ЭРКИНЛИКНИНГ ЮКИ ОҒИР, НАРХИ БАЛАНД!

Аёллар «эркинлик», «тенглик», «биродарлик» деган сўзларнинг маъносини тушуна олмайди, дейишади. Агар шу гап рост бўлса, демак, эркаклар фақат «биродарлик» тўғрисидагина бир-икки оғиз мужмал сўз айта олиши мумкинлиги ҳам рост бўлиши керак.

Луғавий манбаларга қараганда, эркинлик деганда озодлик (тутқунликда эмас, озодликда) ва эркин одам деганда ихтиёри (майли, изми) ўзида бўлган киши ҳамда ишдан холи, иши йўқ, бекор, бекорчи одам назарда тутилар экан.

Илмий, аниқроғи, фалсафий манбаларга қараганда, олимлар «эркинлик» деганда нимани назарда тутиш кераклиги тўғрисида охирги икки ярим минг йил давомидаги баҳслар натижасида бирон аниқ хулосага келишмаган экан. Чунки ҳақиқатан ҳам бўри билан қўй эркинликни ҳар хил тушунишади.

Ҳаётий манбаларга қараганда, одамларнинг аксарияти эркинлик деганда бировга бўйсунмаслик, қул ёки тобе бўлмаслик ва фақат ўзи хоҳлаган ишни қилишни тушунишар экан.

Келинг, луғавий, фалсафий ва ҳаётий манбаларни бир четга қўйиб, шунчаки, ҳаёт оқимига шўнғиймиз ва эркинлик ёки қуллик нишоналари турмушнинг турли вазиятларида қандай тарзда намоён бўлишини кўрамиз.

* * *

— Ойижон, кўчада ўртоқларим билан ўйнаб келсам майлими?

— Майли, болам, фақат уйга берилган вазифаларни бажариб бўлганингдан кейин.

* * *

— Ойижон, дўстларим билан тоққа чиқиб, бир-икки кун дам олиб келмоқчи эдик, майлими?

— Майли, болам, фақат томорқадаги ишларни бирёқли қилганимиздан кейин.

* * *

— Ойижон, дугоналарим билан кинога тушмоқчи эдик, борсам майлими?

— Майли, қизим, фақат ҳовлини супуриб, ичкари хоналарни тозалаб, укангнинг мактаб кийимларини ювиб, кечқурун келадиган меҳмонларни кузатганимиздан кейин.

* * *

— Ойижон, шу қизга уйлансам, майлими?

— Майли, болам, фақат даданг рози бўлсалар…

— Дадажон, шу қизга уйлансам, майлими?

— Майли, болам, фақат шаҳардаги янги уйимизнинг кредитини тўлаб бўлганимиздан кейин.

* * *

— Ойижон, шу йигитга турмушга чиқсам, майлими?

— Майли, қизим, фақат даданг рози бўлсалар…

— Дадажон, шу йигитга турмушга чиқсам, майлими?

— Майли, қизим, фақат мен ўлганимдан кейин…

* * *

— Бормисан, ошна! Нафақага чиққанингдан бунё кўринмай қолдинг?

— Э, нимасини айтасан, ҳар куни тўй-маърака, ош-худойи дегандай… Бормасанг, хафа бўлишади, тонг билан уйдан чиқиб, кун ботганда қайтаман.

* * *

— Хўжайин, жуда зарур ишим чиқиб қолди-да, ярим соатга бориб келсам, майлими?

— Майли, фақат иш вақти тугагандан кейин.

* * *

— Мана, дадажониси, супермаркетнинг учта аравасини ҳам тўлдирдим… Фақат, анави цитрус мевалардан яна олсам майлими?

— Майли, онажониси, фақат сен касса олдида бирпас кутиб тургин, мен ғизиллаб бориб, уйни сотиб, пул олиб келаман…

* * *

Мана, ҳаёт оқимига ҳам шўнғиб чиқдик ва биронта истакка биров монелик қилганини кўрмадик, «йўқ» деган сўзни эшитмадик, биронта қуллик нишонасини сезмадик.

Ўтмишдаги донишмандлардан бири: «Эркин бўлишимиз учун қонунларнинг қули бўлишимиз керак ва фақат ўз бурчини бажаришдан қувонч топадиган одамларгина ҳақиқатан ҳам эркин бўла олади», — деган экан.

