ЁЗУВЧИ ВА ЦЕНЗОР

Тарихни ўрганишда археологик манбалардан ташқари газета ва журналларнинг ҳам аҳамияти жуда катта. Буни мен мутахассис сифатида, тўлиқ ишонч билан айтяпман. Чунки, газета ва журналлар ўз даврининг кўзгуси бўлиб, тадқиқотчига маълум давр ҳақида катта маълумотлар бера олади. Умуман, ҳар бир давр ижтимоий-сиёсий аҳволи ҳақида газета-журналлар орқали бемалол тасаввурга эга бўлиш мумкин. Вақт ўтган сайин газета-журналлар ёзма тарихий манба сифатида ҳужжатга айланади.

Хусусан, XVIII асрда Россияда нашр этилган бир қатор нашрларни кўздан кечирарканман, кўпгина мақолаларнинг орадан асрлар ўтса-да, халқчиллигини, ўқишлилигини йўқотмаганини кўрдим, муаллифларнинг ақлу-фаросати, закийлигига тасаннолар айтдим.

Таъкидлашим керакки, у вақтларда Россия матбуоти тўлиқ цензура назорати остида эди. Цензорлар муҳим ва ҳал қилувчи роль ўйнаган бундай шароитда эркин фикр билдириб, қолипни ёриб чиқишга ҳамманинг ҳам журъати етмаган. Лекин ўша даврда Россияда журъатли ижодкорлар анча кўп бўлган экан.

Жумладан, рус публицисти ва адабиётчиси И.И.Пнин ( 1775-1805) «Ёзувчи ва цензор» номли қадимий манъжур қўлёзмасини «Россия адабиёти журнали»нинг 1805 йил 1-сонида нашр этдирган эканки, бу ўз даврида катта жасорат эди.

Қуйида эътиборингизга айни шу мақола таржимасини ҳавола этмоқдамиз.

 

Ёзувчи Цензорга қўлёзмаларини олиб келди:

– Жанобим, камина бир битикка эгаман ва уни чоп қилдирмоқчи эдим.

Цензор мулойимлик билан қабул қилди:

– Яхши, лекин аввал уни кўриб чиқишим керак. Нима деб номланган ўзи у битик?

– «Ҳақиқат», жанобим!
– «Ҳақиқат»? Ўҳ-ҳў! Ундай бўлса, жуда синчиклаб кўриб чиқиш керак экан-ку!

– Сиз, менимча, ўзингизга ортиқча меҳнат юкламоқчисиз. Ҳақиқатни кўриб чиқиш? Бу нимаси? Шуни билиб қўйингки, муҳтарам жаноб, у битик меникимас. Бу битик бир неча минг йиллардан буён мавжуд. Конфуций (эрамиздан аввалги 551-479 йилларда яшаб ўтган хитой файласуфи) уни ўзининг доно қонунлари қаторига киритган. У шундай деган: «Бир-бирингизни севинг, бир-бирингизни хафа қилманг, бир-бирингизга зиё тарқатинг, бир-бирингиздан ҳеч нарсани тортиб олманг, бир-бирингизга нисбатан адолатли бўлинг! Чунки, яхши турмушнинг асоси шудир». Асаримнинг маъноси ҳам шундай.
– Ҳмм, бир-бирингиздан ҳеч нарсани тортиб олманг… Бир-бирингизга адолатли бўлинг… Ҳмм… Ёзувчи жаноблари, сизнинг асарингизни кўриб чиқиш ҳам қарз, ҳам фарз экан! (Жонланиб) Қани, тезда менга кўрсатинг-чи.

– Мана…
Цензор дафтарни очиб, варақларга кўз югуртирди.

– Ҳа! – қаторлардан бирига бармоғини ниқтади. – Бу ҳали мумкин. Ҳмм, бунисига ҳам йўл қўйса бўлади… Аммо бунисига… – дафтарнинг бир жойига эътибор билан тикилиб қолди. – Бунисига асло йўл қўйиш мумкин эмас!

Ёзувчи ботинмайгина сўради:

– Нима учун?
– Шунинг учунки, – шанғиллади Цензор, – мен йўл қўймайман! Бунга асло йўл қўйиш мумкин эмас! Мумкин эмас!

Ёзувчининг рангпар юзига қон тепчиди.

– Сиз « Ҳақиқат»имни чоп қилинишига йўл қўймаслик даражасидаги ҳуқуққа эгамисиз? – деди алами келиб. – Ахир у менинг «Ҳақиқат»им-ку!
– Албатта, катта ҳуқуққа эгаман. Чунки мен унинг учун жавобгарман, – деди таъкидлаб Цензор.

