ШЕЪРЛАРИНГНИ СОТАСАНМИ?(Ғариб шоирнинг кўрган-кечирганлари)

Бир газета таҳририятида ишлайдиган шоир, адиб, таржимон дўстимга ҳавасим келади. Мумтоз адабиётни ҳам нозик тушунади. (Бекор ҳавас қилган эканман. Мени боши берк кўчага келтириб қўйди. Шеъриятга хиёнат қилдирди.) Катта шоир бўлиш даъвосидан воз кечганлиги гап-сўзларидан билиниб туради. Шеъриятда кичик бизнес йўлини топиб олган. Мен ҳам юпқа-юпқа иккита тўплам чиқариб, шоирман деб юрибман-да. Унинг юришиб турган ишларини кўриб, аҳволимга ачиниб кетаман, сабаби тирикчилик. (Шеър эса кўнгил иши, руҳий қувват, маънавий бойлик).

«ГАЗЕТАДА НОМИМ ЧИҚСА БЎЛДИ…»

Дўстимнинг ҳузурига шоирликка ҳаваскорлар хом-хатала шеърларини кўтариб келишади, илтимос қилишади. (Адабиётнинг эшиги иқтидор билан эмас, илтимос билан очиладиган бўлиб кетгандай…) Пул ва яна бир нарсалар таклиф этишади. Дўстим рози бўлади. Чунки у қофияларни жойига келтиришни, туроқларни тўғрилашни, шеър ичига фалсафа суқишни, бадииятни ошириш усулларини яхши билади. Пичоққа илинадиган шеър ихлосмандига омад тилайди. Ўзи таҳрир қилган (деярли қайта ёзиб берган) шеърлардан иборат китобларга сўз боши ҳам ёзиб беради. Амаллаб шеър ҳолига келтирилган «ижод намуналари»ни газеталарда чиқариб ҳам беради. Сохта шоирларга барибир – битта яримта китоби чоп этилиб, газетада номи чиқиб қолса бас (ҳарқалай, бирорта танловда ғолиб чиқишига асқотиб қолади).

Хуллас, «ишбилармон ижодкор» дўстимнинг «мижоз»лари кўп. Масалан, амал-тақал қилиб тўплам чиқарган-у, бу ёғига тортиб кетолмаётганлар бор. (Ахир «осон эрмас бу майдон ичра турмоқ»). Ана ўшалар дўстимизни кўпроқ излаб боришади. Лекин буёғини сўрасангиз, дўстимга ўхшаган «ишбилармон»лар оз эмас. (Ҳатто шу соҳада ҳам «рақобат» бор экан). «Мижоз»лар тўплам чиқариш учун пулнинг бетига қараб ўтиришмайди. Мабодо, «мижоз»нинг вақти бўлмаса, ноширлик югур-югурларини ҳам дўстимиз бажонидил ўз зиммасига олади. Қарабсизки, китоб чиққанда дўстимизнинг исми-шарифи муҳаррир деган жойдан ўрин олади. (Бу ҳам шараф-да). Дўстимиз ҳам анойи эмас, ўз ишига пухта. Рисоланинг бир четига «Китобнинг бадиий савияси учун муаллиф масъул» деган ёзувни ёздириб қўйишни ҳам унутмайди. Кўриб турибсизки, фалончи шоир қизғин ижод билан машғул. Янги тўплам чиқарибди! (Шу аҳволни Абдулла Қаҳҳор кўрсалар, ҳар иккала виждонсизни қассобхонага без тергани жўнатган бўлардилар).

ТАНЛОВЛАРНИНГ ҲАҚИҚИЙ «ИШТИРОКЧИЛАРИ»

Танловлар аслида ижод аҳлини рағбатлантириб, руҳлантириб бориш мақсадида ташкил этилади. (Таниш-билишчилик, ғирромлик аралашса, ҳақиқий ижодкор руҳланишнинг ўрнига, ўлади). «Зулфияхоним қизлари» – нуфузли танловларимиздан бири. Танлов яқинлашганда дўстимнинг ҳузурига «мижоз»лар оқиб келади. Бундай «мавсум»ларда дўстимнинг димоғи чоғ бўлиб кетади денг («Давринг келди, сур бегим»). Ахир танловда иштирокчи қизнинг ота-онаси ҳам тенгма-тенг «иштирок» этишади-ку. («Фидоий» ота-оналар бор бўлишсин). Дўстимизга ўхшаганлар шунақа пайтда роса жонбозлик кўрсатишади. Бир томондан шундай бўлгани ҳам яхшими, дейман-да. Чунки ғолибликка даъвогарнинг иқтидори шеъриятнинг тузини тотиб юрган, журналистика соҳасида 25-30 йиллик тажрибага эга инсоннинг савиясидан юқори бўлиши керак-да.

