ИТНИ ОДАМ ТИШЛАСА…

Матбуот аҳли одамни ит тишласа, оддий ҳодиса деб эътибор бермайди, лекин итни одам тишласа, шов-шувли мавзу топилганлигидан қувониб кетади.

Ўша куни мамлакатнинг энг мўътабар рўзномаси таҳририятига зоти номаълум ит кириб келди. Мўътабар рўзноманинг қутлуғ даргоҳида итни кўришга кўникмаган ходимлар уни бу ердан ҳайдаб чиқариш учун ўриндиқларидан сапчиб тура бошлашди. Ит бу ердан тепки еб, кўчага улоқтирилишини англаб, ўнг оёғини чап кўксига босиб, ҳайдашга чоғланганларга мурожаат тарзида:

– Жаноблар, жаноблар! Мени бу ердан қувишдан аввал, бир оғиз гап айтишимга имкон беришингизни сўрайман! ­ – деди.

Шу пайтгача одамдай гапирган итни кўрмаган ходимлар унга қандай муносабатда бўлишларини билмай, саросимада тўхтаб қолишди. Эҳтиёткор ходимлардан бири, ҳар эҳтимолга қарши, ундан нима демоқчилигини сўради.

– Гапимни бош муҳаррирга айтаман, – деди ит.

– Бош муҳаррир йиғилишда, ­ – дейишди ходимлар.

– Унда рўзнома эгасини кўрсам бўладими?

– Рўзнома эгаси ҳам йиғилишда.

– Масъул ходимларнинг бирортаси билан учрашсам бўладими?

– Масъул ходимлар ҳам йиғилишда, рўзноманинг бугунги сонини муҳокама қилишмоқда.

Ит уни ҳозироқ йиғилиш бўлаётган хонага киритишларини талаб қила бошлади. Ҳалиги савол берган эҳтиёткор ходим йиғилиш бўлаётган хона эшигидан ичкарига бош суқиб, стол тўрида ўтирган рўзнома эгасига мурожаат қилди:

– Бей афандим, сиз билан бир… ит учрашишни талаб қилиб, кетмаяпти…

Рўзнома эгаси қошларини чимириб:

– Яна қанақа ит?! ¾ деди ижирғаниб.

– Зотини билмадим… Бўйинбоғига қараганда, дайди ит эмас…

Ходимнинг гапига рўзнома эгасидан бошқа ҳамма кулиб юборди.

– Кўриб турибсан, йиғилиш бўляпти, – деди рўзнома эгаси вазминликни йўқотмасдан.

– Буни айтдик, лекин у, “айтадиган гапим жуда муҳим” деб, ҳайдасак ҳам кетмаяпти.

– Майли, гапи муҳим бўлса, кирсин!

Ходим эшикни каттароқ очиб, итни ичкарига киритди.

– Безовта қилганим учун узр сўрайман, – деди ит ичкарига кириши билан. – Пайсалга солиб бўлмайдиган зарур гапим бўлганидан, тихирлик қилиб бўлса-да, ҳузурингизга киришга мажбур бўлдим.

Машварат аҳли кўпни кўрган журналистлар бўлгани учун, итнинг одамдай гапиришидан ажабланмай, қулоқларини динг қилишди.

– Ишқилиб, зарур гапингни бошқа рўзномаларга айтмадингми? – сўради бош муҳаррир.

– Йўқ, уйдан чиқибоқ, тўғри шу ерга келдим.

– Бу ерга келиш фикри қаёқдан чиқди? – сўради рўзнома эгаси.

– Эгам фақат сизнинг рўзномангизни ўқийди, шунинг учун сизларни яхши биламан.

– Нима зарур гапинг бор эди? – қизиқиб сўради бош муҳаррир.

– Мени одам тишлаб олди, – деди ит йиғламсираб.

Итнинг бу гапига машварат аҳли ва ҳатто рўзнома эгаси ҳам кулиб юборди.

– Одамдай гапирганинг етмагандек, мухбирларга нимани гапиришни ҳам билар экансан! – деди бош муҳаррир кулгидан ёшланган кўзларини рўмолчасига артар экан.

– Итча чин сўзим! – деди ит, сўнг орқасини ўгириб, йиғилиш аҳлига чап сонидаги тиш изларини намойиш қилди.

– Буни азалдан яхши биламиз, – деди бош муҳаррир.

– Нимани биласиз? – деди ит ажабланиб.

