МУШУК ҲАҚИДА ҲАҚИҚАТЛАР

Мушуклар салкам ўн минг йил давомида одамлар билан ёнма-ён яшаб келмоқдалар. Ибтидода мушуклар одамларнинг уйларига ўзлари келиб жойлашишганми ёки одамларнинг ўзлари мушукларни уйларига олиб келишганми, номаълум. Лекин бу жонзотларнинг одамзот билан бир уйда ёнма-ён яшаш учун яратилган покиза бир жонивор экани ҳақиқат.

Ҳайвонларни ўз манфаати учунгина (масалан, сутини соғиб ичиш учун, гўшти учун, уриштириб фойда кўриш учун, уйини қўриқлаш учун, юкини ташиш учун) боқадиган бизнинг одамларга мушуклар бефойда бир ҳайвондек кўринади. Шунинг учун ҳам уйида мушук боқадиганлар сони унчалик кўп эмас. Орамизда бу жонзотга жирканиб қарайдиганлар, уни ёмон кўрадиганлар, ҳовлисига кириб қолган мушукларни кўчага қувиб соладиганлар, ҳатто, ҳеч бир сабабсиз ўлдириб юборадиганлар ҳам етарлича топилади. Кўпчилик одамлар эса мушукларга газанда ва кемирувчиларга қирон келтирувчи уй ҳайвони сифатидагина қарайдилар. Лекин, бир қарашда, овқат ейишу ёнбошлаб мудрашдан бошқа иши йўқдек кўринган мушукларни Аллоҳ таоло алоҳида қобилиятлар билан сийлаган.  Улар сизу бизнинг жисмимиз ва руҳимиз саломатлигига фақат ва фақат фойда келтирадилар. 

Қадимги грек тарихчиси Геродот ўз юртдошларининг мушукларни озиқ-овқат заҳираларини кемирувчилардан, хонадонларни эса илон ва чаёнлардан ҳимоя қилувчи жонивор сифатида эъзозлаганлари, уларни махсус жойларда кўпайтириб сақлаганлари, мушуклар деярли ҳар бир хонадоннинг суюмли эркаси бўлгани ҳақида ёзиб қолдирган.

Маълум бўлишича, мушуклар ҳатто энг заҳарли илонларга ҳам ҳеч чўчимай чанг соладилар, даф қила оладилар. Илонларнинг энг қўрқадигани — мушуклар. Улар илонларнинг омонсиз душманидир. Шу сабабли ҳам, қаердаки мушук бор экан – судралувчи газандалар ўша жойдан узоқроқ бўлишади.

Мушукларнинг бир вақтлар Кипр оролининг каттагина қисмини одамзот учун сақлаб қолганларини биласизми? Тарихда Кипр оролининг маълум қисмини заҳарли илонлар тўдаси босиб олади. Деҳқонлар нима қилишни билмай, уй-жойларини ташлаб қочадилар. Шунда қиролича Елена оролга кемаларда минглаб мушукларни олиб бориш ҳақида амр этади. Ва мушуклар қисқа вақт ичида оролни илонлардан буткул тозалаб ташлайдилар. Уларга миннатдорчилик сифатида Кипр оролининг ўша қисми ҳанузгача Халоскор мушуклар деб аталади.

МУШУК ИФЛОС ЭМАС

Еру осмондаги жонли ва жонсизларнинг ҳеч бири бежиз ва беҳикмат яратилмаган. Ҳар бирининг ўзига хос вазифаси, ўрни бор. Қуръони каримда Ер юзидаги экологик тизимнинг муҳим аъзолари бўлмиш ҳайвонлар ҳам худди инсонлар каби Аллоҳ таолонинг уммати экани таъкидланган. Жумладан, «Анъом» сураси 38-оятининг бир қисмида: «Ер юзида юрган ҳайвонлар ва  (кўк юзида) икки қаноти ила учиб юрган қушларнинг ҳаммаси худди сизлар каби умматдир…», дейилади. Шунинг учун, жониворларга ҳам инсонлар қатори ҳурмат ва меҳр билан муомала этмоқ бандалик бурчимиз ҳисобланади.

Барча жониворларга меҳрли ва шафқатли бўлган ва бизларни ҳам шунга даъват этган жаноб Расулуллоҳнинг мушукка нисбатан алоҳида эътибор ва меҳр кўрсатганлари манбалардан маълум.

