«ПЎПКЎРН», «КАЗИНАКИ», «ХЎББИ» ВА «ШОУ»ЛАР… – ФАРОСАТСИЗЛИКНИНГ ЧЕГАРАСИ БОРМИ?

Кўчада кетяпман… Катта бекатга яқинлашганимда димоғимга хушбўй, ёқимли, таниш ҳид урилди. Бодроқ ҳиди. Болаларга олиб кетиш учун бодроқпазлик кўшки («Киоск» дейсизми? Аслида ўша сўз туркийча «кўшк»дан олинган) ёнига бордим.

– Укам, бодроғингдан 5000 сўмлик солиб бер.

– Нимағингдан, дедиз, ока?

– Бодроқ.

– Биза бодро сотмимиза. Бизада пақат пўпкўрн бор.

Ҳақиқатан ҳам катта қоғоз варағига отнинг калласидай қилиб «Поп-корн» деб ёзиб қўйибди. Бодроқ деган сўз отамнинг замонида қолиб кетибди шекилли. «Пўпқорин»чига ота-боболаримиздан мерос бодроқ ҳақида озгина тушунча бермоқчи бўлдим-у, аммо бу оммавий маданиятсизликнинг манқурт қули сўзларимга энсасини қотираётганини кўриб, ҳайф сенга ўзбекчилик, дея йўлимда давом этдим.

Кўчани-ку қўйинг, энг алам қиладигани – тилимизнинг кўзгуси, миллионларнинг сабоқ мактаби бўлиши лозим бўлган телевидениеда ҳам тил бузишга «холис хизмат» қиладиган ходимлар тобора ўзидан кўпайиб, туп қўйиб, палак ёзиб бормоқда. Куни кеча «американча попкорн»нинг рекламасини такрор-такрор томоша қилиб, қон босимим кўтарилиб кетди. Таржимани қаранг-а! Биринчидан, американча эмас – америкача. Иккинчидан эса, боя айтганимдай, пўпқорин эмас – бодроқ бўлиши керак! Бод-роқ!

ЭСИЗГИНА «ҲОЛВА»-Я!

Кеча уйга қайтаётсам, йўлак четида бир опахон кунжутли, мағизли, бодомли ва бошқа ҳар хил ҳолва сотиб ўтирган экан.

– Ҳолвалар неча пулдан, опа?

– Ҳолва? Нимани этвос? Бу казинаки-ку!

Тушундим, опамиз «кадзенаке» демоқчи бўлдилар. Кейин овозларига дағал тус бериб, таъкидладилар:

– Ҳолвани Чорсидаги ҳолвачиладан олас…

Ҳолваям «казинаки» бўлиб кетибди! Бояги пўпқоринчининг муносабатидан кейин бу казинакичи опагаям сотаётган нарсаси ўзбекчада ҳолва дейилишини тушунтириб ўтириш бефойдалигини англадим. Индамайгина набираларимга тўрт-бешта «казинаки»дан олиб, уйга қайтдим. Телевизорни қўйсам, бир мухбирча машҳур санъаткорларнинг биридан интервью олаётган экан:

– Ҳурматли фалончи ака, яхши биламизки, сиз жуда кўпчиликнинг «кумир»исиз. Ўз мухлисларингизга севимли хоббийингиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Менинг хўббийим – балиқ ови…

Аслида актёр халқи дунёқараши кенг, тил бойлиги мукаммал, ўз халқининг турмуш тарзи, сўзлашув маданияти, маънавий оламини яхши биладиган инсонлар бўлиши керак. Агар таъбир жоиз бўлса – саҳнадаги ёки экрандаги актёр томошабинга қайсидир маънода дарс бериши, сабоқ ўргатиши, устозлик қилмоғи лозим. Бунинг учун эса унинг ўзи эл-юрт ҳаётининг профессори бўлиши шарт. Чунки санъаткор, у актёрми, қўшиқчими, мусаввир ё мусиқачими – юзлаб, минглаб мухлисларга «кўмир» эмас, э-э кечирасизлар, «кумир» эмас, ўрнак ҳисобланади. Шу боис у албатта ғализ, нотўғри ёки ёқимсиз савол берган ёхуд зўраки сўзларни ишлатган мухбирнинг хатосини тўғрилаб кетадиган даражада билим ва маданият соҳиби бўлмоғи ҳамда тилимизнинг бузилиб, айниб кетмаслигига ҳисса қўша олмоғи лозим.

