КИТОБСИЗ ЁШЛАР, ПУЛДОР «ЁЗГУВЧИ»ЛАР, «МАЪСУМА» НАШРИЁТЛАР…

Эътиборингизга ҳавола қилинаётган мазкур мақолада Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим, адабий танқидчи ва адиб Озод ШАРАФИДДИНОВнинг (у кишини Аллоҳ раҳмат айласин) китоб ва мутолаа, асл ижодкор бўлиш шартлари  борасидаги бир неча йиллар аввал билдирган фикр-мулоҳазалари жамланган. Мазкур фикр-мулоҳазалар ҳануз ўз кучини йўқотмаганини, ҳамон долзарблигини инобатга олиб, уни сиз азизларнинг эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

 

КАМ ЎҚИШ «КАСАЛИ»

5-6 ёшларимда чўмилишни яхши кўрар эдим-у, сузишни билмасдим. Бир куни болалар қийқиришиб чўмилиб юрган анҳор бўйига югура келиб, ўзимни сувга отдим. Анҳор чуқур экан. Табиийки, чўка бошладим. Катта болалар бир амаллаб қирғоққа олиб чиқиб қўйишганди ўшанда. Менинг китоблар оламига кириб келишим ҳам шунга ўхшаган тарзда содир бўлган – ҳали ўқишни ўрганиб-ўрганмас, ўзимни китоблар уммонига отганман. Бу уммон ҳам чуқур экан, лекин чўкмай суздим.

Менга мутолаа маданиятини ҳам ҳеч ким ўргатган эмас. Агар менда бу маданият бўлса, унга йиллар давомида тажриба орттириб, ўзим эришганман. Албатта, кейинроқ мактаб, ўқитувчилар, дўстларим, кутубхоналар ёрдамга келган. Лекин дастлаб мутолаа жараёни мутлақо тизгинсиз кечган – бир неча йил мобайнида нушхўрт чиқармай, қўлимга тушган китобларнинг ҳаммасини хатм қилганман. Менга ҳеч ким «китоб ўқигин, бу – фойда», деган гапни айтган эмас, ҳеч ким уч сўм сарфлаб битта китоб олиб берган эмас. Бувим ғирт саводсиз, ўқимаган аёл эдилар. Аям саводли бўлсалар-да, китоб ўқишга вақтлари ҳам, ҳафсалалари ҳам йўқ эди. Уйимизда бирон дона китоб бўлмаган! Фақат менинг «елиб-югуришим» билан уч-тўрт йилда уйимизда кичикроқ бир кутубхона шаклланган. Ҳозир бўлса, уйимда росмана бир кутубхона бор. Унда керакли китобларнинг ҳаммаси  топилади десам, муболаға бўлмас. Агар мен ўқишга киришган болалик чоғларимда қўл остимда шундай кутубхона бўлганда борми, билмадим, нима бўлардийкин. Бироқ, афсуслар бўлсинким, болаларим ҳар қанча қийин-қистовимга қарамасдан бу китоблардан мен истагандек фойдаланишмади. Невараларим ҳам. Йўқ, мен улар мутлақо ўқигани йўқ десам унча тўғри бўлмас, ўқишади, лекин уларнинг ўқиши тўйган қўзининг ўт-ўлан чимдишига ўхшаб кетади – ўн марта теваракка аланглаб, бир чимдиб қўяди… Ўйланиб қоламан, наҳотки мутолаага қизиқиш туғма хислат бўлса? Фақат менинг фарзандларим ёки невараларимгина эмас, ҳозирги ёшлар ўртасида ялпи равишда имкони борича кам ўқиш «касали» пайдо бўлган. Эҳтимол, бунга биз – катталар айбдордирмиз. Эҳтимол, болаларнинг авжи ўқийдиган пайтида уларга бўлар-бўлмас китобларни тиқиштириб ётгандирмиз ва бу қилиғимиз билан биз ўзимиз улардаги мутолаага ҳавасни таг-томири билан йўқ қилаётгандирмиз? Эҳтимол, биз – катталар устимизга доно мураббий либосини ташлаб олиб, китоб ўқишдек ҳузурбахш бир ишни зерикарли бир машғулотга, кишини диққинафас қилишдан бошқа нарсага ярамайдиган мажбуриятга айлантириб қўйгандирмиз?

