«СЕНАТ РАИСИГА МАКТУБ»НИ ЎҚИБ…

Яқинда xabar.uz сайтида журналист Барно Султонованинг «Сенат раиси Танзила Норбоевага мактуб -2» номли мақоласини ўқиб қолдим. Мақола шу йилнинг 12  март куни эълон қилинган бўлиб, унда Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида истиқомат қиладиган Саодат Азизова исмли аёлнинг ҳаётидаги қийинчилик ва муаммолар ҳақида баҳс юритилади.

Мен журналистларимизнинг аҳолининг муҳтож қатламига оид муаммоларни дадил кўтариб чиқишларини ҳар доим олқишлайман, қачонки, бундай мақолаларда масала атрофлича таҳлилларга, журналистик текширувларга асосланиб, холисона ёритилган бўлса. Лекин, Барно Султонованинг мазкур мақоласида мен айнан журналистик текширувларга асосланган хулосаларни ва холисликни топмадим.

Сабабини изоҳлайман:

Саодат Азизова билан боғлиқ масалалардан шахсан ўзим журналист сифатида хабардорман. Тўғри, бу аёл менга ёки мен раҳбарлик қиладиган газета таҳририятига шикоят хати йўлламаган ёки шахсан мурожаат қилмаган. Гап шундаки, айрим интернет сайтларида Саодат Азизовани 14 ёшли ўғлининг Президентга кўп йил онаси билан уйсиз, ижараларда яшашаётгани баён қилиниб, уй сўраб ёзган мактуби эълон қилинган ва бу мактуб ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Шундан кейин сайтларда бу оилага Янгийўл шаҳридан икки хонали уй берилгани ҳақидаги хабар ва йигитчанинг ҳаяжонга тўла миннатдорлик сўзлари эълон қилинди.

Ўша вақтда биз «Маърифат саодати» газетасининг бир лойиҳасини эълон қилган ва мазкур лойиҳа асосида узоқ йиллар давомида уйсиз, ижара уйларда яшаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар ҳақида барча вилоятлардан маълумотлар йиғаётган, лозим вақтларда уларнинг муаммолари юзасидан журналистик суриштирувлар ўтказаётган эдик. Бизни бу аёлнинг ҳам нима сабабдан 14 йилдан буён ижара уйларда яшаб келгани қизиқтирган ва  мухбирларимиз маълумот олиш учун Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилганлар. Ва шу мурожаат ортидан Саодат Азизованинг ҳаётидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари билан боғлиқ маълумотлар, юридик ҳужжатлар билан танишганмиз. Мен ўша жараёнда ижтимоий тармоқда Саодат Азизованинг Янгийўл шаҳар ҳокими ҳамда унинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарининг кўрсатган ёрдамларидан беҳад миннатдор экани баён қилинган, қувонч ва ҳаяжон ҳисси билан ёзилган постларини ўқиганман ва яна бир аёлнинг муаммолари ечим топганидан қувонганман. Барно Султонованинг Саодат Азизованинг муаммолари ҳал бўлмагани айтилган ва Сенат раисига: «Охирги умидим сиздан, Танзила опа», — дея тугалланган мақоласини ўқигач, аёлнинг муаммолари нега ҳал бўлмаганини аниқлаш мақсадида Янгийўл шаҳар ҳокимлигига яна қайта мурожаат қилдим.

Англаганингиздек, жараёндан етарлича хабарим бор ва шунинг учун ҳам, юқорида эслатганим — журналист Барно Султонованинг мақоласини, тўғрироғи, Сенат раиси Танзила Норбоевага мактубини таҳлил қилмоқчиман.

