ЗАРАР КЕЛТИРАДИГАН САХОВАТ

Саховат ҳам зарар келтириши мумкинми? Албатта, мумкин. Агар у фақат моддият билан боғланса, моддият билан чекланса, жуда катта зарар келтириши, инсонлар тарбияси ва тақдирини издан чиқариши, ҳатто барбод қилиши ҳам мумкин .

Дунёдаги барча динларда ва дунёга келиб кетган барча пайғамбарлар ўгитларида саховатпешалик инсоний фазилатларнинг энг улуғи ва Жаннат калити экани уқтирилади, дунёнинг барча мамлакатларида ҳотамтой инсонлар алоҳида ҳурматга лойиқ кўрилади, уларнинг хайр-саховатлари ёшларга ўрнак этиб кўрсатилади. Сўзсиз, мен ҳам саховатпешалик, ўзаро инсоний ёрдам ва одамгарчилик тарафдориман, тўғрироғи, оқибати зарар келтирмайдиган саховат тарафдори.

Хайр-саховат масаласида кўпчилигимизнинг қабул қилишимиз қийин бўладиган бир ҳақиқат бор: бизнинг ёрдамимиз хайрли оқибат келтириши керак. Яъни, кўрсатаётган саховатимиз бугуннинг эмас, эртанинг – келажакнинг масаласидир. Бошқа бировга ёрдам бермоқчи бўлаётган одам ўзининг бу ёрдами қандай оқибатлар келтириши ҳақида ўз-ўзига ҳисоб бериши лозим, лекин биз бу ҳақида деярли ўйламаймиз.

Айтайлик, ичувчи қўшнингиз сиздан пул сўради. Табиийки, у пулни «Ароқ ёки вино сотиб оламан», деб сўрамайди. «Болаларимга нон оламан», дейди. Қўшнингизнинг аянчли аҳволи ва хароб уст-бошини кўриб (гарчи бу хароблик оғир жисмоний меҳнат туфайли эмас, ароқхўрлик ортидан келганини жуда яхши англаб турган бўлсангиз ҳам), раҳмингиз келади ва одамгарчилик юзасидан унга пул берасиз. Лекин сизнинг бу ёрдамингиз туфайли шу кеча уйига ўлгудай маст бўлиб қайтган қўшнингизнинг бақир-чақирларидан бутун маҳалланинг тинчи бузилади. Одатда, «алкаш»ларга берилган моддий ёрдамнинг оқибати деярли бир хилда – катта жанжал, хотин, бола-чақасининг кўз ёшлари, қўшниларнинг нотинчлиги ва участка нозирининг аралашуви билан тугайди…

Демак, бу каби «тамом бўлганлар»га ёрдам бермаслик керакми? Уларга биринчи ўринда ёрдам бериш керак. Фақат гап қандай ёрдам кўрсатиш лозимлигида. Маҳалла-кўйдагиларнинг одамгарчилиги бундайларга «нон пули» бериб туришдан иборат бўлса, бунақа ёрдам ҳамма учун фақат зарар келтиради. Ҳаттоки, сиз у ароқхўрнинг ўзига эмас, оиласига шафқат юзасидан моддий ёрдам бериб турсангиз ҳам, бу яхшилигингиз акс натижа бериши мумкин. Яъни (ароқхўрлик иллатига чалинганларнинг психикасидан келиб чиқиб айтилса), у нодон бу яхшиликни оиласининг таъминотини ўйламай, бемалол ароқхўрлик қилиши учун бир «имтиёз» деб билади.

Агар маҳалладаги эркаклар ўша пияниста билан эркакча гаплашиб, (керак бўлса, маҳалладан кўчириб юбориш билан қўрқитиб), уни даволанишга кўндиришса  ёки мажбур қилишса; ўзаро пул йиғиб, даволанишга юборишса ва у даволаниб қайтгач, ўзига лойиқ иш топгунича рўзғорининг кам-кўстига қарашиб туришса, мана бу чинакам инсоний ёрдам, ҳамма учун фойдали саховат бўлади.