Кабша бинти Каъб разияллоҳу анҳодан шундай ҳикоя қилинади:

«Асҳоби киромдан бўлмиш қайнотам Абу Қатодага таҳорат учун сув ҳозирлаган эдим. Бир мушук югуриб келиб, таҳорат идишидаги сувдан ича бошлади. Қайнотам мушук бемалолроқ сув ичиши учун идишни унга қулайроқ қилиб тутиб турдилар. Бундан ҳайратланганимни кўргач:

— Эй биродаримнинг қизи, ажабланяпсанми? – дедилар. — Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мушук ифлос (нажас) эмас.Атрофингизда айланиб юрувчилардандир « деганлар…». (Буни барча «Сунан» эгалари —  Имом Молик «Таҳорат»да (2/13); Абу Довуд «Таҳорат»да (1/38); Термизий «Таҳорат»да (1/69); Насоий «Таҳорат»да (1/54); Ибн Можа «Таҳорат»да (1/32) ривоят қилишган).

Ҳазрат Довуд ибн Солиҳ ибн Динор ат-Таммор оналаридан эшитган бир воқеани шундай ҳикоя қиладилар:

«Бир куни Ойша розияллоҳу анҳога бир косада овқат олиб бордим. Уйга кирганимда Ойша розияллоҳу анҳо намоз ўқиётган эдилар. Косани бир четга қўйиб, кута бошладим. Шу вақт қаердандир бир мушук югуриб келиб, косадаги овқатдан бироз еди. Ойша розияллоҳу анҳо намозни тугатиб, косадаги овқатдан бир миқдор едилар. Мен нима дейишимни билолмай қолдим. Кейин минг хижолат билан, косадаги овқатдан ҳозиргина мушук еганини эслатдим. Ойша розияллоҳу анҳо хотиржам тарзда:

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мушук ифлос (нажас) эмас. У атрофингизда айланиб юрувчилардандир», дея буюрганлар. Мен у зотнинг мушук ичган сувда таҳорат олганларини ҳам кўрганман, — деди» (Абу Довуд, «Сунан» Таҳорат/38).

Кейинроқ уламолар мушук теккан сувдан бошқа сув бўлса, ана ўша мушук тегмаганида таҳорат олиш мақбул эканини айтишган. Мазкур воқеликларни баён қилишдан мақсад эса – мушукнинг ифлос (нажас) ҳайвон эмаслигини эслатишдир.

МУШУКЧАЛАР ОТАСИ

Саҳиҳда (5/811) ривоят этилишича, жоҳилият даврида исми Абдушшамс бўлган ва мусулмон бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан Абдураҳмон дея исм берилган; Пайғамбар алайҳиссаломга севикли дўст бўлган; энг кўп саҳиҳ ҳадис ривоят қилгани билан машҳур саҳоба Абдураҳмон ибн Саҳл кўчадаги мушукчаларни уйларига олиб кетиб, уларни астойдил парвариш қилар эканлар. Бундан Пайғамбар алайҳиссаломнинг бехабар эканликларини билган бир саҳоба Расули акрамга: «Ибн Саҳл кўчадаги кир-чир мушукчаларни уйига тўплаб, боқяпти», дея хабар қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам индамадилар. Орадан бир неча кун ўтгач, Расули акрам Ибн Саҳлни кўчада кўриб қолдилар. У киши Пайғамбар алайҳиссаломни кўриб, ҳозиргина кўчадан топиб олган мушукчани дарҳол қўйниларига яширдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чопонига яширгани нима эканини сўраганларидан сўнг, қўйниларидаги мушукчани кўрсатдилар. Жаноб Пайғамбар алайҳиссаломнинг юзлари ёришиб, мушукчанинг бошини силаб, эркалатдилар ва Ибн Саҳлга:

— Сен мушукчаларнинг отасисан, — дедилар. Ўша кундан эътиборан ҳеч ким Абдураҳмон ибн Саҳлни ўз оти билан атамади. У саҳоба Пайғамбаримиз хитоб этганларидек, Абу Ҳурайра (мушукчалар отаси) номи билан машҳур бўлдилар.

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг пирларидан бўлмиш Асад Султон ҳазратлари ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу каби мушукларни жуда яхши кўрардилар, кўчада қолган мушукларни уйларига келтириб, парвариш қилардилар. Мавлоно Румий ҳақидаги тарихий манбаларда Асад Султон ҳазратларининг ёнларидан ҳеч айирмайдиган бир мушуклари бўлгани ва у мушук Асад Султон вафотидан сўнг кўп яшамагани, уни яқин дўст сифатида ҳазрат қабрларининг оёқ томонига дафн этилгани ёзиб қолдирилган.

