СЛОНОВЛАР, НЕСЕРДИНЛАР, МАРДАНЛАР…

Ассалому алайкум «Маърифат саодати» газетаси таҳририяти ходимлари! Анчадан буён газетангиз саҳифаларида чоп этилаётган, кунлик ҳаётимизда учраётган муаммолар акс этаётган мақолаларни зўр иштиёқ билан ўқиб бораман. Газетанинг менга ёққан жиҳатларидан бири – унинг ҳар бир сонида она тилимизга эътибор сусайиб кетаётгани, тилимизни асраб-авайлаш борасида мақолалар чоп этилишидир. Шу мавзуда мен ҳам ўз фикрларимни билдириб ўтишни жоиз деб билганим сабабли ушбу хатни йўлламоқдаман.

«Нуроний» газетасининг 2019 йил 21-сонида «Инсонпарварлик намунаси» номли мақола ўқидим. Мақолада Шимолий Осетиянинг Ардон шаҳридаги «Изқуварлар гуруҳи» томонидан иккинчи жаҳон уруши вақтида, яъни 1942 йилнинг ноябр-декабр ойларида Ардон шаҳри учун бўлган жангларда ҳалок бўлган аскарлар кўмилган умумий қабристон топилгани ва дафн этилганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам борлиги ҳақида хабар қилиниб, қабристонда қўним топган жангчи юртдошларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида жорий йилнинг 8 май куни ҳар бир аскарнинг исм-шарифи Ардон шаҳридаги мемориал мажмуанинг мармар тошларига ёзилгани кўрсатиб ўтилиб, Ардон шаҳрида ҳалок бўлган ўзбек жангчилари исм-шарифлари келтирилган. 62 нафар ўзбек жангчиларининг исм-шарифлари билан танишишим жараёнида менда иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан фақат рус, татар, қозоқ ёки умуман бошқа миллат вакиллари жўнатилган экан-да деган тушунча пайдо бўлди. Бу рўйхатга бир эътибор беринг-а:

Исм-шарифи Туғилган ва ҳалок бўлган йили Туғилган жойи
Бекмиров Ханаикул 1904 й. – 27.11.1942 й. Сурхондарё вилояти, Шеробод тумани.
Ганоназаров Пазирали 1915 й. – 1942 й. Фарғона вилояти, Қўқон тумани.
Джапаров Кошпак 1922 й. – 05.12.1942 й. Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани
Джураев Ермурат 1920 й. – 14.12.1942 й. Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани
Додобаев Мусенжа 1916 й. – 28.11.1942 й. Фарғона вилояти, Марғилон шаҳри.
Есинбаев Абдукен 1920 й. – 28.11.1942 й. Тошкент вилояти, Қуйи Чирчиқ тумани.
Ибрагимов Исхак 1902 й. – 29.11. 1942 й. Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон тумани.
Карабаев Ипат 1921 й. – 29.11. 1942 й. Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани.
Молагусенов Хибит 1912 й. – 28.11. 1942 й. Фарғона вилояти, Молотов тумани.
Румасов Ахмут 1923 й. – 01.12. 1942 й. Андижон шаҳри
Русупов Мардан 1921 й. – 29.11.1942 й. Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани.
Сулеиманов Барат 1916 й. – 27.11.1942 й. Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри.
Ураков Сетокалим 1916 й. – 28.11.1942 й. Фарғона вилояти, Куйбишев тумани.
Урумбаев Несердин 1912 й. – 28.11.1942 й. Фарғона вилояти, Куйбишев тумани.
Хаджаев Галим 1915 й. – 16.12. 1942 й. Тошкент шаҳри, Ленин тумани.
Хандамов Хаира 1922 й. – 03.12.1942 й. Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани.
Хасанов Абассан 1910 й. – 12.12. 1942 й. Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани.

Эҳ-ҳее, бу руйхатни яна давом эттириш мумкин (улар 62 нафар!). Лекин эътибор қилинг, юқоридаги исм-шарифларни ўқиган киши бирор-бир асл ўзбек исми ёки насабини учратмайди, ваҳоланки бу жангчиларнинг бари ўзбек миллатига мансуб эдилар.Ўқувчида шундай фикр пайдо бўладики, ўша даврларда Ўзбекистонда ўзбеклар яшамаган ёки ўзбек миллатига мансублар урушга жўнатилмаган. Лекин биз буни хато фикрлигини яхши биламиз. Иккинчи жаҳон уруши қурбонига айланмаган ўзбек оила аъзолари кам учрайди. Юқоридаги рўйхатни ўқирканман, Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидан бирида тарих фанидан дарс бераётган, доцент Слонов Раҳматжоннинг насаби билан боғлиқ ҳодиса ёдимга тушди. Раҳматжон Слоновдан сўрашибди:- Домла, миллатингиз тожик бўлса, нега насабингиз русча, яъни Слонов?- Асли насабим русча Слонов эмас, балки туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамни ёзаётган масъулнинг тилимизга эътиборсизлик билан қараши туфайли, Арслонов насабим Слоновга айланган, – деб жавоб берган эди олим. Бундай саволлардан зериккан Слонов кейинчалик насабини Арслонзодага ўзгартирди.Хўш, бугун она тилимизда учраётган хатоликлар, ўзбек атамалари ўрнига бошқа, бегона тил атамаларини қўллашда давом этаверсак ва бунга эътиборсиз бўлсак, кейинчалик юқорида кўрсатиб ўтилган исм-шарифларга яна қайтмаймиз деб ким кафолат бера олади? Ахир биз ўзбек миллатига мансублигимиз билан бир қаторда ислом дини вакилларимиз. Динимиз таълимотига кўра, фарзандга чиройли маъноли исм қўйиш ота-онанинг бурчи. Хўп, бу масаланинг бир тарафи. Иккинчи тарафи шундаки, бу бефарқлик оқибатида ўзбек тили қашшоқлашиб бораверса, келажак авлод ўзбек тилининг бой маданий меросини ўқиганида уни тушуна олмай қолиши мумкин, оқибатда ўзбек тили ва адабиёти намоёндалари ижодидан бебаҳра қолиб, бошқа миллат вакиллари ижодига таҳсин айтиб юришади-ку. Бу билан мен ўзбекларни бошқа миллат адабиётларини ўқишмасин, ёки унга таҳсин айтишмасин деган фикрдан йироқман. Лекин, миллатидан қатъий назар, шу юртда туғилиб ўсган ҳар бир инсон юртнинг миллий қадриятларини юксакларга кўтариш учун хизмат қилса, ўз фарзандларининг бахтли келажаги учун хизмат қилган бўлар эди деб ҳисоблайман. Менинг миллатим тожик, лекин Ўзбекистонда туғилиб, шу ернинг нонини еб, тузини ичиб вояга етганим сабабли, Ўзбекистоннинг миллий қадриятларига, тилига, урф-одатларига, унинг келажагига бефарқ қарашни ўзим учун Ўзбекистонга ва ўзбек миллатига ҳурматсизлик деб биламан. Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир миллат вакили ушбу қадрият ва урф-одатларни, ўзбек тилини (шу юртнинг нон-тузи, ўзбек халқининг диний ва миллий бағрикенглиги   ҳурмати юзасидан) қадрлаши ва уни янада равнақ топиши учун ўз ҳиссасини қўшиши шарт. Сизларга ва Сиз орқали ушбу эзгу мақсадларга камарбаста бўлаётганларга Аллоҳдан сабр-тоқат, куч-қувват тилаб қоламан.

Сайёджон ЗОҲИДОВ Фарғона вилояти, Риштон тумани.  

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 10 июн (№8-9) сонидан олинди

1+