ОДАМИЙЛИК ИЛМИ

Яшаб турган дунёмизнинг ўзига тааллуқли қонун-қоидалари бор. Бу қонун-қоидаларнинг ишлаб чиқилишида, тадбиқ этилишида одам зотининг иштироки бўлмаган. Одам боласининг вазифаси – уларга риоя қилиш, уларни бузмаслик. Чунки дунёнинг ҳар бир қонун-қоидасида, тартибида одамзот учун илоҳий ҳикмат, хосият, хайр бор. Ёғаётган жалани тўхтатиб қўйиш, шамол йўналишини ўзгартириш ёки саратон қуёшидан келаётган кучли иссиқликни озгина бўлса ҳам камайтириш қўлимиздан келмайди. Ақлли одам «Эй Худо! Қайси қилган гуноҳларим учун бугун жала ёғдиряпсан», деб ёзғирмайди. Ёки «Мен яхши одамман! Нега энди томорқамга дўл ёғиши керак?!» деб хафа бўлмайди.

Дейлик, мен ҳаётимдаги ўзим истамаган ўзгаришлар ёки нохуш воқеаларда бошқаларни, масалан, отамни ёки онамни, опамни ёки акамни, тоғамни ёки амакимни, қўшниларимни ёки маҳалла оқсоқолини, давлатларнинг ташқи сиёсатларини ёки Европа иттифоқини айблай бошласам, кўзингизга жабрдийда эмас, ёқимсиз одам бўлиб кўринаман. Ёки агар «Менинг ишларим юришмаётганида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти айбдор» десам, мени ғирт тентак деб ҳисоблайсиз. Лекин, тан олаверинг, аксарият ҳолларда ўзингиз ҳам ўз муваффақиятсизликларингизда ўзингизни айбдор деб билмайсиз. Ҳатто феълингиздаги иллатлар ҳам ўзингизга фазилатдай кўринади. Ўз-ўзига мафтунлик – жуда кўҳна дард. Одам боласи ҳамма ишлари жойидалигида бор мукофотни ўзига беради: ўзи ишбилармон, ўзи ақлли, ўзи меҳнаткаш! Мабодо ишлари орқага кетса, айбдор атрофдан қидирилади. Тўғрироғи, яқин атрофдан қидирилади. Кейинги вақтларда «Сен ўзимникисан», деган гап қулоғимга «Сенга бемалол ҳақсизлик қилишим мумкин», дегандай эшитиладиган бўлиб қолган. Тўғри, турмуш ўртоқ, бола-чақа, қариндош-уруғ ўзимизники, лекин улар биз эмас! Бутунлай бошқа одам, бошқа шахс! Уларнинг ҳеч бири ҳаётда бизга яқин одам бўлиб туғилганлари учун ҳақсизликларимизни кўтаришга мажбур эмаслар.

Маълумотларга кўра, дунёда ҳар ўн етти дақиқада биттадан одам кучли руҳий зўриқиш сабабли келиб чиқадиган хасталиклар туфайли ўлим топар экан. Мутахассисларнинг айтишларича, руҳий зўриқишларнинг илдизи – сурункали хафагарчиликлардир.

Рус адиби Достоевскийнинг бир гапи бор: «Ўзимиз билиб-билмай, ҳаммани бир-бир ўлдиряпмиз, севикли дўстим. Кимларнидир қилган ишларимиз билан; кимларнидир қилмаган ишларимиз билан; кимларнидир айтган сўзларимиз билан; кимларнидир айтмаган сўзларимиз билан…».

ҲЕЧ КИМ БИР-БИРИГА БЕГОНА ЭМАС

Инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат масаласида неча минг йиллардан бери гапирилади. Бошқаларга меҳрли, оқибатли инсон катта савоб ва эътибор қозонишини, меҳрсизлик, худбинликнинг оқибати яхшилик билан тугамаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу масалада керак бўлса, соатлаб маърузалар қилишимиз, иштиёқ билан ваъз айтишимиз, бутун бошли китоблар ёзишимиз мумкин. Аммо унда нега бугун ўғил ўз отаси билан келишолмайди?

Нега қариндош-уруғлар ўзларини худди бегоналардек тутадилар?

Нега ака-ука, опа-сингиллар бир-бирлари билан адоватлашади?

Нега бошига мушкул иш тушган одамни дўстлари ташлаб кетади?

Нега бир дин вакили бошқа дин вакилини камситади?

Нега бир миллат вакили бошқа миллат вакилини ерга уради?

Нега у қитъа вакили бу қитъа вакилидан нафратланади?

Нега халқлар бир-бири билан ёвлашади?

Бу саволларга жавобан айтиладиган баҳоналарни агар бирма-бир ёзиб чиқилса, том-том китоблар яралишига шубҳам йўқ. Ва аслида мана шу баҳоналар бизни маҳв этади, инсонийликдан жудо қилади. Шунинг учун ҳам бугун кўп оилаларда одамлар асабийликнинг жаҳаннамий азобини тортмоқдалар. Шунинг учун ҳам бугун дунёнинг тўрт тарафида фитна оловлари ёнмоқда…

Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди: халқаро симпозиумлардан бирида Доғистоннинг забардаст шоири Расул Ҳамзатовдан халқлар дўстлиги масаласида чиқиш қилишини сўрашади. Ёзувчи рад қилади.

