УЧИШГА МАЖБУРЛАНАДИГАН БАЛИҚЛАР ёхуд МУАЛЛИМ ЛАЁҚАТСИЗ БЎЛСА…

Фарзандингизнинг ўқитувчиси сизни мактабга чақиртириб, ўғлингиз ёки қизингиз устидан шикоят қилди, дейлик. Яъни, бола уйга берилган топшириқларни бажармаган, синфдошлари билан жанжаллашган ёки ўқитувчининг гапига кирмаган ва ҳоказо. Биламан, бунақа пайтда сиз ота-оналар ўртасида асрлар бўйи мерос бўлиб келаётган одатга амал қиласиз: фарзандингизнинг боплаб таъзирини берасиз.

Балки ҳозир мен айтадиган фикрлар ўқитувчилар ва ота-оналар ўртасидаги минг йиллик қоидаларга зиддир, балки антипедагогик фикрдек туйилар, балки мақолани ўқиган ўқитувчиларнинг жаҳли ҳам чиқар, эътироз билдиришар, лекин нима бўлганда ҳам, муҳтарам ота-она, сиз болангизни (уни айблаётган ўқитувчилар жамоаси ичида) ёлғиз қолдирманг. Бу билан, болангизнинг ёнини олиб жанжал кўтаринг демоқчи эмасман, нотўғри тушунманг.

Келинг, масалага тартиб билан ёндошайлик. Айтайлик, бола мактабда бир неча синфни битирган бўлсаям, ҳалигача карра жадвалини ёд олмаган. Нима бўпти шунга, осмон узилиб ерга тушмайди-ку! (Масалан, мен ҳам мактабни битиргунимга қадар карра жадвалини ёдламаганман, математика, алгебра фанларидан нуқул паст баҳо олардим ва бу нарса менинг ҳаётимга ҳам, иш фаолиятимга ҳам ҳеч қандай салбий таъсир қилгани йўқ). Ёки бола дарсларда доим тўполон қилиб ўтиради, ўқитувчиларининг айтганини қилмайди, уларга гап қайтаради… Лекин бу фожиа эмас! Эътироз билдиришга шошилмай турсангиз, сизга сал кейинроқ баъзи ҳақиқатларни айтаман, ҳозир биринчисини эшитинг:

ЭНГ КАТТА ФОЖИА – ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ ҲАР БИР ЎҚУВЧИГА ИНДИВИДУАЛ ЁНДОШМАЙ ТУРИБ, ҲАР БИР ЎҚУВЧИ БИЛАН ЮРАКДАН ГАПЛАШМАЙ, УНИНГ ФЕЪЛ-АТВОРИ БИЛАН ЯХШИ ТАНИШМАЙ ТУРИБ, БОЛА ПСИХОЛОГИЯСИНИ ЯХШИ БИЛМАЙ ТУРИБ, У ҲАҚИДА ХУЛОСА БЕРИШЛАРИДА!

Айни шу ноаниқ хулоса ва шошилинч билдирилган фикрлар боланинг келажак ҳаётини барбод қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Айтмоқчиманки, агар болангизни ўқитувчилари сўкаётган, уришаётган бўлса, сиз ҳам дарров уларга қўшилиб болага дакки беришни бошламанг. Бунақа пайтда айнан сизнинг даккингиз бефойда, бола сизни англамайди, чунки у ҳозир қаттиқ хафа ва боз устига, қўрқувда. Бунақа ҳолатда ҳар қандай одам боласининг мияси яхши ишламай қолади. Сиз ўлганнинг устига тепган қилмай, уни бағрингизга олинг, яхши фазилатлари ҳақида эслатинг, унга ишонч билдиринг.