– Матбуотчилар учун одамни ит эмас, итни одам тишлаши қизиқлигини биламиз. Мени одам тишлади десам, рўзноманинг биринчи саҳифасига суратимни босиб чиқаришади, деб ўйлагансан! Бизни бу ёлғонингга ишонтиролмайсан, азизим…

Рўзнома эгаси машварат аҳли олдида итни “азизим” деганидан қулоғигача қизариб кетди. Бир неча лаҳза саросималикдан сўнг, яна ўзини қўлга олиб:

– Муштарийларини қадрлайдиган бирорта ҳам рўзнома бундай бўҳтон гапни эълон қилиб, ўзини обрўсизлантирмайди! Дарвоқе, пулини тўласанг, бу гапингни реклама ўрнида беришимиз мумкин.

– Бей афанди, сиз мени нотўғри тушундингиз, – деди ит куюниб. – Ростдан ҳам мени одам тишлади. Бу гапни мен машҳур бўлиш учун тўқимадим.

– Хўп, майли, сени одам тишлади ҳам дейлик… Биздан нима истайсан?

– Мени тишлаган одам қутурган бўлиши мумкин. Агар у бошқа итларниям тишласа, нима бўлади? Рўзномангизда хабар берилса, тишлаган одам эмланиб, фалокатнинг олдини олиш мумкин бўларди.

– Сени тишлаган одамни қаердан топишади?

– У менинг эгам…

– Ўз эганг сени тишладими?!

– Ҳа, афандим.

– Ана холос! Наҳотки шу гапинг рост бўлса?!

– Мен бор гапни айтяман. Буни текшириб кўришингиз мумкин.

– Эгангни қонига ташна қилгандирсанки, тишлагандир!

– У фақат менимас, хотинини ҳам тишлади.

Рўзнома эгаси ўтирганларга мурожаат қилди:

– Эрнинг ўз хотинини тишлашга ҳаққи бор, тўғрими, биродарлар?

– Жуда тўғри айтдингиз, бей афандим, – деди бош муҳаррир. – Эр-хотинларнинг ўртасида тишлашга мажбур қилувчи ҳолатлар рўй бериб туради. Айтмоқчи, эганг хотинини хобхонада тишладими?

– Йўқ, – деди ит. – Хотини ҳожатхонадан чиқаётганида тишлади.

– Жаҳл – вақт ва макон танламайди! – деди рўзнома эгаси.

– Лекин у хотинига қутургандай ташланиб тишлади, – гапида туриб олди ит.

– Эркак зоти жазавага тушганида, қутургандан баттар бўлади! Сен бу нарсаларни тушунмайсан!

– Тишлаганида оғзидан сўлак оқди-да…

– Одам гўштни тишлаганида, қутурмаган бўлса ҳам, оғзидан сўлак ажралади, – гапга аралашди бош муҳаррир.

– Йўқ, жаноблар, бундай бўҳтонни рўзномада босиб бўлмайди, вассалом! – шундай деб рўзнома эгаси муҳокамага нуқта қўйди.

– Билиб турибман, – деди алам билан ит. – Сизлар одам итни тишлаганига ишонмайсиз…

– Ишонмаймиз! – деди бош муҳаррир. – Одам итни тишлаши мумкин эмас!

– Агар одам қутурса, ит у ёқда турсин, филниям тишлайди! – деди ит.

– Қутуриб қолишдан қўрқяпсанми?

– Мен ўзим учун қўрқмаяпман, бошқа итларнинг бошига тушиши мумкин бўлган фалокатдан қўрқяпман. Бошқалар ҳам худди сизлардай, қутурган одамнинг итни тишлашига ишонишмаса, “ҳамма нарсани биламиз, нима қилишни ўзимиз ҳал қиламиз” дейишса, итларнинг ҳоли нима кечади? Ҳар сафаргидай, қутуришга қарши кураш бошланса, бегуноҳ итлар қирилиб кетади-ку…

Ит қанчалик куюнмасин, ишонтиришга қанчалик уринмасин, рўзнома эгаси унинг гапларини эълон қилишни истамади. Бечора итни олдиларига солиб, бинодан қувиб чиқаришди.

Гапирадиган ит шаҳардаги бошқа рўзнома-ю ҳафтанома, ойномаларга бир-бир кириб чиқди, лекин у ердагиларнинг бирортаси ҳам унинг илтижоларига инсоний муносабатда бўлишмади.

Ит матбуотчиларни гапига ишонтиролмагач, жондошларининг ҳаётини асраб қолиш умидида, радио бош директорининг ҳузурига борди. Лекин бош директор ҳам ёрдам беришдан бош тортиб:

– Агар шу гапни радиодан гапиришни жуда истаётган бўлсанг, марҳамат, пулини тўлаб қўй, реклама ва эълонлар рукнида берворамиз, – деди.

– Наҳотки тингловчилар рекламага ишонишса? – деди ит ажабланиб.

– Ишонишмайди, лекин улар бу гапни ҳазил деб ўйлашади. Ҳазил эса тингловчиларимизга хуш ёқади.

