АСЛ ЮРТПАРВАР КИМ?

Милоддан аввалги 500-428 йилларда яшаб ўтган юнон файласуфи, клазоменлик Анаксагор жамоат ишларидан воз кечиб, бутун куч-қувватини табиатни ўрганишга бағишлаган. Шу сабабли унга кўпинча бу ишини қўйиб, халқ орасида нотиқлик қилиши зарурлигини, ўз мамлакати учун кўпроқ қайғурадиган донишмандлар шундай йўл тутишини уқтиришарди. Донишманд эса қилаётган ишларига қўли билан ишора қилиб:

-Мен ўз Ватаним ҳақида нотиқлардан кўра кўпроқ қайғураман! – деб жавоб қиларди…

Рус педагоги Сухомлинскийнинг шундай гапи бор:

«Ватанпарварлик – ўта номусли, назокатли, муқаддас туйғу. Муқаддас туйғуларни иложи борича эҳтиёт қилиш керак. Ватанга муҳаббат хусусида ҳам дуч келган жойда оғиз кўпиртиравериб, бу туйғунинг оҳорини ва обрўсини тўкманг. Яхшиси, Ватан фаровонлиги ва қудрати йўлида индамайгина меҳнат қилинг»…

Ҳар тонг ўз юмушимиз билан кўчага чиққанимизда, ярқиратиб супурилган, сувлар сепилган сўлим кўчалар, маҳаллалар баҳри-дилимизни очади. Тонг қоронғусида, ҳали кўпчилик уйқуда ётган маҳалда хонадонлардаги қизлар, келинчаклар кўчаларни супуриб-сидиришга тушадилар. Бундан малолланмайдилар, «Ифлосланса, менга нима, катта кўча-ку, шунинг учун ширин уйқумдан воз кечаманми», демайдилар. Кўчадан ўтадиганларнинг андишасини қиладилар. Ўзларига нон-туз берганларнинг, тарбия берганларнинг андишасини қиладилар. Маҳалла ҳам кичкина Ватан. Улар ўзларини шу Ватаннинг тозалиги учун масъул деб биладилар. Кўп юртларда учрамайдиган бу одатнинг ўзи энг чиройли миллатпарварлик, энг чиройли юртпарварлик!

Истанг тонг қоронғусида, истанг кеча қоронғусида иш, хизмат жойларини, кўчаларни сассизгина тозалаб юрадиган, топ-тоза жойларга бефаросатлик қилиб писта пўчоғи ташласангиз ҳам индамай келиб тозалаб қўядиган, баҳри дилларни очувчи орасталикни таъминлаб берувчи фаррошларнинг камсуқумлиги ортида катта элпарварлик, юртпарварлик мужассам, десам муболағага йўйманг. Улар ўз меҳнатлари билан айримларимизнинг катта кўчага ахлат улоқтиришдек бемаъни одатларимизни эл кўзидан яшириб, бизни хижолатдан, лаънатдан ҳам қутқарадилар. Мана шу кичиккўнгил, индамайгина ўз ишини бажариб юрадиган фаррошларнинг юртга хизмати маънавиятимизни ёт унсурлардан тозалашга вазифалантирилган зиёлиларнинг хизматидан кам эмас.

Ёки қўллари этикмойидан қорайиб, каноп иплардан қадоқ бўлган косиб-чи? Пойафзалингизни таъмирлаб, янгидай қилиб беради. «Нархи фалон сўм бўлади», деб туриб олмайди. Шундаям тортишасиз. Берганингизга рози бўлади. Шукр қилади. «Хизмат бўлса, келаверинг», дейди қўлини кўксига қўйиб. Қишин-ёзин хизматингизда улар. Ҳаётидан, тақдиридан нолимайди. Мана шу қаноатнинг, мана шу шукрнинг ўзи юртпарварлик!

Бозор-ўчар қилиб юриб, харидларингиз бир аравага юк бўлса ҳам, сизга оғирлиги тушмайди: юкингизни елкалайдиган аравакашлар бор. Арзимаган ҳақ эвазига оғирингиз енгил бўлади. Шу заҳматкашларнинг пешонасидаги тер юртпарварликни улуғловчи ҳар қандай шеъру достонлардан устун!

Агар деҳқон далага меҳр бермаса, умрини, кучини сарфламаса, топганига қаноат қилмаса, қийинчиликларга сабр қилмаса, инсоф қилмаса, заҳматларини тарозига қўйса, дастурхонларимиз бугунгидек тўкин бўлмасди. Ана шу камтарликнинг, ана шу заҳматнинг, ана шу инсофнинг номи – ватанпарварлик!

БЕҲУДА СЎЗЛАМАСЛИК ҲАМ ХАЛҚҚА ХИЗМАТДИР!

…Беш ёшга ҳам тўлмаган жиянчам бор. Ҳар тонг ойнаи жаҳондан Ўзбекистон мадҳияси янграганда, қўлини кўксига қўйганича, чучук тил билан мадҳияга жўр бўлади. Атрофдагиларга ҳам Ватан мадҳияси янграганда қўлларни юрак устига қўйиб, бошни баланд кўтариб туриш кераклигини уқтиради.

-Сенга буларни ким ўргатган? – десангиз, «Боғча опам», дейди фахрланиб. Мурғак гўдакларнинг юрагига юрт меҳрини, Ватанга муҳаббатни сингдираётган боғча тарбиячилари меҳнатининг номи – ватанпарварлик!

«Кимки халқ хизматига умрини сарф қилса, абадий умрга эришади», деганлар ҳазрат Навоий.