МАЛАКАЛИ «ПАРАЗИТ»ЛАР              

Бир дугонам икки гўдаги билан бева қолган эди. Фарзандларининг етимлик азобларини ҳис қилмай улғайишлари учун имконидан ташқари ишларга ҳам уриниб кетаверадиган бу онанинг икки боласи ҳам кап-катта бўлиб қолганларига қарамай, онанинг елкасига маҳкам ўрнашиб олишган: ҳеч нарсанинг ташвишини қилмайдилар, мустақил бир ишнинг бошини тутишни истамайдилар, чунки ўта меҳрибон ва саховатли, лозим бўлса, йўқни йўндириб берадиган оналари бор.

Яхши эслайман, дугонам ўн ёшлардаги катта ўғлини олти ёшли синглисига қараб туришга кўндириш учун, уни турли ўйинчоқлар, ширинликлар билан «сотиб олишга» мажбур бўларди. Бора-бора ўғил ҳам, қиз ҳам оддий уй-рўзғор ишларини бажариш эвазига онадан маълум «ҳақ» талаб қиладиган бўлишди. Дугонам буни жуда оддий қабул қилар, болаларининг талабини сўзсиз адо этар ва бу ҳаракатларини «Отасиз ўсишяпти, ўксимай улғайишсин дейман-да», дея изоҳларди. Оқибатда, бугун унинг уйида ўта айёр ва малакали «паразит»лар яшамоқда. Ўғил совуқ боқувчи кўзлари, сурбетларча ҳаракатлари ва худбинона қилиқлари билан атрофдагилардан ўзига нисбатан фақат эътибор, пул ва ҳадялар талаб қилади. Бўйга етиб қолган қиз ҳам сурбетликда ва бемеҳрликда акасидан қолишмайди. Оналик меҳри ва саховатини фақат моддийликда деб билган онанинг оқибатда топганлари ана шулар ва кўз ёшига қорилган ҳасрат бўлди…

Кўряпмизки, кўп оилаларда ота-онанинг фарзандларига кўр-кўрона ва ёки керагидан ортиқ меҳр-саховат кўрсатиши натижасида, кексалик даврлари кўнгилсиз кечмоқда. Кекса ота-онасининг нафақа пулига кўз тикиб ўтирадиган, ишёқмас ва худбин фарзандлар ўша – ҳаддан оширилган фидокорликнинг, ҳамишалик қўллаш ва ёрдамларнинг бемаза мевалари эмасми?!

«САХОВАТ СЕЛФИЛАРИ» ЁХУД ҚУВОНТИРМАЙДИГАН ҲАДЯ

Хайр-саховатнинг ҳамиша қўллаб-қувватланадиган ва ҳамма бирдек ёқлайдиган тури – «Меҳрибонлик уйи»да тарбияланадиган етим болаларга хайр-эҳсон қилиш, байрамларда совғалар олиб боришдир. Зеро, етимга қилинган ёрдамнинг савоби ғоят улуғ. Одатда, ташкилотларнинг Меҳрибонлик уйларига бўладиган байрамолди йўқловларида йўқловчиларнинг асосий эътибори фотоаппарат ва видеокамераларга қаратилади (хомсут эмган бандаларни яширин саховатнинг катта ажридан кўра, «саховат селфилари» ортидан келадиган обрў ва эътибор  ўзига кўпроқ жалб этади ва шундан бўлса керак, бирорта ногирон шўрликка оддийгина ногиронлик аравачаси ҳадя этганлар ҳам, шу аравачанинг ёнида султонлардек гердайиб суратга тушиб, бу суратларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилишдан ҳузур оладилар). Хуллас, «Меҳрибонлик уйи»даги болаларга биз бераётган ҳадялар, бизнинг саховатларимиз қандай таъсир қилади ва оқибати қандай бўлади?», «Бу болаларга аслида қандай ёрдам бермоғимиз керак?», «Уларнинг асл муҳтожлиги нимада?», деган саволлар кўпчилигимизнинг ақлимизга келмайди.

Халқаро миқёсда фаолият юритувчи руҳшуносларнинг фикрига кўра, бундай саховатпешалигимиздан, яъни болаларга олиб борадиган ҳадяларимиздан келадиган оқибат шундай: «Болалар уйи»нинг болалари ҳаётда ҳамма нарсани текинга олиш мумкин ва бунинг учун яхши ўқиш, ишлаш ёки ҳаракат қилиш шарт эмас, етимликнинг ўзи катта имтиёзлар беради, деган тушунча асосида улғаядилар ва атрофдагиларнинг ўзларига нисбатан эътибори ва ҳадялари улар учун оддий нарсага айлана боради.

