ШАЙХЗОДАНИНГ ВАФОДОРИ

Атоқли ўзбек шоир ва драматурги (асли озарбайжонлик) Мақсуд Шайхзоданинг отаси Маъсумбек тиббиёт ходими бўлиши баробарида, адабиёт, санъат, тарих, фалсафа билан қизиқадиган, чин маънодаги зиёлилардан бўлган. Уларнинг уйи ўзига хос маданий марказ бўлиб, маҳаллий зиёлилар шу ерда йиғилишар, Низомий, Навоий, Фузулий, Хайём, Пушкин, Лермонтов, Шекспир, Гёте сингари буюклар ижодидан баҳслашишарди. Мақсуд Шайхзоданинг онаси Фотимахонимнинг ўз она тилидан ташқари, рус, грузин тилларини яхши билиши, бу тиллардаги адабиётларни ўқиши ҳам чакана омиллардан эмасди ва ёш Мақсуднинг юрагида шеърият севгиси зиёли ота-онаси таъсирида шаклланган.

Мақсуд Шайхзода 1915 йилда – етти ёшида ўша пайтдаги машҳур “Рушдия” мактабига ўқишга борди. Мактабни Озарбайжон жадидларидан бўлмиш Мухтор Афандизода очган ва бу ерда дин илмларидан ташқари, турк тили, рус тили, ҳисоб, ҳандаса, табиат, тарих, жўғрофия, ҳунихат, расм, гимнастика ва ахлоқ дарслари ўтилар эди. Ёш Мақсуд бу ерда фақат аълога баҳога ўқийдиган намунали ўқувчилардан бўлган ва 1921 йилда мактабни битириб, Бокудаги дорулмуаллимин (педагогика билим юрти)га ўқишга кирган.

1925 йилда дорулмуаллиминни тугатган Мақсуд Шайхзодани Озарбайжон Маориф халқ комиссарлиги Россия Федерацияси таркибидаги Доғистон автоном республикасининг Ҳазар денгизи соҳилидаги Дарбанд шаҳрига йўллайди ва Шайхзода ўша ердаги мактаблардан бирида турк тили ва адабиётидан дарс бера бошлайди. Бу ерда у қрим-татар миллий озодлик ҳаракатининг етакчиларидан бири, машҳур журналист Этҳем Файзийнинг “Маориф йўли” газетасида, таниқли давлат арбоби, адабиётшунос Руҳулла Аҳмедовнинг “Маориф ва маданият” журналида шоир ва танқидчи сифатида фаол иштирок эта бошлади. Ўша йиллари Доғистонда миллий давлат тили масаласи кун тартибида турган бўлиб, рус ёки турк тили, араб ёки Доғистондаги маҳаллий элат ва миллатларнинг тилидан қайси бири давлат тили бўлиши керак, деган масала қизғин муҳокама этилаётган эди. Шайхзода Доғистонда энг кўп тарқалган туркий тиллар – қўмиқ ва нўғой тилларининг давлат тили бўлиб қолиши тарафдори эди. У Бокуда ўқиётган вақтидаёқ Озарбайжонда яширинча тарқатиладиган “Yeni Kavkaz” (“Янги Кавказ”) журналини ўқир ва айни журнал орқали советлар сиёсатининг асл моҳиятини англаб етган эди. Шайхзода журналистларга ва ҳур фикрли инсонларга тарқатиш учун Бокудан Доғистонга “Yeni Kavkaz” журналини яширинча олиб келарди.

Бир қатор сафдошлари қатори, Шайхзода 1927 йилда аксилинқилобий тарғиботда айбланиб, қамоққа олинди ҳамда Москва, Тифлис ва Бокуда яшамаслик шарти билан, чет шаҳарлардан бирига уч йилга сургунга ҳукм қилинди. У сургун жойи сифатида Тошкентни танлади ва 1928 йилнинг феврал ойида Ўзбекистонга келди.

АДОВАТ ҚЎЗҒОВЧИ СИЁСАТ

“Эндигина 20 ёшга қадам қўйган йигитнинг Тошкентни нажот соҳили сифатида танлаши отаси Маъсумбекнинг истак-хоҳиши билан рўй берди. Ўша кезларда хизмат сафари билан Москвада бўлган Маъсумбек хотини Фотимахонга Тошкентда яхши танишлари борлигини ва шу танишлар аросатда қолган Мақсудга меҳр-оқибат кўрсатишлари мумкинлигини хабар қилган эди”, – деб ёзади Наим Каримов “Мақсуд Шайхзода” номли китобида. Мақсуд Тошкентга келгач, озарбайжонликлар учун очилган Наримонов номли мактабда ва “Учқун” деган ўзбек мактабида ўқитувчилик қилди. Бошпанаси тайин эмасди, ижарама-ижара ёлғиз яшарди. Кейинроқ “Шарқ ҳақиқати” газетасига ишга ўтиб, Ойбек, Ғафур Ғулом каби ўзбекнинг забардаст ижодкорлари билан танишди ва ўзбек шеърияти майдонига кирди.