Ҳатто одам ўлдирган жиноятчиларнинг ҳам судда ҳимоячи олиш ҳуқуқи бор ва адвокатлар ҳатто ўшандай жиноятчиларни ҳам оқлаш учун сабаб, далил, исбот қидирадилар, ахир бу бола шўрликнинг гуноҳи ўшанчамас-ку! Унинг «ёмонлиги» сабабларини аниқлаш ҳам қийин кечмайди ва одатда, бунга асосан ўзларингиз – ота-она ва ўқитувчилар сабабчисизлар. Масалан, бола уй вазифаларини бажармаётган бўлса, сиз унга: «Нега дарсларингни қилмаяпсан? Сени деб мен гап эшитишим керакми?» деб бақиришдан олдин бир саволга жавоб беринг-чи: фарзандингиз билан охирги марта қачон бирга дарс қилгансиз?

Хўш, муҳтарама онажонлар, балки, «Олдин уй ишларини бажар, укангга қара, молларга сув бер, кейин қиласан дарсларингни» дейишларингиз ёдингизга тушгандир? Ёки унинг уй вазифаларини бажаришини назорат қилишнинг ўрнига, «қулоғим тинчроқ турсин» деб, «Бор кўчада ўйна» деганларингиз эсингиздадир? Кўчада «Китоб олиб беринг, ойи» деб китоб дўкони томон талпинганида, қўлидан ушлаб озиқ-овқат ёки парфюмерия дўконига судраганингиз-чи? Дарсига оид нимадир сўрамоқчи бўлганида, севимли сериалингиздан чалғитгани учун «уфф» тортиб, ўшқириб берганларингиз-чи?..

Ўқитувчиларининг лақабларини айтиб, масхара қилганида завқланиб кулгансиз. Дарслик китобини йиртганида парво қилмай, «фалон пулга олинган» курткасини лой қилиб келганида нақ ярим соат дакки бергансиз. Яна эсланг хатоларингизни.

Ўқитувчиларга ҳам осон эмас: ўқув жараёни, бир синфдаги ўттиз-қирқталаб бола, дафтар текширишлар, қоғозбозлик ишлари, текширувчилар, оила, кўча… Мен уларнинг иши қанчалик оғирлигини жуда яхши  биламан. Гоҳида асабийлик туфайли ўқувчиларни ноҳақ хафа қилиб ҳам қўйишади. Гоҳида қўпол педагогик хатоларга йўл қўйишади (билиб-билмай эмас, била туриб қилишади буни). Шундай ўқитувчилар борки, дарс пайтида болаларнинг пиқирлаб кулишидан ҳам, у ёқ-бу ёққа аланглашидан ҳам, бирор шеърни ёд олмаганидан ҳам ёки дарсга бироз кечикиб келганидан ҳам ғазабланиб кетаверишади.

МИНГ АФСУСКИ, АЙРИМ ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ ПСИХИКАСИ; АЙРИМ ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ АХЛОҚИ; АЙРИМ ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ ДУНЁҚАРАШИ БУЗУҚ… АЙРИМЛАРИНИНГ БИЛИМИ НИҲОЯТДА САЁЗ; АЙРИМЛАРИНИНГ БОЛА ПСИХОЛОГИЯСИ БЎЙИЧА ҲЕЧ ҚАНДАЙ ТУШУНЧАСИ ЙЎҚ… ВА ҲОКАЗО. ЯШИРИШНИНГ НИМА КЕРАГИ БОР — БАЪЗИ МАКТАБЛАРДА ВА АЙРИМ ЎҚУВ ЮРТЛАРИДА ЎҚИТУВЧИЛИККА УМУМАН НОЛОЙИҚ ОДАМЛАР ИШЛАШЯПТИ.

Сиз, ҳеч бўлмаса, мактабда болангизга нимани ва қандай ўргатилаётгани билан қизиқинг. Ўқитувчиларнинг маънавияти, билим даражаси, ахлоқий савияси, ҳаётда қандай одам экани, феъл-атвори билан қизиқинг, ота-она сифатида бунга ҳаққингиз бор.

