ШАРОБ ОРТИДАГИ АРАВА

Матбуотда ҳам, одамлар орасида ҳам «ичкилик – иллатдир» деган ибора пайдо бўлганига кўп йиллар бўлди. Назаримда, бу – инсонлар ҳаётининг заволи бўлган ичкилик ҳақида жуда енгил, қоғозга ўраб айтилган иборага ўхшайди. Инсон ҳаёти, соғлиғининг кушандаси, қолаверса, инсонни инсоний фазилатларидан маҳрум этиш даражасига олиб борувчи бу оғуни шунчаки иллат сифатида тушуниш тўғри бўлмаса керак.

Хўш, одамларнинг ичкиликка ружу қўйишларининг сабаблари нимада? Инсонларни турли касаллик ва оилавий бахтсизликларга гирифтор қилаётган бу оғуга қарши курашда ижобий натижаларга эришиш мумкинми? Агар шундай бўлса, бу кураш қай йўсинда ва қай кўринишда бўлиши лозим? Умуман, унга қарши курашнинг натижаси бўладими?  

Бугун мана шу саволлар устида бош қотирган одам жуда кўп муаммо ва қарама-қаршиликларга дуч келади. Ўзингиз айтинг, ҳозирда ичкилик кириб бормаган бирор тадбир ёки хонадон қолганми ўзи? Бу оғу инсон онгини, унинг фикр-ўйларини эгаллашга ҳам улгурди-ку.

Тўй қиламизми ёки оилавий тадбирми, хаёлимизга биринчи келадиган нарса – ичкилик. Тадбирда ёки тўйда қанча ароқ қўйилади, унинг қайси хилидан олиш керак, бунга қанча маблағ кетади – биринчи бўлиб мана шулар ҳақида бош қотирамиз. Тўғри, «Спиртли ичимлик қўйиш керак эмас», деган ўй кўпчиликнинг кўнглидан ўтади ҳам, лекин дарров унинг ортидан «Қўймасак, меҳмонлар уят қилади-да, одамлар гапиради», деган фикр келади. Демак, биз обрў-ҳурматимизни ҳам ичкилик билан ўлчаш даражасига келдик; тўй-тантаналаримиз, тадбирларимизнинг ичкиликсиз ўтиши обрўсизланишимиз, ҳурматимизнинг йўқолишига олиб келади, деган тушунча ақлимизни эгаллаб бўлди!

Хўш, энди нима қилайлик? Дўконларда ичкилик сотишни тақиқлаш керакдир балки, нима дейсизлар?

Келинг, шу ўринда мозийга қайтиб иш кўрамиз, яъни собиқ иттифоқ даврида давлат миқёсида ўтказилган ичкиликни тақиқлаш ва унинг натижаси ҳақида фикр юритамиз.

Бундай тақиқ натижаси ўтган асрнинг 80-йилларида қандай бўлганлиги кўпчиликка маълум. Ўша пайтда ароқнинг шаҳар ёки туман бўйича бир ёки икки жойда навбат билан сотилиши, узумзорларнинг ёппасига йўқ қилиниши кўзланган натижаларга олиб келмади. Ҳали ичкиликдан воз кечишга кўникмаган, бунга тайёр бўлмаган омма орасида бу тадбир катта қийинчилик ва ташвишлар туғдирди. Давлат миқёсидаги тақиқ ижобий натижа бермади. Мана, бугун спиртли ичимликларни ҳар қадамда, ҳар бир шаҳар ёки қишлоқда, хоҳлаган пайтингизда, хоҳлаганингизча, исталган хилидан топишингиз мумкин. Яшириб нима қиламиз, аксарият қишлоқларимизда рухсат этилган савдо шоҳобчаларидан ташқари, кўпгина хонадонларда ҳам спиртли ичимликлар ноқонуний тарзда сотилади. Пардаламай айтадиган бўлсак, ҳозирги кундаги аҳвол олдингисидан ҳам баттар.

Хўш, муаммони ҳал этишнинг бошқа муқобил йўллари борми?

Ўтган замонлардан етиб келган бир ривоятда айтилишича, уч ака-уканинг уч ўғли бўлган экан. Катта ака ўғлини тарбиялашда ўта қаттиққўллик йўлини танлабди, уни катталарнинг айтган гапи, берган топшириғини сўзсиз бажаришга ўргатибди. Аммо, ўғил балоғат ёшига етганда, ҳеч кимнинг айтганини қилмайдиган, ўз билганидан қолмайдиган, асабий ва қайсар йигитга айланибди.

Ўта қаттиққўлликнинг бундай натижасини кўрган ўртанча ака ўғлини жуда эркин қўйибди, у нима деса, шуни муҳайё этибди. Бундай тарбия натижасида ўғил ўта дангаса, ишёқмас, мустақил фикри йўқ, боқиманда бир шахс бўлиб улғайибди.

Ҳар икки аканинг тарбиясидан ҳафсаласи пир бўлган кенжа ука ўғлини тарбиялашда ғоят мўътадил йўл танлабди, тарбияда оқил, олим одамларнинг фикрига таянибди, ўғлида билим олишга ва шунинг баробарида бир неча ҳунарни эгаллашга рағбатни шакллантирибди. Натижада, унинг ўғли оқил, тадбиркор, билимли, ҳунарли, одобли йигит бўлиб улғайибди.