Халққа хизмат қилишдек неъматнинг турлари кўп:

ночорларга ўз вақтида қилинган сахийлик ҳам – халққа хизмат;

етимнинг қўлига бир сиқим ширинлик тутқазиш – халққа хизмат;

уйда ҳозирланаётган таомдан қўшнининг ҳақини айирмоқ – халққа хизмат;

бетоблардан хабар олмоқ – халққа хизмат;

болага одоб ўргатмоқ – халққа хизмат;

йўлдан адашганларга йўл кўрсатмоқ – халққа хизмат;

ҳаромдан ҳазар этмоқ – халққа хизмат;

оила тинчлигини сақламоқ – халққа хизмат;

савдода ҳалол бўлмоқ – халққа хизмат;

йўл устида ётган тошни олиб ташламоқ ҳам – халққа хизмат;

одамлар билан муроса қилмоқ – халққа хизмат;

Ибн Сино ҳазратларининг таъбири билан айтганда, «беҳуда сўзламаслик ҳам халққа хизматдир».

Донишмандлардан бири демишки: «Агар бирор киши халқ хизматида бўлишни ўзига вазифа қилиб олса, ота-онасини умрининг охиригача оғринмай парвариш этса, Ватанига жонфидолиқ этса, агар етарли даражада илми бўлмаса ҳам, мен уни улуғ олим деб иззат қилган бўлардим».

ОЗДА БАРАКА БЎЛАДИ!

…Тўй ёки аза маросимларида бир нарсага эътибор берганмисиз: қўшниларимиз ҳамиша биз билан елкама-елка, ёнимизда. Керак бўлса, қон-қариндошларимиздан ортиқроқ хизмат қиладилар. Уйнинг тўрида ўтирмайдилар, ҳордим-толдим демайдилар. Қачон қарасангиз, хизматга шай. Қачон қарасангиз, эшик тагида қўл қовуштирган. Шу қадриятнинг номи ҳам юртпарварлик! Шу хизматнинг номи ҳам халқпарварлик!

Оиласидаги кам-кўстларни бировга билдирмайдиган, турмушнинг иссиқ-совуғидан шикоят этмайдиган, топармон бўлмаган эрининг топганига қаноатда, шукрда яшайдиган дуогўй аёллар сабрининг номи – юртпарварлик!

Аҳамият берсангиз, ватанпарварлик, халқпарварлик туйғуси кишини маънан тарбиялашини, маънан юксалтиришини англайсиз. Атрофга қаранг:

омонатга хиёнат этмайдиганлар;

ҳолидан шикоят этмайдиганлар;

бефойда ишлар билан ўралашмайдиганлар;

жоҳиллар билан тортишмайдиганлар;

атрофни кирлатмайдиганлар;

ҳаётини ёмон одатлар билан маҳв этмайдиганлар;

қилган яхшилигини миннат қилмайдиганлар;

молини беҳудага сарф этмайдиганлар;

шарафини йўқотмайдиганлар;

ғурурини топтамайдиганлар жуда кўп. Улар бизнинг оддий кишиларимиз. Улар бизнинг оддий буюкларимиз. Улар бизнинг юртпарварларимиз!

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Инсон гўзал ахлоқи соясида кундузлари рўза тутган, кечалари ибодат билан машғул бўлган кишининг даражасига эришади».

…Яқинда бир воқеани – кўпчилигимизга сабоқ бўладиган бир воқеани бошдан кечирдим. Гавжум йўл четида сув сотаётган онасига кўмаклашиб турган 10-12 ёшлардаги болакайдан сув сотиб олмоқчи бўлдим. Битта беш минг сўмлик узатиб, бир шиша сув сўрадим.

-Ҳамма пулимизга ҳозиргина сув олиб келгандик, қайтим йўқ. Майда пулингиз йўқми? – деди бола. Аксига олиб, майда пулим йўқ экан. Терлаб-пишиб, онасига кўмак бераётган болакайга раҳмим келди.

-Бир шиша сув бер, қайтими қолаверсин, – дедим.

-Э йўқ, бўлмайди, – деди бола. – Сиздан қарз бўлиб қоламан. Ундан кўра, сизга сувни текинга берай, сиз қарз бўла қолинг. Менинг жойим тайин – топишингиз осон, мен қарз бўлиб қолсам, сизни қаердан топаман!

Боладаги ҳалолликдан таъсирланиб кетдим.

-Ундай бўлса, пулни майдалатиб келақол, – дедим. Бола чопқиллаб кетди-да, пулни майдалатиб, қайтимини қўлимга тутқазди.

У билан бироз суҳбатлашгач, отаси вафот этганини, онаси билан сув сотиб тирикчилик қилишларини билиб олдим.

-Топганингиз тирикчиликка етадими? – деб сўрадим. Болакай эса кўпчилигимиз деярли унутган бир жумла билан жавоб қилди:

-Озда барака бўлади!..

Бу воқеанинг мавзуга нима дахли бор, дерсиз? Дахли бор. Худди шу болакай ва унинг соддагина онаси сингари, оздан барака топган, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳалолликнинг чегарасини бузмайдиган, сабрли, шукрли қанча-қанча одамлар бор! Биз улар билан бир маҳаллада яшаймиз, бир жойда ишлаймиз, ишга ёки ўқишга бирга қатнаймиз… Улар сассиз-садосиз меҳнат қиладилар; шукрдан ваъз ўқимайдилар, лекин шукр ичида яшайдилар; ватанпарварликдан лоф урмайдилар, лекин астойдил юртпарварлик қиладилар; номлари халққа таниқли эмас, лекин дуолари Ҳаққа таниқли.

Улар нимаси билан бахтли, биласизми? Камтарлиги билан, қаноати билан, шукри билан бахтли.

Бахтсизлик эса, донишмандлар айтишганидай, ўзига берилганидан кўра янада кўпроқ неъматларни истайдиганларнинг жазосидир.

Хадича ҲАБИБ

2018 йил 9 июл сонидан олинди

0