ЎЗ СЎЗИНИНГ ХЎЖАЙИНИ

Тилни яхши ўрганмасдан нимадир ёзишга уринган одам сузишни билмасдан чўмилиш учун ўзини саркаш дарёга ташлаган телбага ўхшайди.

Баъзи одамлар миясида фикр бўлгани учун эмас, шунчаки тили қичиб тургани учун гапиради. Тилдан кўчиб – оғиздан чиқиб кетган сўз тоғнинг эгри-бугри сўқмоғидан равон йўлга чиққан отга ўхшайди. Сўрагинг келади: тилдан кўчган сўзни юракда қўноқ қилмасдан оғиздан ташқарига чиқариб юборавериш мумкинми?

Сўз оддий нарса эмас. У – ё қарғиш, ё дуо, ё эзгулик, ё қайғу, ё сўкиш, ё олқиш, ё ёлғон, ё ҳақиқат, ё ёғду, ё зулмат. Менинг бир ёш танишим шундай деганди:

-Айтган сўзимга, ичган қасамимга ўзим хўжайинман, хоҳласам – амал қиламан, хоҳламасам – амал қилмайман!

Эҳтимол, бунақа йўл тутиш ўша танишимга бўлаверар, лекин оқил одам ўз сўзининг хўжайини бўлиши керак.

Бефаросатга жавоб

Бир дўстим Москвадаги катта кўчада кетаётган йўловчидан бозор қаердалигини сўрамоқчи бўлибди. Бу йўловчи инглиз экан. Москва кўчаларида хорижликлар учраши оддий бир ҳоллигини биласиз. Албатта, у ажнабий дўстимнинг гапини тушунмаган, инглизчалаб нимадир деган. Кейин французча, испанча ва ўзи биладиган бошқа тилларда гап нимадалигини сўраб кўрган. Дўстим эса инглизга мақсадини олдин рус тилида, кейин авар, лак, лезгин, дарғин, қўмиқ тилларида тушунтирган. Хуллас, суҳбатдошлар бир-бирларини тушунмасдан ажралишган. Бу воқеани эшитган жуда «маданиятли» бир киши (икки яримта инглизча сўз билгани учун) дўстимга ақл ўргатди:

– Кўряпсанми, маданиятлилик, замонавийлик шундай пайтда билинади. Агар сен озгина маданиятли, замонавий, тил биладиган одам бўлганингда, у билан гаплаша олардинг.

– Шундайликка шундай, – деди унга дўстим. – Нега сен у инглизни мендан кўра маданиятли, замонавий, тил биладиган инсон деб ҳисоблаяпсан? Ахир у ҳам мен гапирган бирорта тилни билмади-ку!..

Қарғиш

Мен учун дунёдаги тиллар – осмондаги юлдузлар. Албатта, мен барча юлдузлар бирлашиб, осмоннинг ярмини эгаллайдиган битта катта юлдузга айланишини истамайман. Бунинг учун қуёш бор. Майли, барча юлдузлар ўз ҳолича чарақласин. Майли, ҳар бир халқнинг ўз юлдузи бўлсин. Мен ўз юлдузимни – она тилимни севаман. Мен пастқам тоғлар тагида ҳам катта олтин заҳираси бўлиши мумкин, деб айтадиган геологларнинг гапига ишонаман.

– Яратганнинг ўзи болаларингни она тилида гапиришдан бенасиб этсин! – бир аёл бошқа аёлни шундай қарғаган эди…

Тилини унутган ўғил

Парижда доғистонлик рассомни учратиб қолдим. У анча йиллар муқаддам Италияга кетган, ўша жойда уйланган ва юртига қайтмаган. Тоғликлар анъанаси бўйича тарбия кўрган доғистонликнинг янги мамлакатга кўникиши қийин кечибди. Дунё бўйлаб кезиб чиққан рассом охири гўзал пойтахт шаҳардан қўним топибди. Аммо қайда кезмасин, Ватан соғинчи ажралмас йўлдоши экан. Мен бўёқлар орқали суратларга кўчган соғинчни кўргим келди ва рассомдан ижод намуналарини кўрсатишини сўрадим. Рассом «Ватан соғинчи» деб номланган суратини кўрсатди. Унда итальян аёл (рассомнинг хотини) қадимий аварликлар кийимида тасвирланган. Аёл тоғдаги булоқ ёнида, қўлида кумуш кўза. Тошлар орасидаги овул қайғули – қора рангда, ортидаги тоғ ҳам қорамтир. Чўққиларни туман қоплаган.

– Туман – бу тоғларнинг кўз ёши, – дея изоҳ берди рассом. – Тоғ ёнбағридан туман сузиб ўтганда, қоялар устида томчилар пайдо бўлади. Туман – бу мен…

Бошқа расмда тиканли бута шохида ўтирган қуш тасвирланган. Бундай тиканли бута – чангаллар, тошлар орасида ўсади. Қуш сайраяпти, уйнинг деразасидан ғамгин аёл қараб турибди. Менинг суратга қизиқиш билан қараб турганимни кўрган рассом тушунтиришга уринди:

– Бу сурат қадимий авар афсонаси асосида яратилган.

– Қандай афсона?

– Ажойиб бир қушни ушлаб, қафасга солишади. Қафасга қамалган қуш кечаю кундуз фақат битта сўзни такрорлайверган: Ватан, Ватан, Ватан!..

Қушни тутган киши ўйга толади: «Унинг Ватани қандай экан-а? Эҳтимол, жаннат қушлари ва жаннат дарахтлари бор, гуллаб-яшнаган бир ўлкадир. Яхшиси, қушни қўйиб юбориб, қайси томонга учишини кузатайин. Менга қушча афсонавий гўзал мамлакат йўлини кўрсатар балки». У олтин қафаснинг туйнугини очади, қуш озодликка чиқади. Қуш ўн қадамча учиб, силлиқ тошлар орасида ўсган чангал шохга қўнади. Шу чангал шохлари орасида қушнинг уяси бор экан… Мен ҳам ўз Ватанимга қафаснинг деразасидан тикилиб турибман, – дея ҳикоясини тугатди рассом.

– Нега унда ўз юртингга қайтмаяпсан?

– Энди кеч. Ўз вақтида мен Ватандан қайноқ юрагимни олиб кетгандим, энди унга кексайган суягимни олиб қайтаманми?..

Париждан қайтганимдан кейин рассомнинг қариндошларини излаб топдим. Ҳайратланарлиси, унинг онаси ҳали ҳаёт экан. Онасининг уйига тўпланган қариндошлари ўз Ватанини ташлаб кетиб, уни ўзга ерларга алмашган ўғил ҳақидаги ҳикояни ғамгин тинглашди. Улар адашган ўғилни кечиргандай бўлишди, тирик эканидан суюнишди. Рассомнинг онаси аввалига жимгина, ўйга чўмиб ўтирди, кейин сўради:

– Сизлар аварча сўзлашдиларингми?

– Йўқ, биз таржимон ёрдамида гаплашдик. Мен русча гапирдим, у французча.

Она юзига қора чодрасини туширди, бизда оналар ўз ўғлининг ўлганини эшитганда шундай қилишади. Узоқ жимликдан кейин она дедики:

– Расул, сен янглишибсан, менинг ўғлим аллақачон ўлган экан. Агар ҳаёт бўлганида, онаси ўргатган тилни унутмаган бўларди…

Расул ҲАМЗАТОВнинг «Менинг Доғистоним» асаридан олинди

2018 йил 9 феврал сони

0