Мактуб шундай бошланади:

«Ҳа, ўтган йили шу пайтлари 20 йилдан бери уйсиз яшаётган хоразмлик аёлнинг мурожаатига на хотин-қизлар қўмитаси на маҳалла қулоқ солмагач, сизга мактуб ёзиб, сиз туфайли ўша аёл уйли бўлганди…»

Бу ерда «хотин-қизлар қўмитаси қулоқ солмагач», деган гап ноўрин, чунки ўтган йилнинг айни шу кунларида Хотин-қизлар қўмитасида айнан Танзила Норбоева раис эдилар, демак, ёрдам шу қўмита орқали бўлган. Агар гап Хоразм вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари ҳақида кетган бўлса, (мактубда бу аниқ айтилмаган), унинг фаолияти назорати ҳам бевосита Республика хотин-қизлар қўмитаси раисига бориб тақалади.

Мактубда журналист бундан бир йил олдин Янгийўл шаҳрида яшовчи Саодат Азизова ҳақида xabar.uz сайтида «Ўзимни аёл эмас, зараркунандадай ҳис қилдим» номли мақола эълон қилганини эслатиб, ёзади:

«…Саодатнинг ҳаётида қандай ўзгариш бўлди? Ҳеч қандай!  Ўша-ўша текстилга ишга борса, ёшинг катта (40) деб ишга олишмаган. Бир нафар ўғли бор. 14 йил деганда ҳокимият томонидан эскигина таъмирталаб уй берилган имтиёзли равишда, лекин бу уйни Саодат «меники» деёлмайди. Сабаби ҳали ҳам ҳужжатлаштириш ишлари ортга суриб келинмоқда. Уй ҳокимият балансида…»

Келинг, инсоф билан фикр юритайлик. Мактуб бошида журналист 20 йил деганда Танзила Норбоева туфайли уйли бўлган хоразмлик аёл ҳақида эслата туриб, «у аёл, мана бир йилга яқинлашиб қолдики, ҳали ҳамон сизни дуо қилади. Ҳазилакам гапми, 20 йил деганда уйли-жойли бўлиш ва азалий орзунинг ушалиши…» – дейди. Тўппа-тўғри, ҳазилакам гап эмас. Ва айни эътирофни 14 йил деганда уйли бўлган Саодат Азизова тўғрисида ҳам айтилса, инсофдан бўларди.

Шу ўринда айни масала бўйича ўзимнинг журналистик таҳлилимни баён қиламан:

Саодат Азизова асли Қуйичирчиқ туманидан. Доимий рўйхати ҳам ўша ердаги уйида. Оилавий можаро ва муаммолар туфайли уйидан чиқиб кетган ва 1996 йилдан буён ижара уйларда яшаб келган. 2018 йилнинг 27 апрелида Янгийўл шаҳар ҳокими Фарҳод Мирзаевнинг «Турар жойга муҳтож фуқаро Азизова Саодатга Янгийўл шаҳар Рамадон маҳалласи, Лаззат кўчасидаги 6-уйнинг 4-хонадонини вақтинчалик бириктириш тўғрисида» Фармойиши чиққан ва унга асосан Саодат Азизова бир нафар ўғли билан айни манзилда ҳозирга қадар яшаб келмоқда. Бу масала юзасидан ҳеч қандай журналистик суриштирув ёки текширув ўтказмасдан, Сенат раисига ҳаяжонланиб мактуб ёзиб эълон қилган журналистнинг «Саодатнинг ҳаётида ҳеч қандай ўзгариш бўлмади», — дейиши инсофдан эмас. Бир аёлнинг 14 йиллик саргардонликдан сўнг бошпанага эга бўлиши унинг ҳаётида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини англатадими?

Бу аёлнинг ҳаётидаги муаммоларни бир йил аввал кўтарган Барно Султонова шу бир йил давомида бирор марта Янгийўл шаҳар ҳокимлиги масъуллари билан боғландими? Мазкур масалага оид ҳужжатларни текширдими, таҳлил қилдими? Ҳокимлик масъуллари билан учрашиб, эгалик ҳуқуқини бериш ишларига дахлдор масалалар билан қизиқдими?

