ТАРБИЯГА ҚЎШИЛГАН ОҒУ

…Бозорлигимни қилиб бўлгач, қатиқ олмаганим ёдимга тушиб, сут маҳсулотлари растаси томон шошдим. Қатиқни ҳар доим битта аёлдан оламан – ишончли. Мазаси болаларимга ҳам ёқади. Қатиққа шакар ёки мураббо қўшиб, замонавий тилда айтганда «йогурт» тайёрлаб ейишни хуш кўришади.
Оғиргина бозорхалтамни ерга қўйиб, таниш сотувчига пул узатдим. У қўшни сотувчи аёл билан гаплашиб турган экан, аниқроғи қорамағизгина, тўлароқ шериги уни овутарди:
– Сиз хафа бўлманг, ўргилай! Бунақа ойимчалар сутнинг таъмини билишармиди? Сувмиш-а?! Э, ордона қолсин, яхшиликни билмаган…
Таниш сотувчим, бир нарсадан қаттиқ асабийлашган кўринади. Тугилган муштлари титраб кетди:
– Ейман-ичаман деб турган бола-чақа ҳаммада бор. Рўзғорнинг ками битармиди?! Эрим ногиронликдан тўшакка михланган бўлса, оладиган пенсияси ҳам ҳеч нарса бўлмайди. Аммо мен мусулмонман! Оқ-қоранинг фарқига бораман. Сутга сув қўшиб сотарканманми?! Гулдек болаларимга ҳаром едирарканманми?! Аввал исботлаб, кейин тўполон қилсаям майли эди…

Уларнинг гапларига эътибор бермай, саломлашган бўлдим. Бу аёлни доим 10-11 ёшдаги озғингина ўғилчаси билан бирга кўраман. Хозир ҳам ёввойи қуёнчадай ҳуркиб турган болага қараб жилмайдим-да, онасини юпатмоқчи бўлдим:
– Қўйинг синглим, куюнманг. Бозорга ҳар хил одам келади-да. Мен ҳам сиздан қатиқ олиб тураман, лекин ёмон чиққанини эслай олмайман.
Жувон кўзида ялтираган бир томчи ёшни сидирар экан, пулимни олиб, қатиқ узатди.
– Э опа, биттаси бир соат аввал кайфиятимни бузиб кетди. Боласини кўкракдан эртароқ чиқарганди. Каша-пашага пули йўқ бир бечора. Ўзимдан анчадан бери сут олиб туради. Баъзан қарзга ҳам берворардим. Бугун келиб, ҳе йўқ, бе йўқ «Сиз сотган сут туфайли боламни икки ҳафта касалхонада олиб ётдим. Сутга сув қўшар экансиз» деб, ҳамманинг олдида изза қилса бўладими! Ўлай агар, сутга бир грамм сув қўшган бўлсам…
Йўқ , қаршимдаги аёл бундай қилмайди. Қўлимдан келганича ширин сўзлаб, юпатдим:
– Бу ер бозор, ҳар хил одам бор. Хафа бўлишга арзимайди. Болаларингизни ўйланг…
Шу пайт етти-саккиз ойлик гўдакни авайлаб бағрига босган, анча одми кийинган бир жувон асабийликдан титраганча бизга яқинлашди-да, сут-қатиқ сотувчи аёлнинг қўлига муҳр босилган қоғозни узатди.
– Мана опа, сизга исбот керакмиди?! Сутингизнинг ўттиз фоизи сув эканлиги хақидаги ҳужжат бу. Олинг, ўқиб кўринг!.. Яна, бировнинг хақидан ҳазар қиламан дейсиз-а? Болам нақ ўлиб қолай деди! Уялмайсизми? Худодан қўрқмайсизми?
– Туҳмат! – важоҳат билан хезланди сотувчи аёл. – Ҳаммаси туҳмат! Қани, мен билан юринг, мана ҳамма нарсамни оволаман. Шуни текширтирган жойингизда ҳамма сут-қатиғимни экспертизадан ўтказасиз. Муроджон, юр болам!
У сут-қатиқ солинган идишларини халтасига жойлаб, даст кўтарди. Жовдираб турган боласига қараб, йиғлаганча буйруқ берди:
– Юр, дедим. Нега қаққайиб турибсан?!
Бола жойидан жилмади.Атрофда йиғилиб қолган томошаталабларга бир қур жавдираб қараб чиққач, онасининг этагига ёпишди.
– Ойи, борманг!
– Нега бормас эканман? Менинг қўрқадиган жойим йўқ! Ҳаммасини текширишсин! Ярим грамм сув топишса, буюрмасин илоҳим!
Онасининг важоҳатидан қўрқиб кетган болакай йиғлаб юборди.
– Ойи-и-и, борманг! Нарсаларимизни олиб бозордан кетайлик…
– Нега?
– Мен сутга сув қўшиб қўйганман. Ҳамма идишлардаги сутга сув аралаштирганман…
Карахт бўлиб қолган она шалвираб курсига чўкди.
– Тушунмадим, болам? Нималар деяпсан ўзи?
– Ҳа, ойижон, сутга сувни ҳар доим мен қўшаман. Анчадан буён…
Ишонмадим. Наҳотки? Мен бу аёлдан ҳеч сут сотиб олмаганман. Аммо қатиқлари мазали эди-ку!
Онасидан тарсаки еган болакайга қараб, раҳмим келди.
– Ҳар доим дадамни «пул топмайди» деб қарғайверасиз, – йиғлаганча тушунтириш берарди бола. – «Пенсияси ўлгур ҳеч нимага етмайди», дейсиз. Дадам сизга билдирмай роса йиғлайдилар. «Дориларимга ҳам анча пул кетади-да, болам. Ундан кўра тезроқ ўла қолсам, сизларга ҳам қийин бўлмасди», дейдилар… Мен ҳеч бўлмаса дори пуллари чиқиб туради-ку деб, сутни сув билан кўпайтираётгандим. Ранги ўзгармайди, одамлар билмайди, дадам ҳам узоқ яшайдилар деб ўйлагандим, холос…
Боланинг иқроридан она мустар, одамлар лол, мен эса ўйланиб қолдим: ношукрлик қилавериб, болаларни қинғир ишларга ўзимиз ўргатиб қўймаяпмизми?..

Муаззам ИБРОҲИМОВА

2018 йил 12 январ сонидан олинди

0