ҚАРСАК НИМА ЎЗИ?

Қарсак нима ўзи?

Иккита кафтнинг

орасидан потраб чиқадиган сас,

хоҳласам чаламан, хоҳламасам йўқ,

қарсак меникидир,сизники эмас. –

 

деб ёзган эди раҳматлик шоир Шавкат Раҳмон.

Бор-йўғи, шу.

Қарс-қарс, қарса-қарс.

Аммо… шу қуриб кеткур қарсакка бунчалар ташна бўлмасак?

Чунки қарсакка зормиз, шу матоҳ етишмайди. Эндиги шоирлар, қарсак меники, хоҳласам чаламан, хоҳламасам йўқ, дея олмайди – хоҳласангиз ҳам чаласиз, хоҳламасангиз ҳам. Ишхонангиздаги раҳбар, ёрдамчи ёзиб берган маърузани ўқиётиб, (қарсаклар) деган жойига келганда тўхтаб, кўз ойнаги тепасидан залга хўмрайиб қарсак бўлишини кутиб туради, садо чиқавермаса, ўзи ташаббусни қўлга олиб, «қарсак чаламизми бу гапга?» деб сўраб ҳам олади. Телевидение ходимлари қайсидир кўрсатувни суратга олаётган бўлса, қўяверасиз, «телебошловчи» бошқатдан ва яна бошқатдан қарсак чалдиради. Кейинги қарсак, албатта, аввалгисидан кучлироқ бўлмаса бўлмайди. Тўй ёки бирон ишхонада ўтаётган тантанали анжуманда-ку, қўяверинг, «ўртакаш» йигитча ялиниб-ёлбориб бўлса ҳам қарсак чалдиради, қўймайди лекин! Ноилож, ўз хаёли билан бўлиб ўтирган чолу кампирлар ҳам титраган қўлларини бир-бирига ожизгина уриб, қарсак чалган бўлади.

Ҳе, шулар ҳам қарсак бўптими?

«Кучли қарсаклар», «Давомли қарсаклар», «Гулдурос қарсаклар» ва ниҳоят, «Кучли, давомли ва узоқ давом этган гулдурос қарсаклар, залда олқишлар, жонажон партиямиз шаънига оташин хитоблар» деганларини кўрганмиз. Ана улар қарсакмисан-қарсак эди! Нимасини айтасиз энди!

Лекин унақа қарсак ўз-ўзидан бўлавермайди. Бунинг учун машқ қилиш керак, йўқса, одамларнинг чалган қарсаги бўғозу қисир, ориғу семиз бўлиб чиқади. Бизга эса бир хил сохту симбатли, кўрган ва эшитган одамнинг ёдидан чиқмайдиган қойилмақом қарсаклар керак. Бунинг учун депутатлару делегатлар Масковга анжуман бошланишидан бир-икки кун аввал етиб боришар, «Кремлнинг сьездлар саройи» деб аталадиган улкан залга йиғилиб, «Қарсак чалишнинг йўл-йўриғи ва маромлари» деган машқ-машғулотга қатнашишлари керак бўлар эди. Албатта, ҳайҳотдай шу залда беш мингга яқин одамнинг ҳар бири қайси оромкурсига ўтириши ҳам бирма-бир ҳисоблаб чиқилган. Қарсаги кучлироқ одамлар залдаги микрофонларга яқинроқ, барваста ва келишган одамлар эса камераларга яқинроқ ўтқизилган. Ана шундан кейин дунёни қарсак садолари тутиб кетар, капитализм исканжасида эзилиб ётган эллар анқайиб (чунки қарсак кучли – ҳеч нарсани эшитиб бўлмайди) ва анғрайиб туриб қолаверар эди.

Абдуқодир Ҳайитметов деган навоийшунос домламизга аспирант чоғида (бу энди эллигинчи йилларнинг бошида) «масъулиятли ва шарафли» бир вазифа топширишибди: Навоий театрида ўтадиган анжуман якунида, охирроқ қатордан туриб, кучли қарсаклар тинар-тинмас, бор овози билан «Слава нашей родной партии – вдохновителю и организатору советской науки! Ура-а!!!» деб бақириши керак экан. Шуни қойиллатиб уддаласа, партия аъзолигига номзод қилиб рўйхатга олишаркан.

– Нима қилдингиз, домла? – деб сўрадим. – Хитоб қилдингизми?

– Бақирдик, албатта, – деди домла раҳматли кулимсираб. – Илмий ишни ёқлаш шунда осонроқ кўчар эди-да…

Ўзимча тасаввур қиламан – улкан зал, қандиллар пориллаб турибди, минглаган одамлар тик турган кўйи завқ билан, шавқ билан, илҳом билан, ёлғон билан қарсак чалишяпти… Қарсакбозлик ҳаливери тугамайди!..

Э, у замоннинг қарсаклари! Ўтди-кетди энди. Қаранг, қарсак чала-чала, шундоқ улкан мамлакатни ҳам йўқ қилибмиз-қўйибмиз. Бехосият нарса-да.

