ҲАРОМХЎРЛИК ОДАТИЙ ТУС ОЛСА…

Ҳалол ва ҳаром ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан аллақачон фарқланган. Фарзандларга ҳалол луқма едириш ҳар бир ота-она зиммасидаги катта иш.

Агар жамият фасодга, инқирозга учраса, унинг сабабини ўша жамиятда ҳаромхўрлик иллати одатий тус олганидан излаш керак. Эҳтимол, ҳаром нон билан қорин тўйғизадиганлар семирарлар, қўша-қўша машина миниб, қават-қават уйлар қурарлар. Ҳаром пул баҳайбат бино кўринишини олар. Ғаройиб нусха автоуловларга айланар… Лекин бир кунмас бир кун шу қилмишларнинг жабрини тортилади:

денгизда кетаётган кемани сичқон кемириб, кема мол-мулкию эгаси билан сувга ғарқ бўлади;

оиладаги кимнингдир бепарволиги боис, учқундан аланга чиқиб, кошоналар кулга айланади;

йўлда ҳайдовчининг бехосдан кўзи илиниб, ғаройиб улов қирқпарчин бўлади;

кимнингдир боши беморхонадан чиқмайди;

яна кимнингдир бири икки бўлмайди…

Аслида ҳаммасининг тагида бир гап, қандайдир сабаблар бор. Бу «гап» ёки «сабаб»ларнинг бир учи ҳалолликка бориб тақалади барибир. Жамиятнинг, жамоатнинг чин саодати, чин фаровонлиги – ҳалол луқмада.

Гоҳида инсон бошига келган кулфатларни ўзича таҳлил қилади. Юзадаги сабабларга боғлаб юради. Аммо ўзини, ўзлигини англаган одамлар ўз ҳаётларида содир бўлган, бўлаётган кўнгилсиз ҳодисаларнинг сабабини ўз нафсларидан излайдилар. Ва жуда тўғри иш қиладилар.

Агар фарзанд қўлида бигиз билан бировларнинг мешини тешиб сув ичаётган экан, унинг онаси қачонлардир қайсидир мевага игна санчиб, шарбат ичгани бор ҳақиқат. Оқибатлар сабабини шу тарзда излаш, шу тарзда топиш лозим. Шунда ҳар кунги луқмаларимизнинг ҳалол ёки ҳаромлигида гап кўплиги аён бўлади.

Баҳодир НУРМУҲАММАД

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 28 феврал №4 сонидан олинди.      

1+