Шукрким, (мен адолат томонидаман) ҳақиқий иқтидорлар ҳам топиляпти…

«ЕТТИ БЎҒИНЛИ БЎЛСИН…»

Дўстимнинг яна бир жиҳати бор. У қўшиқчилик (ўзбек миллий эстрада қўшиқчилиги) санъатига «ҳисса» қўшиб туради. Биласиз, қўшиқчилар янги мусиқа топади (гоҳида ўғирлайди), шоирлар эса бу оҳангга мос сўзни (шеърни деёлмадим) ёзиб беради. Қўшиқчилар қўшиқ матни неча бўғинли бўлиши кераклигини айтишса бўлди, масалан, етти бўғинлими, саккиз бўғинлими… Бу атамани адабиётшунослар ва мутахассислар яхши тушунишади. Яқинда бир санъаткор машинасини сотиб қўшиққа клип суратга олдирибди. Матн муаллифига қанча теккани билан қизиқандим, «бу касб сири»деб, ошкор қилишмади. (Ҳа майли, модомики бу мантиқсизлик «касб»га айланган экан, «сир»лари ҳам бўлади-да…).

ҚОЗОНГА ЯҚИН ЮРИБ, ҚОРАСИДАН ЮҚТИРДИМ

«Ишбилармон» дўстим «буюртма»ларни бажариб улгурмай қолди, шекилли, мени телефон орқали чақиртирди. Етиб бориб, нафасимни ростлаб улгурмасимдан, кескин саволни кўндаланг қўйди:

— Шеърларингни сотасанми?

Аввалига шошиб қолдим, ҳайрон бўлдим, хафа бўлдим. Кейин дўстимнинг «касби» эсимга тушиб, саволни «тўғри тушундим».

— Фалончи аканинг 60 йиллик юбилейи бўляпти, — изоҳ бера бошлади дўстим. — Шу муносабат билан акахон «Сайланма» туздилар, аммо кўнгиллари тўлмаяпти. Давраларда ўқилмаган шеърларингдан элликтасини шу «девон»га жойлаб юборайлик. Уям хурсанд, сенам хурсанд бўласан!..

Юрагимнинг бир ери симиллаб оғриб кетди. Виждоним шу безбетнинг юзига тупур деяпти. Аммо… (бўш чўнтакка ғурур не даркор!).

Ўйланиб қолганимни кўрган «ишбилармон»:

— Исскуство требует жертву, — дея кўрсаткич бармоғини юқори кўтариб қўйди. Бўшашиб турганимни розилик аломати деб тушунди шекилли, «Бўпти келишдик, лекин ҳеч кимга гуллаб қўйма», деди қатъий.

Уйга етгунча ўзим билан ўзим курашдим:

— Йўқ, ўлсам ҳам бунақа бемаъниликни қилмайман! Шеърларим ахир юрак қонимдан яралган. Ўз фарзандларимдай…

— Э ҳозир шуни ўйлаб ўтирадиган вақтми! Нима, мен шеърларни ер чопиб топяпманми! Бир ўтирсам, аллақанча шеър ёзаман. Сотсам нима қипти! Ҳарна-да, рўзғорга ёрдам…

Қоғоздаги шеърларимни саралай бошладим. Ўзимча хомчўт қилиб кўраман. Ҳар бир шеърни қанчадан олар экан-а? Ҳар бир шеъримга беш минг сўмдан берса, икки юз эллик минг сўм бўларкан…

Хотинимдан сомса пиширадиган печнинг нархини сўрайман – энг оддийси, беш-олти юз минг сўм эмиш. Шеърларимнинг пули битта оддийгина печга етмас экан-ку. Йўқ, бўлмайди. Сотмайман!

Лекин… Агар ҳар бир шеъримни эллик минг сўмдан сотаман десам-чи? Ўшанда битта музлатгичнинг пули чиқади (шеърларимни сотиб муздай бўлиб олардим)…

Туни билан ухлай олмай тўлғониб чиқдим. «Бошқалардан олмадим туйғу, ўзгага ҳам бермам овозим» деган мисраларни қулоғимга фаришталар пичирлаб ўқиётгандай туюлаверди… Шоирларнинг безовта руҳлари билан баҳслашиб чиқдимми-ей…

Тонгда «шеърларимни сотмайман» деган қатъий қарорга келган эдим. Аммо…

— Дадажон, мактабимизда «Балли, қизларжон» танлови бўляпти. Менам қатнашяпман. Шунга… янги кўйлак олиб берсангиз… – Қизимнинг ялинчоқ овози қарорларимни парчалаб ташлагандек бўлди.

— Дадаси, рўзғорда ун, ёғ қолмаган. Дўкончидан ҳам қарзимиз бор. Шу бугун қарзимизни бермасак, насияга ҳеч нарса бермай қўяди… – Хотинимнинг гаплари бошимдан қуйилган муздек сув каби таъсир қилди менга.

Тамом, шеърларимни сотганим бўлсин! Менам дўстимга ўхшаб «ишбилармон ижодкор» бўлиб кетсам, рўзғорим бут, гапим бутун бўп қолар…

Тўрвахалтамга шеърларим битилган бир даста қоғозни соларканман, кўзимдан ёш қуйилиб келса бўладими… Эээ, ғалати одамман-да ўзи. Нима, осмон узилиб ерга тушяптими?! Маънавий хазинам моддийлашади, холос-ку. Шеърларимдан фойда кўрадиган бўляпман ахир!

…Намунча шўр бўлмаса бу кўз ёш деганлари…

Нодим МУҲАММАД

«Маърифат саодати» газетасининг 2018 йил 26 январ сонидан олинди

1+