ҚУЛАЙЛИКДАН БЕСЎНАҚАЙЛИККА…

«Инсондаги қулайликка мойиллик ҳисси – ҳаётда мавжуд бўлган ҳар қандай ёвузликдан ҳам кўра ёмонроқдир».

Иммануэл КАНТ

Одам боласининг доимий равишда қулайликка интилиши жуда кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Охирги пайтларда шу каби муаммолар жуда кўп кўзга ташланмоқдаки, бунга сабаб қилиб биз катталарнинг ўзимиз учун енгил ва айтиш мумкинки, арзон ҳаётни ихтиёр этаётганлигимизни кўрсатиш жоиз. Биз ҳатто болаларимиз учун ҳам масъулиятни бўйнимизга олишдан эринамиз. Нима бўлса-бўлсин, кунлар бирор муаммосиз ўтса-ю, кеч кирса. Бундай ўйдаги танбалларнинг ҳаёти совуқ, мантиқсиз, лекин ўзларининг наздида «тинчгина» ўтяпти.

Ёшларнинг тарбияси, уларнинг ҳаёт йўли, тўғри танлови ва бошқа шунга ўхшаш муҳим масалаларни болаларнинг ўзига қўйиб беряпмизки, келиб чиқаётган аксарият ташвишларнинг бошида уларнинг ҳаётига нисбатан бўлган совуқ муносабатимиз турибди. Нима деб ўйлайсиз, биз ёшларнинг қўлларидан тутиб энг тўғри ва самарали – қоқилмайдиган, бошлари деворларга урилмайдиган йўлларга бошлашимиз керак эмасмиди?

Кўзгу ёнида бир умр қаримайдигандек ўзига оро бераётган оналар ва ҳеч қачон ўлмайдигандек, бу дунёга муккасидан кетган оталар ўзларининг ўткинчи эканликларини, бир кун қаро ерга кириб, кўзларига тупроқ тўлишини эслаб турсалар бўлмасмикин? Ота-оналарининг орқасида қолиб, қўлларини дуога очиб, уларнинг гуноҳларидан ўтишини Аллоҳдан ёлвориб сўрайдиган фарзандлар қаерда-ю, «Уларнинг боридан йўғи…» деб, ҳатто кетганларидан қувонадиган фарзандлар қаерда!

Атрофга боқар эканмиз, «экканини ўраётганлар»нинг аксарияти «ҳосили»дан нолиётганини кўрамиз. Эй биродар, шудгорни ўзингиз олдингиз, уруғни ўзингиз сепдингиз, сувни ўзингиз қуйиб, ўзингиз парваришладингиз. Энди бошқаларнинг ёқасидан қўлингизни олинг! Рухсат беринг, сизга эслатайлик: ўнг қўли билан иш бажарадиганларни «ўнгағай» дейишади, чап қўли билан иш бажарадиганларни «сўнгағай» дейишади. Кечирасиз-у, сизга ўшаб икки қўли билан ҳам бир ишни эплолмайдиганларни «бесўнақай» дейишади. Маслаҳатим, қўлларингизни дуога очинг ва Яратгандан ўзингиз учун илм ва инсоф сўранг. Ҳеч қачон «қулай ҳаёт» сўраманг. Нимага? Сабаби, қулайликларнинг аввали сизнинг назарингизда роҳат бўлиши мумкин, аммо охири ҳам шундай бўлмайди. Роҳатларда ҳакалак отган нафсингиз сизни мисоли эшак қилиб миниб оладики, охир-оқибат бунақанги эшакона қулайликлар, ит ётиш-мирза туришлар сизни абгор қилади…

Дуога очилган «бесўнақай» қўллар эгасига Ўзининг раҳми келиб, уммонидан бир томчи берса-ю, у бандаи оми, одам боласининг энг катта вазифаларидан бири – фарзандларини ўзига нисбатан ақллироқ, илмлироқ, маърифатлироқ қилиш эканлигини англаб етса. Нимага десангиз, биздан болаларимизнинг ақллироқ бўлиши, болаларимиздан болаларининг ақллироқ бўлиши ва бу ҳолатнинг доимий равишда давом этиши – миллатнинг, давлатнинг, қолаверса бутун инсониятнинг илдамлашидан дарак. Бизнинг олдимиздаги вазифа ана шу даражада муҳим бўлгани ҳолда, биз қайси виждон билан енгил ҳаёт орзусида бўламиз? Енгил-елпиларга сотилган виждон эгалари «Ал-мийсоқ» қасамёдини унутдиларми? Албатта унутганлар, чунки «Ал-мийсоқ» қасамёди – бу виждон дегани! Виждон эмасми бизни тез-тез маърифатга, ҳақиқатга чорлаб турадиган, бир кун келиб ҳаммаси учун жавобгарликка тортилишимизни эслатадиган?!

Биз риё ошиқлари дунёнинг арзон-гаров бозорлари расталарида виждонларимизни енгил ҳаёт қуриш илинжида парча-парча қилиб пулламадикми? Энди бу пулларни тийин-тийинигача айшга сарфлаб, ўзимизни мантиқсиз дабдабаларга уриб, азаларни «тўй»га айлантириб, етмаганига қарз олиб, қарзни тўлаш учун қалбни-да пуллаб, бугунги кунда ҳаммасидан мосуво бўлиб, виждонсизларга, қалбсизларга айланмадикми? Қанча муаммоларимиз бўлгани ҳолда қулай «ин» қидирамизми? Ўйламаймизми? Тўхтамаймизми? Босар-тусаримизни билмай, дунёнинг ортидан қуваверамизми? Ўзимизга раҳмимиз келмайдими?..

Абдукарим МИРЗАЕВ

2018 йил 9 феврал сонидан олинди

2+