Мен буларни нега айтаётганимни тушуняпсизми? Сиз болангиз масаласида ўқитувчи катта хато қилаётган бўлиши мумкинлигини; болангиз ҳақида нотўғри фикр билдираётган бўлиши мумкинлигини; ўша ўқитувчида болани англаш салоҳияти шаклланмаган бўлиши мумкинлигини унутманг, демоқчиман.

Мана, неча йиллардан буён шу дунёда яшаб, кўряпсизки, ҳаётда адолатсизликлар, ҳақсизликлар жуда кўп бўлади. Сизнинг фарзандингиз ҳам улғайгач, ҳаётдаги муаммолардан четда қолмайди, албатта. Яъни, ҳақсизликларга ҳали кўп учрайди. Ҳамонки, унинг ёнида экансиз, болангизни ҳаёт кўнгилсизликларидан, адолатсизликлардан имкони борича кўпроқ ҳимоя қилинг. Бу – уни кўнгилга сиққанича эркалатинг дегани эмас, албатта. Боланинг паст ўзлаштиришига ёки одобсизлигига эътиборсиз қараб бўлмайди.

БОЛАНИ КОЙИНГ, ЛОЗИМ БЎЛГАНИДА УРИНГ, ЛЕКИН АЙНАН КЕРАКЛИ ПАЙТДА ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ ҲАМ БИЛИНГ. ВА ЭНГ МУҲИМИ, БОЛАНГИЗНИНГ БИЛИМИ ВА САЛОҲИЯТИ ҲАҚИДА ЎҚИТУВЧИНИНГ ҚЎЙГАН БАҲОСИ БИЛАН ХУЛОСА ЧИҚАРМАНГ.

Ўзингизнинг билим ва тарбиянгизни, оталик, оналик маҳоратингизни ишга солиб, боланинг билимларни ўзлаштириши учун ёрдам беринг. Унда ўзига ишонч уйғотинг.

«ИККИЧИ» ДАҲОЛАР

Мен шу ўринда, сиз муҳтарам ота-оналарга тарихда ўтган айрим даҳолар, кашфиётчилар, ижодкорлар, таниқли давлат арбоблари ҳаётидан мисоллар келтирмоқчиман. Уларга ҳам болалигида ўқитувчилари томонидан «одам бўлмайди», «ўзлаштириши ёмон», «қолоқ» ва ҳатто «ақли паст» каби «ташхислар» қўйилган эди. Лекин ҳаёт бунинг бутунлай акси эканини исботлади. Марҳамат, ўқинг ва уқинг!

* * *

Энг машҳур «тарбияси оғир ўқувчи» — Альберт ЭЙНШТЕЙН – таниқли физик олим, жамоат арбоби, 1921 йилда физика фани бўйича Нобель мукофоти совриндори бўлган. Болалигида физика ўқитувчиси унга «Шу феъл-атворинг билан оддий югурдак ҳам бўлолмайсан», дея хулоса берган экан. Баъзи ўқитувчилар эса бўлажак олимнинг гавдасига номутаносиброқ кўринадиган катта бошига ишора қилиб,  «Бу боланинг туғма эси паст» дейишаркан.

Йўқ, болакай Эйнштейн (баъзи манбаларда қайд этилганидек) мактабда «иккичи» бўлмаган, у кўп жиҳатларда тенгдошларидан устун ҳам эди. Гап шундаки, бўлажак даҳони ўқитувчилари унчалик ёқтиришмаган. Сабаби, ёш Альберт ўқитувчиларнинг билимидан қониқмаётганини яшириб ўтирмас, (гарчи сўзларни тўғри қўллашни унчалик уддалай олмаса ҳам), улар билан кўп баҳслашарди. Альберт тўғрисида ўқитувчилардан жуда кўп эътироз эшитишгани туфайли ҳам, унинг ота-онаси ўғилларининг ҳаётда муносиб ўрин топиб кетишига ишонишмасди ва муаллимларнинг фикрини маъқуллаб, «Бу хомкалла мустақил ҳаёт бошлаганида энг паст маош тўланадиган ишга жойлашса ҳам катта гап», дейишарди. Хуллас, Эйнштейнга гимназия аттестатини олиш ҳам насиб бўлмаган. Цюрих шаҳридаги олий техник билим юрти – Политехникага ўқишга кириш учун  эса ўзи мустақил тайёрланган ва икки йиллик уринишдан сўнг талаба бўлган.

