МУРОСА ИЛМИ

Кишилик жамиятида яшар экансиз, хоҳлайсизми йўқми, барибир ҳар куни ўнлаб турфа хил одамлар билан тўқнашишга, алоқа ўрнатишга, мулоқотга киришишга, олди-берди қилишга тўғри келади. Улар яхши ва ёмон, софдил ва ғирром, ҳақиқатгўй ва алдамчи, оқил ва аҳмоқ, ҳалим ва серғазаб, улфат ва ғаним бўлишади. Сиз кимларгадир яхшилик қилмоқчи бўласиз, аммо ундан душманлик кўрасиз; кимдандир ўпкаланиб юрасиз, аммо у сизга кутилмаганда содиқлик кўрсатади. Баъзилар ҳақидаги илк таассуротингиз алдамчи чиқиб қолади: олтин деганингиз жез экан, муттаҳам деб ўйлаганингиз мутлақо олийжаноб экан, ёрдам кутганингиз аро йўлда ташлаб кетади…

Дунёдаги одамларнинг ана шундай турфа хил қилиб яратилганининг сиз билан биз билмайдиган сирлари, илоҳий ҳикматлари бор. Бизнинг вазифамиз эса ҳамма билан муроса қилиш, ҳар бир инсоннинг қалбига йўл топа олиш, ёвузлик қилганга эзгулик билан жавоб қайтаришдан иборат.

«БОШГА ҲАР НЕ КЕЛСА…»

Дейлик, ишхонангизда бўлган мажлисда бошлиғингиз кутилмаганда ҳе йўқ, бе йўқ, сизни роса танқид қилди. Тўғри, касбдошларингиз даврасида шаънингизга айтилган туҳмат гапларни индамай эшитиб ўтириш оғир. Иззат-нафсингиз қаттиқ оғринади, юрагингиздаги чандиқ яна биттага кўпаяди. Бошлиққа нордонгина жавоб қайтариш қўлингиздан ҳам келарди. Лекин, бу ҳам масаланинг тўғри ечими эмас, у жимгина эшитиб, индамай кета қолмайди. Барибир яна ўзингизга зарар: баҳона топиб ҳайфсан беради, мукофотингизни қирқади, ўсишингизни тўхтатиб қўяди, ёмонликка олса, ишдан ҳайдашгача боради. Бундай ҳолатларда қандай йўл тутган маъқул?

Ҳар бир кўргуликдан ҳикмат қидиринг, ҳар бир фожеадан яхшилик ўйланг. Бўлиб ўтаётган ҳодисага зийрак кўз билан боқинг: «Эҳтимол бошлиғимнинг ҳозир кайфияти чатоқдир, асаби бузилгандир, балки раҳбар ташкилотдан дакки эшитиб келгандир… Ахир унинг гап эшитишида ҳаммамизнинг ҳам ҳиссамиз борлиги аниқ, раҳбар бўлиш осонми! Тан олиш керак, ўзим ҳам кейинги пайтда ишга анча бепарво бўлиб кетдим, балки ўзим билмаган хатоларим кўпдир», каби тахмин-мулоҳазалар билан ўзингизни овутинг. Булар ҳам безовта қалбингизга, қақшаган асабингизга малҳам бўлолмаса, унда янада чуқурроқ фикрлашга ўтинг: «Бошга ҳар не келса, бировданмас ўзингдан кўр, тақдиримда бугун дакки эшитиш ёзилган бўлгач, истасам ҳам, истамасам ҳам, албатга, унга рўпара бўлиш бор. Қазога рози бўлмаслик оқил кишиларга хос эмас, майли, бундан кейин топширилган ишга бунақа бепарво бўлмайман». Шунда ҳамма нарса ўз жойига келади. Бошлиқ ҳам ғазабидан тушган, сизнинг ҳам асабингиз жойида, ҳамкасблар ҳам виждон азобидан қутилиб қолишган, сизларни уриштирмоқчи бўлган «шайтоннинг бўйни узилиб тушган»…

Санкт-Петербургда ўтказилган социологик тадқиқотлар натижасига кўра, ҳамкасблари билан муроса қилолмаганлари оқибатида илмий-тадқиқот институтлари ва конструкторлик бюролари мутахассисларининг йигирма фоизи ишдан бўшашга мажбур бўлар экан.