Қуллик масаласига келсак, фақат ҳақиқий қулликни бошидан кечирган одамларнинггина оилавий муносабатларга нисбатан бу сўзни ишлатишга тиллари айланмаса керак. Бошқа барчага эса оилавий муносабатларга қарата «қуллик» деган сўзни ишлатишни ҳеч ким маън қилолмайди. Чунки айнан эркин ҳаётда қулликни ҳар қадамда учратиш мумкин: кимдир шаҳватнинг қули; кимдир – бойликнинг; яна биров обрў ва шон-шуҳратнинг қули.

Бугунги кунда одам бировга қул бўлишдан озод бўлди-ю, нарса-буюмлар ҳамда ўз истакларининг қулига айланди. Истаклар эса айрим ҳолларда кишини бировга қул бўлишга ҳам рози қилади.

Масалан, дунёда тобора оммавий тус олиб бораётган «севги» васвасасидан аланга олган ишқий муносабатларда ҳам ўзига хос қуллик ва золимлик мужассам. Севгидан эси оғаётган одам ўз эркини тўла-тўкис севгилисига бермагунича, яъни унинг қулига айланмагунича ўз туйғуларининг ҳақиқийлигини маъшуқасига исботлай олмайди. «Алданган» йигит-қизларга бунинг ростлигини исботлаб ўтиришнинг зарурати йўқ. Энг катта золимлик барча нарсаларни талаб қиладиган аёл севгисида ҳамда эркакнинг ваҳшиёна рашкида мужассам эканлигини жуда кўп эркак ва аёллар ўз ҳаётий тажрибаларида синаб келмоқдалар. Худбин севгини ҳеч нарса билан тўйдириб ёки қондириб бўлмайди.

Ўз вазифаларини сидқидилдан бажариш эвазига келадиган ҳақиқий эркинлик эса, худди инсоний муҳаббатга ўхшаб, «олишни» эмас, «кўпроқ наф келтиришни» билади.

Халқ эркин ҳаёт кечириши учун кимдир чегарада мижжа қоқмайди, кимдир янги иш ўринлари яратиш учун куйиб-ёниб юради, кимдир нимадир яратиш учун туни билан ишлайди ва ҳоказо… Буларнинг барини одам, авваламбор, ўзи учун қилади, лекин, бу билан унинг эркинликка интилишининг моҳияти ўзгармайди.

Одам эркинликка қанчалик кам даъво қилса, шунчалик кўп даражада эркин бўлади. Эркинлик талаби билан истаб қўйилган ҳар бир қадамимиз эса, шунчаки қадам ташлаш эмас, балки низо ва жанжаллар ҳудудига сакрашдир.

Бошқалар билан муносабатлар қуриш каштасининг нақшларини биз чизмаганмиз. У аждодларимиз томонидан асрлар давомида маълум бир кўринишда шакллантирилган ҳолда бизгача етиб келган. Алқисса, ўзаро муносабатларда зўрлик ёки муғамбирлик, макр ёки алдамчилик ёрдамида эркинликка эришган кунимиз ўз ҳаётимизга кириб келадиган кулфатларга йўл очиб берган бўламиз ва бошимизга балолар орттирамиз. Ваҳоланки, барча тирик мавжудотлар орасида фақат инсон зотигагина танлаш эркинлиги берилган. Ҳар бир инсон умрининг охиригача нима иш қилиш-қилмасликни ўз ихтиёри билан ёки беихтиёр танлайди. Истасанг, севгини танла, истасанг дўстликни, истасанг Шарқни танла, истасанг Ғарбни!

Ҳаётда ҳеч нарса текинга берилмайди ва ҳар бир неъматнинг ўз нархи белгиланган. Одам ўз зиммасидаги вазифаларини тўлиқ бажарибгина аниқ белгиланган бирор ҳуқуққа эга бўлганидек, фарзандлик, эр (хотин)лик, ота (она)лик, қариндошлик, дўстлик, фуқаролик… бурчларини бажарибгина, эркинликка эриша олади. Ваҳоланки, ҳаётда бурчдан оғирроқ юк йўқ.

Эркинликнинг юки оғир, нархи баланд…

Шавкат РАЗЗОҚОВ

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 10 июн (№8-9) сонидан олинди                                  

1+