– Қандай қилиб? Сиз менинг китобим учун жавоб беришингиз керакми? Ўз ҳақиқатим учун ўзим жавоб бера олмайманми? Сиз, жаноб, мутлақо ўзингизники бўлмаган ҳуқуқни ўзлаштириб олмоқчи бўляпсиз. Сиз менинг ишимга ҳам, фикрларимга ҳам жавоб беришга қодир эмассиз. Мен эси кирмаган ёш бола эмасман ва катта амакига заруратим йўқ!..

Цензоркреслосига ястанаркан, пинак бузмай жавоб қилди:

– Тўғри, ёш бола эмассиз, лекин адашишингиз мумкин.

– Сиз-чи, жаноб Цензор, адашишингиз мумкин эмас-ми?
– Йўқ, мен адашмайман. Чунки нимага йўл ва қўл қўймаслик кераклигини яхши биламан.

– Мен ҳам нима қилаётганимни жуда яхши биламан, – деди ўжарлик билан Ёзувчи.
– Агар битикдаги баъзи жойларни олиб ташлашга рози бўлсангиз, уни бемалол чоп қилишингиз мумкин. Марҳамат! – деб кулди Цензор.

Ёзувчи баттар асабийлашди:

– Сиз менинг «Ҳақиқат»имни виждонидан, гўзалликларидан айирмоқчисиз. Уни аҳмоқона қиёфага солишингизга рози бўлишимни истайсизми? Йўқ, жаноб Цензор! Талабингиз одамгарчиликдан эмас! «Ҳақиқат»имни тушунмаслигингизга, ёки сизга умуман ҳақиқат ёқмаслигига мен айбдор эмасман…
– Ҳар қандай Ҳақиқат ҳам чоп қилинавермайди, – деди Цензор қатъий.

– Нега энди? Ҳақиқат – порлоқ истиқболга йўл очади. Инсонни Ҳақиқатдан маҳрум этиш – унинг истиқболига тўсқинлик қилиш, уни бахтга элтадиган йўлдан маҳрум этиш демакдир. Битта Ҳақиқатга йўл қўймасангиз, демак, бошқа Ҳақиқатларга ҳам йўл бермайсиз. Ҳақиқатлар бир-бирига узлуксиз занжир билан боғланган. Биттасини олиб ташланса, занжир яроқсиз ҳолга тушади-ку!..

Цензор Ёзувчининг куйиб-пишишларига тиржайганича қараб ўтираркан, бепарвогина қўл силтаб қўйди:

– Сизга шуни айтайки, жаноб Ёзувчи, китобингизни чоп этиш тўғрисида рухсатнома бермагунимча, у нашр қилинмайди. Ҳақиқат шу!

– Жаноб Цензор! Ижозатингиз билан айтайки, «Ҳақиқат»им катта меҳнатлар эвазига яратилган: мен ундан соғлиғимни аямадим, унинг учун кеча-ю кундуз тер тўкдим. Қисқаси, бу битик менинг хусусий бойлигим.Ўзликдан уялиш керак эмас. Ўзликни ҳимоя қилиш керак. Акс ҳолда адолат ва тартиб бузилади. Хуллас, сизнинг рухсатингизга эҳтиёжим йўқ.Чунки сиз мени ҳам, китобимни ҳам таъминламайсиз. Лекин, эслатиб ўтишим керакки, жуда ҳаддингиздан ошиб кетибсиз!..

Цензор бошини мағрур кўтарди:

– Мен сиз билан Цензор Ёзувчи билан гаплашгандек гаплашяпман.

– Мен эса сиз билан фуқаро билан гаплашгандек гаплашаяпман.
– Қандай бетгачопарлик! Қандай одобсизлик!

– О Конфуций! – Хитоб қилди Ёзувчи кўксини чангаллаб. – Ушбу суҳбатни эшитганингда эди! Сенинг қонунларингдан қандай фойдаланаётганликларини, адолатни қандай назорат қилаётганликларини, илоҳий мақсадларингни топтаётганларини кўрганингда эди!..

Кейин Цензорга юзланди:

– Хайр , жаноб Цензор! Менга шундай сабоқ бердингизки, китобимни чоп қилдириш истагидан асар ҳам қолмади. Лекин билиб қўйинг, «Ҳақиқат»им инсониятга муҳаббат билан тўла юрагимда ўзгаришсиз туради. У ўз виждонимдан бошқа ҳеч қандай гувоҳномага ва нодонларнинг рухсатномаларига муҳтож эмас!..

И.И.Пнин

«Россия адабиёти журнали», 1805 йил.

Умидбек БЕКИММЕТОВ тайёрлади

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 15 феврал №3 сонидан олинди

2+