«ЯХШИ ҚЎШНИЧИЛИК – ҚЎШНИДАН КЕЛГАН ЗАРАРГА САБР ҚИЛИШДИР…»

Қўшничилик муносабатларида ғаразлар, тушунмовчиликлар, машмашалар, хусуматлар, жанжаллар айниқса кўп учрайди. Арзимас сабаблар, таги йўқ гаплар туфайли кўп қўшнилар бир-биридан аразлаб юради, айримлари ҳатто судлашишгача боришади. Ахлоқимиз талабларига кўра, қўшнилар билан яхши муомалада бўлишимиз, ёрдам ёки қарз сўраса беришимиз, касал бўлса ҳолидан хабар олишимиз, йўқлигида уйи ва оиласини ҳимоя қилишимиз, унга зарар ёки қийинчилик туғдирмаслигимиз керак.

Туркистоннинг улуғ олими ва жамоат арбоби Алихонтўра Соғуний: «Бугун қўшнимиз ҳам овқат еяптими? Агар улар оч қолган бўлишса, бугун овқатимизни уларга беришимиз ёки уларнинг овқат топадиган кунларини кутишимиз керак», дер эканлар. Ҳасан Басрий айтади: «Яхши қўшничилик қўшнига зарар беришдан тийилиш эмас, балки қўшни тарафидан келган зарарга сабр қилишдир». Маҳмуд Қошғарий эса: «Ҳатто чиябўри қўшничиликка риоя қиларкан – қўшнисини емас экан», деганлар.

Бир танишим шундай ҳикоя қилади:

-Бир куни ишдан келсам, уйда ёлғиз қолган фарзандлар бепарволик қилиб, пастдаги қўшниникига сув оқизиб юборишибди. Аҳвол шундайки, яқиндагина таъмирдан чиққан деворларда сув изи, гиламлар ивиган, шифтнинг сувоғи кўчиб тушган, хонадон соҳибаси аламидан нуқул лабини тишлайди. Унинг ҳолатини тушундим. Узр сўраб, дарров етказилган зарарнинг товонини тўлашга розилигимни билдирдим. Гиламларини кўплашиб ташқарига чиқариб ёйдик. Полларидаги сувни биргалашиб тозаладик. Хуллас, аламлар тарқади, муносабатлар изига тушди, ҳанузгача аҳилмиз. Агар ўшанда осмондан келиб, «Нима бўпти, зарарни тўлайман, ана! Болалар ёш-да, шунга шунчами?!» деган гаплар билан асабини ўйнаганимда ўзимга бир умрлик душман орттирган бўлардим…

ОҚИЛЛИК ГУЛХАНИ

«Қўрқув билмайин десанг, ёвузлик қилма», дейди Қобус. Хотиржам бўлиш учун эса қўрқмай яшаш лозим. Хулоса чиқадики, хотиржамлик ўзгаларга ёвузлик, ёмонлик қилмаслик булоқларидан сув ичар экан. Кимдир сизга ёмонлик қилади: йўлингизга ахлат тўкади, тарновини сизникига тўғрилаб қўяди, бўлмағур иғво-фитналар уюштиради, ўзгаларга ёмонлайди. Бошқа биров ҳақингиздан уриб қолади, молингизни тортиб олади, кўзингизни бақрайтириб алдайди, қуруқ туҳмат қилади. Яна биттаси ютуғингизга кўз олайтиради, бахтингизни кўролмайди, ҳасад қилади, асабингизни қақшатади. Ана шундай разолатлар қаршисида сиз ўзингизни қандай тутасиз? Сизга ёмонлик қилаётганлар билан бирма-бир урушиб чиқасизми? Ёки уларга ўз усуллари билан «жавоб» қайтарасизми? Эҳтимол, бундан тушкунликка тушиб, ўзингизни нотавон санаб, қайғуга ботарсиз, пинҳона азоб чекарсиз?