Янгийўл шаҳар ҳокими ўринбосари ва ҳокимлик бош юрисконсульти менга бу масала юзасидан ҳеч бир журналистнинг ҳокимлик билан боғланмаганини ва журналистик текширув ўтказмаганини таъкидлашди. Аниқлашимча, Саодат Азизова яшаб турган уй Фуқаролик судининг 2019 йил 20 декабр кунидаги ҳал қилув қарори билан Янгийўл шаҳар ҳокимлиги ишончли бошқарувига берилган. Саодат Азизова ўзи яшаб турган мазкур хонадонга эгалик ҳуқуқи беришларини сўраб ариза билан мурожаат қилган. Ҳозир қўлимда Янгийўл шаҳар ҳокими Фарҳод Мирзаев томонидан имзоланган маълумотнома турибди. Унда Саодат Азизовага ўзи яшаб турган икки хонали хонадоннинг эгалик ҳуқуқини бериш масаласи борасида ҳужжатлар шакллантирилаётгани ва қонунда белгиланган тартибда ишлар олиб борилаётгани айтилган. Мен бу маълумотномани битта расмий сўров билан, бир кунда олдим. Демак, ариза эътиборсиз қолдирилмаган. Буни шаҳар ҳокимининг ўзи ва ҳокимликнинг бош юрисконсульти расман тасдиқлади. Демак, айни масала бўйича суриштирув ўтказадиган журналистларга ҳам бефарқ эмаслар, мулоқотдан қочмайдилар. Демак, бу аёл учун жон куйдираётган Барно Султонова ўз ишига профессионал даражада ёндошганида; Янгийўл шаҳар ҳокимияти билан боғланиб, ишни ўз назоратига олганида эди, Сенат раисига илтижо билан мактуб ёзиб, масъулларни айблаб ўтирмасди.

МАҚОЛАДАГИ МАНТИҚСИЗЛИКЛАР

Барно Султонованинг Сенат раисига мактуби ортидан унинг мазкур масалага оид биринчи мақоласи билан ҳам танишдим.  «Ўзимни аёл эмас, зараркунандадай ҳис қилдим» номли мақола xabar.uz сайтида 2019 йилнинг 27 февралида эълон қилинган экан. Унда журналист Барно Султонова Саодат Азизовани таърифлар экан, «…Кимга нима учун мурожаат қилишни яхши билгани учун ундан ёрдам сўраб келадиганлар сони кўпайиб кетди Қийналган одамларга йўл-йўриқ кўрсатишни, ёрдам беришни бурч юзасидан қилади…» – дейди ва кўп одамларнинг муаммоси ҳал бўлишига ёрдам берганини таъкидлаб, бунга мисоллар келтиради. Албатта бу таҳсинга лойиқ фазилат. Фақат мени бир нарса таажжубга солди, мурожаат қилишнинг йўл-йўриқларини яхши биладиган ва бундай масалаларда кўпчиликка ёрдами теккан аёл нега (мақолада айтилиши бўйича) Янгийўл туманидаги тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқиладиган цехга иш сўраб борганида, бир кун ишлатиб, «қарисан, эртадан ишга келма», — дея ҳайдаган ва изоҳ талаб қилгани учун шиша идишни отиб зардаланган, ҳаққини талаб қилса, ўн беш минг сўм пулни юзига отиб юборган турк ишбилармони устидан керакли жойларга шикоят қилмай, индамай кетаверди? Нега бу ҳолатлардан айни вақтида хабардор бўлган журналист ҳам: «…Четдан инвестиция олиб кираётган инвесторларнинг юқоридагидек муомала қилишини, айтайлик, Адлия вазирлигининг инсон ҳуқуқлари бошқармаси ўрганиб кўрганми?..» – дея айбловларга тўла мақола ёзиб ўтирмасдан, ҳолат юзасидан суриштирув ўтказиб, вазиятни ойдинлаштирмади? Нега ҳақиқий аҳволни ўрганмай, бир томонлама хулоса чиқарди? Мана энди, иккинчи мақоласида ҳам ўша – бир йил олдин текстилга борганида ёшинг катта деб ишга олишмаганидан муаммо ясаяпти. «Жамиятда у учун ҳамма йўллар беркилган», — дея асоссиз хулоса қиляпти.

