«ЭРКАК КИШИ ҚЎЧҚОРДАН ФАРҚ ҚИЛИШИ КЕРАК»

…Тошкентдаги тамаддихоналардан бирига овқатланиш учун кириб, ўзимга ёққан таомларни буюраман.

Орқа томонимда ўтирганлар суҳбатлашишяпти:

— Чекишдан бер, жонидан! – бу аёл кишининг овози.

— Мана, олинг оповси, — бу ёш йигитнинг овози.

— В-вой! Эшитдилами буни? – аёл ёнида ўтирган бошқаларга мурожаат қилади. Кейин бир неча аёл, бир неча йигит совуқдан-совуқ кулишади.

— Оповси дейишга бало борми! Манаман деган қизларинг ҳам олдимда ип эшолмайди, йигит! – аёл кўпроқ ичиб юборган чамамда, бироз дудуқланиб гапиради. Орқага ўгирилиб уларга қарашга жазм қиламан. Алҳазар, онам тенги аёллар, мен тенги йигитлар…

Ўшанда бир вилоятга борганимда меҳмонхонада танишиб қолганим — Шуҳрат аканинг гаплари ёдимга келди:

— Хизмат сафари билан Бухорога кетаётганимда йўлда автоҳалокатга учраб, шифохонага тушдим. Икки ойча ўрнимдан туролмай ётдим. Уйга қайтдим-у… қайтганимга пушаймон қилдим, ука. Номусларга ўлдим! Озгина йўқчиликка, қийинчиликка чидолмаган аёлим яхши яшашнинг «йўли»ни топиб олибди…

Мен ўшанда Шуҳрат аканинг аёлини ичимда бўралаб-бўралаб сўкканман. Сўкиш билан нимагадир эришиб бўлармиди! Биламан, Шуҳрат ака ҳам бу ўринда «оппоқ» эмас.

Болалигимда мен билан бирга қўй боқадиган Ибод бобо бўлардилар. Бир куни у киши:

— Болам, эсингда бўлсин, эркак дегани сен боқиб юрган анави қўчқорлардан фарқ қилиши керак, — дегандилар. Ибод бобо бу гаплари билан, эркак дегани ҳақиқий маънода оиланинг устуни бўлиши керак, аёл киши бўйсунишга мойил бўлади, ҳақиқий эркакни истайди, демоқчи бўлган бўлсалар ажабмас.

Аёл ўзини итни ҳуркитган мушукдай тасаввур қилса борми!..

Яна Ибод бобо:

— Аёл киши оёқ товушлари билан юрагига хавотир, ғулу соладиган ҳақиқий эркак ёнида бўлишини хоҳлайди, — дегандилар…

* * *

Қишлоғимга борганимда эътиборимни тортган биринчи ҳолат шу бўлдики, авваллари қишлоқ кўчаларида аёллар тўп-тўп бўлиб гаплашиб туришарди. Бугун эса ўша аёллар ўрнида эркаклар тўпланиб олиб, суҳбат қуришяпти. Улардан бири билан у ёқ-бу ёқдан гаплашиб, «Янгам яхши юрибдиларми?» десам, «Ҳа, яхши юрибди. Бозорда савдо қиляпти янганг. Катта савдогар бўп кетган», дейди мақтанганнамо. Унинг юзидаги хотиржамлик, қониқишни кўриб дод дегинг келади! Кимлигини эсдан чиқарган эркаклар учун аза очасан! Уларни тушунгинг келмайди. Бутун оғирликни аёлга ташлаб қўйиш гуноҳ эканлигини тушуниш учун Афлотун бўлиш шарт эмас-ку, деган фикр тинчлик бермайди. Вазифасини унутган, нималарнидир рўкач қилиб, уй юмушларини бажариб ўтирган эркакларга нафратинг ортади.

Тўғри, бировни қоралашдан осони йўқ. Ҳеч кимга осон тутиб ҳам бўлмайди. Шу эркакнинг ҳам уйда ўтириб қолишига нимадир сабаблар бор, аммо бу сабабни кимдир кўчадан келиб ҳал қилиб бермайди-ку! Излаб имкон топаётганлар қанча! Ҳар қанча ўзимизни оқлашга уринмайлик, ўзимизни ҳар қанча омадсиз қилиб кўрсатмайлик, «ўтириб» қолишимизга атрофдан ҳар қанча сабаб кўрсатмайлик, ўз вазифаларимизни аёлларимизга юклаб қўйдикми, бўлди, юзимиз қаро!

Биз эркаклар ўзимизникини рўкач қилишга, зуғум ўтказишга, кеккайиб, хатоларимизни, қусурларимизни тан олмасликка ўрганиб қолганмиз. Минг лаънат бундай катта кетишга! Ўша – Ибод бобо айтган қўчқордан қандай фарқимиз қолди?!

Эри кўзига чўчқадай кўринишини қўшни аёлга энсаси қотиб сўзлаётган аёлнинг ўрнида ўз жуфтингиз бўлишини истамассиз, жаноб эркаклар? Лекин, бир умр меҳр, эътибор кўрмаган, қорни тўйгану кўнгли тўлмаган аёлдан бундан бошқасини кутишга ҳақлимизми?!

Абдукарим МИРЗАЕВ

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 11 апрел сонидан олинди        

1+