АЛДАШ «САНЪАТИ»

Мақтов ҳаммага ёқади. Кимнидир мақтасангиз, кўнгли чоғ бўлади, кайфияти кўтарилади. Лекин мақтовнинг ҳақиқийлиги, ўрни ва вақти масаласида кўпчилигимиз чалкашиб кетамиз. Энг ёмони, бугун кундалик ҳаётимизда ёлғон мақтовларни кўпайтириб юбораётганлигимиз ва бу мақтовлар томорқасига ғараз мақсадлар экилаётганлигидир.

Катта мансабдорларни йиғилишларда, учрашувларда, турли тадбирларда шу даражада қиёмига келтириб мақтаймизки, сал инсофи бор раҳбарлар бундан андак хижолат тортиб, безовталаниб ҳам қолишади. Доим мақталаверганлари эса, бу мақтовлар ўз шаънлари ва қилаётган ишларига мос тушмаётганлигини ўзлари ҳам билганларидан бўлса керак, сал ўнғайсизланиб, хўмрайиброқ ўтиришади.

Ҳақиқатан ҳам, кейинги пайтларда юқори лавозимдагиларнинг қуйидагиларни танқид қилиши-ю, қуйидагиларнинг юқоридагиларни мақташи, мақтаганда ҳам улуғлаб ташлаши, нима иш қилсалар ҳаммасини кўр-кўрона олқишлайвериши кўпайиб кетди. Энг ачинарли томони, мақталаётган, улуғланаётган раҳбарлар эртага ишдан олинсалар ёки вафот этгудек бўлсалар, энг биринчилардан бўлиб ана шу мақтовчилар танқидга зўр беришини, «айбларни ошкор айтадиган демократ»га айланиб олишини жуда яхши биладилар. Аммо… билсалар ҳам, негадир мақтовлар бераётган ҳузурларини бузгилари келмайди. Файласуфлар хушомадни, ортиқча мақтовни «тентакларнинг озиғи» деб аташган, лекин бу «озиқ» шу қадар лаззатли бўлса керакки, ҳатто эс-ҳуши жойида, оқил одамларни ҳам ўзига оҳанрабодек тортади.

Нега мақтовлардан устун бўлолмаймиз? Шу қадар ожизмизми?

Танқид қилганларни – рост сўзни сўзлаб, айбимизни, хато-камчиликларимизни юзимизга дангал айтадиган одамларни зимдан ёки ошкора ёмон кўрамиз. «Тили заҳар» деймиз, «беандиша» деймиз… Риёкорлик, хушомад — оғир иш эмас, у исталган ярамаснинг, тилёғламанинг қўлидан келади. Лекин камчиликларни очиқчасига, самимий, юракдан гапириш фақат кучли ва олижаноб одамларгагина хос хусусиятдир.

Ўзингиз ҳам кузатгандирсиз, катта мартабали бошлиқларини ҳам дадил танқид қила оладиган одамлар ўша бошлиқлари ишдан олиниб кетгач ҳам улар ҳақида ҳеч ножўя гап айтмайдилар, самимий муносабатда қоладилар. Чунки ақлли одам ўзи ҳурматлаган одамига ҳеч қачон хушомадгўйлик қилмайди, тилёғламалик одамни ерга уришини яхши билади.

Аксинча, мақтовчиларнинг, хушомадгўйларнинг ўз бошлиқлари ишдан олиниши биланоқ тўнларини ўзгартириб, улар ҳақида ҳар хил иғво тарқатишлари ҳақида ҳаётий мисоллар жуда кўп.

Катта бир ташкилот раҳбарининг ёнида юрадиган шахсни танирдим. У раҳбарини тинмай, ўрни келса-келмаса, кўкларга кўтариб мақтайверарди.

— Хўжайиннинг сўкишлари ҳам бизга катта давлат! Кимдир шундай қилиб турмаса, ҳаддимиздан ошиб кетамиз-да ўзиям. Баъзи кунлари сўкмасалар, юрагимга ғулғула тушиб қолади, назарларидан қоляпмизмикан, деб ҳам ўйлаб қоламан… – деганларини эшитганман ҳатто. Ўша хушомадгўй – ўзи етти букилиб салом бериб юрган хушомадхўр раҳбари ишдан олингач, унинг чунонам сирларини ошкор қилдики, оқибатда у амалдорга қайта амал курсисига ўтириш насиб бўлмади…

Шайх Саъдий ҳазратлари топиб айтганлар:

Ишонмагил маддоҳ, сўзамолларга,

Заррача наф учун сени мадҳ этар.

Бир куни муродин ҳосил этмасанг,

Икки юздан ортиқ айб санаб кетар.

Иллат ва нуқсонларимизни, хато-камчиликларимизни кўра-била туриб, уларни оқлайдиган, ёқлайдиган, маъқуллайдиган лаганбардор, тилёғламаларни ёнимизга йўлатмасайдик, эҳтимол жамиятимиз анча тозарар, ривожимиз тезлашарди.

Абдужаббор ИСОМИДДИН

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 14 март №5-сонидан олинди

 

1+