«ИЧИМИЗДАГИ ШАЙТОН» БИЛАН ТАНИШМИСИЗ?

«…- Бизга айтаётганларингнинг бари ҳақиқат, аммо буларни бошқа ҳеч ерда айта кўрма», — деяётган эси йўқлар менга номуссизлик таклиф қилаётганларининг фарқига ҳам бормайдилар» – бу, 1907-1948 йилларда яшаб ўтган турк шоири ва ёзувчиси Сабоҳиддин Алининг гаплари. Мен бу исёнкор ижодкорнинг адолат талабида айтилган, ҳақсизликка нисбатан нафрат ва исён уфуриб турган жуда кўп фикрлари билан танишман. Унинг «Куюжаклик Юсуф» («Kuyucaklı Yusuf»), «Ичимиздаги шайтон» («İçimizdeki şeytan») асарларини турк тилида ўқиганман. Мутолаа давомида,  ўша даврдаги Туркия ҳукумати раҳбарларини танқид қилавергани, асарларида Туркия ҳаётидаги зиддиятларни, фожиаларни аямай очиб ташлагани учун ҳали ишидан, ҳали эркидан мосуво этилиб, таъқиб қилинган ёзувчининг бўғзига тиқилган аламлар таъмини ҳис қилганман.

«Ичимиздаги шайтон» романини ўқиганимда, китобнинг сўзбошисида айтилганидан бутунлай фарқ қиладиган бир олам билан юзлашдим. У оламдаги муҳит тилингизга чиқаролмаётган гапларингизни ичингиздан суғуриб олади. Бундан саксон йил аввал ёзилган бу романдаги жуда кўп жумлаларни сиқимлаб олиб, бугунги куннинг айрим одамлари юзига отгингиз келади…

Асар босмадан чиққан сана – 1940. Дунёда уруш олови ёқилган; унинг бир тарафида Гитлер, бир тарафида Сталин, бир тарафида Муссолини сингари диктаторлар ҳукм юргизаётган; ҳар ёнда зулм, ҳақсизлик, зўравонлик урчиган; шайтоний кучлар оёққа турган; Туркияда гитлерчилик ёйилаётган бир давр. Асар муаллифи Сабоҳиддин Алининг ҳам боши балода: зулмни ёқламаслигини очиқ баён қилаётгани учун унга «коммунистик ғоялар ёқловчиси» деган туҳмат билан жиноий иш очилган.

Асарнинг бош қаҳрамонларидан бири Умар – худди мана шу даврнинг зиёлиларидан. Мамлакат ёшларининг учдан бир қисмига ҳам насиб бўлмаётган бахт соҳиби, яъни университет талабаси. Фалсафа факултетида ўқийди. Атрофидаги дўстлари, танишлари ҳам чакана одамлар эмас: юртга таниқли ёзувчилар, шоирлар, журналистлар, сиёсатчилар… Хуллас, зиёли қатлам ичидаги одам у. Йўқ, шу ўринда «зиёли қатлам» сўзини ноўрин қўлладим (номи ёзувчи, шоир ёки журналисту сиёсатчи бўлса, зиёли деб аташга ўрганиб қолганимиз учун ҳам, шу жойда хато қилдим). Романни ўқир экансиз, кўз олдингизда халқ хизматидаги маънавияти юксак одамлар эмас, кези келса ўз дўстларининг молигаю номусига хиёнат қилишдан ҳам қайтмайдиган; ресторанларда мақтаниб кўкракка уриш билан бошланган ароқхўрликдан сўнг, маишатнинг пулини ким тўлаши борасида жанжаллашадиган; сўзи бошқа, амали бошқа, ёлғончи кимсалар гавдаланади. У кимсалар (худди ҳозирги айрим давомчилари каби) «зиёли» ниқобида юрганлари учун ҳам одамлар уларга ишонишади.

Умар кимларнинг даврасида эканининг фарқида. Ўзи ҳам тобора уларга ўхшаб бораётганидан виждони қийналади, аммо, бу даврани ташлаб кетолмайди. Иродасизлиги ва моддий қийинчиликлар ичида қолиб кетиш қўрқуви йўл бермайди бунга.

