ХАЛОСКОР МЕҲР

Бундан чорак аср муқаддам АҚШнинг Мэриленд штати университетининг социология факультети профессорларидан бири битирувчи талабаларни ижтимоий тадқиқот учун Балтимор шаҳрининг чекка ҳудудларидан бирида жойлашган қишлоққа юборади. Бўлажак социологлар у ерда яшаётган икки юз нафарга яқин ўқувчиларнинг яшаш шароитлари, ўқиш салоҳиятларини ўрганиб чиқиб, ҳар бир боланинг келажакда қандай муваффақиятларга эришиши мумкинлиги ҳақида тахминий хулосалар ёзишлари керак эди. Бир неча ҳафта давом этган тадқиқот сўнгида барча талабалар деярли бир хил хулосага келишган: «Бу болалар келажакда ҳеч ким бўла олишмайди!»

Орадан йигирма беш йил ўтгач, ўша талабалардан бири – эндиликда шу университетнинг профессорларидан бўлган Бретт Гогун ўша тадқиқот хулосаси ҳақиқатга қанчалик яқин бўлганини аниқлаш мақсадида ўз талабаларидан бир гуруҳини Балтиморга юборди. Тадқиқот хулосаларидан яхши хабардор бўлган талабалар у ердан ҳайрону лол ҳолда қайтишди. Аниқланишича, қишлоқдаги икки юз нафар боладан йигирма нафари вафот этган, қолган бир юз саксон нафар боланинг бир юз етмиш олтитаси муваффақиятли натижалар билан машҳур адвокат, олий тоифали шифокор, ўқитувчи, бой ферма эгаси, ҳатто айримлари мамлакатга таниқли ишбилармон бўлиб етишган эдилар.

«Келажакда ҳеч ким бўла олишмайди» дея хулоса чиқарилган авлоднинг бу қадар катта муваффақиятларидан таъсирланган профессор эндиликда сўлим шаҳарчага айланган ўша қишлоққа бориб, у ердагилар билан суҳбатлашиб, бу муваффақиятлар сабабларини аниқлашга қарор қилди. Профессорнинг саволларига шаҳарчадаги катта ёшли аҳолининг жавоби бир хил бўлди:

– У болаларнинг бу қадар катта муваффақиятларга эришишларида ўша вақтдаги мактабнинг фидойи бир муаллимаси катта ҳисса қўшган…

Профессор у ўқитувчи аёлнинг кимлигига жуда қизиқиб қолди. Тарбияси инсон тақдирини тубдан ўзгартира оладиган УСТОЗ зиёратига боришга қарор қилди. Профессорни юзларини чуқур ажин босган, аммо кўзларида самимият, қатъият ва меҳр чақнаб турган, етмиш ёшлар атрофидаги аёл кутиб олди. Суҳбат қизиқарли ва самимий кечди. Профессорнинг «Ўқувчиларингизнинг бу даражага етишлари учун қандай усуллар қўллагансиз?» деган саволига муаллима оддийгина қилиб:

– Мен уларни чин дилдан яхши кўрганман, – деди…

Инглиз тилидан Фарангис ИСОМИДДИН таржимаси     

2018 йил 3 март сонидан олинди  

2+