БИР МАРТАЛИК ИДИШЛАРДАН БИР МАРТАЛИК ТУЙҒУЛАРГА…

Биз яшаётган тараққиёт даврининг бирон-бир куни оламшумул ихтиросиз ўтмайди. Қулайлик, ихчамлик, камчиқимлик – бу учлик барча кашфиётларнинг асосий мезони бўлиб, жами яратувчанлик маҳсуллари одамзотнинг ҳаётини енгиллаштириш, унинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Ҳаётимиз енгиллашдими? Ҳа! Илгари бир кунда битмайдиган ишимиз бугун сонияларда адоғига етяпти. Аммо… Нега беҳаловатмиз?

Сан-Хосе университети олимлари бир неча йиллар мобайнида компьютер дастурлари бўйича даҳолар истиқомат қилувчи Силиконлар водийсида тадқиқот олиб бордилар. Бу жамиятнинг бирданига бир неча ишни бажариши одатий ҳолга айланган. Ўзига хос илмий марказ фуқароларининг мияси мунтазам ахборот алмашинуви билан банд, замонавий технологиялар оламида улар доим илғор. Бироқ маълум бўлишича, зукко дастурчиларнинг организми ҳалокат ёқасига бориб қолган экан. Уларнинг ҳар бирида асаб билан боғлиқ жисмоний хасталиклар «тўплами» аниқланган. Улар сурункали оилавий можаролар гирдобида яшайдилар.

Буларнинг барчаси, замонавий талабларга жавоб берадиган тезкорликнинг инсон учун нотабиий эканлиги, зўриқишга сабаб бўлаётганлигидан дарак беради. Ўта жадаллик нафақат алоҳида шахслар, балки бутун-бутун жамиятлар учун хавф туғдиради. Тез ўзгарувчан ҳамда тобора мураккаблашиб бораётган олам инсониятни ортидан эргаштириб, тинимсиз ўзгаришга мажбур қилмоқда. Яъни, биз руҳан «мутант»ликка маҳкум этилдик…

МАЪНАН ЭСКИРИШ

Турмуш тарзимизга тезкорлик рахна солмасидан олдин инсоннинг ижодий энергияси имкон қадар узоқ вақт хизмат қиладиган буюмлар кашф этишга сарфланарди. Минг йиллик бинолар қурилиб, жуда содда бўлса-да, авлоддан-авлодга бериладиган кийимлар яратиларди. Жадаллашув жараёни барқарор иқтисодиётни инновация иқтисодиётига алмаштирди. Техника, кийим-кечак ва буюмлар тобора такомиллашиб боргани боис уларни тез-тез янгилаб туришга мажбур бўляпмиз. Буюмларнинг жисмоний яроқсизлиги юзага келмай туриб, маънан эскириб қолиши табиий ҳолга айланди. Натижада пишиқ бўлмаган, янгича урфдаги молларга эҳтиёж ортди. «Тўғри-да, эрта-индин модадан қолиши муқаррар бўлган соф чарм туфлига пул сарф қилишга не ҳожат? Унинг «миқ» этмай йигирма йил хизмат қилиши кимга керак, ҳолбуки, ҳар мавсумда мода ўзгариб туради. Ундан кўра, бир мавсумлик, сифатсизроқ бўлсаям, урфдаги буюмлар яхши…», – дейдиган бўлдик.

Том маънода, бир марталик буюмлар замони келди. Уст-бош, идиш-товоқдан тортиб ручкаларгача… Бу – инсоннинг турмуш тарзини бошқарувчи, фикрлаши, руҳиятини ўзи истаган ўзанга сола оладиган куч экани ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаймиз. Одамлар бирон нарсага узоқ боғланишни истамай қўйишди. Буюм ва муҳитларнинг бот-бот ўзгариши нуқтаи назар, ақида ва қадриятларнинг ҳам мўртлашишига олиб келади. Бинойидек кўйлагини урфдан қолгани учунгина ташлаб юборишга ўрганган одам яқинлари ва дўстлари билан риштани ҳам осонгина узиши мумкин. Садоқат тушунчаси «замонавий тамойиллар» сафидан сиқиб чиқариляпти. Бундай руҳий турланиш натижасида, миллионлаб одамлар ичида яшаётган киши ўзини ёлғиз ҳис қилади…

ТЕЗЛИКНИ ОШИРИШГА МАЖБУРМИЗ(МИ?)

Экологларнинг ҳисоб-китобига кўра, тобора жадаллашаётган тараққиёт туфайли охирги пайтларда, тахминан ҳар йигирма йилда, ишлаб чиқариш ва энергиядан фойдаланиш миқдори икки баробарга ошмоқда. Ҳолбуки, дунё шу нуқтада тўхтаб турмоқчи эмас. Ахир инсоният охирги минг йил ичида аввалги икки минг йилликда жами ишлатганига тенг энергияни сарфлаб бўлди.

Худди шу энергиядан фойдаланиб, бир марталик буюмлар ишлаб чиқараётган корхоналар ҳам ўз навбатида тезликни оширмоқдалар. Вақтимиз ва эътиборимизнинг барча бўшлиқларини тўлдираётган рекламалар «бир кунлик» молларни сотиб олишга даъват қилиб чарчамайди. Доимий ўзгариб турувчи мода янгидан-янги харидга ундайди. Афсуски, бундай шароит талаб ва таклифни вужудга келтирмайди, бунинг акси юз беради. Қарабсизки, костюмимизни эскирганлиги учун эмас, «ҳозир ҳеч ким бунақасини киймаётгани» учунгина янгилаймиз. Бус-бутун кийим жавонимиздан эскича кўриниши учунгина воз кечамиз. Бунинг оқибатида катта энергия сарфланаётгани эса бизни ташвишлантирмайди. Янгилаш керак, тамом-вассалом!

Ҳозирги тезлигимизда икки юз йилдан сўнг энергияга эҳтиёж минг баробарга ортиши муқаррар. Бу эса барча табиий бойликларнинг совурилиб битиши ва сайёрамизнинг ҳаёт кечириш имкони бўлмайдиган даражада қизиб кетиши, демакдир!

Биз, ҳаммамиз бир тўдада югуриб бораяпмиз. Тобора тезликни оширишга мажбурмиз, акс ҳолда бошқалардан ортда қоламиз. Тўхташнинг эса иложи йўқ: тўхтасак, оёқ остида қолиб кетамиз…

Аммо бу пойгада нималарни асраб қолишимиз кераклигини англашимиз, билмоғимиз жуда муҳим. Биз туйғуларимиз софлиги ва қадриятлар умрбоқийлиги учун курашмоққа масъулмиз. Ўзимиз учун қимматли бўлган туйғуларни «бир марталик» бўлиш қисматига дучор қилмаслигимиз керак! Инсон учун асл ҳалокат – туйғуларнинг «бир марталиги»дир.

Валерий СЮТКИН

Рус тилидан Шаҳноза СОТВОЛДИЕВА таржимаси

2018 йил 2 феврал сонидан олинди

0