Шу ўринда ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтсам. Бундан бир неча йиллар аввал, мен ишлаётган бир ташкилот номидан шаҳардаги «Меҳрибонлик уйи»га байрам ҳадялари олиб боргандик. Биз етиб борганимизда муассасада биздан олдин борган ташкилотлар ўзлари тайёрлаган байрам дастури ва ҳадялар билан тадбир ўтказишаётган, тўғрироғи, бир ташкилотнинг тадбири тугаб, иккинчи ташкилотнинг тадбири эндигина бошланган экан. «Меҳрибонлик уйи» ходимлари биздан бу тадбир ниҳоялангунига қадар кутиб туришимизни сўрашди. Кейин билсак, бу – муассасадаги шу куни ўтказилаётган учинчи тадбир бўлиб, бизлар – ҳадя кўтариб келган тўртинчи ташкилот эканмиз. Ва ниҳоят, бизга навбат етганида муассаса раҳбари «Тадбирни кўп чўзманглар, илтимос. Чунки болалар роса чарчашди», деди. Биз ҳам гапни кўпайтирмасдан, олиб борган совғаларимизни болаларга топшириб қўя қолдик. Рости, ўшанда болаларни бизнинг қайси ташкилотдан келганимиз ҳам қизиқтирмади. Совғаларни ҳам ҳафсаласизлик билан олиб, олдин олган совғалари қаторига қўшиб қўя қолишганди… Тан олиш керак, аслида бизни ҳам ўша вақтда «Болалар уйи»га (худди ҳозирги ташкилотларга ўхшаб) юқори ташкилотга байрамдан олдин «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиларини йўқлаб, фалон суммадаги, фалон турдаги ҳадялар олиб борганимиз ҳақида ҳисобот бериш зарурати бошлаб борган.

…Хўш, ўзи умрида кўрмаган, билмаган одамлардан турли совғалар олишга, ҳамиша атрофдагиларнинг алоҳида эътиборида бўлишга одатланиб қолган болалар 18 ёшга етиб, мустақил ҳаётга қадам қўйишгач, нима бўлади? Тўғри, бу болаларга ҳамиша ғамхўрлик қилиб келаётган давлат, ҳукумат уларни ҳаёт гирдобида ёлғиз ташлаб қўймайди. Лекин, энди уларни ҳеч бир саховатпеша ҳадялар билан йўқламайди-ку. Кечагина уларни ўзимиз беминнат совғалар ва ўйин-кулгиларга ўргатган эдик, энди улар серғавғо ҳаёт қаршисида «ўз аравасини ўзи тортиш» мажбурияти билан қолганида, бармоқ билан санарли ташкилот ва фондларгина ёрдам қўлини чўзади.

ФОЙДАЛИ ЁРДАМ

Келинг, етим болаларга кўпроқ нималар етишмаслиги ҳақида ўйлаб кўрайлик. Чунки айнан ўша етишмовчиликларни бартараф қилишимиз – фойдали саховат ҳисобланади.

