КАРТОШКА-ПИЁЗ КЎТАРГАН «СУЛТОН»

 (нордон ҳажвия)

– Ота дегани оила султони, сарбони, боғбони, посбони дегани; фарзандлар учун бахту тахт, омад, туганмас давлат, роҳат-фароғат, қут-барака мезони дегани; кексайган чоғида табаррук ном, ширин калом, иззату икром соҳиби дегани, – десам, бир отахон:

– Бекорларни айтибсан! Ота нималигини мана мендан сўра! – деб қолдилар. Кейин тутаққан кўйи тушунтира кетдилар:

– Ота дегани – от дегани… От бўлганда ҳам, нақ пирживалски (Преживальский демоқчилар) оти! Рўзғор юкини тортадиган от. Олтмишга, ҳатто етмишга кирса ҳам чарчамайдиган от. У тортаётган юк устида бир центнер келадиган хотин, фарзандлар, этак-этак набиралар ҳам бор. Ўша от икки қизини чиқарган, икки фарзанди контрактда ўқийди. Контракт пули ҳам, чақирдию ҳайит йўқлов харажатлари ҳам унинг зиммасида. Хотин кишининг қирқта жони бор, дейишади. Демак, биттаси панд берса, бошқасини улаволиб яшаб кетавериши мумкин. Отанинг эса биттагина жони бор. Шу биттагина жонга қирқта отнинг тортиш кучи юкланган… Булардан ташқари у шўринг қурғур коммунал тўловлар юкини ҳам тортади… Тасаввур қил, – сўзни давом эттирдилар ота, – МИБ назоратчиси бир дарвоза қўнғироғини чаляпти. Ҳовлидан ўттиз ёшлардаги, ҳомиладор хотинларникидай қорин солган, камида саксон кило тош босадиган ўғил чиқиб келади. Назоратчи унга “Тўлов дафтарчаларини олиб чиқинг-чи” деса, ўғил жавоб қайтаради:

– Бизда қарз йўқ. Дадам барча коммунал тўловларни нафақаларидан “чика-чик” тўлаб юрадилар. Ҳозир бозорга кетганлар… Дафтарча ўзларида туради…

Уялмай-нетмай, “бозорга кетганлар”, дейди!

– Отангни бозорга жўнатиб қўйиб, ўзинг айиқдай ағанаб ётибсанми, беномус?! – дейдиган мард йўқ.

“Ота дегани – султон дегани”, дейсан-а тағин… Мана сенга султон, мана сенга боғбон, мана сенга посбон! Ҳеч замонда бозордан картошка-пиёз кўтариб келаётган султонни кўрганмисан? Гап гапирсанг, ўйлаб гапир…

Ҳакимжон СОДИҚОВ

2018 йил 9 феврал сонидан олинди

1+