Биринчидан, хобби эмас – эрмак бўлади. Ўзбек халқида ишқибозлик, қизиқиш, эрмак каби сўзлар борки, улар юзта «хўбби»дан кўра кўпроқ маъно-мазмун беради. Кимнингдир қизиқишини билиш учун тилимизга хос бўлмаган сўзларни қидириб топиб, сохта билағонлик қилиш шарт эмас. «Нимага ишқибозсиз?», «Нимага қизиқасиз?», «Бўш вақтингизда шуғулланадиган эрмагингиз нима?», дея савол беришда тилимиздан орланадиган бир жиҳат йўқ назаримда.

Иккинчидан эса, ўзбек тилида ўрнак, намуна деган ажойиб сўзларимиз бор. У ҳам шахсий ва ижтимоий муносабатлар моҳиятини неча-неча тонна «кўмир»дан кўра аниқроқ акс эттиради. «Кўпчилик сизни ўзига ўрнак деб билади», дейилса бўлди! Шу қадар оддий!

КАРТИНА НОМИ – ИНГЛИЗЧА «ПЕРЕЛЁТ»…

Актёрларимизда яна бир фасод босган касаллик борки, буни гапириб ўтмасам юрагим тарс ёрилиб кетади. Бу − чала ўзбекча сўзлашув тарзи. «Партнёримнинг кулис ортида турганини ўйлаганимда образга тезроқ перевоплошшения бўламан». Шу гапнинг ўзбекча айнан таржимаси эса бундай бўлади:

– Шеригим (ҳамкорим)нинг саҳна ортида (парда ортида) ижройимни кузатиб турганини ўйлаганимда, яратаётган (ўйнаётган) қаҳрамоним қиёфасига киришим осонроқ кечади.

Тилингни ҳадеб қийнайвермасдан, она тилингда бор сўзларни айтсанг, бирор ножўя жойингга чипқон чиқиб қоладими?

«Сёмкада эдим» деб қўйишади. «Тасвирга (суратга) тушаётган эдим», десаям бўлармиди ахир ё йўқми?

Яқинда «тележурналист» қизларимиздан бири кино ҳақида бўлаётган кўрсатувда тўсатдан ғаройиб бир кашфиёт қилиб қолди. Нима деди, демайсизми?

– Биз бугун сизга Америка киночиларининг «Перелёт» деган фильми ҳақида сўзлаб берамиз. Бу сўзнинг ўзбекчада таржимаси йўқлиги туфайли, картина номини инглизча «Перелёт» деб қолдирдик, – деди!

Биринчидан, «перелёт» дегани инглизча эмас, русча сўз. Инглиз тилида бу сўз «flight» бўлади. Иккинчидан эса, бу журналистчага «перелёт»нинг ўзбекча муқобили йўқ, деб ўргатган устози номаъқул бузоқнинг гўштидан бўкиб қолган кўринади. Матн маъносига кўра перелётнинг кўчиш, учиб ўтиш, кўчиб ўтиш каби бир қанча маънолари бор. Бу қизимиз айтаётган фильмдаги самолёт (учоқ, учқич)ларнинг бир жойдан бошқа ерга учиб ўтиши  «Кўчиш» деган номда ўзининг тўлиқ ифодасини топади. Ахир ҳаммаси оддий-ку!

«ТОК-ШОУ»ДА ШОУ КЎРСАТЯПСИЗМИ?

Бугун телевидениеда оддийгина кўрсатувларни ҳам «ток-шоу», «бало шоу», «баттар шоу» каби номлар билан аташ жуда урф бўлиб кетди. Ҳар сафар шу сўзларни эшитганимда қулоғимнинг учини ток ургандай бир сапчиб тушаман. «Шоу» дегани инглизчада «томоша» деган маънони англатишини эътиборга оладиган бўлсак, ижтимоий-сиёсий мавзудаги кўрсатувлар учун бундай сўзни қўллашнинг ўзи энг юмшоқ қилиб айтганда фаросатсизликдан бошқа нарса эмас! Шуларни оддийгина қилиб «кўрсатув», «дастур» деб атасак бўлади-ку! Оммавий томоша «шоу» бўлиши учун унга жуда катта талаблар қўйилади. Энг замонавий компютер технологияларидан, илғор лазер ускуналаридан, овоз ва тасвир узатишнинг мўъжизавор услубларидан фойдаланган ҳолда томошабинни росмана хаёлот оламига, эртаклар дунёсига олиб кира оладиган кўнгилочар томошаларгина шоу бўла олади.

