ИНСОН ЎЗИНИНГ ТАБИБИДИР

Баъзи одамлар касал бўлиб қолсалар, бошқаларни безовта қилишни истамайдилар, оҳ-воҳсиз, жимгина дард тортишни афзал биладилар. Баъзилар эса аксинча, касал бўлганларида яқинларининг эътиборига, меҳрига кучли эҳтиёж сезадилар. Айримларга эса на ёлғизлик ва на бошқаларнинг эътибори ёқади. Улар касаллик даврини инжиқлик билан ўтказадилар, дори-дармонлар қабул қилишдан ҳам бош тортадилар…

КАСАЛ ОДАМНИНГ «СПЕКТАКЛИ»

Ҳакимлик фаолиятимда шундай воқеа юз берганди: ҳузуримга никоҳлари бузилай деб турган эр-хотинлар келишди. Вазиятнинг нега бундай ҳолга келганлиги сабабини уларга тушунтиришим керак эди. Сабаб шунда эдики, эри касал бўлганда, хотинининг эътиборига ҳар доимгидан кучлироқ эҳтиёж сезар экан. Аёл эса бетоб одамни безовта қилавериш тўғри эмас деб ҳисоблайди. Эрга худди хотини унга ачинмаётгандай, ҳамдард бўлмаётгандай туюларкан. Мен бу руҳий ҳолатни тушуниб, хотинга фақатгина эрининг уйида қўлланилган хулқ-атвор моделини (отаси, онаси, опаси у касал бўлганда бошида парвона бўлиб юришган) қўлланилгандагина ҳаммаси жой-жойига тушади, дедим. Ана шунда бу одам “менинг жонкуярим йўқ, ёлғизман”, деган фикрлардан халос бўлади, “хотиним менинг нохушлигимда бирга қайғурар экан”, дея анча енгил тортади.

Касал инсонда ўзига руҳан енгиллик берувчи инсонлар билан мулоқот қилишга мойиллик бўлади. Дори-дармондан ҳам кўра, уларнинг ҳиссиётли таъсиридан кўпроқ таъсирланади ва шунинг баробарида бемор кишида ўзини ва ўзгаларни баҳолашга имконият туғилади.

Агар касал одамга «спектакл» керак бўлса, туғишганлар, яқин инсонлар бу «спектакл»да иштирок этишга мажбурлар. Агарда инсон касали билан яккама-якка курашишни истаса-ю, уни енгиб чиқса – у қаҳрамонларча тарбия топган бўлади.

Гоҳида инсон маълум бир муддат ёлғиз қолишни истаб қолади. Масалан, соғлом эркакка бир кунда 2-3 соат танҳо бўлиш зарур. Аёллар тўғрисида бир нарса дея олмайман. Чунки улар эркакларга нисбатан 17 марта сўзамолроқ ва мураккаброқдирлар.

Мутахассис сифатида мен касал одам билан гўзал ҳаёт ҳақида суҳбат қуришни тавсия қиламан. «Қачон сиз тузалганингизда…», «Биз сизни жуда-жуда яхши кўрамиз…», «Албатта тузалиб кетасиз. Биз доим ёнингиздамиз…» каби ёқимли сўзлар унинг кўнглига «очқич» вазифасини ўтайди.

Кўпчилигимизда «касал бўлишга вақт йўқ». Одамлар юқори нафас йўллари шамоллаши ва бошқа касалликлар билан ҳам ишга борадилар. Хўш, улар ўзларини ва атрофдагиларни авайлашни қандай ўрганишлари керак?

Касал бўлишга вақт йўқ дейиш – бу яхши. Аммо касалликка тупурдим, майли, ўлсам ўламан, дейиш – бу жуда ёмон. Касал одамнинг жамоат транспортида кетатуриб, атрофдагиларга йўталиши – бу унинг атрофдагиларга тупуриши билан баробар. Ҳар биримиз ўз хатти-ҳаракатларимиз ва фикр-мулоҳазаларимизга ўзга кўзи билан қарашимиз лозим.

ХАСТАЛИКДАН ҲАМ ХАВФЛИ ДОРИЛАР

Агар бемор дори-дармон қабул қилишдан бош тортса, нима қилиш керак? Агар у, мисол учун, қон босимининг зўрайиши билан оғриган бўлса, ҳаким дорилар мажмуасини тавсия қилиш билан бирга, бу дорилар унинг яхши ҳаёт кечириши ва узоқ умр кўришига ижобий таъсир қилишини асосли тушунтириши керак.

Айрим одамлар қўшимча таъсири ва асоратидан қўрқиб, буюрилган дори-дармонларни қабул қилмайдилар. Шу ўринда савол туғилади: одамларга дориларни қабул қилиш зарурлиги тўғрисида қанчалик уқтириш керак? Асосий муаммо шундаки, биз жуда кўп хил дориларни бир вақтнинг ўзида тавсия қиламиз.

Антибиотик ва бошқа кимёвий дориларга қизиқиш ҳозирги замон тиббиётида жиддий буҳронларни келтириб чиқармоқда. Одамнинг мураккаб вужудига қандай таъсир қилишини билмасдан, руҳий ҳолатида қандай ўзгариш ясашини англамасдан туриб, кўп миқдордаги дориларни буюриш вужудда аслига қайтариб бўлмайдиган жараёнларни пайдо қилиши мумкин.

