ХИВА ХОНЛИГИ ДАВРИДА ДОРИХОНАЛАР, КОСМЕТОЛОГИЯ ВА ҲАКИМ-САРТАРОШЛАР

Ҳозирги  даврда  замон   тараққиёти  сабаб,  нафақат  шаҳарларимизда, балки  олис  қишлоқларда  ҳам  замонавий  дорихоналар мавжуд. Хўш, ўтмишда – хонликлар  даврида  дорихоналар  бўлганми  ва  улар  қандай  фаолият  юритган?   

Шарқ бозорларидаги каби Хива  хонлиги   давридаги  бозорларда «чарчи»  дўконлари мавжуд бўлиб, улар шифохона ва дорихона вазифасини ўтаган. Генерал М.Н.Галкин ва В.Гиршфеълднинг 1902 йилда Тошкентда чоп қилинган «Военно-статическое описание Хивинского оазиса» китобидаги маълумотларга кўра, табиблар даволаш билан асосан бозорларда шуғулланишган. Ҳар бир табибнинг бозорда махсус дўкони бўлиб, бу дўконларда турли хасталикларга даво  бўладиган  дори-дармонлар  сотилган. Табиблар беморни шу ернинг ўзида қабул қилиб, ташхис қўйишган, даволашган. Табибларга  қарашли дўконларда ҳар хил доривор гиёҳлар, малҳамлар, шифобахш тузлар ва ҳатто ҳашаротларга ва кемирувчиларга қарши қўлланадиган дорилар ҳам сотилган.

Генерал  Галкин  ўз китобида бундай дўкончаларни «мослаштирилган дорихоналар» деб  атайди. Халқ эса  бунақа дўконларни «чарчи саройи» деб атарди. Бу дўконлар ёпиқ усулда қурилган савдо расталари – тимларда жойлашган бўлиб, Хива  бозорларидаги  ана  шундай  энг  катта  ва қулай маскан Оллоқулихон тими ҳисобланган.

ЮНЕСКО қошидаги  Халқаро  Ахборот   академияси   академиги, Ўрта Осиё халқ табобати бўйича дунёга машҳур олим, тиббиёт фанлари доктори, профессор Худоёр Оллоёровнинг айтишича, «чарчи» дўконларида Хоразмнинг ўзида ўстирилиб етиштирилган юзга яқин турдаги шифобахш гиёҳ ва ўсимликлар сотилган.

У вақтларда бозорлардаги сартарошхоналар ҳам ўзига хос шифо маскани ҳисобланарди. Сартарошлар соч-соқолни тарошлаш билангина чекланиб қолмай, мижозларни уқалашган («массаж»), сариқ  хасталигини  даволаш  учун  қулоқ  орқасидан  қон олишган, лозим бўлиб қолганда оғриқ тишларни суғуришган.

Булардан ташқари, бозорларда синиқчи табибларнинг ҳам ўз дўконлари бўлиб, синиқчилар даво истаб келган беморга шу ернинг ўзида сифатли ёрдам кўрсатганлар: танадаги яра-чақаларга малҳамдорилар сурилган, чиққан суяк бўғинлари жойига солиб қўйилган, синган  суяклар олдинги ҳолича мослаштирилиб, қамиш новдаларидан  ясалган махсус  «гипс» билан боғланган.

Хуллас, табибларнинг бозорлардаги «чарчи» дўконлари ҳам шифохона, ҳам дорихона вазифасини ўтаган.

«Чарчи» дўконлари фақатгина Хивада эмас, ҳар бир бекликдаги бозорларда ҳам бўлган.

Ўша вақтларда Хоразмда косметология ҳам яхши ривожланган эди. Косметологни одамлар «машшоти» дер эдилар. Хоразм косметологиясининг худди тиббиётдаги каби, касалликларнинг олдини  олиш, даволаш ва жарроҳлик бўлимлари мавжуд эди.  Машшотилар ўз фаолиятлари давомида шифобахш ўсимликлар, гиёҳлар, ҳайвон ёғлари ва турли минераллардан фойдаланишган. Улар соч бўяш бўйича алоҳида тажрибага эга эдилар. Соч бўяш учун фақат табиий воситалардан фойдаланилар, сочни одамларнинг рангу-рўйидан ташқари соғлигини ҳам ҳисобга олган ҳолда бўяшар эди. Машшотилар тажриба  сифатида  бошнинг  орқа  қисмидаги сочдан беш-олти толани  қийиб, бўяб кўришар, ҳосил бўлган ранг мижозга ёқса, сочнинг тамоми бўялар эди. Хоразмда соч бўяшнинг йигирмага яқин усули кенг қўлланилган.

Бундан ташқари, аёл машшотилар аёллар танасини, юз терисини парваришловчи, қош-кўзларга, сочларга янада ўзгача чирой бахш этувчи усуллардан ҳам кенг фойдаланишган.

Умид БЕКМУҲАММАД тайёрлади

2018 йил 2 феврал сонидан олинди

1+