Сизга маслаҳатим, буларнинг ҳаммасини муроса чуқурликларига кўмиб ташланг, ҳалимлик сувларига оқизиб юборинг, оқиллик гулханларида ёндириб юборинг! Сиз ўша ғанимларингизга эзгулик, яхшилик билан жавоб қайтаринг. Ўқрайса, табассум қилинг! Ғазабини сочса, тавозеъ-ҳурмат кўрсатинг. Сизни ёмонласа, сиз уни мақтанг. Шунда сиз унинг қуролини синдирган, ниқобини тешган, даъвосини йўққа чиқарган бўласиз. Энг асосийси, ўзингизнинг асабингиз асралади, кайфиятингиз, соғлиғингиз ҳимояланади. Бунда асло ютқазмайсиз: иззатингиз хорланмайди, тилингиз қисилган бўлмайди, ҳақингиз кетмайди. Одамлар орасидаги обрўйингизга раҳна етмайди ҳам. Улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино айтганидай: «Инсон токи ўзини майда гап, ўчакиш, жанжал, шикоят, норозилик, оҳ-воҳлардан озод қилолмас экан, у ифлос ва пастлик табиатидан халос бўлолмайди».

Ҳусайн Воиз Кошифий айтади: «Гўзал феъл-атворнинг нишонаси ўн нарсадир:

биринчи нишонаси – яхшилик,

иккинчиси – инсофли бўлиш,

учинчиси – бошқа одамдан айб қидирмаслик,

тўртинчиси – бирор кишида ножўя ҳаракат кўрса, уни яхши йўлга бошлаш,

бешинчиси – айбига иқрор бўлиб келганнинг узрини қабул қилиш, олтинчиси – бошқалар машаққатини зиммага олиш,

еттинчиси – фақат ўз манфаатини кўзламаслик,

саккизинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли бўлиш,

тўққизинчиси – кечиримли бўлиш,

ўнинчиси – мулойимлик ва тавозеъ кўрсатиш».

ХУЛҚ СИНОВИ

Одамлардан етган озорларга чидаш ва сабр қилиш, ёмонлик қилганларни кечира олиш ва улардан ўч олмаслик, ҳамиша ҳусни хулқ соҳиби бўлиш аждодларимиз шуҳратини оламга ёйган фазилатлардан эди. Тарихда бунга жуда мисол кўп. Биттасини айтиб берай: Абу Усмон Хирий деган улуғ олим ва тасаввуф шайхини бир киши меҳмондорчиликка таклиф қилди. Шайх Хирий айтилган вақтда бордилар. Мезбон у кишининг хулқини синаб кўрмоқчи бўлган экан, меҳмонни йўлакдан қайтарди:

-Ҳозир сизга мулозамат қилишга вақтим йўқ, бошқа пайтда келарсиз!

Шайх Хирий қайтиб кетиш мақсадида энди узоқлашган ҳам эдиларки, уй соҳиби:

-Қайтинг, эй устоз! – деб чақириб қолди. У киши қайтиб келдилар. Уйга яқинлашган эдиларки, мезбон яна ўша эски гапини қайтарди. Шайх Хирий яна изларига қайтдилар. Мезбон у кишини яна уйига меҳмондорчиликка чорлади, яна келсалар «Бошқа вақт келарсиз», деб яна ноумид қайтариб юборди. Бу ҳол бир неча бор такрорланди. Шайх келишдан чарчамадилар, мезбон бирор баҳона топиб у кишини изига қайтаришдан эринмади. Бу муомаладан олим хафа ҳам бўлмадилар, авзолари ўзгармади ҳам. Шунда мезбон у кишини маҳкам қучоқлаб олдида:

-Кечиринг, устоз! Мен сизни бир синаб кўрмоқчи эдим, хулқингиз мунчаям чиройли бўлмаса! – деб узрхоҳлик қилди.

Бунга жавобан шайх Хирий:

-Сен менда кўрган нарса итнинг хулқидир, ит ҳам чақирилса – келади, ҳайдалса – узоқлашади… – дедилар.

Аҳмад МУҲАММАД

2108 йил 16 феврал сонидан олинди

1+