АЁЛНИНГ ХЎЖАЙИНИ

Аёл киши кимга итоат этишни истайди? Хўжайинга… Лекин ўз тушунчасидаги «хўжайин»га!

«Менинг хўжайиним», деган гап аёл кишига қанчалик ярашса, эркак кишига оилада ўзини хўжайиндек тутиш, ҳис қилиш шунчалик ярашмайди. Чунки, оилада эркак киши хўжайин бўлиши керак, деган гап – бу гапнинг «қиз боласи».

Энди гапнинг «ўғил боласи»ни гаплашайлик.

Оилада хўжайин бўлишга интиладиган ва буни ҳар қадамида намойиш этадиган эркакнинг ўз оиласида айтгани-айтган, дегани-деган: у буйруқ беради, ундан ҳайиқиб туришади, «қўл остидагилар»нинг хоҳиш-истаги уни деярли қизиқтирмайди, унга итоат этишади, кўнглини олишга эмас, жаҳлини чиқармасликка ва ҳурматини жойига қўйишга ҳаракат қилишади, лекин уни яхши кўришлари қийин! Бундай эрни аёл киши «менинг хўжайиним» деб аташи ва унга ҳақиқатан ҳам ўзи ҳузур қилиб, самимий итоат этиши ҳам қийин, чунки у эркак оилага эмас, шахсан унга хўжайин бўлишини истайди. Нимага деганда, эркак ўз хотинига хўжайин бўлсагина, хотини оилага хўжайинчилик қила олади, акс ҳолда хотиннинг шунчаки уй хизматкоридан фарқи қолмайди. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир аёл учун эркакнинг оилада хўжайин эмас, бош бўлгани муҳим. Бош асосан қандай вазифани бажаради? Топдингиз: ўйлайди! Бош ўйламаса, нима бўлади? Тана чарчайди. Чунки бош ишламаса, танага зўр келади.

Аёл эркак тимсолида ўзига ҳимоячини ахтаради. Ҳақиқий ҳимоячи қандай бўлишини эса сиз жуда яхши биласиз (ҳеч бўлмаганда, ҳинд кинофильмларидан):

-кучли;

-ўзига ишонган;

-бир сўзли;

-ақлли;

-мард;

-ҳар қандай масала бўйича тўғри қарор қабул қила оладиган;

-эркакка хос энг муҳим хусусиятга эга, яъни масъулиятли!

Аёл айнан ана шундай эркакка бўйсунишни, унинг қарорига итоат этишни истайди. Лекин кўр-кўрона эмас, онгли равишда. Аслида эркаклар учун ҳам (уларни авф этинг, табиати шунақа), ҳар қандай гапга «лаббай», «хўп бўлади» дейверадиган аёлда жозиба йўқ.

***

Шер билан Ҳўкиз чойхонада ўтиришса, Шернинг қўл телефони жиринглаб қолибди. У телефонни қулоғига тутиб:

-Лаббай, жонгинам… Хўп… Хўп бўлади-да. Узоғи билан ўн дақиқадан кейин уйда бўламан, – дебди.

-Қизиқ, – деб кулибди Ҳўкиз.

-Нимаси қизиқ?

-Кимсан Шер бўлсангиз-у, хотинингизнинг бир оғиз гапи билан уйга чопсангиз!.. Мен Ҳўкиз бўлсам ҳам, хотиндан қўрқадиганлардан эмасман…

Шер ўрнидан тураётиб:

-Бунга қўрқувнинг дахли йўқ. Сени кутса, Мол кутади. Мени эса Шер кутади… Шер! – деган экан…

***

Аёл ўз оиласида «шер» бўлиши, тўғрироғи Шернинг хотинидай яшаши учун эри билан шердек олишиши шарт эмас. Оқила аёл ҳар қандай олишув ўзига зиён етказишини яхши билади. Аёл бошлаган «уруш» ўзининг мағлубияти билан тугаши муқаррар, нимага деганда, «қўлга қурол олиш»нинг ўзи аёллик табиатига зиддир. Аёл ғалабага ҳамиша уриш-жанжалсиз эришади, унинг ҳақиқий кучи ожизлигида, юмшоқлигида, меҳрибонлигида.

Юмшоқ ҳамиша қаттиқдан устун туради. Қаттиқ дарахтни синдира оладиган кучли шамол эгилувчан, юмшоқ дарахтга зиён етказа олмайди. Бу – фалсафа! Истасангиз, аниқ фанларга мурожаат қилинг. Масалан, инсониятнинг механика соҳасидаги энг катта кашфиёти – бу ғилдирак, математикада эса – ноль. Ҳар қандай рақамдан кейин турган ноль уни ўн баробар кўпайтиради, рақамдан олдин турса – ўн баробар камайтиради.

Аёл ҳам оилавий муносабатларда ўз эрига нисбатан эгаллаб олган ўрнига қараб, унга худди шундай таъсир қилади.