Романда Сизни яна, консерватория талабаси бўлган, пианиночи ёш қиз — Умарнинг севгилиси (ва кейинчалик рафиқаси) Мажида; консерваториянинг ёш ўқитувчиларидан бири — Умар ва Мажиданинг дўсти Бадрибей ; Умарнинг энг яқин дўсти Ниҳат ва (бутун сиёсий-ижтимоий-иқтисодий ғавғолари билан) Истанбул қаршилайди.

«Дўстинг кимлигини айтсанг, сенинг кимлигингни айтиб бераман», — деган гап бор. Умар ва унинг атрофидагилар ҳақида янаям тўлиқроқ тушунча бўлиши учун, унинг дўсти Ниҳатни бир озгина таърифлаш кифоя. Ниҳатнинг бошида ҳам (худди Умар каби) йўқчилик синови бор. У пул учун энг яқин дўстини шантаж қилишдан ҳам, гитлерпараст одамлардан фойдаланиб, соядаги кучлар билан боғланишдан ҳам қайтмайдиган йигит. Ниҳат ва унинг атрофидаги «зиёли»лар асл мақсадларини ватан ва миллат сўзлари кўп-кўп қўлланадиган оташин нутқлар билан пардалашади. Уларнинг ғоя сифатида илгари сураётганлари аслида ҳазм қилиб бўлмайдиган, ҳалокатли маълумотлар эди. Улар бу нутқлар таъсирига тушиб, нима қилаётганини англамай қолаётган ғўр ёшларнинг жувонмарг бўлиб кетаётганини хотиржам кузатадилар…

Асарнинг бош қаҳрамонларидан яна бири Мажида — етимликнинг азобини тортаётганига қарамасдан, кучли иродага эга, сабр-қаноатли қиз. Кўп жиҳатлари билан Умардан устун. Умар сингари ожиз, танбал, қўрқоқ, ўз ҳаётий принципларига эга бўлмаган бир эркак билан турмуш қуришга азм қилгани унинг анчагина таваккалчи (ва ёки анчайин содда) қиз эканидан ҳам дарак беради.

Турк дўстларимизнинг айримлари бу романни таҳлил қилар чоғларида: «Умар ва Мажиданинг муҳаббат ҳикояси» деган жумлани қўллайдилар. Менинг бунга эътирозим бор: тўғри, Умар ва Мажида бир-бирларини севдилар, лекин романда ҳеч қандай муҳаббат ҳикояси йўқ. Романда кулфат ҳикояси бор: ўзининг ожизлиги, қўрқоқлиги, иродасизлиги ортидан содир қиладиган гуноҳларини шайтонга тўнкаб таскин топадиган одамларнинг кулфати ҳикояси!

Умар Мажидага уйланмасидан аввал атрофидаги «зиёли» дўстларидан қарз олиш ҳисобига кун кечирар эди, уйланганидан кейин ҳам ҳаёт тарзини ўзгартирмади. Кунларини яна ўша давраларда – фалсафа ва сиёсатдан қуруқ баҳс этишлар билан ўтказди. Оила масъулиятини ҳис этмади, Мажиданинг ишончини оқламади. Баъзи давраларда очиқлаган сиёсий қарашлари ортидан қамалиб ҳам кетди. Бу тутқунлик аслида унинг учун бир имконият эди: ҳаёт тарзини очиқ кўз билан таҳлил қилиб, ўзи учун хулосалар чиқариши, жазо муддати тугаганида Мажиданинг ёнига бутунлай бошқа одам бўлиб қайтиши мумкин эди. Аммо, унинг бунга ҳам иродаси етмади. Ва… оиласига доимий моддий ёрдам бериб келаётган дўсти Бадрибейга Мажидани тақдим қилишгача борди.

— Истасанг уни бир рафиқа сифатида, истасанг бир сингил сифатида ёнингга ол. У дунёнинг энг чиройли махлуқоти – деди Умар ҳақсизлик ва зулм урчиган бир даврда ўз одамийлигини, виждон софлигини сақлаб қола билган муаллим Бадрибейга…

Роман сўнгида содир бўлди бу шармандалик.

Умар қанчалик билимли бўлса, шу қадар ожиз ҳам эди. Ирода заифлиги ортидан шайтоннинг ҳар бир васвасасига таслим бўлиб яшади.