Энди мақоланинг қуйидаги қисмидаги мантиқсизликка эътибор беринг:  

«…Хўш, Санобар (биринчи мақолада Саодатнинг номи ўзгартириб берилган) қаерда ишлайди? Шу пайтгача ҳар куни 20 минг сўм эвазига яна бир ёлғиз аёлнинг чақалоғига энагалик қилаётганди. Орада ўзи яшаётган ҳудудни супуриб туриш учун ишга олишди. Аммо икки ой ўтса ҳамки, ойлигини беришмади. Бир неча марта иш ҳақини сўради, аммо маошдан дарак бўлмади. Кейин у Республика хотин-қизлар қўмитасининг раиси Т.Норбаевага интернет орқали мурожаат қилади.

Ўша кунлари у телеграмимга шундай ёзганди: «Опажон, Танзилла Норбаевага раҳмат. Мурожаат қилганимнинг эртасигаёқ ҳокимлик ва биржадан икки вакил югуриб келишди. Мен ўғлимнинг оёғига этик олиб бериш учун ойлигимни сўрагандим. Улар менга икки ойлик пулимни олиб келишибди. Мен уларга майли бир ойлигимни бўлса ҳам бераверинглар, ўғлимнинг оёғига этик олишим керак, дедим. Улар нима қилди, биласизми опажон, хурсанд бўлганича бир ойлик пулимни ташлаб кетишди. Улардан яна бир ойлигимни беринглар, деб сўрагим келмади, ғурурим йўл қўймади…»

Ўзингиз ўйлаб кўринг, иш жойига бир неча марта мурожаат қилиб, икки ойлик иш ҳаққини ололмаган ва бу ҳақида Республика Хотин-қизлар қўмитаси раисигача мурожаат қилган аёлга ҳокимлик ва биржа вакиллари ўша икки ойлик иш ҳаққини олиб келишаркан-у, у «майли бир ойлигимни бўлса ҳам бераверинглар, ўғлимнинг оёғига этик олишим керак», — дер экан! Шахсан Танзила Норбоеванинг топшириғи билан келган ҳокимлик ва биржа вакиллари эса хурсанд бўлганича унга бир ойлик маошини бериб, қолган бир ойлик маошини ўзлари олиб кетишаркан ва кўча супуриб топган бу маошини олиш учун анча-мунча жон куйдирган аёл индамай қолавераркан! Яна ким: (мақолада ёзилганидек) ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишни уддалай олмаётган одамларга йўл-йўриқлар кўрсатиб, керакли жойларга йўллаб қўядиган аёл! Мантиққа тўғри келадими шу гап? Журналист Барно Султонова эса Саодат Азизованинг телеграм орқали юборган ва ҳокимлик ҳамда биржа вакилларига нисбатан жиддий айблов акс этган бу хабаридаги гапларнинг ҳақиқатга қанчалик тўғри келиш-келмаслиги ҳақида (суриштириш тугул) ўйлаб ҳам ўтирмасдан, уни расмий ахборот порталида эълон қилиб юборяпти. Мен айни шу масала юзасидан ҳам ҳокимликдан изоҳ сўрадим ва ўша куни Саодат Азизованинг уйига унинг икки ойлик  маошини олиб борган масъуллар – Меҳнат биржаси раҳбари К. Носиров ва Янгийўл шаҳар ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Н. Раҳматуллаева эканини аниқладим. Ҳозир қўлимда Саодат Азизованинг ўша куни Н. Раҳматуллаева номига ўз қўли билан ёзиб, имзолаган билдиришномасининг бир нусхаси турибди. Унда Саодат Азизова бу масъуллардан икки ойлик маошини тўлиқ олганини ёзган ва «Н. Раҳматуллаевага эътирозим йўқ, улар менга ҳар доим ёрдам бериб келганлар. Эътирозим биржадан эди, муаммоим ҳал бўлди», — дея таъкидлаб ҳам қўйган. Агар журналист Барно Султонова қизиқсалар, бу билдиришномадан ташқари, Саодат Азизованинг ўша куни маошини қабул қилиб олаётгани ва ҳоким ўринбосари Нодира Раҳматуллаевани миннатдорона қучиб ўпаётгани акс этган фотосуратларни тақдим қилишим мумкин. Ваҳоланки, буларни аниқлаштириш ва вазиятни ойдинлаштириш журналист Барно Султонованинг вазифаси эди. Ҳар қандай журналист тақдим қиладиган ҳар қандай ахборот холис бўлиши шарт.