НОТИНЧЛИК КАФОЛАТИ

Аёлнинг юраги кўрсата оладиган йўлларни эркак ақли билан тасаввур ҳам қилолмайди, чунки аёл киши ҳар қандай вазиятда тўғри йўлни ҳис қилишни билади. Аслида ҳеч бир аёл эрига ақл ўргатишни истамайди. Сизни айнан у айтгандай қилишингизнинг унга кераги ҳам йўқ. У бор-йўғи сизга ўз фикрини, ўз туйғуларини, ҳаяжонларини етказишни ва улар сизнинг қулоғингизга кирганини ҳамда сиз уни эътиборсиз қолдирмаганингизни кўришни истайди, холос. Шу билан сиз уни ардоқлашга муносиб инсон сифатида тан олишингизга ишонч ҳосил қилади.

Хотинингиз сизга ҳадеб ақл ўргатаверишини истасангиз, уни ҳар бир айтган гапи учун жеркиб беринг ёки эътибор берманг – шунинг ўзиёқ умрингизнинг охиригача қулоғингиз тинчимаслигининг, нотинчлигингизнинг кафолати («гарантияси») бўлади.

Эркакларга оғир ботиши мумкин бўлган яна бир масала – пул масаласидир. Хотинингиз сиз топган пулларни тийинлаб тежаши мумкин, лекин бу пулни қанчалик қийинчилик билан топаётганингиз уни қизиқтирмайди, буни тушунтиришга уриниб ҳам кўрманг, барибир у тушунмайди. Чунки барча аёлларнинг қалби Сулаймон подшо хотинининг қалби билан бир хил. Иқтисодий аҳволингиз қандай бўлишидан қатъи назар, хотинингиз Сулаймоннинг хотинидай яшашни истайди ва… у бунга ҳақли!

ОНАНИ СИНАБ КЎРИШ…

Ҳар бир аёл ўзининг эрига нисбатан бўлган таъсир кучини яхши билади ва шунга қарамасдан, кўпинча, мутлақо онгсиз равишда, эри унга ўзининг эркаклик кучини, яъни мустақил қарор қабул қилишга қодир эканлигини намоён этишини жуда истайди. Нимага деганда, ҳар бир аёл фақат ақлли, муносиб, ҳақиқий эркакка бўйсунишни ва шундай одамнинг қаноти остида яшашни орзу қилади. Унинг онги ёки ақли эмас, айнан аёллик қалби бир нарсани аниқ билади: фақат шундай эркак уни ва болаларини ҳимоя қила олади. Айнан шундай эркакка у ўз ихтиёрини ишониб топширишга, бўйсунишга, итоат этишга тайёр.

Эри айнан шундай муносиб одам эканлигига амин бўлиш учун, аёл атайлаб эмас, мутлақо онгсиз равишда, эрини ўзига хос «имтиҳон»лардан ўтказиб туради. Бундай шахсий синовлардан муваффақиятли ўтган эркак аёлининг самимий, чуқур ҳурматини қозона олади. Гарчи, айрим ҳолларда хотин эрига ўз сўзини ўтказа олмаганидан хафа бўлиб, кўз ёши қилган тақдирда ҳам, эрининг қатъиятлилиги ва ўзига ишончи унга «ёқимли оғриқ» бахш этади.

Айтмоқчи, эр ҳам хотинини имтиҳон қиладими?

Эркакнинг уйланиши унинг ҳаётига тахминан йигирма фоизгина ўзгариш киритади, яъни сўққабошлигидаги одатий ҳаётининг айрим томонларигина ўзгаради, холос.

Аёлнинг турмушга чиқиши унинг одатий ҳаётини юз фоизга ўзгартиради, яъни у эрига ўзининг бутун ҳаётини тортиқ этади. Бу худди вояга етган катта дарахтни ўз ўрнидан кавлаб олиб, деярли бегона тупроққа бошқатдан экишдек гап. Бу дарахтни қанчалик авайлаб, парваришлаб турсангиз, у шунча тез янги ерга кўникиб, мослашиб кетади ҳамда гуллаб, сизга мева ва соя-салқин беради. Буни боғбонлар жуда яхши билишади ва уларнинг маслаҳати билан иш тутсангиз, меҳнатингиз зое кетмайди.

Лекин бир нарса юз фоизга аниқ, яъни сиз боғбондан маслаҳат сўраётганингизда ундан:

-Янги ерга эккандан кейин, шу дарахт яхши ўрнашганлигини билиш учун, унинг шохларига мен ёки яқинларим осилиб кўрсак ёки тепиб кўрсак бўладими? – деган саволни бермайсиз. Мабодо шундай деб сўрасангиз, боғбон сизга қайси шифокорга бориб учрашингиз кераклигини айтади…

Демак, хотинни имтиҳон қилиш фикри фақат заиф эркакнинг хаёлигагина келиши мумкин (заиф деганда, эркакнинг энг муҳим жойи – калласи назарда тутилди).

Халқимиз жуда доно, у ҳатто заиф эркаклар учун ҳам йўл-йўриқ белгилаб қўйибди (ахир улар ҳам одам-ку), масалан: «Хотинни ур, қаерга қочишини кузат…».

Гап қурсин, қаерга олиб қочмайди…

Ҳақиқий кучли эркакларга бу гаплар ортиқча. Чунки улар хотинни уриш ёки синаб кўриш – онани уриш ёки синаб кўриш билан тенг эканини яхши биладилар…

Шавкат РАЗЗОҚОВ

2018 йил 12 январ сонидан олинди

0