– Пулни қаердан оламан? – деди ит йиғламсираб. – Агар пулим бўлганида ит кунида яшамасдан, одам бўлиб кетардим. Сизда пул бор – одамсиз, менда пул йўқ – итман, орамиздаги фарқ мана шу!..

Телевидение директори ҳам одам итни тишлашига ишонмади.

– Бундай бўлиши мумкин эмас, бўлмаган гап! – деди у чўрт кесиб.

– Сиз одамлар бир пайтлар мутлоқ ҳақиқат деб қабул қилинган ақидалардан шубҳаланишни қачон ўрганасиз?! – деди ит алам билан. – Нега сизлар ҳақиқат мезонлари ўзгариб туришини тан олгингиз келмайди?!

– Нега энди биз ҳақиқатлиги исботланган тушунчаларни қайтадан текшириб кўриш учун вақт ва маблағ сарфлашимиз керак экан?! Сен ўзингни одамлардан кўра донороқ ҳисоблайсан шекилли? – директор кутилмаганда жазавага тушиб, столни муштлаб, оғзидан кўпик сачратиб бақирди. – Бургаларингни юқтирмасдан кўзимдан йўқол, кўппак!

Чорасиз қолган ит ярим кечаси эгасининг уйига қайтганида, мавзеда қутурганлар кўпайиб, одамларни эмлаш, итларни қириш бошланган эди. Ит эгаси хотини билан оғир аҳволда касалхонага олиб кетилибди. Кўппак ўзини ҳам отиб кетмасларидан уйдан чиқиб, боши оққан томонга кета бошлади.

Ит йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб бир муҳташам бино ёнига етиб келди. Бу бинода кекса аллома севимли ити билан яшарди. Бутун умр аллома билан ёнма-ён яшаган ит ўта зийрак бўлиб, ўзга итлар орасида “Донишманд” деган лақаб олган эди.

Деразадан ташқарига тикилиб ўтирган ана ўша Донишманд уй ёнидан ўтиб кетаётган бизнинг қаҳрамонга – гапирадиган итга кўзи тушиб қолди. Улар аввалдан таниш эдилар.

– Бунча ошиқиб қаёққа кетяпсан? – сўради Донишманд.

– Ўзга юртга кетмоқдаман, – ҳансираб жавоб қилди гапирувчи ит.

– Нега? Бу ерни ёмон кўрасанми?

– Ким туғилган ерини ёмон кўрарди?! Ватанимни яхши кўраман, лекин нодонлар қўлида ўлиб кетишни ҳам истамайман. Бу ерда қолсам, “қутурган” деб отиб ташлашади…

– Бўлмаса, бу можаролар тинчигунича бизнинг уйда жон сақлаб турақол.

– Бўлмайди. Мен ўлимдан қочмаяпман.

– Нимадан қочяпсан?

– Бу юртдагилар “Ҳамма нарсани биламиз, ҳамма нарсадан хабардормиз”, дейишади…

– Бу – ҳеч нарса билмасликнинг аломати, – деди ўйчанлик билан Донишманд. – Хўш, қай юртдан бошпана топмоқчисан?

– Мен ҳамма нарсани билишга даъвогар бўлмаган, билмаслигини биладиган одамлар яшайдиган мамлакатни топсам дейман.

– Яхши фикр, – деди Донишманд. – Қани, юр, эгамнинг кутубхонасига кириб, жўғрофий хариталар ва қомуслардан ўшандай мамлакат қаердалигини топамиз.

Икковлон кутубхонага кириб, жўғрофий хариталар-у, қомусларни варақлаб, фалсафий китобларни ўқиб-ўрганиб, ер юзидаги ҳамма одамлар ўзларини бирдек билағон санашларига иқрор бўлишди.

– Демак, Ер юзида биз ахтарган мамлакат йўқ, – деди ўйчанлик билан Донишманд.

– Унда нима қиламиз? – деди қайғуга ботган гапирувчи ит.

– Ўлсак – гўримиз бир, тирик бўлсак – йўлимиз бир бўлиши учун жондош итлар олдига борамиз! – деди Донишманд. – Худо ярлақаб, омон қолсак, одамлар “мен ҳамма нарсани биламан” демайдиган, ҳамма ҳақиқатни билишга даъвогар бўлмайдиган ёруғ кунларни кутиб яшаймиз!..

Иккала ит бўйинбоғларидан халос бўлиб, жондош итлар қисматига шерик бўлиш учун шаҳар томонга чопиб кетишди.

Азиз НЕСИН,

турк адиби.

Меҳмон ИСЛОМҚУЛ ўғли тайёрлади

2018 йил 9 апрел сонидан олинди

1+