«ФОҲИШАЛИК ҚИЛИШНИ ХОҲЛАМАЁТГАН АЁЛЛАРНИНГ ҚИСМАТИ ШУНДАЙ…»МИ?

Энди эътиборингизни Саодат Азизова ҳақидаги биринчи мақолада журналист Барно Султонова томонидан қайта-қайта таъкидланган мана бу гапларга қаратмоқчиман (матнлар айнан келтирилган) :

«…Ҳа, Санобар (яъни, Саодат) ғурурли, иродали. Агар ғурурли, иродали бўлмаганида бошига тушган шунча кўргуликлардан кейин ҳаётдан кўнгли совуши, жуда бўлмаганда чет элга кетиб қолиши мумкин эди…»

«…Санобар (яъни, Саодат) маънавиятли бўлгани учун фоҳишалик қилмаяпти, чет элга кетмаяпти, жиноят кўчасига кирмаяпти. Аммо унга маънавиятли бўлгани учун иззат ҳурмат кўрсатишаяптими? Маънавиятли бир фидойи аёлнинг қадрига етишяптими?..»

«…Ҳа, Санобар (яъни, Саодат) ориятли, ғурурли аёл. У қийналса ҳам ёмон йўлга юрмайди, ҳаётдан кўнгли совумайди, сўнгги чора сифатида ҳорижга «сурвормайди»…»

Энди иккинчи мақола, тўғрироғи, Сенат раисига мактубдаги мана бу жумлаларга эътибор беринг:

«Саодат яна бир гапни айтди: «Аёлга жиноятга қўл урмасидан олдин, яъни ўғирлик қилмасдан, фоҳишага айланмасдан олдин ёрдам қўлини чўзиш керак эмасми?..»

Яна камига, мақола охирида: «…Ҳалол яшамоқчи бўлган, хорижда ишлаш учун фарзандини ташлаб кетгиси келмаётган, фоҳишалик қилишни хоҳламаётган ва ҳалоллиги билан фарзандига ўрнак бўлишни истаётган барча ёлғиз аёлларнинг юртимиздаги қисмати шундай…» – дея муболағали ва салбий хулоса ҳам чиқарилган.

Тўғриси, икки мақоладаги бу фикрларни ўқиб ҳайратда қолдим! Шу гапларни «қалами олтин» журналист ёзяптими?! Демак, чет элларга чиқиб ишлаётган аёллар ғурурсиз, иродасиз, маънавиятсиз экан-да?! Ёрдам кўрмай қолган аёллар фоҳиша, жиноятчи, ўғри бўлиб кетаётган экан-да?! Юқоридаги гаплардан шундай хулоса чиқяпти-ку.

Барно Султонова кечириб қўйсинлар, чет элларга чиқиб ишлаш учун аёлга жуда катта ирода керак, бирор касбни ёки ҳунарни эгаллаган бўлиши керак, меҳнатдан, турли юмушлардан қочмайдиган, ғайратли, салоҳиятли бўлиши керак. Четда ишлаётган аёлларимизни ҳаётдан кўнгли совугани учун, ўз юртида қадрланмагани учун, орияти, ғурури бўлмагани учун кетган дейиш ноинсофликдан бошқа нарса эмас! Айниқса, бу гапларни журналистнинг айтиши жамиятимизга нисбатан ҳам, аёлларимизга нисбатан ҳам адолатсизликдир!

