ҚЎРҒОН

– Қўлингга нима қилди, қизим?

– Кесиб олдим, она. Ошга сабзи тўғраётувдим…

– Ҳаҳ… Шу пичоқ суягингга бориб етмасин-да ишқилиб!

– …

 

– Менга қара, қизим, нега иягинг шишиб ётибди?

– Боғдаги нокларни териб қўяй деб дарахтга чиқувдим, оёғим сирпаниб кетиб, йиқилдим… Юзим билан тушганимга, иягим шишган шекилли, она…

– Нок дейди-я! Йиқилдим дейди-я! Худо кўтарсин бундай эрни! Бўлди, орани очди қил! Болаларингни ўзим боқаман.

– …

 

– Нега оқсоқланяпсан? Тинчликми?

– Ҳа-я, кеча бостирмадаги тошларни бир четга тахлаётганимда, биттаси оёғимни босиб қолса бўладими…

– Ўтган ҳафта тахламовмидинг ўша тошларни?

– …Чала қолган эди.

– Қаро ерга кўмилса бўлмайдими шўртумшуқ эринг! Сенга неча марта айтяпман, қизим, қадрингни бил! Бўлди, йиғиштир рўзғорингни! Яшамайсан унақа эр билан!

– …

 

– Қовоғинг кўкарибдими?

– Эшикка уриб олдим…

– Ўтин қилиб ёқ бундай эшикни! Илоё…

– Йўқ, она, қарғаманг!

– Қарғайман-да, ахир боламсан, жоним ачийди!

– Нима бўлгандаям, қарғаманг, она!

– Сенга охирги марта айтяпман, уйга қайт!

– Қайтмайман, қайтолмайман. Ахир… у ер менинг уйим, менинг қўрғоним! Яхшими-ёмонми… ўша менинг эрим, тақдирим! Йўқ, қайтмайман, она!..

 

Солиҳа УМИД

2018 йил 12 ноябр сонидан олинди

 

0