Романда баҳс этилган куч – ичимиздаги шайтон – бу, ожизликдир, қўрқоқликдир, иродасизликдир, жоҳилликдир. Бу шайтон ҳар биримизнинг ичимизда мавжуд. Унга таслим бўлган одам ҳақиқатнинг номини эшитишдан ҳам қўрқади;

олим бўлса ҳам, одам бўлолмайди;

минбарларни эгаллаганча «халқим»лаб шеър ўқигани билан, халқ ичида шараф тополмайди;

халқ ёзувчиси деган унвоннинг нонини еб туриб, халққа нонкўрлик қилади;

сиёсатчиман дейди-ю, калласини мустақил ишлатолмайди…

«Оддий бир емакхонадаги официант ёки оддий бир қайиқчи ҳам ҳаётда кўрган-билганларидан хулоса чиқара олади. Улар ўз шахсий фикрига ҳам эга ва бу жиҳатлари билан бизнинг зиёлилардан устун ва қадрли…» – дейди Сабоҳиддин Али.

«Ичида мустақил фикри бўлмаган бошни елкасида ташийдиган мен каби инсонлардан қўрқиш керак…» — дейди Умар. Қилган гуноҳлари, хато ва қусурлари учун ҳеч қачон ўзини айбламайдиган, «Мени шайтон йўлдан урди. Шайтон васаваса қилди. Буни у қилди…» – дейдиган Умар айтади буни.

«Биз эшкаксиз қайиқда оқим бўйлаб сузадиган ва ағдарилиб кетгани ҳамоно айбни кўзга кўринмас кучларга тўнкайдиган заифлармиз»,– дейди ақли бошига келган онларда. Аммо бу ақлланишдан энди фойда йўқ.

Мажида юрагидаги охирги умидларининг сўнишини алам билан ҳис қилади. Куйинади:

— Мен унга атрофингдаги ўша одамларни қўй, дедим. У эса: «Бошқа кимнинг этагини тутаман?!» – дейди…

— Бу одамларга ғазаб қилиш ҳам ҳайф, Мажида!.. Ғазаб ҳам ҳайф!.. – Бадрибейнинг хулосаси шундай. Асардаги энг ўринли хулоса шу эди менингча. Ва бу хулоса ҳар бир даврнинг қўрқоқ ва ожиз одамлари учун тегишлидек.

* * *

Бу фикрлардан кейин, Умарнинг салбий қаҳрамон экани ҳақида хулоса чиқарганингиз тайин. Лекин, романни ўқисангиз, бу хулосангиз пучга чиқади. Сабоҳиддин Али шу қадар теран психологик таҳлиллар берадики, ҳар қанча қилмишларига қарамай, Умарни ёмон кўролмайсиз. Сабоҳиддин Али Умарнинг ожиз жиҳатларини шундай таҳлиллайдики, уларни ўқий туриб, ҳеч кутилмаганда ўзингизнинг ички оламингизга, феъл-атворингизга дахлдор жиҳатларни кўра бошлайсиз. Ҳақиқатни кўришдан, уни тан олишдан қочиш одатингиз ҳақида усталик билан эслатади ёзувчи.

* * *

Шу ўринда, бу асардаги айрим камчиликлар ҳақида ҳам гапирмоқчиман. Тўғри, мен адабий танқидчи эмасман ва Сабоҳиддин Алидек ижодкорларнинг асарини таҳлил қилишга ҳаддим ҳам етмайди. Фақат, бирор ёзувчи номининг кучли ёзувчилар рўйхатида туриши – унинг асарларидаги камчиликлардан китобхон кўз юмишга мажбур дегани эмаслигини эслатмоқчиман.

Агар асарда (худди бизнинг миллий сериалларимиз ёки ҳинд киноларидагидек) комик тасодифлар бўлмаса эди, шу гапларни айтиб ўтиришимга ҳожат ҳам бўлмасди. Ҳа, Сабоҳиддин Али ҳар қанча уста бўлмасин, баъзи воқеаларнинг ҳаётий эканига мени ишонтиролмади.

