ЎТА ТАРТИБЛИЛИК – НЕВРОЗ БЕЛГИСИМИ?

Эрингиз ишдан уйга қайтганида қандай муҳитга дуч келади, муҳтарама аёллар? Эртанги иш куни учун уни нима қувватлантиради? Сизнинг бу саволларга жавобингиз билан эрингизнинг ишдаги муваффақияти ёки муваффақиятсизлиги бир-бирига қанчалик боғлиқлигини тасаввур ҳам қила олмайсиз.

“Эрингиз ва болаларингиз учун уй нимани англатиши айнан сизга боғлиқ, – деб ёзади доктор Клиффорд Эдамс “Бахтли оила қуриш” мақоласида. – Албатта, эр ва болалар ҳам уй файзига ўзларидан нимадир қўшадилар, лекин асосий гап сизда қолади. Уй жиҳозларини танлаш, қулайлик яратиш, алоҳида муҳитни шакллантириш ва намуна, ўрнак бўлишингиз – пировардида ҳаммаси сизга боғлиқ”.

Эркак ўз ишини қанчалик севмасин, барибир кун охирига бориб чарчайди. Агар уйга келиб, кўнгилдагидек ҳордиқ чиқарса, бу унинг ақлий, жисмоний ва ҳиссий кучларининг тикланишига хизмат қилади.

Баъзида ўта тартибли ва нозиктаъб уй бекалари эрларининг уйда ўзи истагандек дам олишига йўл қўймайдилар: унга хонада чекишни тақиқлайдилар (ҳиди пардаларга ўтириб қолиши мумкин), дўстларини уйга чақиришига қаршилик қиладилар (кейин уйни йиғиштириш кўп вақт олади), агар шкафданми, стол устиданми нимадир олган бўлса, кейин уни қандай турган бўлса, шундай қайтариб қўйишни талаб қиладилар, ҳатто эркакка қаерда ёнбошлаб ётиши мумкинлигини ҳам белгилаб берадилар… Бу нима? Невроз аломатларими? Худди шундай! Бундай ҳолатлар жуда кўп аёлларда кузатилади.

Бир неча йил олдин Пулитцер мукофоти совриндори Жорж Келли “Крэйгнинг рафиқаси” номли пьеса ёзганди. Асар ҳаётийлиги туфайли катта шуҳрат қозонган, чунки унинг қаҳрамони – Гарриет Крэйгга ўхшайдиган аёллар ҳаётда жуда кўплаб топилади. Бу аёл уйида идеал тартиб сақланишини ҳаётининг асосий мақсади деб билади. Ҳатто жойидан сал нарироққа сурилиб қолган ёстиқ ҳам унинг қонини қайнатади, уйга меҳмон чақирмайди (улар туфайли уйда тартибсизлик бўлиши тайин-да). Ўзининг юмшоқтабиат, оқкўнгил эрини эса уйдаги идеал, лекин бефайз тартибни мунтазам бузиб турувчи чақирилмаган меҳмондек кўради…

Тан олинг, ўзимиз ҳам, ечган кийимларини дуч келган жойга ташлайдиган, кулдонни кулга тўлдириб қўядиган, нарсаларини меҳмонхонада ҳам, ётоқхонада ҳам қолдириб кетаверадиган эримизни нима биландир солиб қолгимиз келади. Айниқса, бундай тартибсизликдан олдин меҳмонлар келиши учун уйни обдон тозалаган бўлсак борми!.. Лекин эрни беэътибор ҳўкизга чиқаришдан олдин, у бемалол роҳат оладиган ва бироз тартибсизликка йўл қўйса бўладиган ягона жой – бу уйимиз эканлигини унутмайлик.