Бу ривоятда катта ҳаётий ҳақиқат бор. Мен уни мавзуимизга боғламоқчиман, яъни, ичкиликбозликни йўқотиш учун ўта қаттиққўллик ҳам, ўта эркинлик ҳам иш бермайди. Бу иллатнинг илдизига болта уриш учун одамларимизнинг маънавиятини, маърифий савиясини, диний ва дунёвий билимларини ошириш даркор. Янаям тўғрироғи, диний маданият, диний қарашлар, диний қонун-қоидаларга эътибор қаратиш лозим. Шу гапимни изоҳлаш учун бир мисол келтирай, русларнинг ҳаётига эътибор қилганмисиз? Улар уйланса ҳам, турмушга чиқса ҳам, фарзанд кўрса ҳам, оиласида кимдир вафот қилса ҳам, ичади. Чунки, православ дини ўз қавмига спиртли ичимликларни ислом дини каби маън этмаган, балки уни истеъмол қилишда меъёр сақлашни уқтирган. Умуман, рус характерига тегишли бу каби масалалар алоҳида фикрлашни талаб этса керак. Лекин, гоҳида рус характеридаги ароққа бўлган муносабат ўзбекларимизга ҳам маълум даражада юққанга ўхшайди, деган фикрга ҳам келасан киши. Юқмай бўладими, ахир. Рус босқини туфайли инқилобга қадар деярли эллик йил, ундан кейин эса, яъни қизиллар қўл остида етмиш йилдан кўпроқ улар билан ёнма-ён, ҳамфикр яшаганимиз тарихий ҳақиқат-ку!

Руслар Ўрта Осиёга бостириб кирганларида нафақат қуроллари билан, балки спиртли ичимликлари ва уни ишлаб чиқариш анжомлари билан кириб келганликларини тарих исботлаб турибди. Шундай экан, икки авлод умрига тенг даврда спиртли ичимликка бўлган муносабатда бир халқнинг иккинчисига таъсир қилиши табиий ҳолат. Умуман, жамият ҳаётида инсоннинг бирор масалага муносабати унинг маънавий, маърифий билим даражаси ва маданий савиясидан ташқари, диний қарашларига ҳам боғлиқ бўлади.

Бугунги кунда спиртли ичимликларнинг инсон организмига зиёни, «шиша ичидаги жин»нинг одамни турли қийинчилик ва бахтсизликларга, йўқотишларга гирифтор қилиши ҳақида етарли даражада ахборот ва маълумотлар бор. Бундай ичимликларни истеъмол қиладиган кишиларнинг деярли барчаси бу ҳақида яхши билишади. Қаранг, зарарини билган ҳолда, ҳаттоки яширин сотувдаги спиртли ичимликларнинг кўпчилиги «қўлбола», инсон организмига зарар бўлган спиртдан тайёрланганини билсалар-да, барибир ичаверишади.

Мана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш учун эҳтимол ўрта ва олий ўқув даргоҳларида маънавий, ахлоқий, маданий тарбиядан ташқари, диний тарбияни йўлга қўярмиз? Чунки, кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, эътиқоди бутун инсонларнинг аксарият қисми спиртли ичимликларга умуман яқин йўламайдилар.

Жамиятда ичкиликбозлик ва унга қарши кураш ҳақида гап кетар экан, бу борада яна бир муҳим жиҳат ҳақидаги фикрни ўртага ташлашга тўғри келади. Оила – жамиятнинг кичик бир ячейкаси, яъни улкан Ватанимиз ичидаги ватанчадир. Мана шу кичик ячейканинг ўзида ва унга энг яқин бўлган маҳалла қўмиталари, турли давлат ва нодавлат ташкилотлар, маҳаллий ҳокимият идоралари, хуллас жамиятимизни ичидан емираётган бу оғуга қарши кураш олиб боришга чақирилган барча ташкилотлар масъулият билан иш олиб борсаларгина бу муаммо бартараф бўлиши мумкин. Бу ташкилотларнинг айни масалада масъулиятсизликлари, ўзлари кўриб турган салбий ҳолатлардан кўз юмаётганликлари туфайли ҳам қишлоқлар, маҳаллаларда ичкиликбозлик авж олиб бораётир.

Фикрларим сўнгида ичкиликбозликнинг оқибати ҳақида халқ ичида латифага айланиб кетган бир ҳикоячани келтириб ўтишни жоиз деб билдим.

Икки аравакаш юк ортилган аравалари билан олдинма-кейин келишмоқда экан.

– Нима олиб кетяпсан? – сўрабди орқадаги аравакаш.

– Шароб, – деб жавоб қилибди олдиндагиси.

– Ундай бўлса, сенинг ортингдан келаётганим бежиз эмас экан, – дебди орқадаги аравакаш.

– Ҳаа, демак сен яхна овқат олиб келаётган экансанда, а?

– Йўқ, тобут олиб келяпман…

Холмурод ОЛЛОНАЗАРОВ,

Тошкент вилояти.    

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 10 июн №8-9- қўшма сонидан олинди.   

1+