ЎҚИТУВЧИ БЕОБРЎ БЎЛСА…

Ўқувчилик йилларимиз одобнома дарсларида хушфеъл муаллимамиз ҳаммамиздан келажакда ким бўлишни исташимизни, қайси касбга қизиқишимизни тез-тез сўрагувчи эди. Кимдир шифокор, рассом, бошқаси прокурор, тадбиркор, яна бири таржимон, геолог бўламан, дерди. Лекин ҳеч биримиз ўқитувчи бўламан, мактабда дарс бераман, демасдик. Чунки бу касбдан юрагимиз безганди. Қаҳри қаттиқ, серзарда, асаблари таранг она тили ва адабиёт ўқитувчимиз; ота-онамизнинг касб-кори-ю, эгни-бошимизга қараб муомала қилгувчи математика-информатика муаллимамиз; ўз фанига ўқувчиларни қизиқтиролмай, алал-оқибат заҳрини сочиб хумордан чиққувчи кимё-биология мураббийимиз биздаги ўқитувчиликка меҳрни (ўзлари сезиб-сезмай) сўндириб бўлишганди…

Тўғри, бир кунда ўттиз-йигирмадан зиёд ўқувчи билан ишлаётган, ҳар бирини тинглаб, таълимдан ташқари тарбияни ҳам бўйнига олаётган ўқитувчига осон эмас бугун. Унинг ҳам оиласи, шахсий ҳаёти, бола-чақалари, бошқа машғулотлари борлигини аллақачон унутганмиз. Ўқитувчиликни шарафли касблар рўйхатидан ўчирганимизга ҳам чорак асрдан ошди. Бунга талай омиллар – маошнинг камлиги, қоғозбозлик, ҳисобот, режалардан ортмаслик, қатор юкламалар, мажлисбозлик ва яна икир-чикир масалалар сабаб бўлди. Агар шароитимизни Япония таълим тизими билан таққосласак, «сувнинг нариги томонида қуруқлик бор»лигини Оврўпо олимларидан аввалроқ айтган ота-буваларимизга муносиб авлод бўлолмаётганимиздан ўкинишимиз тайин. Японияда ўқитувчилик шараф, бироқ унга муносиб дея эътироф этилиш осон эмас. Яхшигина илми борлигига қарамай, ҳар қайси номзод қўшимча имтиҳонлардан ўтиши, шу касбга лойиқлигини исботлаши, сўнг лицензия олиб, фаолиятини бошлаши керак. Бу давлатда бир ўқитувчи ўрнига йигирма, ўттиздан ортиқ талабгорнинг мавжудлиги муаллимликнинг қадри, обрўсини ошириб юборган. Япон ўқитувчилари ҳафтасига эллик тўрт соат мактабдан бери келмай ишлашса-да, танлаган касбларидан мамнун. Бу давлатда юқори синф ўқувчиларига аёллардан кўра эркак ўқитувчилар (бошланғич синфга 40%, ўрта синфга 60%,  юқори синфга 80% эркак ўқитувчи тўғри келади) кўпроқ дарс ўтишади.

Бизда эса, «мактабда ишлаш – обрўнинг тўкилиши», деган догматик қараш бор одамларда.

Хорижий филология йўналишини тамомлаётган танишимга «Қайси мактабда ишламоқчисиз?» дейман.

– Вой, мактабда ишларканманми?! Қизиқ гапларни гапирасиз-а! Ўқитувчиларнинг аҳволини кўрмаяпсизми?.. Таржимонлик қиламан. Пулиям, номиям, ишиям яхши. Шунча йил ўқигандан кейин, одамдек яшаш керак-ку! – дейди дангал.

– Демак, ўқитувчи одамдек яшай олмас экан-да? – дея ижикилайман. Танишим:

– Ҳа, энди…- дейди мавзуни давом эттиришни хушламай.

Бир тарафдан у ҳам ҳақ.

Яқинда интернет сайтларидан бирига йўлланган мактубда ёш муаллимнинг изтиробларини ўқиб қолдим. Келинг, шуни сизга ҳам ўқиб берай:

«Ўзбекистонда ўқитувчиман дейишга уялиб, тенгқурларим орасида юз қизаргулик вазиятга тушиб қолгандим. Синфдошлар йиғилишида етмиш олти кишининг охирги қаторида эканимни сезардим. Балки келажакда яхши бўлиб кетар, деб ўзимни овутмоқчи эдим. Лекин шунча билим ва тажриба билан жамиятнинг «қолоқ» қаторида қолишни хоҳламадим. Ривожланган давлатлар тажрибасига назар солсак, бирорта давлат тарихида ўқитувчилар биздагидек ҳам руҳий, ҳам ижтимоий, ҳам маънавий, энг муҳими, иқтисодий қийналмаган. Яъни, бизда пойтахтдаги ўқитувчилар ой тугамасдан ойлик олиши-ю, узоқ вилоят ва туманларда эса молияда пул йўқлиги, ҳисобчи ва директорнинг қайсидир пулларни ҳазм қилишини кутиб, маошни кейинги ойнинг охирида олиши – бу ҳақиқат…».