Психиатрияда дунё андозаси мавжуд: беморга бир вақтнинг ўзида учтадан ортиқ дорини тавсия қилиб бўлмайди! Чунки вужудда уларнинг бир-бирига таъсири олдиндан айтиб бўлмас оқибатларга олиб келади.

Сунъий дорилар ҳақида табиблар: «Айрим дорилар хасталикнинг ўзидан ҳам хавфли бўлади», деган фикрдалар. Замонавий тиббиёт илми ҳам сунъий дори-дармонларни иложи борича камроқ қўллашни тавсия қилади. Чунки оғриқни қолдириш учун ичиладиган дорилар оғриқни босади, аммо жигарга зарар беради. Антибиотиклар эса ичак табиатини бузади, иммунитет тизимининг энг нозик тузилмаларини ишдан чиқаради. Ҳозир қайси ҳаким қабулида бўлсангиз: «Сиз болалик вақтингизда қайси дориларни ичгансиз, нима билан даволангансиз?» деб сўрашади. Антибиотиклар кўп қўлланилган бўлса, ҳакимлар хавотирга тушиб қоладилар.

Маълумки, дорилар зарур бўлган тўқималарга қон ва лимфатик тизимлар ёрдамида етиб боради. Аммо у жойга етиб боргунча, улар соппа-соғ аъзоларга салбий таъсир қилиб улгуради. Дори-дармонлар касалланган аъзо ёки тўқимага етиб бориб, у ерда етарли миқдорда тўплангунига қадар кўпдан-кўп тўсиқларни енгиб ўтиши лозим. Шунингдек, ҳужайралар ва оқсиллар дорини ушлаб қолиб, уни тўқималарга ўтказмайди. Дори вужудга ёт бўлган моддаларни бузадиган махсус ферментлар қаршилигини ҳам енгиши керак бўлади. Баъзан бундай кураш натижасида дориларнинг кучи бутунлай қирқилади. Бемор доридан наф кўрмайди.

Тиббиётда кўп ишлатиладиган ва энг зўр деб ҳисобланадиган ҳар қандай дори ҳам бир аъзонинг ишини яхшилар экан, бир вақтнинг ўзида бошқа бир аъзонинг фаолиятини бузади. Афсуски, вужудга касаллик ҳар қандай доридан кўра тезроқ таъсир қилади.

ВУЖУДИМИЗ ДОРИ ИШЛАБ ЧИҚАРАДИ

Вужуднинг ичида одамни тинчлантирувчи, оғриқни босувчи, эйфория ҳолатига жавоб берувчи айрим моддалар ишлаб чиқарилади. Табиатда мавжуд бўлган, тиббиётда ишлатиладиган дори-дармонларнинг хусусиятлари, таъсири ва ниҳоят, одам вужудига шифо бериш баробарида келиб чиқадиган оқибатлари ҳамон охиригача аниқланмаган экан, одамзотнинг энг ишончли нажот манбаи – бу ўз вужудини, руҳиятини ўзи бошқариб, ўз-ўзини даволашга ўргатиш бўлиб қолаверади.

Қадимги ҳинд ва Тибет мамлакатларида дардга чалинган табибни тириклай ёқиб юборишган. «Ўз-ўзини даволай билмаган, ўз вужудига эгалик қила олмаган табиб бошқаларни даволай олмайди», деб шундай қилишган экан. Демак, ўз танасини, вужудини ва руҳиятини ўзи бошқара олиш шартлигини қадимги одамлар яхши тушунишган экан.

Онгнинг танага таъсир ўтказиш қудрати ҳақида эшитмаган одам йўқ ҳисоби. Бу соҳада Тибет ламалари олдига тушадигани кам. Аммо онг орқали ўз вужудига, танасига таъсир ўтказишни жуда-жуда истаган одам ўз ҳаракатлари ва интилишлари орқали ниятига етиши мумкин. Оғир касалликка чалинган беморларнинг тузалиб кетишларига бўлган ишончлари туфайли ҳақиқатдан ҳам дарддан халос бўлиб, бутунлай шифо топганликлари тўғрисидаги мисоллар беҳисобдир. Ҳатто ҳакимлар бутунлай умид узиб қўйишганда, бемор батамом тузалиб кетган ҳоллар ҳам бўлган. Аксинча, энг оддий ва хавфсиз ҳисобланган касалликлар туфайли оламдан ўтадиган инсонлар ҳам учрайди.

Муолажа жараёнида ҳал қилувчи ўринни беморнинг ўзи эгаллайди. Табиатан қувноқ, ҳаракатчан бўлган, ҳар бир кўнгилсизлик ва бахтсизликка сабр қиладиган одамларда ҳар қандай хасталик жуда тез ўтиб кетади. Арзимаган нарсадан ваҳимага тушадиган, сал мазаси қочса, умри тугагандек дод-фарёд қиладиган инсонларда дард ҳам жуда узоқ ва оғир кечади.

Дунёда энг зўр ғалаба – одамзотнинг ўз-ўзини енга олиши, ўзини ўзи бошқара билишидир.

Абдукарим УСМОНХЎЖАЕВ

2018 йил 9 феврал сонидан олинди

2+