод бобо айтган қўчқордан қандай фарқимиз қолди?!

Эри кўзига чўчқадай кўринишини қўшни аёлга энсаси қотиб сўзлаётган аёлнинг ўрнида ўз жуфтингиз бўлишини истамассиз, жаноб эркаклар? Лекин, бир умр меҳр, эътибор кўрмаган, қорни тўйгану кўнгли тўлмаган аёлдан бундан бошқасини кутишга ҳақлимизми?!..»

 

  1. АЙБ ИШ «БИЛМАСДАН» ҚИЛИНМАЙДИ –

«…Ҳаётим давомида шунга амин бўлдимки, одам боласи ақлсизлиги туфайли йўлдан озмас экан, балки ақлли гапларни уқиб олишга зеҳни ўтмаганлигидан, ғайратсизлиги ва қарорсизлигидан йўлдан озар экан. Мен баъзи бир одамларнинг бирор ишни «билмасдан қилиб қўйдим», деганларига мутлақо ишонмайман. Улар гарчанд билиб турсалар ҳам, орсизликлари, виждонсизликлари туфайли ножўя ишларга йўл қўйишади. Ёмонликка бир берилиб кетдими, бас, ундан ўзини тортиб оладиган журъат кўпчилик одамларда камдан-кам бўлади…»

 

  1. АСЛ ОНАЛАРГА МУҲТОЖМИЗ –

«…Онам (фарзандларининг бир-бирига оқибатли бўлиб улғайишини истайдиган барча оналар сингари) бизларни ҳам ўзаро иноқ, бир-биримизга меҳрибон бўлиб улғайишимизни жуда хоҳлардилар ва бунинг учун ўзларича ажойиб тадбирлар қўллаб юрарканлар (фақат мен буни кечроқ билдим).

Мен ҳар сафар уйга борганимда, онам бирор рўмолми ёки камёброқ буюмми бериб:

– Қара-я, болам, мана шуни аканг (баъзида синглинг, ёки опанг) атайин сенга деб олибди. Манави кўйлакчани қизингга деб уканг олиб келувди, барака топсин, сени бирам яхши кўради-ей, – дердилар. Мен акам, опам ёки укам, синглим бу совғаларини нима учун ўзлари бермай, онамга ташлаб кетишаркин-а, деб ҳайрон бўлардим.

Онам вафот этишларидан бир ҳафтача аввал эди, мошкичири қилдим-да, ёнига тўртта иссиқ нон қўшиб, ота-онамни кўргани бордим. Афсуски, дадам бошқа вилоятга тўйга кетган эканлар. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин, онам:

– Ҳалигина аканг қўнғироқ қилувди, қизим. Тушида сени кўрибди-я, роса соғинганмиш, – дедилар.

– Юринг, унда акамни кўриб кела қоламиз, – дедим. Онам бу гапимдан қувониб кетдилар. Мошкичирини кўтариб, акамникига бордик.

– Вой, ўғлим, бунақа сингил борми дунёда! – дедилар онам акам билан кўришарканмиз. – Атайин сен яхши кўрадиган овқат пишириб, шаҳардан кўтариб олиб келяпти-я, барака топсин. Сени жуда яхши кўради-да шу синглинг!

Шунда ҳам акам мени тушида кўрмаганлигини, мен ҳақимда умуман сўрамаганини сезмабман.

– Синглингиз сизларни бирам соғинганакан, – дедилар онам келинойимни бағирларига босиб кўришарканлар. –Келинойимни тушимда кўрибман, бориб кўриб келмасам бўлмайди деб, мениям қўярда-қўймай бошлаб келяпти-да, ўргилай.

Орадан йиллар ўтиб, онам менга берган рўмоллар, болалар кийимчалари, совға-саломларни акам, укам, опам, синглим номидан ўзлари берганларини тушуниб етдим…»

 

  1. ОТАНИ ҲАМ МАҚТАБ ТУРИНГ –

«…Оилада эркак кишининг раҳбар эканлиги яқиндагина Ньютоннинг бошига олма тушиб кашф қилинган эмас, бу узоқ йиллардан бери авлоддан-авлодга мерос бўлиб келаётган қадрият, илоҳий қонун!

Оилада отанинг қаттиққўллиги, отанинг салобати, отанинг бир сўзлилиги, отанинг ҳурмати бўлмас экан, фарзандлар заифмижоз бўлиб, ёки қайсар, катталарнинг гапини бир пулга олмайдиган бўлиб вояга етишини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Агар оналаримиз ўзларининг “тил луғат”ларига:

– Ҳой, шу ишингни даданг билсалар, хафа бўладилар-а!

