БИР-БИРИМИЗНИ ТУШУНМАСАК…

Бир кар одамнинг ҳўкизи йўқолиб қолибди. Уни кўчада қидириб юриб, ўзидан ҳам баттар карроқ одамга дуч келибди. Иттифоқо бу одам эрталаб битта эшак топиб олган экан. Кар одам ҳўкизи йўқолганини айтиб, унинг шохлари-ю, думларининг таърифини келтирибди. Нариги кар унга жавобан:

– Ҳа, тўғри, мен эшагингни топиб қўйганман, суюнчисини бергину олиб кетавер, – дебди.

Кар одам эса унинг гапларини эшитмагани учун яна ҳўкизининг таърифини қилаверибди. Шу тахлит бир-бирларини англамай туришганда эшагига бир жувонни мингаштириб олган бир одам кўринибди. Қарангки, бу одамнинг қулоғи уларникидан ҳам оғир экан. Йўлни тўсиб олганча бир-бирларига алланималарни бақириб уқтираётган бу одамларни кўргач, “Булар йўлтўсар бўлса, тағин манави жувонни олиб қўйишмасин” деган ҳадик билан:

– Яқинда хотиним вафот этганди, бу жувон ҳам менга бегона эмас, марҳума хотинимнинг чўриси, – дебди. Нариги иккови энди бу одамга қараб, ўзларининг гапларини маъқуллай бошлабдилар. Йўлдан ўтиб кетаётган бошқа бир одам буларни нимадир талашиб жанжаллашяпти деб ўйлаб, қози ҳузурига бошлаб келибди. Худонинг қудратини қарангки, қозининг ҳам қулоғи оғир экан. Рамазон ойи яқинлашиб қолган, агар янги ой кўринса, ноғоралар чалиниб, элга маълум қилиниши керак экан. Қози уларнинг бир-бирига гал бермай, нималарнидир уқтиришаётганини кўриб, “Улар янги ой чиққанини кўришибди шекилли” деган хаёлга борибди-да, хизматкорларига буюрибди:

– Тезда ноғораларни чалинглар, эртага саҳардан рўза!..

Афсуски, бир-биримизнинг гапларимизга тушунишга истамай юрганимизда, бизлар ҳам ана ўша одамлардек иш тутамиз…

Тоҳир МАЛИК

2018 йил 1 октябр сонидан олинди

0