1934 йили ўз туғилган ери Оқтошга бориб, танишларининг Сакина исмли гўзал қизини севиб қолди. Қиз ҳам Мақсудга бефарқ бўлмади. Иккала оила ҳам ёшлар ўртасида туғилган бу гўзал туйғулардан севиндилар ва фотиҳа билан унаштириб қўя қолдилар. Мақсуд Тошкентга қайтгач, қизга уйланишдан олдин унга муносиб эр бўлиш учун ҳаракатга тушиши кераклигини англаб етди ва катта бойлик орттирмаса ҳам, катта билим орттириш, қайсидир жабҳаларни эгаллаш учун илм уммонига шўнғиди. 28 ёшида уч йиллик аспирантурани тугатди, учта шеърий тўплам муаллифи сифатида Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлди. Энди у Сакинанинг олдига бошини баланд кўтариб боради, энди у Сакинанинг паноҳи, етакчиси бўла олади. Бу вақтда Сакина 20 ёшда бўлиб, Боку Тиббиёт институтининг иккинчи курсини тамомлаганди. Орадан уч-тўрт ой ўтгач, уларнинг тўйи бўлиб ўтди. Сакина ўқишини ТошМИда давом эттирадиган бўлди.

Мақсуд ва Сакина муҳаббат оташидан бахтиёр эдилар. Тошкентдаги Финкельштейн кўчаси 17-уйнинг кичкинагина хонаси улар учун муҳташам саройлардан ҳам ортиқ эди. Орадан тўққиз ой ўтгач, 1936 йилнинг кузида Мақсуд уйга шовқинлаб кириб келди:

– Қадаминг қутлуғ келди, Сакина! Уюшма бизга уй берди!

Ёш эр-хотин севина-севина Тошкентнинг Шаҳрисабз кўчасидаги 3-уйга кўчиб ўтишди. Улар қувончдан ичларига сиғмай, бир ҳафта хурсандчилик қилдилар. Кейин меҳнат таътилига чиқиб, ота-оналарини зиёрат қилгани Оқтошга жўнаб кетдилар. У ерда икковларининг қариндош-уруғлари бир-бирлари билан навбат талашиб, тинмай меҳмонга чақирар эдилар. Тўғри, кичик бир таътилда озгина маъсудликка эришишга уларнинг ҳақлари бор эди, албатта. Лекин замон нотекис эди. Одамлар ўртасида адоват қўзғовчи сиёсат ҳукмрон эди.

Хуллас, улар ҳали Тошкентга қайтмай туриб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан телеграмма олдилар. Унда Шаҳрисабз кўчасидаги уйни бўшатиб беришлари лозимлиги билдирилганди. Телеграмма ортидан Шайхзоданинг Тошкентдаги бир танишидан ҳам мактуб келди. Унда уй Шокир Сулаймоновга олиб берилгани, Шайхзоданинг асбоб-анжомлари, уй жиҳозлари йўлакка чиқариб ташлангани ёзилганди…

Шайхзода Тошкентга учиб келди. Чиндан ҳам уй Шокир Сулаймоновга олиб берилган экан. Шайхзоданинг “Нега менинг уйимни?” деган саволига “Сизга ҳисоб бермаймиз” деган жавоб бўлди. Шундан сўнг улар ижарама-ижара яшай бошлашди. 1937 йилнинг ёзида уюшма томонидан уларга ҳозирги Хадича Сулаймонова кўчасидан яна уй берилди, аммо кузда у уйни ҳам тортиб олишди.

Шайхзода табиатан ҳаётсевар инсон бўлгани учун, уй ташвишларини ҳам майда деб ҳисобларди, кўч-кўчлар, сарсон-саргардонликлар унинг иродасини кўп ҳам синдира олмасди. Бу вақтларда у Тошкент педагогика институтида дарс берарди. 1939 йилнинг ёзида институт оиласига каттагина, шинам бир уй ажратди. Бу пайтда Сакина хонимнинг опаси вафот этиб, Озарбайжонга кетган эди. У ота-онасини, опасининг етти яшар қизи Алима ва беш яшар ўғли Расимни олиб, шу уйга кўчиб келди. Шу тариқа уларнинг фарзандсизлиги билинмай, катта оила бўлиб яшай бошладилар.