Мақоланинг «…Санобар (яъни, Саодат) маънавиятли бўлгани учун фоҳишалик қилмаяпти, чет элга кетмаяпти, жиноят кўчасига кирмаяпти. Аммо унга маънавиятли бўлгани учун иззат ҳурмат кўрсатишаяптими? Маънавиятли бир фидойи аёлнинг қадрига етишяптими?..» – деган жойини умуман ақлимга сиғдиролмадим. Қайси маънавиятли одам ўзининг фазилатларини бошқаларнинг кўрсатадиган иззат-ҳурмати билан бир тарозига қўяди? Бирор аёлнинг фоҳишалик қилмаётгани, чет элга чиқиб кетмаётгани, жиноятга қўл урмаётгани учун давлат компенсация тўлаши керакми?! Ўз номусини, иффатини, аёллик шаънини сақлаш – ҳар бир аёлнинг ўз бурчи, вазифаси. Нима, энди ҳар бир қийналган аёл ҳокимлик идораларига бориб, «Агар менга ёрдам қилмасаларинг, бузуқлик қиламан, хорижга кетиб қоламан, ўғирлик қиламан», — дея шарт қўйсинми?! Ор-номуси бутун ҳар қандай аёл шунга яқин бир гап айтишдан ҳам истиҳола қилади-ку.

Ўз қадри ва шаънини сақлаб, ҳалол яшамоқчи бўлаётган аёлларга бугун бирор тўсиқ борми? Бизнинг оналаримиз уруш, очарчилик, қаҳатчилик даврларида ҳам таналарини сотиб ёки ўғрилик қилиб кун кўришмаган ва шаънларини ерга уришмаганини бировга пешкаш ҳам қилишмаган. Ва бу фазилатлар бизга мерос.

Яқин ўтган вақтларда аёлларимиз адолатсизликдан, ҳақсизликдан ўзларига ўт қўйишгача борардилар; ажрашган аёллар ўз ҳақлари тугул, болалари учун оддий алиментни ҳам ундиролмай, судма-суд, эшикма-эшик сарсон бўлиб юрардилар. Бугунги журналистларнинг жуда кўпчилиги ўшанда ҳам ўз фаолиятида эди ва қўрқувдан тилларини қисиб, ёки «яшасин»лаб, ёки овозларини чиқармай, жимгина ишлашарди. Бугун аёллар учун анча-мунча шароитлар яратилаётганда, минглаб аёлларга анчайин ёрдамлар берилаётганда, оддий эътирофни ҳам раво кўрмай, тирноқ остидан кир қидириб, таги аниқланмаган маълумотларни кўтариб ҳайқиришнинг оти журналистика бўп қолдими?!

Мени яна бир нарса қизиқтиради: эътибордан четда қолгани даъво қилинаётган  Саодат Азизова шу кунгача, яъни 45 ёшига қадар қандай касб билан шуғулланган? Ниманинг эвазига тирикчилик қилган? Шу ёшга етгунича бирор касб ёки ҳунарнинг бошини тутганми? Йўқ эса, нега?..

Адолат талаб қилаётган журналистнинг ўзи биринчи навбатда адолатли бўлиши керак. Саодат Азизова жамиятда қадр топмаяптими? Эътибор кўрмаяптими? Журналист борсин ҳокимликка, Саодат Азизованинг Президентдан, Янгийўл шаҳар ҳокимидан ва ҳоким ўринбосаридан миннатдор экани ўз қўллари билан ёзилган;

ҳокимга қарата: «Мен фақат сиздан ёрдам сўрайман ва сизга ишонаман», — дейилган;

ҳоким ўринбосари ҳақида: «Улар менга ҳар доим ёрдам бериб келганлар», «Н. Раҳматуллаева мени оилам билан доимий ҳамкорликда, аҳволимдан доим хабардор»- дейилган ва ўз қўллари билан имзоланган эътирофларини кўрсин.