Майли, уни қўйинг. Хўш, дунёнинг энг улуғ олими ким, биласизми?

Йўқ, ўйлаб қийналманг, ўзим айтиб қўя қолай – Исаак Ньютон!

Чунки у инерция қонунини кашф этган. Инерция эса шундай нарсаки, нафақат физикада, балки ижтимоий соҳаларда ҳам амал қила беради. Масалан, бировни жуда ҳурмат қилиб, эъзозлаб-ардоқлаб юрар эдингиз. Тунов куни сири очилди, фош бўлди, муттаҳам экан. Аммо эртага ўша одамни кўчада кўриб қолсангиз, беихтиёр қўлингизни кўксингизга қўйиб салом берворганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз. Ўрганиш бўпқолган.

Ўшанақа «инерция» туфайли бўлсамикин, қурғур қарсак ҳам, ҳеч камаяётгани йўқ, ҳатто айрим жойларда болалаб кўпаяётибди, деб ҳам эшитиб қоламиз. Ўн йилча бўлиб қолди, қўқонлик қудамиз иш билан бошқа бир вилоятга бориб, керакли идорага учраса, зарур одам вилоят марказига кетган экан. Ноумид қайтмай деб, ўша шаҳарга, у киши кирган маҳкамага борибди. Ичкари кирса, залда юз элликтача одам – бир чаққон йигит ҳаммаларини ўтқизволиб, эрта-индин вилоят миқёсида ўтадиган анжуман олдидан қарсак чалиш «репетиция»си ўтказаётган экан. Бояги идора вакили ҳам қўллари қавариб, чапак чалиб ўтирган эмиш. Қудам ҳам қарсак чалишни текин ўрганиб қайтибди – қўллар кўкракдан сал баланд кўтарилиши, бир-бир ярим қарич очиб-ёпиб, чапак чалиниши керак экан. Агар сал кулимсираб, маъқуллаган бўлиб бош ирғаб турилса, янаям яхши бўларкан.

Э, ана, сиз ҳам ўрганиб олдингиз!

Яқинда пойтахтимиздаги муҳташам саройлардан бирида концерт, замонавий тил билан айтганда, «шоу-концерт» кўриб ўтирган эдик. Бир маҳал сухандонлик қилаётган йигит айрича ҳаяжонланган бўлиб, «Энди саҳнага эл севган санъаткор фалончини таклиф қилама-ан, кутиб олингла-ар!!!» деб ҳайқирди. Залнинг олдинги қаторида ўтирган бир таниқли ашулачи хоним, очиқ елкасига ташлаб олган яшилтоб ҳарир шарфини осилтириб, саҳнага навозиш билан кўтарилди, одамларнинг «кутиб олишлари»дан унча қониқмади шекилли, залга қараб энкайган кўйи, микрофондан «Қани, қарсаклар бўлсин, ҳа, қарсаклар!» деб қичқирди. Тўпланганлар олачалпоқ чапак чалишди. Аммо хонимнинг кўнгли барибир тўлмади, бироз қизишиб, «Эшитмаяпмaн?!» деб бақирди. Ҳали ҳунарини кўрсатмай турибоқ олқиш талаб қилаётгани эриш туйилса-да, кўнгли учун одамлар бу сафар сал жонлироқ чапак чалди. Шундан сўнг аввалбошида раққосаликка ҳам уннаб кўрган «санъаткор» опа елкаларини силкитиб, рақсга тушиб, ашуласини ҳам бошлаб юборди.

Ҳозир таомил бўлиб қолди, чапакни ашула бошланмай туриб чалишингиз керак, тинглаётганингизда… тинглаш шарт эмас, ундан кўра – қарс уриб жўр бўп турасиз, ашула тугаганида яна чапак чалинг, жонлироқ, кучлироқ бўлсин!

Ҳа, балли, маладес… Мана, ашула ҳам тугади, энди қавариб кетган қўлларни, қизариб кетган юзларни совутиб, ўзимизни сал босиб олайлик.

Хўш… азизларим, бу қарсак дегани, чапак дегани нима ўзи? Чапакка, қарсаквозликка мунча ўч бўлмасак?

Нега энди бирон вилоят раҳбари иш юзасидан маъруза қилаётиб, оддий гап орасида жўнгина хулосалар айтса ҳам, бутун зал аҳли ўрнидан туриб олқишлаши, бу ҳол ҳар икки-уч дақиқада такрорланиб, залдаги одамлар ўтириб-туравериб ҳолдан тойиши керак? Шунча… қарсак кимга зарил? Ё, қарсак чалмасак, унинг фикрларига қўшилмаган бўпқоламизми?

Ўзбек халқи аслида, бировга қойил қолса, чапак чалмаган. Ҳофизнинг кўнгилларни сел қилиб айтган ашуласига, воизнинг таъсирли гапига, рақс устасининг юракни жунбуштирган рақсига, дорвознинг икки терак бўйи баландликда ҳеч қандай «страховка»сиз чарх уриб кўрсатган қалтис томошасига, муғаннийнинг чалган созига ёки полвоннинг ботмондаҳсар тошни даст кўтариб отишига – ишқилиб, кўрсатган ҳунарига қойил қолса, «Отангга раҳмат!», «Э, ўлма!», «Баракалла!», «Э, яша!», «Кам бўлма!», «Дўст!» деб олқишлаган. Аммо чапак чалган эмас.

