УЙИМИЗ ТЎРИДАГИ БЕГОНА

Бугун ҳар бир оилада бир эмас, бир нечтадан телевизор бор. Афсуски, бу восита бугун дунёнинг барча мамлакатларида барча оилаларга маълум маънода муаммолар туғдирмоқда. Яъни, у оила аъзоларининг бир-бирлари билан мулоқот қилиб, фикр алмашадиган вақтини ўғирламоқда.

Телевизордаги дастурларни биргаликда кўрадиган оила аъзолари то ўша дастур тугамагунича бир-бирлари билан гаплашмайдилар, баъзан турли кўрсатувларни ёки фильмларни кўриш истаги туфайли тортишувлар келиб чиқади. Турли хоналарда, ҳар ким ўзи истаган канал дастурларини томоша қилиш имкониятига эга бўлган оилаларда эса оила аъзоларининг бир-бирлари билан мулоқот қилиш имконияти янада камайиб бормоқда.

Оиладаги келишмовчиликлар сабабли қабулимга келадиган аёлларнинг асосий шикояти телевизордан:

– Эрим уйга келибоқ, телевизор қаршисига чўзилади, мен ва болалар билан иши йўқ…

Аслида ҳар бир инсонда эътиборга эҳтиёж катта бўлади. Телевизорнинг инсоний мулоқотлар ўрнини забт этиши натижасида оилаларда ҳиссий очлик юзага келмоқда, инсон ўз оила аъзолари орасида ёлғизланиб қолмоқда, самимий, дўстона муносабатлар бой берилмоқда.

Телевизор туфайли оилаларнинг муаммолари ҳам ўзгариб кетди, яъни, оила ўзининг дарди билан эмас, шу қути намойиш этадиган томошалар, ғоялар таъсирида яшамоқда.

Телевизорнинг ҳукми болаларга ота-онасининг ҳукмидан кўра кучлироқ таъсир қилаётир. У туфайли болалар ва ўспиринлар катталарнинг муаммоларидан (бунга ҳеч тайёр бўлмаган ҳолда) эрта хабардор бўлмоқдалар, ижтимоий ва инсоний муносабатларнинг чигаллигидан бемаврид хабар топаётганлари туфайли ҳам уларда келажакдан хавотир ҳисси кучаймоқда.

Қолаверса, телевизор орқали тарғиб қилинадиган маданият – чала маданиятдир. Чала маданият деганимиз – осонгина, меҳнат қилмасдан қўлга киритилган, киши онгини карахт қилувчи, эҳтиёж сезилмаган маълумотлар йиғиндисидир. Бу эса ҳақиқий маданиятнинг шаклланишига халақит беради.

Телевизорнинг оила аъзоларига салбий таъсирини қисқача шундай таърифлаш мумкин:

телевизордаги турли-туман хабарлар ҳақиқатни баҳолашга, тўғрироғи, фарқлашга, мустақил изоҳлашга имкон бермайди ва кишилар онгини чалғитади;

телевизор қаршисида соатлаб ўтирадиган ва теленамойишлардаги ҳар қандай тарғибни ўйлаб ўтирмай «ҳазм қиладиган» аёллар ва болаларда реклама қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларини татиб кўриш истаги кучли бўлади ва натижада улар керагидан ортиқ еб-ичиш иллатига, семириш хасталигига дучор бўлмоқдалар;

бутун оиланинг ўзаро суҳбатлашиш учун эмас, телевизор кўриш учун шу қутининг қаршисида жам бўлиши, ундаги намойишларни овоз чиқармасдан, миқ этмай ўтириб кўриш, оилавий муаммолардани кўра кўпроқ сериал қаҳрамонлари тақдири учун қайғуриш – оилада инсоний мулоқот тақчиллигини келтириб чиқаради. Оилада ўзаро самимий мулоқотнинг йўқлиги, ижтимоий бегоналашув ва издан чиқаётган руҳий мувозанат – бугунги кун оиласининг асосий муаммоларидир;

соатлаб телевизор кўриш болаларда ўқиш кўникмаси ва фикрлаш қобилиятини сусайтириб юборади;

телевизор орқали намойиш этиладиган хорижий кино ва мультфильмларнинг таъсири туфайли, ривожланган давлатларнинг ҳаёт тарзи ва маданияти билан ривожланаётган мамлакатларнинг миллий маданияти ўртасида тўқнашув (зиддият) келиб чиқади.

Америкаликлар телевизорни бекорга «Аҳмоқлар қутиси» дейишмайди. Чунки телевизор томоша қилаётган вақтимизда ҳақиқий ҳаётдан узилиб, теледунёнинг пассив аъзосига айланамиз.

Барча салбий оқибатларига қарамай, телевизорнинг ёмон таъсирларига қарши айнан телевизорнинг ўзидан чора сифатида фойдаланиш зарур. Яъни, маданий-маърифий дасурлар намойиш этиладиган каналларни кўпайтириш, маънавий-ахлоқий мавзудаги фильмлар яратиш лозим. Оилада кўриладиган чора эса телевизор қаршисида камроқ ўтириш ва дастурларни танлаб томоша қилишдир.

Сафо САЙГИЛИ

турк ёзувчиси, психология фанлари доктори, профессор.

Сабоҳат БОЗОРОВА таржимаси    

2018 йил 12 ноябр сонидан олинди   

1+