Бундан ҳам қониқмаса, ижтимоий тармоқларда Янгийўл шаҳар ҳокими ва ҳоким ўринбосари ҳақида Саодат Азизова қўйган – миннатдорчилик ва ҳаяжонга, эътирофларга тўла постларни кўрсин (ҳозир қўлимда ўша хатларнинг нусхалари ва постларнинг скриншотлари турибди). Танқид ҳам инсоф билан-да энди! Профессионал журналист ўзига телеграм тармоғидан юборилган гапларни мақола қилиб ёзиб, шартта эълон қилиб юбораверадими?

Журналист дегани, текширилмаган, ўрганилмаган, далиллар билан тўлиқ асосланмаган маълумотларни омма эътиборига ҳавола қилиб юбораверадиган, бир ёқлама фикр ва хулосалари билан пафосга берилиб юрадиган айрим блогерлардан фарқланиши керак эмасми?

ТЎЙДАН КЕЙИН НОҒОРА ЧАЛИШ

Журналист иккинчи мақоласида Сенат раисига қарата: «Бир аёлнинг ҳаёти учун сизни безовта қилиб журналистни мактуб ёзишга мажбур қиладиган» маҳалла ва хотин-қизлар ташкилотларини ёпиш кераклигини алоҳида таъкидлайди. Барно Султонова мени кечирсинлар-у, бунинг отини тўйдан кейин ноғора чалиш дейилади. Бу мақола сайтда шу йилнинг 12 март куни эълон қилинган. Журналист тугатилиши кераклигини таъкидлаган ташкилотлар эса бу мақола чоп этилишидан бир ой аввал, яъни 18 февралда Президент Фармони билан тугатилган.

МЕНИ ТААЖЖУБЛАНТИРГАН «ОГОҲЛИК»

Барно Султонованинг икки мақоласида изоҳталаб ўринлар ҳали яна бор. Аммо, таҳлилни шу ерда тугатмоқчиман. Мақолалардаги имловий хатолар борасида ҳам гапирмайман. Фақат бир нарсани таъкидламоқчиман: мен Барно Султонованинг Сенат раисига мактубини ўқиганимдан кейин, ушбу мақолада ёзган айрим таҳлил ва хулосаларимни xabar.uz ахборот-таҳлилий портали масъулларига айтдим ва айни масала бўйича менда етарли маълумотлар борлигини билдирдим. Улар мендан шу бўйича мақола тайёрласам, чоп этишга тайёр эканларини айтишди.

Менингча, журналист Барно Султонова шундан кейин мен билан боғланиши ва юқоридаги масалаларни биргаликда муҳокама қилишимиз, лозим кўрилса, айни масала бўйича биргаликда бошқа бир мақола тайёрлашимиз лозим эди. Мен шу ўй билан, Барно Султонованинг мен билан боғланишини икки кун кутдим. Хабар бўлмагандан кейингина, қайта журналистик суриштирув мақсадида Янгийўл шаҳар ҳокимлиги билан боғландим. Энг қизиғи, ҳоким ўринбосари менинг исм-шарифимни ва журналист эканимни эшитиши биланоқ: «Сиз журналистлар нуқул кир қидирасизларми, дейман. Қилаётган яхши ишларимизни кўрсатманглар, майли, лекин адолатсизлик ҳам қилманглар-да…» – деди. Мен асл мақсадимни англатганимдан кейин, маълум бўлдики, ҳоким ўринбосари менинг исм-шарифимни бир кун олдин Саодат Азизовадан эшитган. Саодат Азизова ҳоким ўринбосарига қўнғироқ қилиб: «Дилфуза Комилова деган журналист менинг ишим бўйича суриштириб, ҳокимиятга келдими?..» – деган мазмунда гапирган. Ҳоким ўринбосари эса мени танимаслигини ва бу масала бўйича ҳеч ким суриштирмаганини айтган. Демак, мен сайт масъуллари билан гаплашганимни эшитган Барно Султонова мен билан боғланишнинг ўрнига, дарҳол Саодат Азизовага қўнғироқ қилган…

Дилфуза КОМИЛ

«Маърифат саодати» газетаси бош муҳаррири  

2+