– Биз одамларга, – дейди у, – халқлар дўстлиги эмас, инсонлар дўстлиги керак! Халқлар дўстлиги деганингизда ҳамма нарса умумлашиб қолади. Ўртага давлатлар сиёсати аралашади, диний айирмачилик аралашади, миллатчилик аралашади, урф-одатлар аралашади. Бир-иккита нодонни деб бутун бошли халқни ёки бутун бошли дин вакилларини ёмонотлиқ қилиб қўйиш ҳеч гап эмас. Оқибатда халқлар дўстлигига путур етади. Путур етибгина қолса майли, Худо кўрсатмасин, ўртада ўзаро низолар, урушлар чиқиб кетиши ҳам мумкин. Агар инсон бошқа бир инсон билан биринчи ўринга инсоний фазилатларни қўйиб дўстлашса, улар ўртасида миллий низо ҳам, сиёсий низо ҳам, диний низо ҳам бўлмайди…

Баджаҳлликка очилмаган эшиклар, қатъий талабларга очилмаган эшиклар, бегоналарга очилмаган эшиклар меҳр-муҳаббатга албатта очилишига тарихда мисоллар кўп. Шайх Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари ўз даврида тўқсон минг мажусийни Исломга киришига сабабчи бўлганлар. Битта одам тўқсон минг кишини бир йўлдан бошқа бир йўлга бошлашини тасаввур қиляпсизми?! Қурол билан эмас, зўрлик ёки таҳдидлар билан эмас, меҳр-муҳаббат билан, дўстлик билан! Шайх уларни тўплаб олиб, қуруқ ваъз-насиҳатлар қилган эмас, ваъдалар берган эмас, ўз динини оғизда мақтаган эмас. Ҳар бирининг уйига йўқлаб борган, касалларини зиёрат қилган, оила аъзоларига ҳадялар берган, муҳтожларига ёрдам берган, кўп яхшиликлар қилган…

Шайхнинг ва у тўқсон минг одамнинг динини қўя турайлик, миллатини ҳам қўя турайлик. Гап бунда эмас. Гап шундаки, улар шайх сиймосида мукаммал инсонни кўрганлар. Ҳа, айнан мукаммал инсонни: гўзал ахлоқли, хокисор, кечиримли, юмшоқ кўнгилли, меҳрибон, обид ва олим инсонни кўрганлар ва унга бажонидил эргашганлар. Ҳазрат Ҳамадонийнинг энг катта ютуқлари эса, яна бошқа бир фазилатда ҳам эди: у зот миллати бошқа, дини бошқа, ирқи бошқа, ҳаёт тарзи бошқа инсонларда севишга, ҳурмат қилишга, эъзозлашга, ўрганишга арзигулик сифатларни кўра билган эдилар.

Бир танишим айтганди:

-Яхши-ёмон одамлар ҳар миллатда бор. Чет эл сафарларига чиққанимда бегонасирайдиган, миллат ажратадиган одамларга ҳам дуч келаман. Шунақа пайтларда биринчи бўлиб дўстлик қўлини узатаман: «Аслида биз бир-биримизга бегона эмасмиз. Ҳаммамиз Одам Ато билан Момо Ҳаввонинг фарзандларимиз, демак, ака-укалармиз», дейман ва ҳеч қачон узатилган қўлим муаллақ қолмайди. Бу гаплардан кейин кўпчилик қучоқ очиб кўришади…

ИНСОНИЙЛИК ЎЛЧОВЛАРИ

Дунёда инсонийликни асл ҳолича сақлаб қолган одамлар кўп. Улар саховат ва меҳр-оқибат билан Шарқда, Ғарбда, Шимолда, Жанубда дунёнинг посангисини тутиб турибдилар: очларни тўйдиряптилар, фақирларни кийинтиряптилар, бетобларни даволаяптилар, етим-есирларни бағирларига оляптилар, мол-давлатларидан хайр-саховат учун маблағ ажратишни канда қилмаяптилар.

Пайғамбар алайҳиссалом бизларга: «Молларингизни закот билан ҳимояланг», дея буюрганлар.

Ғарбда «омад файласуфи» дея ном қозонган руҳшунос Наполеон Хилл дунё мамлакатлари бўйлаб ўтказган семинарларида: «Даромадингизнинг ўн фоизини фақирларга улашиб беринг. Буни нафас олишдек заруратга айлантиринг ва шу йўл билан ўзингизни сақлаб қолинг», деб таълим берган.

Машҳур комик актёр Чарли Чаплин қизига ҳар сафар пул юборганида: «Олаётган ҳар юз долларингнинг ўн доллари фақирларнинг ҳақи эканини унутма», дея мактубида таъкидлашни канда қилмаган.