МУШУКНИНГ ТАШАККУРИ

Тасаввуф алломалари ҳақидаги манбаларда ёзилишича, Абу Бакр Шиблий  ҳазратларининг яқин дўстларидан бири у зотнинг   вафотларидан сўнг туш кўрдилар ва Шайх Шиблийдан:

— Аллоҳ таоло сизга қандай муомала қилди? – дея сўрадилар. Шиблий ҳазратлари жавоб қилдилар:

— Парвардигор мендан: «Эй Абу Бакр, сени нечун авф қилганим сабабини биласанми?» деб сўради. Мен:

— Солиҳ амалларим туфайли бўлса керак, — дедим.

— Йўқ, — деди Раббим.

— Ибодатларимдаги ихлосданми?

— Йўқ.

— Ҳаж қилганим, рўза тутганим, вақтида намоз ўқиганим туфайлими?

— Йўқ.

— Бўлмаса, яна қай амалим учун авф қилдинг, Ё Раббим? Ўзинг англатмасанг, мен билишга ожизман, — дедим. Аллоҳ таолодан шундай жавоб бўлди:

— Қишнинг совуқ кунларида Бағдод кўчаларидан бирида кетаётиб, совуқ ва очликдан абгор ҳолга келган кичкина бир мушукчани кўриб қолганинг эсингдами? Унга ачинганингдан, дарҳол олиб, қўйнингда иситдинг. Очлик ва совуқдан ўлиб кетишига йўл қўймадинг. Ана ўша мушукчага марҳамат кўрсатганинг учун Мен ҳам сендан марҳаматимни дариғ тутмадим!..

Яна ўша манбаларда, қадим Марвда мударрислик қилган, асли фарғоналик олим Абу Бакр Воситий (ибн Фарғоний) ҳазратлари тилидан шундай ҳикоя қилинади:

«Мен бир йил давомида азиятлар ичида қолиб, ориқлаб кетганимдан оёқда туролмайдиган ҳолга келган эдим. Ўша вақтларда уйимда бир мушук болалаган эди. Бир куни мушукчалардан бирига каттакон бир ит ташланаётганини кўриб қолдим. Бор кучимни тўплаб, ҳассам билан уни чўчитиб, қувиб юбордим. Она мушук дарҳол боласини хавфсиз жойга олиб ўтди. Яратганнинг марҳамати билан ўша кундан сўнг қувватга кира бошладим. Бир кеча тушимда Пайғамбар алайҳиссаломни кўрдим.

— Аҳволинг яхшиланганининг сабаби, бир мушукнинг сен учун дуо қилганидир, — дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам…».

«Саҳиҳи Бухорий»да эса бир хотиннинг мушукни жазо тариқасида уйга қамаб, очдан ўлишига сабабчи бўлгани учун жаҳаннамлик бўлгани ҳақидаги ҳадис келтирилган.

ЖОНЛИ ДОРИХОНА ЁХУД «ГЕНЕРАТОР» МУШУКЛАР

Хўш, барча динларда яхшилик рамзи сифатида кўрилган мушукларнинг қандай айрича хосиятлари бор?

Улар инсонларни ҳам жисмонан, ҳам руҳан даволай олиш хусусиятига эгалар ва бу илмий исботланган ҳақиқатдир. Фелинотерапия – мушуклар ёрдамида даволаш усули ўтган аср охирларидан буён дунёнинг кўпгина ривожланган мамлакатларида муваффақият билан қўлланилмоқда. Масалан, АҚШлик шифокорлар беморларга (касаллик тури қандай эканидан қатъи назар) уйда мушук боқишни тавсия қиладилар. Буюк Британиялик шифокорлар эса мушукларни «жонли дорихона» деб атайдилар.

«Қироллик шифохонаси шифокор-олимлари Парламентга мушукларни шифобахш жонзот сифатида дорихоналарда сотишни йўлга қўйиш таклифини киритдилар», деб ёзди Британиянинг «The Daily Telegraph» газетаси.