Тўғри, қарсак мутлақо йўқ нарса эмасди. Масалан, тахт узра ястанган ҳукмдор қарс урса, мулозимлар дарров етиб келиб, таъзим қилиб туришган, чунки у пайтда ҳозиргидай қўнғироқлар йўқ эди. Демак, қарс, қарсак – қарсиллаган товуш, холос. Огоҳ торттирадиган садо. Ҳозир бунинг учун минг хил сигналлар, қўнғироқлар чиқиб кетган, қўл қоқиш шарт ҳам эмас.

Чапак эса, халқимизнинг қадимги инончига кўра, қайғу-алам белгиси эди. Ногаҳонда бошига тушган бало олдида эсанкираб қолган одам қўлини қўлига уриб, аттанглаб қолган. Ҳатто ҳозир ҳам, шодлик кутгани ҳолда, ғам-қайғуга йўлиққан одамни «бечора, чапагини чалиб қолаверди», деймиз. Бугун ҳаммамиз ўрганиб қолган қарсак чалиш кабилар эса бизга ўрислардан келган. Ҳали буям ҳолва, дарс тугаганда талабаларнинг қарсак чалиши, самолёт оҳиста қўндирилганида салон ичидаги йўловчиларнинг қарсакбозлиги… улар ҳам секин-аста, билдириб-билдирмай кириб келяпти.

Мен эса, бугунги чапаклар, қарсаклар – мутелик белгиси, деб айтаман. Ўзига мустақил шахс, фикр-мулоҳазали, ақл-ҳуши жойида одам чапак чалмайди, қарс урмайди. Бировга қарам бўлган, ўша «хўжайин»га ёқиш илинжидаги одам, эътибор қозониш, «положительний» кимса эканини кўрсатиш илинжида унинг анчайин бир гапига ҳам қарсак чалиб, унга фикрдош эканини билдиришга уринади. Қарсакбозлик шунга хизмат қилади.

Қарсак нима экан, чал деса чалаверамиз, қарсак чалиш тугул, сувга туш деса, марҳамат, яп-янги туфли билан тушамиз-қўямиз. «Э, олсанг ишингни оларсан, ўлдирсанг ҳам тушмайман!» дейдиган биронта мард йўқ, бири биридан қорувли олтита азамат ким ўзарга сувга тушиб турибди-да! Нега бунақа бўлди, деб сўрасангиз, ариқ ёнида эдик, туртиниб, тушиб кетдик, деб қўйишади бу паловхўр полвонлар.

Пора олган кишигина эмас, пора берган ҳам айбдор бўлар эди-ку. Аҳмоқона, золимона буйруқни берган кимса билан бирга, ўша аҳмоқликка, ўша зулмга чидаб сув ичида, «айб»ини бўйнига олиб, қўлида ёндафтар тутиб турганлар мутлақо бегуноҳми? Булар, агар ҳоким маъруза қилиб қолса, ўша ариқ ичида, тиззадан сувда туриб, ёзиб олишга ҳам шай. Тантаналироқ оҳангда айтилса, ёндафтарни қўлтиққа қисиб, чапак ҳам чалиб юборсалар ҳам ажабмас.

Аммо бу қарсак… самимий бўладими? Астойдил бўладими? Йўқ, албатта. Ёлғон, хўжакўрсинга чалинадиган қарсаклар, ундан ҳам ёмонроғи – илтимос, сиздан нима кетди, дея тилаб олинадиган, ялиниб ундириладиган қарсаклар кўпайиброқ кетиб, чин олқиш ифодаси бўлган қарсак камайиб кетмаяптими, сизнингча? Ёлғон дабдаба учун чалинадиган қарсак ҳам ёлғон чапак бўлади, бўлмағур ашулага эса, ёнимизда ўтирган шеригимизнинг қулоғига гап айта туриб, йўлига қарсак чалиб қўямиз, гапнинг пўскалласи-да. Шунинг учун бўлмағур ва бехосият қарса-қурс қанча камайса, шунча яхши.

Алқисса, яна шоиримиздан эшитайлик:

 

Қарсак нима ўзи?

Арзимаган гап,

керак бўлганида топилар қоплаб.

Титроққа тўлдириб осмон гумбазин

Қарсаклар чалишни билардим боплаб.

 

Ғирромлик қилмаса нотиқ агарда,

ёлғон шеър айтишдан қайтсайди шоир,

милтиқ ўқларидай гумбиргум қилиб,

ҳаводан қарсаклар ясардим доим.

 

Ўжар шоирликни ташлаб ўшал пайт,

эпчил бир югурдак каби замонда

қарсак чаладиган хизматчи бўлиб

ишга кирар эдим Ўзбекистонга.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 14 март №5 сонидан олинди  

1+