* * *

Руснинг қомусий олими: химик, физик, метеоролог, иқтисодчи, технолог, педагог, «Менделеев даврий жадвали» асосчиси Дмитрий МЕНДЕЛЕЕВ гимназияда қониқарсиз баҳоларга ўқиган. Фақат математика фанидангина яхши баҳо оларди. Гимназияда ҳам, Петербург педагогика институтида ўқиб юрган кезларида ҳам Менделеевга ўқитувчилари аъло баҳо қўйишмасди. У ҳатто институтнинг биринчи курсини икки йилдагина тамомлай олган, яъни, ўзлаштириши паст бўлгани учун уни курсдан курсга кўчиришмаган. Табиатан камгап, одамови ва анчайин қайсар бўлгани учун ҳам, бўлажак олимни ўқитувчилар унчалик ёқтиришмаган.

* * *

Мактаб даврида ўқитувчиларидан доим дакки, «одам бўлмайсан» деган «башорат»ларни эшитиб улғайган «иккичи» олимлардан яна бири – Сергей КОРОЛЁВдир. Балки бўлажак олимнинг ўқитувчиларида боладаги алоҳида қизиқиш ва интилишларни кўриш, англаш, сезиш қобилияти бўлмагандир, ҳарқалай «иккичи» Королёв улғайиб, катта олим бўлди, унча-мунча одамга насиб этмайдиган ютуқларга эришди. Ўз вақтида космик ракеталар конструкцияси бўйича унга тенг келадиган олим йўқ эди. 1961 йилда Юрий Гагарин парвоз қилган «Восток» учар кемасини ҳам айнан Королёв яратган.

* * *

Буюк рус адиби Антон Павлович ЧЕХОВ ҳам мактаб даврида аълочи ва тиришқоқ ўқувчилардан бўлмаган. Уни ҳатто икки марта синфдан синфга кўчиришмаган: учинчи синфда арифметика ва география фанларини умуман ўзлаштиролмагани учун ва бешинчи синфда икки баҳолари жуда кўп бўлгани учун. Қизиғи шундаки, бўлажак буюк адиб рус тили ва адабиёти фанидан ҳам ҳеч қачон аъло баҳо олмаган, бу фандан унга фақат қониқарли баҳо қўйишарди.

Мактабни «қолоқ ўқувчи» сифатида битирган Чехов Тиббиёт университетига ўқишга кирганидан сўнг, ўзининг илк ҳикояларини ёза бошлади ва кундаликларида қайд этиб қолдиришича, ёзувчилик соҳасида катта ютуқларга эришишида айнан шу университет ўқитувчиларининг қўллаб-қувватлашлари ва эътирофлари сабаб бўлган.

* * *

Руснинг катта шоири Александр ПУШКИН эса лицейдаги таҳсил давомида математика фанидан нуқул икки баҳога ўқиган ва бу нарса унинг шоирларнинг энг зўри бўлишига тўсқинлик қилгани йўқ. «Мен математикадан ҳалигача ҳеч вақони тушунмайман» — ижодининг энг гуллаган даврида шундай деган эди Пушкин.

* * *  

Яна бир таниқли рус адиби Лев ТОЛСТОЙга ҳам маълумот ҳақида диплом олиш насиб этмаган. Бўлажак адиб 9 ёшида етим қолиб, мактабдаги ўқишга унчалик рағбат қилмайди. Ёш графнинг қариндошлари унинг кўнгли ўксиклигини ҳисобга олиб, болага қаттиқ гапирмайдилар. Мактабни икки, уч баҳолар билан аранг тугатган Толстой университетга ўқишга киради, лекин иккинчи курсни битиргач, ўқитувчиларнинг билимидан кўнгли тўлмаётганини айтиб, университетни ҳам ташлаб кетади. Аммо буларнинг ҳеч бири унинг дунёга таниқли адиб бўлишига монелик қилгани йўқ.