Мушуклар орқали даволаш – бу турли касалликларга қарши курашнинг илмий исботланган ва халқаро миқёсда тан олинган йўналиши бўлиб, Лондондаги инсонларга даволовчи таъсир кўрсатиш усуллари институтида ўтказилган кўп йиллик илмий тадқиқотлар асосида шакллантирилган. «Observer» нашрининг ёзишича, мазкур институт олимлари мушуклардаги электромагнит майдони кучини тасодифан кашф қилганлар. Бир куни тадқиқотда қатнашаётган мушуклардан бири – Марта лабораториялардан бирига айланиб кириб қолади ва у паст частотали ток ишлаб чиқарадиган генератор ёнидан ўтаётганида, генератор датчиклари Мартанинг кучли электромагнит майдони туфайли ишдан чиқади. Бу воқеадан сўнг, олимлар мушуклардаги электромагнит майдони кучини ўлчашга қарор қиладилар. Натижа ҳайратланарли: беш дона паст частотали ток ишлаб чиқарувчи қимматбаҳо генератор ўрнини биттагина мушук боса олиши мумкин экан!

Маълумки, тиббиётда узоқ йиллардан буён паст частотали токдан сурункали шамоллаш ва ички яллиғланиш касалликларини даволашда фойдаланиб келинади.

Мушукларнинг бу кутилмаган хусусияти кашф этилгач, олимлар тажрибаларни ўзгача иштиёқ билан давом эттирдилар. Кўнгиллилардан иборат иккита гуруҳ тузилди. Биринчи гуруҳ энг замонавий, паст частотали тиббий генераторлар ёрдамида даволана бошланди. Иккинчи гуруҳдаги беморларнинг эса касалланган жойига мушукларни ётқизиб даволанди. Бир ойдан сўнг тажриба натижалари олимларни баттар ҳайратлантирди: тиббий генераторлар ёрдамида даволанган беморларнинг салкам ярми шифо топган бўлса, мушуклар ёрдамида даволанган беморларнинг ҳаммаси дарддан фориғ бўлган эди.

Мушукларнинг «генераторлик» хусусияти айниқса, бўғимлардаги оғриқ ва гинекологик касалликларни даволашда қўл келади. Сиз уй шароитида ҳам мушугингиз ёрдамида фелинотерапия ўтказишингиз мумкин. Бунинг учун мушукни танангизнинг касалланган қисмига ётқизасиз. Агар «генераторингиз» уйингизда боқилаётган қадрдон мушук бўлса, оғриётган жойингизни унинг ўзи бехато топади ва «сеанс»нинг давомийлигини ҳам ўзи белгилайди. Мушуклар даволаш жараёнини қачон тўхтатиш кераклигини жуда аниқ биладилар.

Одатда, мушукларнинг тана ҳарорати 38-39 градусни ташкил этади. Шу сабабли ҳам, фелинотерапияда мушуклардан табиий «грелка», мўътадил қиздирувчи сифатида ҳам фойдаланилади.

Ишдан уйга ҳориб қайтганингизда ёки қаттиқ асабийлашган вақтингизда оёғингизга суйкалаётган мушукни бироз силаб-сийпаласангиз, асабларингиз бўшашиб, чарчоғингиз тарқайди. Қон босимингиз меъёрлашиб, нафас олишингиз енгиллашади. Юрак ритми ҳам мўътадиллашади. Бу уларнинг ёқимтой жонивор бўлгани учунгина эмас, кучли электромагнит майдонига эга эканлиги туфайли ҳамдир. Мушукларни силаган вақтингизда, майин юнглари орқали танангизга тарқаладиган паст частотали ток сизни жуда кўп дадлардан халос қилибгина қолмай, иммун тизимингизнинг яхшиланишига ҳам ёрдам беради.

Баъзи мушук турлари эса одамни ўзига хос «массаж» қилади. Уларнинг танадаги рефлексоген зоналарни кафтлари билан (тирноқларини салгина ботириб) «массаж» қилиши одамга рефлексотерапия ва игна билан даволашдан ҳам кўпроқ фойда келтиришини АҚШлик олимлар ўтган асрнинг етмишинчи йилларидаёқ аниқлаган эдилар.