ҲИБСГА ОЛИНГАН КИТОБЛАР

Ўтган аср эллигинчи йилларининг ярмига қадар китоблар ассортименти кам бўлган эди, кейин бироз жонланиш юз берган ва яна аввалги аҳволга қайтилган. Бу ачинарли воқеа собиқ Шўро мамлакатида мавжуд бўлган шахсга сиғиниш ва оммавий қатлиомлар билан боғлиқ. Ўша кезларда нафақат одамлар, балки китоблар ҳам қатлиомга учрарди. «Халқ душмани» деб қамалган ёзувчиларнинг ҳамма китоблари сотувдан йиғиб олинар, кутубхоналардан йўқ қилинар, ҳибсга олинарди. Ҳа, китоблар ҳам ҳибсга олинарди. Мен буни айрим кутубхоналарда ўз кўзим билан кўрганман. Кутубхоналарда кўздан панароқ жойларда темир эшикли зах ва қоронғи хоналар бўлар, уларнинг эшигида ҳамма вақт отнинг калласидек қулфлар осиғлиқ турарди. Бунақа хоналар «спецхран» деб аталар ва ҳатто кутубхона директори ҳам бир ўзи бу ерга киришга ҳақли эмасди. «Спецхран»даги китоблар аҳён-аҳёнда минг чиғириқдан ўтказиб текширилган мутахассисларгагина берилар, улар кутубхонанинг ўзида махсус хонада ўтириб, китобдан ҳеч қанақа кўчирма олмай, тезгина ўқиб чиқмоғи керак эди.

Мен болалигимдаёқ ҳибсга олинган китобларга рўпара келганман ва уларнинг баъзиларини ўқиганман ҳам. Фақат ҳозир бундай китоблар қаердан қўлимга тушиб қолганини эслолмайман. Эсимда бори шуки, 14-15 ёшларимда ўзимга тенгқур бир бола «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», «Кеча ва кундуз» деган романларни битта-биттадан, бир кечада ўқиб чиқиш шарти билан бериб турган. Китобларни берар экан, у теварак-атрофга олазарак қараб, «Бу асарларни халқ душманлари ёзган, биров ўқиётганингни кўриб қолса, ўласан. Сени қамашади», деган. Мен у асарларни кечаси билан мазза қилиб ўқиб чиқардим. Кейин уларни синфимиздаги бошқа болалар ҳам яширинча ўқишди ва биз уларни анча вақтгача ўзаро муҳокама қилиб юрганмиз. Баъзан ўйлаб кетаман – яхши ҳамки болаликда ана шу асл китоблар қўлимизга тушгани. Улар бизни китобдан совутмай, аксинча, мутолаага иштиёқимизни оширган.

Ҳаёт шуни кўрсатдики, китобларни ҳибсга олишлар, гулханда ёқишлар беҳуда нарсалар экан. Улар ўтмишнинг шармандали доғи бўлиб тарихда қолди.

КИТОБ ЧИҚАРИШ ПУЛИ БОРЛАР УЧУНМИ?

Янги шароитда кўпгина нашриётларимиз китоб чиқаришнинг янги усулига ўтиб олишди. Ҳозир касалхонага ётишга тўғри келиб қолса, кўрпа-ёстиқдан тортиб укол қилиш учун игналар-у, дори-дармонларгача, ҳатто пахта-ю бинтларгача ўзингиз билан олиб боришингиз керак. Нашриётлар ҳам шунга ўхшаб, муаллифдан қоғоз учун, териш учун, босиш учун ва тарқатиш учун фалон пул талаб қилади. Пули борлар бемалол китобларини чиқараверадилар. Нашриёт бундай ҳолларда ёмон гуноҳ қилиб қўйган маъсума қиздек кўзларини ерга тикканча «китобнинг мазмуни учун муаллиф жавобгар» дейди-да, босиш машинасини шарақлатиб ишга тушириб юбораверади…