Қулайлик оҳанрабоси

Уйдаги жиҳозлар ва уларнинг жойлашувига кўп жиҳатдан аёл жавоб бераркан, ҳар бир рафиқа билиши керак: эркак учун асосийси – мебелларнинг қулай бўлиши ва қулай жойлашувидир. Қайрилма оёқли стол-стуллар, уларга қопланган нозик матоли жилдлар, шкаф ва сервантлардаги, столлар устидаги безаклар, бир дунё майда-чуйдалар балки аёллар кўзини қувонтирар, лекин эрларга ёқмайди – бунақа жойда улар машина калитини, сигаретани, кулдонни қўйишга жой тополмай, аччиқланишади.

Уйни жиҳозлаётганда эримизнинг одатлари ҳақида, унга қулай бўлиши тўғрисида кўп ҳам ўйламаймиз. Яқинда Париждан иккита қадимий, нозик ва ихчам чинни кулдон олиб келдим. Эртасига эрим кўча юзидаги дўкондан арзон, оддий шишадан ишланган, каттагина кулдон харид қилди – шунақаси унга қулай экан.

Эрингиз уйингизга тартибсизликлар олиб кираётгандек туюляптими? Балки бунга сизнинг тартиб тўғрисидаги нотўғри тасаввурингиз сабабчидир? Ечган кийимларини дуч келган жойга ташлаб қўядими? Ғазабланманг. Кийим-кечакни илгичларга чиройли қилиб илиб, шкафга жойлаш эркак кишининг иши эмас. Кулдонни уйиб ташлаши сизга ёқмайдими? Аччиқланманг. Каттароқ кулдон харид қилинг, олдига бир эмас, иккита кулдон қўйиб қўйинг. Қимматбаҳо жилдли ёстиқларингизни ғижимлаб буклаб, ёнбошига қўйиб оладими? Сиз унинг учун содда, юмшоқ болишлар сотиб олинг. Эрингиз ўзининг калитлари, ёндиргичлари, чўнтагидаги ашқол-дашқолларини қўйиш учун алоҳида жойга эгами? Уйингизни эрингиз учун қулай қилинг, шунда у бундай жойга қайтишга ҳамиша шошилиб туради, ҳеч қаёққа кетиб ҳам қолмайди!

Тартибсизлик – аёлга ярашмайди!

Аксарият эркаклар исқирт саройда яшашдан кўра ораста кулбада яшашни афзал биладилар. Кечикиб тайёрланган овқат, ошхона тўла ювуқсиз идишлар, супурилмаган уй, йиғиштирилмаган ётоқ – мана шулар эркакнинг уйдан қочиб, пивохоналарда, кўнгилочар жойларда ором топишга мажбур қилади. Бу эркаклар ғалати – ўзлари тартибсиз бўлсалар майли, лекин аёлларнинг тартибсизлигига чидай олмайдилар.

Эрим, Худо уни паноҳида сақласин, ёшлигида жуда гўзал бир қизга уйланмоқчи бўлиб юраркан, бир куни бир иш билан унинг уйига боришига тўғри келибди. Кўрсаки, уйда худди бутун бошли ҳарбийлар қўшини келиб кетгандек, ҳаммаёқ ивирсиб ётганмиш. У қизга уйланиш иштиёқи ўша заҳотиёқ сўнган экан.

Тартибсизлик ҳақида гапирганда мен бундай ҳолат мунтазам кузатилишини назарда тутяпман. Ҳар қандай эр вақтинчалик ёки тўсатдан рўй берган тартибсизликка кўз юмади. Бир-икки гал улгурмай қолганингизда, у кечаги овқатни иситиб ҳам еб кетаверади, лекин бу ҳолат тез-тез такрорланмаслиги лозим.

Уйда алоҳида чиройли муҳит яратиш – аёлнинг зиммасидаги асосий вазифалардан бири. Эрингизнинг ишдаги муваффақияти кўп жиҳатдан унинг учун уйда қандай муҳит ҳозирлашингизга боғлиқ. Аёл эканмиз, эримиз ишга жон-тани билан берилиб кетишини истамаймиз. Шу билан бирга, ишда обрў-эътиборга эга бўлишини хоҳлаймиз. Бу иккисини жамлаш учун уйда эримизга тинч, бахтли, қулай муҳитни яратишимиз керак.