* * *

Император НАПОЛЕОН эса фақат математика фанидангина қониқарли баҳоларга ўқиган. Мактаб даврида ўқитувчилари унинг қайсар ва қулоқсиз бола эканидан шикоят қилишарди.

* * *

XX асрнинг кучли сиёсатчиларидан бири, энг қийин даврларда Буюк Британиянинг икки карра бош вазири бўлган Уинстон ЧЕРЧИЛЛ ҳақида ҳам ўқитувчилари ижобий фикрда бўлишмаган. Улар ёш Уинстоннинг ота-онасига «ўғлингиз ўлгудек танбал ва уқувсиз бола» дейишарди. Бўлажак арбоб чиндан ҳам мактаб даврида жуда кўп фанлардан икки баҳо оларди, айниқса, тарих ва адабиёт фанлари унинг учун (ўз таъбири билан айтганда) «ошиб бўлмас тоғ» эди. Ана шу «иккичи»1953 йилда тарихий ва биографик характердаги асарлари ҳамда энг юксак инсоний қадриятларни ҳимоя қилишга ёрдам берадиган ажойиб нутқи учун Нобель мукофотига сазовор бўлган.

* * * 

Замонамизнинг энг бой одамларидан бири – британиялик миллиардер, таркибига 400дан ортиқ компанияларни жамлаган Virgin Group корпорациясининг асосчиси, бойлиги 5 миллиард АҚШ долларидан ортиқроқ деб баҳоланадиган Ричард БРЭНСОН жаноблари ҳам ўзи ўқиган мактабнинг энг паст ўзлаштирувчи ўқувчиларидан бўлган ва ўзбошимча ҳамда қайсар бу болани ўқитувчилари умуман хушлашмаган. Уни кўпинча мактабдан ҳайдаб жазолаш билан қўрқитишаркан. Жаноб Брэнсон ўзининг бир қанча интервьюларида, мактаб даврида адабиёт фанидан нуқул икки баҳога ўқиганини айтади. Адабиёт ўқитувчиси томонидан «энг паст ўзлаштирувчи ўқувчи» деб баҳоланган Ричард Брэнсон бугун бир қатор китоблар – тадбиркорликка ва инсон руҳиятига оид ажойиб асарлар муаллифи ҳамдир.

* * * 

Сайёрамизнинг энг бой одамларидан яна бири — номи барчага яхши таниш америкалик бизнесмен, жамоат арбоби, Microsoft компаниясининг асосчиларидан ва собиқ акционерларидан ҳисобланадиган Билл ГЕЙТС жаноблари ҳам мактабни паст баҳолар билан тугатган экан. Ўғилларининг «иккичи»лигидан уялган ота-онаси уни яхши ўқишга рағбатлантириш мақсадида, ҳар бир беш баҳо учун яхшигина миқдорда мукофот пули ҳам ваъда қилишган, лекин бу ҳам фойда бермаган – бўлажак миллиардер мактабни битиргунига қадар ҳеч қайси фандан аъло баҳо ололмаган.

ОҚИЛА ОНАНИНГ «АҚЛИ ПАСТ» ФАРЗАНДИ

Томас ЭДИСОНни биласиз  – фонограф (овоз ёзиб олувчи асбоб)ни, телеграфни, телефонни, киноаппаратурани, гапирувчи қўғирчоқларни, лампани, жуда кўп электр жиҳозларни ва ҳоказоларни кашф қилган америкалик машҳур ихтирочи, инженер, тадбиркор. Маълумотларга кўра, бугунги кунда АҚШ ялпи ички маҳсулотларининг 16 фоиздан кўпроғи айнан Томас Эдисон кашфиётлари асосида ишлаб чиқарилар экан.