Масалан, Умар Мажидани бир кўришдаёқ ёқтириб қолган ўша биринчи учрашувга Мажиданинг Амина холаси тасодифан гувоҳ бўлади. Бир уйда яшайдиган икки одамнинг Истанбулдек катта шаҳарда бир-бирларидан мутлақо бехабар ҳолда, кичик кемада ёнма-ён туриб қолишларининг «бўлиши мумкин»лигига ўзимни амаллаб ишонтириб турганимда, иккинчи бир тасодиф рўй берди: Умар билан севишиб, етаклашиб юргани важидан амакиси ва ўша Амина холаси билан ораси бузилиб қолган Мажида шартта нарсаларини йиғиштиради-да, уйдан чиқиб кетади ва… кўчада ўзини кутаётган Умарга дуч келади. Вақт алламаҳал! Шу бугун Мажиданинг қариндошлари билан ораси бузилиб қолишини кўнгли сезган Умар ярим кеча бўлса ҳам келиб, севгилисини кутаётган экан… Хуллас, ёшлар Умарнинг хонасига келадилар, эр-хотин бўлишга аҳдлашадилар ва ўша атрофда бўлаётган мусиқа кечасига борадилар. Мусиқа кечасида куй ижро этаётган одам эса Мажиданинг мактаб даврларида (Истанбулдан анча узоқ бир ерда) дарс берган ўқитувчиси Бадрибей бўлиб чиқади. Мажида бу тасодифдан қувониб турганида яна бир тасодиф рўй беради: Бадрибей Умарнинг яқин дўстларидан бири ҳам экан…

Сабоҳиддин Али Бадрибей билан Мажиданинг тоза одамлар эканини кўрсатиш учун шу қадар қуюқ бўёқлар ишлатадики, кўп ўринларда улар ҳаётийликдан йироқлашиб кетиб қолади. Мажидани эртаклардаги мўъжизалар мамлакатидан келиб қолган пари бўлса керак деб ҳам қоласиз. Мен буни ёзувчининг тоза одамларга бениҳоя эҳтиёж сезганининг оқибати сифатида баҳолаб қўя қолдим. Аммо барибир, Умарнинг сурункали азиятларига нисбатан Мажиданинг мутлақо тилсизлиги кишининг бир қадар ғашини келтиради.

Бошқа бир ўринда эса, Умарнинг ҳамкасбларидан бирининг давлат ғазнасидан ўз мақсадлари йўлида пул сарфлаганига, яъниким, асар бош қаҳрамонига бевосита дахлдор бўлган бир одамнинг жиноятига гувоҳ бўламиз. Романда жуда муҳим тафсилот тарзида тасвирланган бу иш шу бўйича қолдирилади, яъни, у одамнинг на исми очиқланади ва на оқибати кўрсатилади. Бу жиноятнинг бош қаҳрамонга не чоғли дахли бор эди – бу ҳам номаълум қолади…

Бу камчиликлар асарнинг баҳосини пасайтирадиган кучга эга эмас. «Ичимиздаги шайтон» – жуда таъсирли роман. Мутолаани тугатиб, китобни ёпар экансиз, ёлғиз қолиб кетган Умарнинг мисолида Фурқон сурасининг 29-оятидаги хабар тажаллисини кўрасиз: «…Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетгувчидир».

Ва Мўъминун сурасининг 97-оятини такрорлайсиз:

«Эй Роббим, Сендан шайтонларнинг васвасасидан паноҳ сўрайман!»

* * *

Таҳдиду тайзиқларга қарамай, ўз принципларидан воз кечмаган Сабоҳиддин Али танқидий реализм устуворлик қиладиган асарлар билан ҳам чекланмай, «Марко Поша» номли ҳажвий-сиёсий газета нашр қилган эди. Ана ўшандан кейин унинг бошига шундай кўргуликларни соладиларки, юртпарвар бу инсон Булғория томон қочишни ўйлаб қолади. Туркиядан чиқиб кетаётган пайтида эса уни хоинларча ўлдирадилар. Ўшанда Сабоҳиддин Али бор-йўғи 41 ёшда эди.

Дилфуза КОМИЛ

«Тафаккур» журнали – 2020

«Жавондаги жавоҳир» рукнидан

2+