ХУРИЛЛОВЧИ ШИФОКОРЛАР    

Лондон тиббиёт академияси олимлари мушукларни айни шу ном билан атайдилар. Аниқланишича, мушукларнинг хуриллашида айрича хусусият мавжуд бўлиб, у одамзот учун ҳам, мушукнинг ўзи учун ҳам бирдек фойдалидир. Хуриллаш орқали мушуклар ўз таналарини энергия билан бойитадилар, куч тўплайдилар, ўз ички касалликлари ва жароҳатларини даволайдилар. Одам организми учун эса у ультратовушли терапиядан ҳам самаралироқ таъсир кўрсатади. Одатда 27-44 герцлик диапазон ҳосил қиладиган хуриллаш инсон танасидаги суякларни 20 фоизга мустаҳкамлайди, мияда қон айланишини яхшилайди, инфаркт ва инсультга чалиниш хавфини камайтиради, юрак уриши ва қон босимини мўътадиллаштиради, остеохондроз ва радикулитни даволашда самарали фойда беради. Мушукларнинг ҳамма турида турлича даволаш хусусиятлари мавжуд. Бу хусусиятлар уларнинг рангига ва зотига кўра фарқланади. Масалан:

кулранг мушукларда тинчлантирувчи хусусият кучли бўлиб, уйқусизлик касалига ва асабий зўриқишга учраганлар ҳамда кучли диққат-эътибор талаб этиладиган касб эгалари учун уйда кулранг мушук боқиш ниҳоятда фойдали;

сариқ рангли, малла мушуклар инсон танаси ва руҳиятига фойдали энергия бахш эта олади, яшаш жойингизни зарарли биомайдонлардан тозалайди;

оппоқ мушуклар универсал даволаш хусусиятига эга бўлиб, деярли ҳамма касалликларни бартараф қилишда самаралидирлар. Америкалик шифокорлар оқ рангли мушуклардан асосан буйрак, жигар, ўт пуфаги, ўпка ва асаб касалликларини даволашда муваффақиятли фойдаланиб келмоқдалар;

танасида уч-тўрт хил ранг бўлган, ола-була мушукларда инсонни сокинлаштирувчи, ақлий фаолиятини оширувчи, умуртқа ва орқа мия билан боғлиқ касалликларни даволаш хусусияти бор;

қора рангли мушуклар эса инсонни зарарли негатив энергиядан халос қила оладилар. Тибетлик даволовчилар бир неча юз йиллардан буён, кўз тегиши ёки ҳасад туфайли биомайдони зарарланиб, асабий ва руҳий зиён кўрган кишиларни даволашда қора мушуклардан фойдаланиб келмоқдалар. Қора мушукларда инсонни ички безовталик, хавотир ва қўрқув ҳолатларидан қутқариш хусусияти ҳам бор;

юнгсиз сфинкс мушуклари эса ошқозон-ичак, юрак-қон томир, буйрак ва жигар хасталикларини даволашда шифокорларнинг энг яхши ёрдамчилари ҳисобланади ва уларнинг беминнат хизматидан Лондондаги Қироллик шифохонасида, АҚШдаги бир қанча давлат шифохоналарининг жонлантириш бўлимларида кенг фойдаланилади.

Олимларнинг аниқлашларича, эркак мушукларга қараганда урғочи мушукларда даволаш хусусиятлари бироз кучлироқ. Лекин остеохондроз ва радикулитни даволашда эркак мушукларга тенг келадигани йўқ экан.

…Мана, гоҳида суйиб, гоҳида эркалаб, гоҳида ёмон кўриб, гоҳида эътибор бермасдан, гоҳида уйингиздан қувиб, гоҳида у теккан нарсалардан ҳазар қилиб юрганингиз – мушуклар Аллоҳ таолонинг хосиятли жонзотларидан эканини билиб олдингиз. Фақат, яна бир ҳақиқатни билиб қўйишингиз лозим: мушукларнинг даволовчи хусусиятлари ишга тушиши учун уларни чин дилдан яхши кўриш, эътибор билан боқиб, парвариш қилиш керак бўлади. Унутмангки, мушуклар ўзларига нисбатан кўнглингиздан кечаётган ҳар қандай туйғуларни сўзсиз ҳис қила оладилар. Уларни яхши ёки ёмон кўраётганингизни жуда яхши англаб турадилар ва шунга яраша муносабат кўрсатадилар.

Жониворларга яхши муносабатда бўлмоқ – гўзал иш. «Ҳар гўзал иш — садақадир», деганлар жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (Бухорий, «Одоб»/33).

Ҳар қандай садақа ва савоб иш биз учун ғанимат, ваҳоланки, оқибатимизни ушоққина савоб ҳам ҳал қила биладиган Кун яқин.

Дилфуза КОМИЛ

2018 йил 13 август сонидан олинди

1+