Бундай муассасалар тарбияланувчиларига етишмайдиган нарса кийим-кечак ҳам эмас, компьютер ёки телевизорлар, анвойи гиламлар ёки ўйинчоқлар ҳам эмас. Бу ҳадялар билан уларнинг хоналари тўлиши мумкин, лекин кўнгиллари тўлмайди. Кам таъминланган оилаларнинг фарзандларида «Меҳрибонлик уйи»да тарбияланаётган болалар эгалик қилаётган хона жиҳозлари, техник жиҳозлар ва ҳоказоларнинг ярми ҳам йўқ, лекин уларнинг кўнгли ўксик эмас, бағри бут, чунки ота-оналари бағрида улғайишмоқда. Кемтик кўнгилларни ашёлар ва ўйинчоқлар, ўйин-кулгудан иборат тадбирлар билан бутлаб бўлмайди. Етим болалар ота-она меҳри ва эътиборидан маҳрум – улардаги етишмовчилик айнан шу. Ва бу кемтикнинг ўрнини тўлдириш учун катта маблағ сарфлаш шарт эмас. Кўпчиликда «ҳомийлик қилиш учун албатта бадавлат бўлиш керак», «ҳомийлик қилиш ўртамиёна одамларнинг иши эмас» деган нотўғри тушунча мавжуд. Ҳар қандай соғлом ақлли одам «Болалар уйи» тарбияланувчиларига фойдали ёрдам бера олади. Ваҳоланки, бу болакайларнинг ҳаммасини фарзандликка беришнинг (ёки олишнинг) имкони йўқ экан, улар учун имкон қадар оила муҳитини яратиб беришимиз керак. «Болалар уйи» тарбияланувчиларининг кўпчилиги ҳақиқий (!) ота ва она қандай бўлишини билмайдилар. (Бир ҳамкасбим «Меҳрибонлик уйи»да тарбияланаётган уч ёшли қизалоқнинг тарбиячига «Ойи дегани нима, опа?» деганини эшитиб, бир неча кун ўзига келолмаганини айтганди…). Уларнинг кўпчилигида чинакам оилавий ҳаёт қандай бўлиши ҳақида тушунчалар шаклланмаган. Баъзиларида эса (тарбиясиз ота-оналари туфайли) оилавий турмуш ҳақида шундай кўникма ва тасаввурлар борки, бу тасаввурларни ўзгартирилмаса, уларда соғлом оилавий муҳит ҳақида тўлиқ тушунчаларни шакллантирилмаса, болаларнинг келажаги барбод бўлиши ҳеч гап эмас.

Агар ота-онали болалар уйлари ташкил этилиб, фидойи ота-оналар ўз фарзандлари қатори «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиларини ҳам тарбияласалар, бу болакайлар ҳам ҳақиқий оила муҳити қандай бўлишини ҳис этишса, рўзғорнинг кам-кўстлари, қувончу ташвишларидан бохабар ҳолда улғайишса, уларнинг келажак тақдири учун жуда катта яхшилик қилинган бўларди. Савоб истагидаги ҳар бир киши бундай оилаларни моддий ёки маънавий қўллаб туриши мумкин.

Фарзандликка олиш имкони бўлмаган кишилар эса ўз мутахассисликлари доирасида болаларга ёрдам берсалар бўлади. «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиларида атроф муҳитга ва атрофдаги одамларга муносабат масаласида малака нисбатан кам. Мустақил ҳаёт бошлаган вақтларида улар айни муаммо туфайли кўп қийналадилар. Шунинг учун, исталган савобталаб мутахассис бу болаларни реал ҳаёт билан таништириши, яъни ҳаётнинг қувонч ва ташвишлари орасида иродали инсон сифатида яшай билиш малакасини шакллантиришга ва атрофдаги одамлар билан эркин муносабат ўрнатишга ўргатиши мумкин. Масалан, ўз ишлаб чиқариш корхонасига эга тадбиркорлар болалар учун корхонага экскурсиялар ташкил этишлари, қизиқиши бор ёшларга иш ўргатишни йўлга қўйишлари ва шунинг баробарида уларда одамлар билан муомала, жамоа билан муносабат малакасини оширишлари, жамоада ўз ўрнини топиш кўникмаларини шакллантиришлари мумкин;

репетитор ўқитувчилар ўз мутахассисликлари доирасида ташкил этган курсларига бу болаларни ҳам жалб этишлари, уларнинг билимларини мустаҳкамлаш баробарида, тенгдошлар билан эркин муомала ва муносабат қилишга ўргатишлари ва энг асосийси, етим болалар руҳиятида кузатиладиган ўксиклик ва одамовиликни алоҳида эътибор ва меҳр кўрсатиш билан бартараф этишлари мумкин.

Барча болаларга, жумладан, «Болалар уйи» тарбияланувчиларига ҳам аъло сифатли таълим зарур. Агар сиз иқтидорли ўқитувчи бўлсангиз, ўз соҳангиз доирасида етим болакайларга индивидуал таълим бериб, катта савоб қозониш бахтига муяссар бўла оласиз. Ҳеч бўлмаганда битта болага ёрдам берсангиз ҳам олий даражада инсонийлик қилган бўласиз.