ДИВЕРСИЯЧИ ЁЗУВЧИЛАР

Мақсуд Шайхзода иккинчи жаҳон уруши йилларида “Жалолиддин Мангуберди” фожиасини – шу даврдаги шоҳ асарини яратди. Уруш тугагач, орадан икки йил ўтар-ўтмас, Ўзбекистонда бир неча “ёзувчилар” (аслида диверсиячилар) пайдо бўлди. Улардан бири Владимир Мильчаков эди. У Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида масъул котиб ёрдамчиси, сўнг партия ташкилоти котиби бўлиб ишлай бошлади.

1946 йилнинг кузида Ёзувчилар уюшмасининг пленуми бўлиб ўтди. Марказқўм котиби Усмон Юсупов пленумда катта нутқ сўзлаб, Насрулло Охундий, Назир Сафаров, Зиннат Фатхуллин, Туйғунларни (булар ҳаммаси НКВДнинг штатсиз ходимлари эди) ижодий фаол эмасликда айблаб, уларни Шайхзодадан ибрат олишга чақирди. Шундан кейин Мақсуд Шайхзодага муносабат кескин ўзгарди. “Жалолиддин Мангуберди” фожиасида ўтмиш идеаллаштирилган, деган бемаъни гап тарқалди. Мильчаков Шайхзоданинг Доғистондаги фаолиятини кавлаштиришга киришди. М.Адамович дегани эса 1943 йилда – Тошкент эвакуация қилинган фуқароларни жойлаштириш ташвиши билан яшаётган ва ҳар бир қарич жой ҳисобда бўлган бир пайтда Шайхзодага беш хонали уй-жой берилгани ҳақида мақола ёзди. Фитналар катталаша борди ва оқибатда Шайхзода 1952 йилнинг 20 сентябрида ҳибсга олинди.

ШАЙХЗОДАСИЗ ЭСДАН ОҒДИ…

Бир куни Сакина хоним ҳибсдаги эри билан кўришишга эришди ва унга:

-Ёзувчилар уюшмасидаги К. мени чақириб, “Уюшма номига эрингизнинг туҳмат билан қамалгани ҳақида ариза ёзиб келинг, мен Шайхзодани чиқаришга ёрдам бераман”, деди, – деган янгиликни айтди. Бу гапдан Шайхзоданинг пешонаси тиришди. У яқингинада Нозим Ҳикматнинг “Шубҳа” деган шеърини таржима қилган эди. Бу шеърни Нозим Ҳикмат турмадалигида хотини Пиройя хоним кўргани келгани ва ундан Нозим билан кўришиб туриш учун турма нозиридан рухсат сўраганини айтганда ёзган эди. “Бўғаман” деб тугар эди шеър. Шайхзода ўша шеърни хотинига ўқиб бергиси келди, лекин бу Сакинага қаттиқ тегиши мумкин эди. Шайхзода бироз ўйланиб тургач, салмоқ билан гап бошлади:

– Сакина, эсингдами, бир куни Вольтернинг “Соддадил” қиссасини бирга ўқигандик. Бошланиш қисмлари анча кулгили бўлса ҳам, охири фожеий эди.

– Эсимда, ўша Соддадилни яхши кўриб қолган қизнинг исми Сент-Ив эди.

– Сент-Ив нима учун ўлгани ҳам эсингдами?

– Эсимда… Соддадилни қамоқдан қутқариш учун хиёнатга рози бўлган эди… Бўлди, бошқа гапирма! Ҳаммасини тушундим. Хоҳласанг, уюшмани бутунлай унутаман… Телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермайман…

Шайхзода Сакинанинг бу гапларини эшитгач, уни тўлқинланиб бағрига оларкан, кўзларидан дув-дув ёш қуйилди…

Ва ниҳоят 1954 йилнинг 4 июнида Мақсуд Шайхзоданинг “жиноий иши”ни тўхтатиш ва уни озод қилиш тўғрисида қарор чиқди. 13 йил давомида севимли рафиқасининг қўлловлари туфайли самарали ижод билан машғул бўлган Шайхзода 1967 йилнинг 19 февралида вафот этди. Айрилиққа чидай олмаган Сакина хоним эса Мақсуд Шайхзодасиз бир неча йилни азоб билан кечирди ва руҳий касаликка йўлиқиб, оламдан ўтди.

Миразиз АЪЗАМ

2018 йил 13 август сонидан олинди

0