Бўлажак кашфиётчига бирор мактабни тугатиш ёки олий маълумот олиш насиб бўлмаган. Гап шундаки, у ҳам мактаб даврида «қолоқ» ўқувчилардан ҳисобланарди. Ҳамиша ҳардамхаёл, паришон кўринадиган болакайни ўқитувчилари боплаб савалаб ҳам туришарди. Унинг онасини мактабга чақиртириб, «Болангиз бефаҳм ва тентак. Уни мактабда олиб қолишдан маъни йўқ» дейишарди. Бундай хулосадан ғазабланган она ўқитувчилар билан талашиб-тортишар, ўғлининг жуда ақлли ва қобилиятли бола эканини уларга тушунтирмоқчи бўларди. Бу орада болакай Томаснинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар ҳам чиқди: кучли шамоллаш туфайлими ёки ирсиятданми (отасида шундай касаллик бор эди) унинг қулоқлари яхши эшитмай қолди.

Бир куни мактаб ўқитувчилари Томаснинг қўлига хат солинган конверт тутқазиб, уни онасига олиб бориб беришни тайинлашади. Томаснинг онаси хатни аввалига пичирлаб, кўзда ёш билан ўқиб чиқади, кейин ўғлига овоз чиқариб ўқиб беради:

— Эшитгин-а, ўғлим, ўқитувчиларинг сен ҳақингда нима дейишибди: «Сизнинг ўғлингиз – даҳо. Афсуски, бизнинг кичкинагина мактабимизда бундай иқтидорли болага билим бериш лаёқатига эга ўқитувчилар йўқ. Шунинг учун, сиздан илтимос, ўғлингизни уйда ўзингиз ўқитсангиз».

Ўшанда Томас 10 ёшга ҳам тўлмаган эди. Ўша кундан бошлаб унинг онаси Нэнси Элиот хоним бутун билим ва тафаккурини ишга солиб, ўғлининг билим даражаси бошқа тенгдошлариникидан кам бўлмаслиги учун тиришиб ҳаракат қила бошлади. (Эътироф этиш керакки, бўлажак даҳо олимнинг онаси ниҳоятда ўқимишли, билимли, нозик дидли аёл бўлган. Нэнси Элиот хонимнинг отаси ўз даврининг кўзга кўринган руҳонийларидан бўлиб, қизига жуда кичиклигиданоқ диний ва дунёвий билимларни ўргатган эди).

Ёш Томас онаси кўмагида икки йил ичида бир қанча машҳур тарихий, фалсафий, бадиий асарларни ўқиб чиқди. Нэнси хоним ҳар бир асарни ўғлига овоз чиқариб ўқиб берар, кейин боладан уни мустақил ўқиб чиқишни талаб қилар, мутолаа тугагач, она-бола китоб ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашишар, соатлаб муҳокама қилишарди. Томас 12 ёшида Детройт номидаги катта  кутубхонага аъзо бўлиб, онасига кутубхонадаги барча китобларни ўқиб, ўрганиб чиқишга ваъда берди ва оз вақт ичида ваъдасининг устидан чиқди. Она тиришқоқ ва тиниб-тинчимас, китосевар ўғли билан ниҳоятда фахрланар, «Сен келажакда катта олим бўласан», дея болани руҳлантирар, унинг ўта қизиқувчанлиги ва турли тажрибалари ортидан келадиган машмашаларга сабр қилар, ихтиролар билан боғлиқ ҳамма масалаларда уни қўллаб-қувватлар, руҳий тиргак бўларди.