Агар педагог бўлмасангиз, бу борада ўқитувчиларга яқин ёрдамчи бўлиш имконингиз бор. Педагогикадан аёнки, уй вазифаларини ота-оналари билан биргаликда бажарадиган болаларда сабоқни ўзлаштириш ва дарсга интилувчанлик юқори бўлади. Сиз «Болалар уйи»нинг болалари таълим оладиган мактабларга бориб, уларнинг орасидаги паст ўзлаштирувчи ўқувчиларга дарсдан сўнг (ўз фарзандингизга ёки набирангизга ёрдам берганингиздек) сабоқларни ўзлаштиришга ёрдам беришингиз, улар билан биргаликда уй вазифаларини бажаришингиз, шеърларни, карра жадвалини ёдлатишингиз мумкин. Бу эътиборингиз билан боланинг ҳаётида катта ижобий ўзгаришлар ясайсиз.

«Истаган имкон топади» деганларидек, исталган соҳа ходими ўз мутахассислиги доирасида болалар билан шуғулланиб, уларда жамиятдан бегонасирамаслик, жамиятга керакли инсон эканини ҳис қилиш туйғуларини шакллантира олиши мумкин ва бунинг учун кишидан катта тажриба, катта маблағ ва ёки кўп вақт талаб этилмайди.

Саховатнинг, яхшиликнинг тури ва йўллари кўп. Бу масалага ҳар ким ўз дунёқараши, принциплари, билим ва эътиқодидан келиб чиқиб ёндошади. Лекин ҳамма учун бирдек тааллуқли бўлган қонуният бор: ҳар қандай кичик яхшилик катта натижалар келтиради.

ҲАҚИҚИЙ СИЙЛОВ

Хорижлик ёзувчи дугонам бир воқеани айтиб берди:

– Италиянинг Неапол шаҳрига саёҳат давомида кичик бир қаҳвахонага тамадди қилиш учун кирганимизда бир ҳолат диққатимни тортди. Қаҳвахона мижозларининг аксарияти эҳтиёжларидан ортиқча егулик ва қаҳва сотиб олиб, ортиқчасини қавахона ҳисобида қолдиришарди. Масалан, икки эркак беш финжон қаҳва учун пул тўлаб, икки финжон қаҳва ичишди. Қаҳвахонага рафиқаси ва қизчаси билан келган йигит уч кишилик таом буюртма қилиб, етти кишилик таом учун пул тўлади. Яна бир қария эса тўрт дона ширинкулча учун пул тўлаб, икки дона ширинкулча олиб кетди… Мен овқатланиб бўлганимдан сўнг бу одатнинг сабабини ошхона хизматчиларидан сўраб билиб олишни ният қилдим, аммо бунга ҳожат қолмади. Қаҳвахонага ғариб кўринган бир қария кириб келди ва официантдан:

– Дўстларимнинг менга атаган қаҳвалари борми? – дея сўради. Официант дарҳол уни битта столга таклиф қилди ва қайноқ қаҳва келтирди. Бироздан сўнг кириб келган яна бир ночор кишига ҳам дарҳол таом ва чой берилди.

Неаполда одамлар ўзлари кўрмаган, билмаган, танимаган ночорларни ана шундай сийлашар экан…

Бу одатга менинг ҳам жуда ҳавасим келди ва сизнинг ҳам, муҳтарам ўқувчи, бу инсонийлик сабоғидан таъсирланганингизга шубҳам йўқ. Бу гўзал одатни йўлга қўйиш учун ҳам ортиқча маблағ ёки катта имкониятлар керак эмас. Тўқлар учун дастурхон солиб, неъматларни увол қилишдек бемаъни одатимиздан воз кечсак, ҳақиқий муҳтожларнинг эҳтиёжини қондиришга вақтимиз ҳам, имконимиз ҳам, маблағимиз ҳам ортади. Муҳими – яхшилик қилишга кечикмаслик. Ҳазрат Алишер Навоий таъбирлари билан айтганда, «кечиккан яхшилик – ёмонликдир».

Дилфуза КОМИЛ

2018 йил 2 феврал сонидан олинди

2+