Сиз ижтимоий-сиёсий мавзудаги кўрсатувларингизда шунақа томоша кўрсатяпсизларми, муҳтарам «ток-шоу»чилар?..

«БИЗ ЁШ ИЖОДКОРЛАР…»

Оммавий ахборот воситаларида юқорида айтганимиз каби ғализликлар, тилга эътиборсизлик, саводсизликка мисоллар ниҳоятда кўп. Аммо ачинарлиси, бу ҳақида билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар, танқидларни ўзларини «Биз ёш ижодкорлар» деб атаётган маҳмадоналар умуман писанд қилишмайди. Ҳолбуки, инсон ўзини ижодкор деб айта олиши учун кўп йиллик тажриба, беқиёс истеъдод, кучли билим, кенг дунёқараш талаб этилади ва одам ўзини ижодкор деб аташи учун миллионларнинг эътирофи ҳам зарур бўлади. Ҳозир ҳамма кўрсатувларда уни тайёрловчилар ўзларини «Кўрсатув ижодкорлари» деб таништиришади. Хафа бўлманглар-у, сизлар кўрсатувнинг ижодкорлари эмас, ходими бўласизлар. Сизлардан ўрнак олиб, эртага қурилишдаги ишчи, муҳандис, дўкондаги сотувчи ёки боғчадаги фаррошлар ҳам ўзини фалон-пистон ижодкори деб аташни бошласа, билмадим уёғи нима бўлади. Сизлар оддий техник ёки бошқа турдаги ўз вазифангизни бажаряпсиз, холос. Бундан ортиқ эмас. Телеэкранда бирор оламшумул ижодий кашфиёт қилаётганларинг ҳам йўқ.

Бугун камтаринлик ҳам анқонинг уруғи бўлиб кетяпти-ёв. Ҳолбуки, ўнлаб романлари, қисса ва ҳикоялари, шеър ва достонлари халқнинг кўнгил мулкига айланиб кетган энг таниқли, энг машҳур ёзувчи ва шоирлар ҳам ўзларини «мен − ижодкорман» деб атаганларини шу пайтгача эшитган эмасмиз.

ҚАНИЙДИ, ЎЗ ТИЛИМИЗНИ МУКАММАЛ БИЛСАК!

Тилнинг таназзули – элнинг таназзули экани очиқ ва равшан ҳақиқат. Бу борада телеканалларда тинмай айлантириладиган рекламаларнинг ўзи ҳақида юзлаб мақолалар ёзиб, фикр билдириш мумкин (гарчи гапирган бефойда бўлса ҳам).

Қаранг, Республикамиздаги энг машҳур, эл севган, таниқли актрисаларимиздан бири ўқиб беряптилар:

«Фалон дори сизни барча дардлардан холис қилади!..»

Вой, таржимангдан айланай! Дардларимиздан холис қиладими? Халос қилмайдими? Халос қилмаса, демак бу реклама нохолис реклама экан-да?

Хуллас, гапираверсак гап кўп. Агар нутқимиздаги ҳар бир хато, камчилик, ғализликка арзимас нарса деб қараб, жиддий эътибор бермас эканмиз, бизлардан кейинги улғайиб келаётган авлоддан чиққан журналистчалар:

– Муҳтарам телетомошабинлар, японча «язык» сўзининг ўзбекча таржимаси йўқлиги боис, биз уни ҳиндча «язык» ҳолида қолдирдик, – деб қолиши ҳам ҳеч гапмас…

Ҳозирда барчамиз ёшларимизнинг бир ёки бир нечта хорижий тилларни билиши билан фахрланиб юрибмиз. Бу ҳақиқатан мақтовга лойиқ фазилат. Аммо қани эди шу ёшларимиз (ва катта ёшдаги аксари юртдошларимиз ҳам) «Мен ўз ОНА тилимни – ўзбек тилини мукаммал биламан!», дея ғурур билан айта олсалар! Эҳҳ, нима ҳам дердик – орзуга айб йўқ…

Алишер САЪДУЛЛА

«Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил 11 феврал №3 сонидан олинди

1+