Дунёга машҳур психолог-инвестор Роберт Киосаки: «Хасислигини енголмаган одам йиғаётган сармоялари орқали ўзига ўзи чоҳ қазийди», деган. Кўринадики, инсонийликнинг ўлчовлари миллати ва динидан қатъий назар, одам боласининг барчаси учун бир хилдир.

Мажидиддин Хавофийдан бир ҳикоят ўқигандим. Эшитинг:

«Мен бир миллатни кўрдим. Бу миллат ҳақида биров билади, биров билмайди. Уларда яқин қариндошлар, қадрдонлар бир-бирлари билан кўришиб қолганда, ўзаро ҳол-аҳвол сўраб, бир-бирларига тавозе қилиб ўтиришмас экан. Фақат ишдан гапиришар, пул-мол керак бўлса, бир-бировларидан аямас эканлар. Қилган яхшилигини ҳеч ким миннат қилмас экан.

Яна бир миллатни кўрдим. Улар ўзларининг насаблари билан бениҳоя фахрланишар экан. Ширин тилли халқмиз, дея ғурурга кетишган экан. Бир-бирлари билан учрашиб қолсалар, бир-бирларининг ҳол-аҳволларини, қандай яшаётганларини, бола-чақа, хотин-халажларини ва бошқа нарсаларни зўр эътибор билан суриштиришар экан. Ҳатто уйидаги товуқ-жўжаларнинг аҳволигача сўрашар экан. Мабодо гап пулга, моддий ёрдамга бориб тақалгудек бўлса, тезгина чап бериб, киши билмас қочиб қолишар экан. Арзимаган нарсаларни бир-бирларига беришга оғринар эканлар.

Бу икки қавмдан олган ибратим шу бўлди: кишига баҳо беришда унинг миллатига, насабига эмас, ахлоқига, одобига боқ».

ЎЗИНГИЗГА ЯХШИЛИК ҚИЛИНГ!

Мен сиздан менга яхшилик қилинг, деб сўрамайман. Сиз учун ўзимга яхшилик қиламан. Ўзимни қадрлашни, ўзимни ҳурмат қилишни, ўзимни алдамасликни, ўзимга энг яхши нарсаларни раво кўришни одат қиламан. Буни асло худбинлик деб баҳоламанг. Буларнинг барчаси сиз учун, сизга яхшилик қилиш учун. Чунки ўзини ҳурмат қилган, ўзини қадрлаган одам бошқаларнинг ҳам қадрига етади. Ўзини ҳурмат қилган одам бошқаларга зарар етказишдан ҳазар қилади. Ўзига яхши нарсаларни раво кўрган одам ўзгаларга ундан ҳам яхши нарсаларни раво кўради. Булар оддий ҳақиқатлар.

Сиз ҳам мен учун, атрофингиздагилар учун ўзингизга яхшиликлар қилинг. Шунда, умрининг қиш фаслини яшаётган ота-оналаримизнинг инжиқликлари бизга эриш туюлмайди, уларнинг розилигида жаннатнинг калитлари борлигини англай бошлаймиз;

шунда яқинларимиз биздан сал узоқлашсалар, ширин сўзларимизнинг хумори бўладилар;

шунда қўшниларимиз бизни кўрганда яйраб жилмаядиган, тайёрлаган тансиқ таомларидан илинадиган бўладилар;

шунда дўстларимиз бизга яйраб дўстлик қиладилар;

шунда фарзандларимизга берган ўгитларимиз таъсирли бўлади;

шунда қилган яхшиликларимизни ҳисобламайдиган, миннатдан ор қиладиган бўламиз.

…Кеча кўпқаватли уйлар орасидаги йўлакда мева сотаётган аёлга кўзим тушди. Ёнида беш-олти ёшлардаги қизчаси ҳам бор. Раҳмим келди. Оғирини сал бўлса ҳам енгил қилиш ниятида саватдаги меваларнинг ҳаммасини сотиб олдим. Шунда тортинибгина турган қизча бироз тараддудланиб, бутун журъатини тўплади-да, менга:

-Сиз жуда яхши экансиз! Раҳмат! – деди. Қизчанинг сўзлари шу қадар самимий эдики, бутун бошли мевазорни сотиб олганимда ҳам бу қадар беғубор мукофотга эришмаган бўлардим, деб ўйладим. Шу икки оғиз сўз бутун бир кунимни чароғон қилиб юборди. Ўзимга бундан ҳам яхшироқ инсон бўлишга сўз бердим.

“Инсон эртасига кучли, яхши ва донишманд бўлиб туғилиш учун ҳар куни ўлади”, – деган эди инглиз файласуфи Эммет Фокс. Эртага қуёш янгитдан туғилади. Эртага янги кун туғилади. Эрта тонгда яна янгидан кўз очамиз. Эрта тонгда кўзгуга боққанингизда сиз ҳам янада яхшироқ, янада кучлироқ, янада меҳрибонроқ бир одамни кўрасиз, деган умиддаман.

Хадича ҲАБИБ

2018 йил 12 январ сонидан олинди

0