Болакай Эдисон 14 ёшда эканида онасининг моддий кўмаги билан ахборот газетаси очди. Газетанинг ношири ҳам, ҳарф терувчиси ҳам, мухбири ҳам, сотувчиси ҳам Томаснинг ўзи эди. Она-бола газетада шундай долзарб мавзуларни ёрита бошладиларки, тез орада газета адад жиҳатидан ўша даврнинг машҳур газеталарига тенглашиб қолди. Аммо Томаснинг муваффақиятсиз чиққан бир тажрибаси ортидан газета иши тўхтади. Шундан кейин Томас кетма-кет турли ихтиролар қилиб, катта муваффақиятларга эриша бошлади. Олти йиллик уринишлардан сўнг биржа ҳисоботлари учун дастгоҳ яратди ва бу кашфиёт унга 40 000 доллар соф даромад келтирди. Ўшанда у 22 ёшда эди.

Томас Эдисон умри давомида шунчалик кўп ихтиролар қилдики, Американинг ўзида 1093та; Англия, Германия, Францияда эса 3000та патентга эга бўлди.

Томас Эдисон ҳаётининг ҳар бир жабҳасида онасининг қўлловини ҳис қилиб яшади. Унинг ўлимидан бир неча йил ўтгач, Эдисон оилага оид сурат ва ҳужжатларни кўздан кечираётиб, ўша – бир вақтлар онасига мактаб ўқитувчилари юборган мактубни кўриб қолади ва уни хотинига ўқиб бериб мақтанмоқ учун очади. Мактубни ўқиркан, бошига биров гурзи билан ургандек туюлади. Чунки унда онаси қувонч ёшлари билан ўқиб берган мақтовлар йўқ! Бу хатда: «Ўғлингиз – ақли паст бола. Биз ақлий ривожланишдан ортда қолган болани бошқа соғлом болалар қаторида ўқитолмаймиз. Шунинг учун уни эртадан бошлаб мактабга жўнатмаслигингиз сўралади», деб ёзилган эди… Ўша куни машҳур ихтирочи олим бошини чангаллаганича додлаб йиғлади. Эртаси куни эса кундалигига шундай деб ёзиб қўйди:

«Томас Алва Эдисон ақли паст, қулоғи оғир бир бола эди. Оқилаликда тенги йўқ онаси туфайли у ўз асрининг энг буюк ихтирочиси, катта олим бўлиб етишди».

Бугунги кун психологларининг фикрича, Томас Эдисоннинг болалигида кузатилган ва ўқитувчилар «ақли пастлик» дея таърифлаган муаммолар аслида иқтидорли болаларда миянинг ўта фаоллиги туфайли юзага келадиган «диққат етишмовчилиги синдроми»дир. Ким билсин, балки бизнинг мактабларда ҳам келажакнинг катта ихтирочилари, буюк олимлари «қолоқ» дея баҳоланаётгандир? Ахир ҳамма ўқитувчида ҳам бола психологиясини нозик англаш лаёқати бўлавермайди-ку.

* * *       

Ҳар бир болада қайсидир соҳага алоҳида қизиқиш, интилиш ёки ҳар бир болада алоҳида бир иқтидор мавжуд. Ота-она ва ўқитувчи боладаги айнан ўша қизиқиш ва интилишни кўра билиши, уни ривожлантириши, қўллаб-қувватлаши зарур. Биз эса болаларни ҳамма фандан ёппасига яхши ўқишга мажбурлаймиз, уларнинг алоҳида хусусиятларини деярли эътиборга олмаймиз.

Туркий халқлар дунёсидан номи асрлар бўйи тилдан тушмай келаётган буюк олимлар етишиб чиққан даврларда, аждодларимиз ўқиган илм даргоҳларида талабаларга иқтидор ва интилишларига кўра муомала қилинган, унга кўра илм берилган. Ҳамма талабалар ёки ўқувчиларга айни бир хил дарслар ўтилмаган.

Айрим илм даргоҳлари дарвоза пештоқларига эса «БУ ЕРДА ҲЕЧ БИР БАЛИҚ УЧИШГА, ҲЕЧ БИР ҚУШ СУЗИШГА МАЖБУРЛАНМАЙДИ», деб ёзиб қўйилган экан.   

Хулоса ўзингиздан!

Дилфуза КОМИЛ

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 9 январ №1 сонидан олинди

3+