Ҳозир ўша ёш муаллим ўқитувчиликни ташлаб, рўзғорини баҳузур таъминлайдиган хусусий фирмада ишлаётганидан хурсандлигини, лекин ҳамон мактабини қўмсаётгани, ўқувчиларини соғинганини айтади. Умумтаълим мактабларига эркак ўқитувчиларни қайтаролмаётган бир пайтимизда, уларни ишидан, севимли касбидан совутаётганимиз, бемалол ишлашга, малакасини оширишга йўл бермаётганимиз жабрини ҳануз тортяпмиз-у, тан олишга кибримиз изн бермаяпти.

УСТОЗЛИК ШАРТЛАРИ

– Бошланғич синф ўқитувчим – менинг қаҳрамоним, – дейди синглим. – Унинг майин овози-ю, қорамағиз юзидаги кулгичларини, ҳаммамизни эринмай, диққинафас бўлмай тинглашларини, қизиқ-қизиқ ҳикояларини соғинаман. Қанийди, ҳамма муаллим ўша ўқитувчимга ўхшаса!..

Синглимнинг тасаввурида ўқитувчи шахси бошланғич синф муаллимаси сиймосида муҳрланиб улгурган. Энди ўша қиёфани бошқасига алмаштириши қийин. Моҳиятига эътибор берилса, ўша ўқитувчининг ахлоқи, туриш-турмуши, болалар билан мулоқот қилиш усуллари педагогликнинг биринчи шарти экан.

Биласиз, болалар тақлидга мойил бўлишади. Ҳар нарсада яхши кўрган ўқитувчиларидан «нусха кўчиришади».  Айниқса, хушфеъл, мулойим, сўзи билан амали бир, илмли ўқитувчиларга ўхшашга урингувчи ўқувчилар кўп. Аммо бугун билим ва ахлоқ жиҳатидан бирдек намуна бўлгулик ўқитувчиларнинг кўп эмаслигини ўзингиз ҳам англаётгандирсиз, муҳтарам газетхон?

Орамизда серзарда; илмига эмас, таёққа зўр берадиган; ўзини тутиши, муомаласи, феъл-атвори билан намуна бўлолмайдиган педагогларнинг борлиги таълим тизимида айрича муаммоларни келтириб чиқармоқда. Эътибор берган бўлсангиз, ўтган йил давомида ижтимоий тармоқларда айрим педагогларнинг ўқувчиларни қуюшқонга сиғмайдиган жазолар билан қўрқитаётгани, одоб доирасидан четга чиқаётган «қилиқ»лари роса муҳокама қилинди.

Ҳамон «Давомат ва форма – давр талаби!» каби стереотип ичида айланиб юрган, таълим сифатини яхшилашдан кўра йўқлама, ҳисоботбозлик, ўқувчиларни тергаш билан дарсини ниҳоялайдиган ўқитувчилар оз эмаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Албатта, бу масалада калтакни ўқитувчининг бошида айлантиравериш ҳам адолатдан эмас. Кунда феъл-атвори турфа ўттиз, қирқдан зиёд бола билан мулоқот қилиш, уларнинг кўнглига йўл топиш осон эмас. Ўқитувчи ҳам ҳамма қатори одам – чарчайди, толиқади, асаблари зўриқади, жисмонан заифлашади. Техникага мубтало авлод билан тиллашиш ота-онага муаммо бўлаётган бир даврда устозларни батамом қоралаш ҳам ноинсофлик бўлади.  Бироқ ўқитувчи ҳар вақт ахлоқ-одоб чегарасини бузмаслиги, ноўрин хатти-ҳаракати билан обрўси, ўрни, ҳурматини бой бермаслиги ҳаммасидан муҳим. Тадқиқотчилар педагоглар учун муҳим қоидаларни санашар экан, тарбияланувчига нисбатан ҳурмат, талабнинг меъёрида бўлиши, ўқувчини тинглаш, уни қўллаш, рағбатлантириш, мулоқотда ўз оҳангини сақлаш, эътибор ва сезгирликни маҳкам тутиш зарурлигини таъкидлайдилар. Буюк ахлоқ муаллими Ҳусайн Воиз Кошифий  «Футувватномаи султоний» асарларида бу мавзуга батафсил тўхталиб ўтганлар. Асарнинг «Пиру муридлик ва шунга алоқали нарсалар тўғрисида» бобида устозлик шартларини батафсил изоҳлаган олим устозликнинг бир қанча шартларини бажарган, яъни  эътиқоднинг поклиги, зарурий илмларни эгаллаш, ўз аҳдида устуворлик, сахий ва жавонмардлик, руҳан шижоатлилик, ҳаёли ва диёнатли бўлиш, олиҳимматлик, меҳрибонлик, ҳалимлик, кечиримлилик, латиф хулқ, қўли очиқлик, виқор, ҳайбат ва салобатга эга бўлмоқни уддалаган устозгина ёшларга сабоқ беришга ҳақли эканини таъкидлайдилар.

Албатта, ўқитувчи ҳам хато қилиши, янглишиши мумкин. Аммо яхши ўқитувчи ўзини ўзи тафтиш этади, ўз фаолиятини танқид элагидан ўтказиб туради, хатоларини ўз вақтида тўғрилайди.

Хулоса шуки, ўқитувчининг ўзи ўз обрўсини сақламас экан, жамиятда ўз ўрнини эгалламас экан, ахлоқ масаласида ўрнак бўлмас экан, таълим услублари ўзгармас экан, бошқа ривожланган давлатларнинг таълим тизимига ҳавас қилишдан нарига ўтмай яшайверамиз…

Чарос НИЗОМИДДИНОВА

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 22 январ №2 сонидан олинди

1+