Дунё ривожлана боргани сари, одамлар ўртасида бозор муносабатлари такомиллаша боргани сари китоб нафақат санъат асари, балки олди-сотди буюмига ҳам айланиб бормоқда. Сир эмаски, китоб чоп этиб, китоб сотиб, миллионер ва миллиардер бўлиб кетган одамлар бор. Китоб бизнесидан тирикчилик қиладиган одамлар ҳам сон мингта бўлса керак. Ўз-ўзидан аёнки, уларнинг китобга қараши ва китобга муносабати сизу бизнинг қарашларимиздан, муносабатларимиздан фарқ қилади. Бугун ёзувчи ўз китобини яратаётганида, тўғрироғи, ёзаётганида бўлажак харидорларнинг дидини ва эҳтиёжларини ҳисобга олмай иложи йўқ. Фақат ўзига тўқ, бадавлат адибларгина кўнгилларининг майлига қараб, истаганча тарзда ёзяптилар…

ЎЛИК ЁРГАН РАССОМ

Ҳар қандай бадиий асар муаллифдан жуда катта билимни, юксак тафаккурни, том маънодаги кашфиётларни талаб қилади. Ҳар бир муаллиф ўқувчи қалбини забт этмоқ учун ўз асари устида, ўз истеъдодини чархлаш борасида фидокорлик билан меҳнат қилмоғи шарт. Шу ўринда Ғарб санъати тарихидан бир мисол келтираман. Мен бу мисолни америкалик атоқли ёзувчи Ирвинг Стоуннинг Уйғониш даврининг даҳо санъаткори Микеланжело ҳақидаги китобида ўқиган эдим. Маълумки, Микеланжело бутун умри давомида диний  мавзуларда сувратлар ишлаган ва ҳайкаллар яратган. Бироқ у ёшлигида чизган сувратлардаги азиз-авлиёлар нечукдир ўхшамайроқ чиққанини, сустроқ эканини, уларга жонлилик етишмаётганини сезган. Микеланжело ўткир туйғуси билан пайқаганки, унинг инсон ҳақидаги билимлари, тасаввури камлик қиляпти. Инсон қандай ҳаракат қилади? Турганда, ўтирганда, ётганда ёхуд чопганда мускулларда қандай ўзгаришлар рўй беради? Яхши рассом бўлмоқ учун сувратни ўхшатиб чизишнинг ўзи кифоя қилмайди, унинг замиридаги ҳаракатни ҳам билмоқ керак. Буни билмоқ учун эса… инсонни нимталаб, ичак-чавоғини ағдариб, терисини шилиб кўрмоқ лозим. Хуллас, инсон жасадини ёриб кўрмаса, иш битмайди. Бироқ инсон жасадини ёриб кўриш жуда катта гуноҳ, жиноят. Бунинг учун ўша вақтдаги христиан маҳкамалари ҳеч иккиланмай ўлимга ҳукм қилади. Микеланжело шу сирни ўрганиш учун ҳаётини хатарга қўяди – ўттиз кун мобайнида кундузи сувратлар чизиб, кечаси билан черков ҳужрасида тонггача мурдаларни ёриб кўради. Унинг кечаси-ю-кундузи ишдан бери келмаётганини кўрган отаси мутлақо бошқача тушунади:

– Қанақа саёқсан? Туни билан қаёқларда дайдиб юрасан? Рангингга қара, аъзойи баданингдан ўликнинг ҳиди келади-я! Ё уйлантириб қўяйми?

Ёш рассом бошини қуйи солганича, отасининг таъналарига бир оғиз гап қайтармайди. Лекин шу воқеадан кейин унинг ижодида кескин бурилиш юз беради – у инсон танасини, юз тузилишларини, оёқ-қўлларини, гавдасини шу даражада аниқ ва тиниқ чиза бошлайдики, унгача ҳам, ундан кейинги даврда ҳам бундай камолот чўққисига эришиш бошқа биронта рассомга насиб этмайди.

Мен бу воқеани тез-тез эслаб тураман – ҳаётини гаровга қўйиб эришилган маҳорат санъаткорни ҳеч қачон тарк қилмайди, унинг мангу мулки бўлиб қолади. Мен жуда муҳим мавзуларда шоша-пиша ёзилган, анча ғўр асарларни кўрганимда адибу удабога, шоиру шуарога ўз маҳоратини ўстириш борасида ана шундай фидокорлик билан меҳнат қилишни тилаган бўлардим. Фақат шундагина китобхонни ларзага соладиган, унинг қалбидан мангу ўрин оладиган асарлар яратилади.

2018 йил 19 март сонидан олинди

0