– Қизим, даданг ишдан келяптилар, дарров дастурхон туза!

– Тур ўғлим, даданг келгунларича мана бу ишни қилиб қўяйлик, хурсанд бўладилар.

– Бунга даданг нима деркинлар? – деган гапларни киритмас эканлар; болаларга ҳар қандай ишда ота билан маслаҳатлашиш кераклигини; ҳар қандай вазиятда ҳам ота билан ҳисоблашиш даркорлигини; отанинг кўнглини, дуосини олиш шартлигини уқтирмас эканлар; “Эркак киши оиланинг пири бўлади” деган ақидани фарзандлар онгига сингдирмас эканлар, оила дарз кетаверади. Оналар шоирлару қўшиқчиларнинг таъбирича, “Мен муқаддасман, аввал менинг айтганим бўлади, кейин бошқаларники!” қабилида иш тутсалар, бунинг оқибати оилаларнинг парокандалиги билан тугайди…»

 

  1. ОДОБ ҚОИДАЛАРИГА ТУПУРМАНГ! –

«…Сиз ҳам эътибор берган бўлишингиз керак, кўчаларимизда, бозорларда, бекатларда, қўйингки, барча жамоат жойларида жуда кўп одамлар бошқаларга буткул беэътибор тарзда, шундоққина йўл устига тупуриб, ҳатто бурун қоқиб кетаверадилар. Уч-тўрт киши давра олиб суҳбатлашиб туришганида, шундоққина ёнгинасига «чирт-чирт» этказиб тупуриб, яна ҳеч нарса бўлмагандай гаплашаверадиганлар ҳам бор. Баъзи бефаросат эркаклар оғзидаги сўлакай аралаш носвойини кўчадаги гулзорларга, йўл четидаги ариқчаларга, сурмижозроқлари бўлса шундоққина йўл юзига туфлаб кетадилар.

Жамоат жойларида, одамлар орасида тупуриш, бурун қоқиш бориб турган тарбиясизлик, одобсизлик саналишини биламиз. Билиб туриб шу ишни қиладиганлар, бу билан «Одоб қоидаларингга ҳам тупурдим» демоқчиларми, билмадим…

Қўпол бўлса ҳам айтиб ўтиш зарурки, бурун қоқишу туфлаш ҳам панада, одамлар кўзидан пинҳон ҳолда бажарилиши шарт бўлган ҳожат ушатиш каби ишлар сирасига киради. Демак, одамлар кўзи олдида шундай қилишни бошқаларга нисбатан ҳақорат деб қабул қилиш керак ва бунақа ҳаракатларни жамоат тартибини бузиш деб белгилаш даркор…»

 

Шунингдек, газетанинг бу сонида:

«АСЛ ВАЗИЯТНИ БИЛСАЙДИНГ…»,

«СЎЗДА МАНТИҚ БЎЛМАСА…»,

«ЧЕТ ЭЛДАГИ ЎЗБЕКИСТОН (иккинчи мақола)»,

«ЎҚИТУВЧИЛАРИМИЗ «БУТУН ОЛАМ МУАЛЛИМИ» НОМИГА ЛОЙИҚ ЭМАСМИ?»,

«ИЛМ УЧУН САХОВАТ»,

«ҲАЛОК ҚИЛУВЧИ ГУНОҲ»,

«ГАПДОНЛИК ҲАМ ОФАТДИР»,

«ФАМИЛИЯНГИЗ ҒАЛАТИМАСМИ?»,

«КЎЧА ТОМОШАХОНА ЭМАС»,

«НЕВРОЗ ЁШ ТАНЛАМАЙДИ»

«ОҚИБАТСИЗ ДЎСТГА МАКТУБ»,

«КЎКЛАРГА ЛОЙИҚМИСИЗ ЁКИ ТОВУҚ КАТАГИГА?»

«ҲАҚОРАТЛАНГАН ҚЎЙ»

«ДУШМАНИНГНИНГ ТИЛИДАГИ ШАКАРИДАН ҲАЗАР ҚИЛ» сингари сингари қизиқарли, таҳлилий, танқидий, дангал муносабатлар ва дадил мулоҳазаларга бой мақолаларни ҳам ўқийсиз.

Газетани барча матбуот дўконларидан сўранг.

«Маърифат саодати» – эскирмайдиган газета!

2+