Лос-Анжелесдаги Оилавий муносабатлар институти директори, доктор Пол Попеноу уй эркак учун ишхонадаги барча нохушликлардан паноҳ бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлайди.

– Ҳозирги замонавий ташкилотларда, корхоналарда, муассасаларда ишлашнинг ўзи бўлмайди, – дейди у. – Кун бўйи эркак у ёки бу даражада қаттиқ курашади, чарчайди. Иш куни якунланганда, у тинчлик, хотиржамлик ва меҳр истайди. Ишхонада, корхонада, офисда одамлар унинг ҳар бир хато-камчилигини кузатиб, ҳисоблаб борадилар. Уйда эса бунинг акси бўлиши керак. Рафиқаси уни борича қабул қилиши, дам олиши учун қулайлик яратиб бериши, ундан уйда қатъий тартибга риоя қилишини талаб этмаслиги лозим. Бу нарса эркакка куч бағишлайди, уни руҳлантиради ва эртасига эрталаб у яна тетик ва бардам бўлиб, ишга жўнайди…

Уйпарварликнинг бешта қоидаси

Эрингизга уйда ўзини қиролдек ҳис қилишига имкон беринг, бунинг учун мукофотланмай қолмайсиз.

Мебел танлашда ҳеч бўлмаса ҳурмати учун ундан маслаҳат сўранг, “Фалон мебелни танладим, шуни оламиз”, деб туриб олманг. Балки унинг истагига юриб, орзуингиздаги ноёб диван ўрнига оддийсидан олишга тўғри келар, балки у сизнинг танловингизни маъқуллар, нима бўлганда ҳам, ундан маслаҳат сўрашингиз – уй икковингизникилигини, сиз учун эрнинг фикри ҳар нарсадан муҳим эканини англатади ва у бундан бениҳоя хурсанд бўлади.

Агар эрингиз дам олиш кунлари уйда ўзи овқат тайёрлаб сизларни хурсанд қилишни истаб қолса, қаршилик қилмай, ошхонани унга топширинг. Биламан, ҳар кунгидан кўра кўпроқ идиш-товоқ ювишингизга тўғри келади, лекин бу заҳмат эрингизнинг завқи ва эркак киши тайёрлаган таомнинг айрича таъми, қолаверса, болаларингизнинг хурсандчилиги олдида ҳеч нарса эмас.

Унутманг, уйингизнинг ободлигига эрингиз қўшаётган ҳисса сизникидан кам эмас. Шундай экан, эрингиз усиз уй ҳувиллаб қолишини англашингизни истайди, буни тўғри қабул қилинг. Кундалик уй ишларига берилиб кетиб, асосий вазифангиз – меҳр-муҳаббат, ишонч ва қулайлик масканини яратиш эканлигини ёдингиздан чиқариб қўйманг.

Фикрларим сўнгида, эрингизни бахтли уйпарвар қилишнинг бешта асосий қоидасини санаб ўтишга ижозат беринг:

  1. Уйингизни роҳат ва куч-қувват олиш масканига айлантиринг.
  2. Уйингизни ҳашаматга буркаманг, яшаш учун қулай қилинг.
  3. Тозалик ва саришталикка риоя этинг.
  4. Уйингизда сокин ва тинч муҳит яратинг.
  5. Уйингизни эрингиз иккалангиз учун хос масканга айлантиринг. Ундаги ҳеч бир роҳатбахшликни эрингиз бошқа ҳеч жойдан топмасин.

Дороти КАРНЕГИ

Америкалик педагог, руҳшунос ва нотиқ.  АҚШда ташкил этилган «Аёллар учун Карнеги курслари»нинг ташкилотчиси.

Рус тилидан Аловиддин САДРИДДИНОВ таржимаси

2018 йил 1 октябр сонидан олинди

0